FATTOHHON.COM

« Все новости

САРДОР МАМАДАЛИЕВ: ИККИТА САНЪАТКОР БИР ОИЛАДА БЎЛСА, ҚАНДАЙ БЎЛАРКИН? 29.11.2014 12:20

foto (7)_новый размер

Хонанда Cардор Мамадалиев ҳақида маълумот: 1985 йил 10 октябрда туғилган. Оилада 5 та фарзанднинг кенжаси. Тўрт ўғил ва бир қиз. Улар ичидан фақат Сардоргина санъаткорликни танлаган. Бунга сабаб эса, акаси Авазбек Мамадалиев бўлган.

 

Бу ҳақида хонанданинг ўзи: - Акамлар Авазбек Мамадалиев ўзлари хонанда бўламан, деб ният қилганлар. Лекин, ҳозир бошқа соҳадалар. Айнан, улар менга тор ва дутор чалдириб қўшиқ айттирардилар. Ёшлигимдан, эсимни таниганимдан бошлаб, қўшиқ айтаман. Мактабларда ҳам тадбирларда иштирок этиб, ҳар доим қўшиқ айтардим. Дастлаб Санъат коллежига ўқишга кириб, тамомладим. Кейин эса, Ўзбекистон Давлат Консерваториясининг “Анъанавий хонандалик” йўналишини тугатганман. Авлодимизда санъаткорлар йўқ.

 foto (6)_новый размер

- Охунжон Мадалиевнинг қўшиқларини қайта ижро этганингиз, кўплаб эътироз ва фикрларга сабаб бўлди. Ўзингизни бунга муносабатингиз қандай бўлди? Ўзингиз нима мақсадда куйлагандингиз?

- Менга ўша мавзу қизиқ бўлган. Масалан: “Кўнглимда бир ёр, қўйнимда бир ёр”. Ҳозирги авлод, бу шеърни, яъни “Кўнглимда бир ёр, қўйнимда бир ёр” шеърини эшитмаган! Охунжон Мадалиев раҳматли устозимиз, мен ҳам уларни устоз, деб биламан. Ҳурматим жуда ҳам чексиз! Лекин, ҳозирги авлод бу шеър ҳақида билмас экан... Чунки, мени ижройимдан кейин, кўплаб ёшлар менга “зўр шеър экан, қаердан олдингиз?” деб айтишди. “Сени ҳеч ким сева олмайди менингдек” қўшиғимда ҳам худди шундай бўлган! “Зўр шеър танлабсиз” деб айтишган. Қайсидир маънода, ўша шеърларни қайтадан тирилтириш керак-ку, барибир. Битта шеърни мингта санъаткор айтишга ҳаққи бор. Мен Охунжон Мадалиевнинг йўлида айтмадим. Ўзим куй басталаб ижро қилдим. Нима бўлганда ҳам, Охунжон Мадалиевни яна эсга олишганидан хурсанд бўламан. Мен ҳаттоки, шу нарсадан ҳурсанд бўламанки, шу қўшиқ 100 та одамдан 50 тасига ёқиб, 50 тасига ёқмаган бўлиши ҳам мумкин, лекин Охунжон Мадалиевнинг шундай содиқ мухлислари бор эканки, улар ҳаттоки мендан хафа ҳам бўлишди! Мен эса, бундан фақат хурсанд бўлдим ва бизга ҳам шундай мухлислар бўлишсин, дедим. Биз ўтиб кетганимиздан кейин ҳам, бизни тарафимизни оладиган мухлисларимиз бўлишини ҳоҳладим.

 

- Санъатга қадам қўймасингиздан олдин санъат ва санъаткорлар ҳақида қандай фиркда эдингизу, қадам қўйганингиздан кейин бу фикрларингиз қанчалик ўзгарди?

- Албатта, битта ишни ичига кирмагунингизча у осонга ўхшаб туюлади, кирганингиздан кейин эса машаққатлари бошланади. Санъат чиндан ҳам мен ўйлаганчалик осон соҳа эмас экан. Ўзи умуман осон соҳа бўлмайди! Айтишадию, “тиконсиз гул, садафсиз дур, машаққатсиз ҳунар бўлмас, риёзат чекмагунча ёр васлига етиб бўлмас!”

 

- Тайёр бўлган янги қўшиғингизни биринчи бўлиб кимга эшиттириб кўрасиз?

- Албатта, ота ва онамга! Яна жамоамизга, администраторимизга, баъзида клипмейкерларга эшиттираман. Ҳамкорларимизга ҳам эшиттираман.

 foto (9)_новый размер

- Биринчи шеър танлайсиз ёки мусиқа?

- Биринчи шеър, албатта.

 

- Продюсерингиз борми?

- Йўқ.

 

- Сизнинг ижроингизда катта ёшли санъаткорларга бироз тақлид сезилади, дейишади? Ўзингизни бунга муносабатингиз?

- Тўғри.

 

- Ўзингизга ҳам сезиладими?

- Албатта. Бошида кимгадир тақлид қилмасдан чиққан санъаткорни бир дона бўлса ҳам, номини айтиб бера оласизми? Бирорта санъаткорни айтиб бера оласизми, бошида тақлид қилмасдан ўзини йўлини топиб кетган? Умуман олиб этганда, ўзбек эстрадасими, европа эстрадасими, бирорта ҳеч кимга тақлид қилмасдан, кимнидир “кумир” деб билмасдан чиққан санъаткор борми? Менимча йўқ! Мен ҳам тан оламан, устозларга тақлид қиламан. Нафақат ўзбек эстрадасига, балки чет эл эстрадасига ҳам тақлид қиламан.

 IMG_7260 (копия)а копия 2_новый размер

- Томошабин бевафо, деган фикрга қандай муносабат билдирасиз?

- Томошабин бевафо эмас, ижодкор дангаса, деган фикрдаман, мен кўпинча (кулади). Мен шундай, деб ўйлайман. Чунки, томошабин бевафо бўлмайди, томошабин аслида сиздан кутади, агар ижод қилмасангиз ўз-ўзидан бошқага кетади. Ишончни оқлай олмасангиз, албатта. Мисол учун, оқиб кетаётган сув олдини тўсиб қўйсангиз, бошқа жойдан йўл топиб барибир чиқиб кетади. Мен кўпинча, барибир санъаткорнинг ўзини айблайман.

 

- Сиз учун реклама қанчалик муҳим ва қанчалик аҳамият берасиз?

- Реклама ҳозирги кунда жуда ҳам муҳим, деб ўйлайман. Бошида тўғрисини айтсам, рекламага унчалик аҳамият бермаганман. Менда продюсер, ҳомий ҳам бўлмаган. Тўғрисини айтсам, маблағ томондан моддий томонлама, ўзим ҳам ёрдам олмаганман. Ҳаттоки, ёрдам қиламиз дейишганда ҳам олмаганман. Шу сабаб, бошида менда моддий томондан рекламага қийинчилик бўлган. Энди ҳозир ўзимнинг шароитимдан келиб чиқиб, реклама қиламан, албатта. Балки жуда максимал даражада эмас-ку, лекин жуда паст даражада ҳам эмас! Ўртача, деб ҳисоблайман.

 

- Ҳаётда кимга кўпроқ суянасиз?

- Ота-онамга суянаман, ака ва укаларимга суянаман. Ҳамкорларимга суянаман. Сардор Мамадалиев битта шахс, лекин мен учун ҳаракат қилаётган кадр орти инсонлар жуда кўп. Масалан, аранжеровкачилар, клипмейкерлар, созандалар, концерт ташкилотчилари, буларга суянасиз, чунки ҳеч қачон битта ўзингизнинг қўлингиздан ҳеч нима келмайди.

 foto (1)_новый размер

- Ҳаётингизга ўзингиз кутган муҳаббат кириб келганми?

- Кириб келган куни, албатта уйланаман (кулади).

 

- Ўзингизга танлаган умр йўлдошингиз қандай инсон бўлишини ҳоҳлардингиз?

- Мени битта қўшиғим бор. Ўша қўшиғимни эшитганмисиз, “излаяпман кечаю кундуз, чалинмаган тор керак менга, тор ёнида қошлари қундуз, вафоли бир ёр керак менга” шу шеърда, бир қисмини айтиб ўтиб кетганман!

 

- Танлаган инсонингиз, санъат соҳасидан бўлса, бунга қандай қарардингиз? Кўплар рафиқасини уйда ўтиришини ҳоҳлайди...

- Билмадим, иккита санъаткор бир оилада бўлса, қандай бўларкин? Менимча, сал бошқа соҳада бўлса, ҳаётингиз қизиқроқ бўлади, деб ўйлайман. Шахсан мен буни ҳоҳламайман, иккита бир хил соҳа вакили, бир оилада бўлмагани маъқул, менимча. Чунки, фарзандлар тарбияси билан она шуғулланади! Агар она ҳам доим ижод билан банд бўлса, фарзандлар тарбиясига вақт ажратиш қийин бўлади, менимча. Агар мен санъаткор бўлмай, соат 9.00 да ишга бориб, соат 18.00 да ишдан қайтганимда, балки мен бошқача фикрлармидим?

 IMG_7046 - (копия) 3_новый размер

- Ўзингиз ўзингизга четдан назар ташлаб ўзингизни қайси камчиликларингизни ўзингиз очиқ айта оласиз?

- Агар ўзимни ташқаридан кузатсам, роса кўп камчиликларим ўзимга кўринади. Ҳаммада ҳам менимча шунақа бўладию...

 

- Қайсиларини тузатишим керак деб ўйлайсиз?

- Мени кўпчилик кибрли одам деб ўйлайди. Кўпчилик ўзимга айтишган ҳам. Лекин, мен суҳбатлашгандан кейин кўпчиликнинг фикри ижобий томонга ўзгаради. Балки, шунақа кўринар, кўринишим шунақадир? Балки ўзимни шундай тутарман? Ўзимга билинмас?

 

- Бу ташқи кўриниш тарафлама! Характер томонлама-чи?

- Энди ўзимнинг камчилигимни ўзим биламан. (кулади) Лекин, ўзимни ўзим ғийбат қила олмайман.(кулади)  Мен ўзимда камчиликлар кўплигини тан оламан.

ддддд_новый размер 

- Ўзингиз сабоқ олган хатолар ҳам бўлганми ҳаётда?

- Мен кўпинча жаҳлим чиққанда гапириб юбораман. Менимча, битта мен эмас, ҳаммада шундай бўлса керак. Ўзи айтишади-ку, жаҳл чиққанда ақл кетади. Жаҳлим чиққандаги қилган камчиликларимни кейин ўйлаб туриб, шу ишни нотўғри қилдим, деб керак бўлса, агар айб менда бўлса, мен ноҳақ бўлсам, кечирим ҳам сўрайман.

 

- Қайси мусиқа асбобини ўзингиз чала оласиз?

- Тор ва танбур. Энди ҳозир гитарани ўрганмоқдаман. Лекин, чала оламан.

 

- Сиз рейтингга қанчалик аҳамият берасиз?

- Мени рейтинг билан умуман ишим йўқ, тўғриси. Мен ижод қиламан. Мен санъатга пул учун ҳам кирмаганман, бизнес учун ҳам кирмаганман. Ўзим шу ишни қилишни ҳоҳлайман ва шу ишимдан лаззат топаман. Шунинг учун тўғрисини айтаман, рейтинг, кимдандир қолиб кетяпман, яна кимдандир ўтиб кетишим керак, деган тушунчалар менда йўқ!

 foto (3)_новый размер

- Санъатдан ташқари ҳам, бошқа ишингиз борми?

- Йўқ. Бошқа ишим йўқ. Ўзи ухлашга ҳам вақт етишмаяпти (кулади), бошқа ишга вақт топиб бўлмайди.

 

- Қайси қўшиғингизни ўзингиз ташриф қоғозим, деб айта оласиз?

- “Сени ҳеч ким севолмайди менингдек”!

 

- Ота-онангизга-чи? Қайси қўшиғингиз ёққан, қайси қўшиғингиз учун гап эшитгансиз?

- Отамларга “Бўри бўлсанг бўридай бўл, агар бундай бўлолмасанг, унда итга чўрийдай бўл” сатрлари билан куйланган қўшиғим ёққан. Онамларга бўлса, миллий қўшиқларим кўпроқ ёқади. «Кўнглимда бир ёр қўйнимда бир ёр» қўшиғи онамларга сал ғалати туюлди. Аслини олганда, бу ерда бошқа нарса, ёзилган, аслини билсангиз керак. Лекин, эшитганлар, аёл кишига бағишлаб ёзилган, деб ўйлайди-да. Аслида бўлса, у ерда илоҳий муҳаббат ҳақида ёзилган!

 

- Қайси қўшиғингизни тўйларда кўп сўрашади?

- “Қоши қаролар”, “Ҳеч ким сени севолмайди менингдек”, “Қаландар”. Охирги пайтда “Ажралишдик” қўшиғи, тўйнинг ярми шу қўшиқ билан ўтиб кетяпти.

 IMG_0582_новый размер

- Шу кунгача нечта клип суратга олдиргансиз? Энг мураккаби қайси бўлган?

- 10 тадан ошиб кетди. “Ажралишдик” қўшиғимга суратга олинган клипда қийналганман. Сабаби, трек жойи сабабли. Қишнинг охирги кунида суратга олинган, ўт ўчирувчиларнинг муздек суви тагида турганман! Кўчада, ҳаттоки қалин кийимда юриб бўлмайдиган совуқ! Мен бўлса битта курткада, муздек сув тагида турибман! Ўзи ўт ўчирувчиларнинг суви жуда ҳам совуқ бўлади. Мияларим совуқдан қотиб қолган. Ҳеч нима сезмай карахт бўлиб қолганман. Лекин, чидаганман. Ишимиз, касбимизни деб! Совуқ сув тагида 8 минут турганман, 2 та трек олинган. Лекин, ўша 8 минут...эсласам ҳам совуқ қотгандек бўламан. Клипнинг ўзи 3 кун давомида суратга олинган. Мен учун жуда мураккаб клип бўлган.

 

- Қайси клипмейкерлар билан ишлайсиз асосан?

- Бир марта Жасур Шаметов билан ишлаганман ва қолган ҳамма клипларимни “9999” студияси Хуршид ака, Нодир ака Собировлар суратга олган.

 

- Пиарга муносабатингиз?

- Ҳеч мендан, ёки мен ҳақимда пиар эшитдингизми, шу пайтгача? (кулади) Мен пиарга қизиқмайман. Пиар берадиган рейтингга ҳам қизиқмайман.

 

- Кимларни аниқ устозим деб айтиб ўтасиз?

- Мен ўзим Охунжон Мадалиевга ҳавас қилиб, санъат соҳасига кирганман. Кейинчалик Рустам Ғойиповнинг қўшиқларини ёқтирдим. Ундан ташқари, Владимир Высоцкийни кўп эшитаман. Тото Кутунио, Адреано Челентано, умуман европалик ижодкорлардан ҳам кўпчиликни эшитаман.

 

- Бошқа тилларда ҳам қўшиқ ижро қилганмисиз, ёки ижро қилиш ниятингиз борми?

- Ҳозирги кунда ингилиз тилини ўрганмоқдаман. Келажакда инглиз тилида қўшиқлар яратиш, куйлаш ниятим бор. .

 foto (10)_новый размер

- Нима деб ўйлайсиз? Томошабин меъдасига тегмаслик учун, хонанда нима қилиши керак?

- Озгина соғинтириши керак, назаримда. Лекин ҳозирги кунда пауза қилиш ҳам хавфли бўлиб қолди. Жуда узоқ эмас-ку, озгина соғинтириши керак. Баъзилар, роса кўп телевидение ва радио орқали чиқсам, мени ёқтириб қолишади, деб ўйлайди. Аммо, кўпинча бу минус томонга кетиб қолади.

 

- Ўзингиз ҳамкасбларингизнинг қўшиқларини тинглайсизми ва тинглаётганингизда қайси жиҳатларига аҳамият берасиз?

- Мен биринчи бўлиб сўзига эътибор бераман. Қўшиқ айтаётган одамни қўшиғида мақсад бўлиши керак, биринчи навбатда! Мен шу қўшиғим билан нима демоқчиман, деган савол бўлиши керак! Нимадир дейиши керак-ку. Масалан, мен сиз билан суҳбатлашяпман, мен нимадир дейишим керак-ку. Афсуски, мен ҳозирги кунда эстрадасини эшитсам, баъзи қўшиқлардан шунчаки куламан. Ҳаммасидан эмас, баъзиларидан! Мен бу гапим билан ўзимни тепага қўймоқчимасман. Лекин, мен ҳеч бўлмаса қўшиқларимни сўзини ўйлаб,  кўпчилик билан маслаҳатлашиб танлайман, балки мени ижройим унча зўрмасдир, ёки кўринишим зўрмасдир, балки клипларим зўрмасдир, лекин қўшиқларим билан нимадир демоқчи, бўламан. Баъзида радиоларни эшитиб, тўғриси, мен ўзимни жарга қулаб кетаётгандек хис қиламан. Мен баъзиларнинг ижодига тушунмайман.

 

- Ўзингиз кимларни тушуна олиб тинглайсиз?

- Жаҳонгир Отажоновни ёқтириб эшитаман, ҳар томонлама яхши шеърлари ҳам, ижроси ҳам яхши. Ботир Зокиров, Фаррух Зокиров, Шерали Жўраев, Рустам Ғоипов, Охунжон Мадалиев, барибир олдинги ижодкорларга кетиб қолавераман. Ҳозирги чиқаётганлардан эшитадиганларим тўғриси кам.

 

- Шунақа ҳолат бўлганми, қўшиқ ўзингизга ёқмаган-у, лекин атрофингиздагилар фикри ёки уларга ёққанлиги сабабли, мухлисларга тақдим қилгансиз?

- Лекин, мен ҳеч қачон ҳеч кимнинг фикри билан қўшиқ яратмаганман. Фақат ўзимни фикрим билан яратаман. Бир-бир шундай ҳолат ҳам бўлади, баъзи қўшиқлар битганидан кейин ўзимга ёқмайди. Масалан, “Қоши қаролар” деган қўшиғим, Сирожиддин Сайид сўзлари билан ёзилган. Шеърига гап йўқ, жуда чиройли шеър ёзганлар. Лекин, негадир қўшиқ битганидан кейин ўзимга унчалик ёқмаган. Аммо, мен кутмагандим қўшиқ кўпчиликка ёқди, кутган қўшиқларимдан кўра ҳам, шу қўшиқ оммалашиб кетди!

 foto (4)_новый размер

- Сиз учун бахт тушунчаси?

- Ўзи битта сўз-ку, лекин бу сўз билан ҳоҳлаган дунёингизни кашф қиласиз! Мен учун ҳозирча бахт, ота онамнинг ҳаётлиги, уларнинг дуолари, мухлисларим, соғлиғим, мухлисларим ва яқинларимни соғлиғи, умуман ҳамманинг соғлиғи ва тинчлигимиз!. Шундай тинч юртда яшаб турганимизнинг ўзи ҳам бир катта бахт! Бахт ҳақида жуда ҳам кўп гапиришим мумкин.

 

- Инсон қандай қилиб ўзини топиши ва йўқотмаслиги мумкин?

- Инсон ўзини топиши учун, китоб билан сал кўпроқ ўртоқ бўлиши керак, деб ўйлийман. Масалан, онгсиз инсон ўзини йўқотиб қўйиши мумкин. Онгли инсон ҳар доим ўзини ушлаб туриши мумкин. Айниқса, бизларни соҳада юлдузлик касали, деган тушунча ҳам бор. Мен юлдузлик касали, онгсизликдан келиб чиқади, деб биламан. Онгли одам билади ҳамма нарса ўткинчи. Ҳамма нарсанинг ўзини даври бор. Нима деса бўлади, кўпроқ онглироқ бўлишга ҳаракат қилиш керак, кўпроқ китоб ўқиш керак. Эшитишни ўрганиш керак. Кўпинча кўпчилик гапиради, лекин кўпчилик эшитмайди. Мен шу онг билан боғлайман, кўпинча.

 

- Мухлислар фикри сиз учун қанчалик қадрли? Масалан, кўчада ёки бошқа жойда ёнингизга келиб ўз фикрини билдирса. Унинг фикрини инобатга оласизми?

- Албатта, инобатга оламан. Агар у мухлислар бўлмаса, биз ҳеч ким эмасмиз-ку. Лекин, тўғрисини айтаман. 95 фоиз одам, сизга фақат мақтайди. Мен мақтовларга учмайман. Лекин, 5 фоиз одам ҳам бўлади. Масалан, яқинда битта жойга тўйга бордик. Бир одам Охунжон Мадалиевнинг қўшиғи ҳақида гапирди. “Укам шу қўшиқни айтмасангиз, яхши бўларкан” деди. Мен у гапдан хурсанд ҳам бўлдим, ҳавасим ҳам келди, раҳматли Охунжон Мадалиевга. Қаранг, ўзи ўтиб кетса ҳам, мухлислари ёнини оляпти! “Бошқа қўшиқларингиз зўр, сизни эшитаман, лекин шу қўшиқни айтмасангиз бўларди” деди. Мен ҳамма нарсани тўғри қабул қиламан.

 foto (8)_новый размер

- Илк саҳнага қадам қўйганингизни эслай оласизми? Унда нималарни ҳис қилгансизу, ҳозирги кунда нималарни ҳис қиласиз?

- Мен ўзимни яккахон концерт дастуримда чиққанман. Энг катта ҳозирги кунда, “Истиқлол” санъат саройи бўлса, ўша ерга 2012 йилда илк марта чиққанман. Унгача чиқмаганман. Ҳаяжон бошидаги 2 та қўшиқда бўлади, кейин тарқаб кетади. Мухлислар қўллаб турса, ҳаяжон кетиб қолади. Ўша 2 та қўшиқдан кейин, ё ўзингизни йўқотиб қўясиз, ёки ўша ерда яшашни бошлайсиз. Ҳозирги кунда мухлисларим жуда ҳам меҳрибон. Мухлисларингиз сизга мухлис бўлиб келишдими, борингизча, камчиликларингиз билан бирга қабул қилишади. Мени ҳам мухлисларим борлигимча қабул қилиб, қўллаб-қувватлашади.

Саида Вахобова

Интервью “Тасвир” газетасида чоп этилган

foto (5)_новый размер