FATTOHHON.COM
« Все новостиСанъат оламида ўз ўрнига эга ва мухлислар қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаган санъаткорлар саноқли, албатта. Кўпчилик устоз санъаткорлар вақт ўтиши билан ижоддан бироз чекланадилар. Лекин, чинакам фидоий санъаткорларга эса, ёшнинг аҳамияти йўқ. Улар ҳамиша ижоддалар. Ана шундай фидоий санъаткорлардан бири, Ўзбекистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов.
- Ўзбекистон Халқ артисти Муножот Йўлчиева билан биргаликда “Уммон” гуруҳининг “Во ажаб” дуэтини куйладингизлар. Кўплаб гап-сўзларга сабаб бўлди...
- Бу дуэтни биз аслида “Ошга марҳамат” кўрсатувига ҳазил тариқасида тайёрлаган эдик! (самимий кулади) Биздан бир кунда қўшиқ тайёрлаб ижро эта оласизми дейишганди, шундай қўшиқларни ҳам куйлай оласизми, дейишган, “Биз бундай қўшиқларни ҳам бемалол ижро эта оламиз, улар ҳам бизнинг қўшиғимизни айта оладими?” деб куйланган қўшиқ. Яъни, ёши катта қўшиқчилар ёшларнинг ҳам қўшиқларини бемалол ижро эта олишларини кўрсатиш мақсадида куйладик. Ҳазил қўшиқ эди! Бунчалик оммалашиб кетишини, хаёлимизга ҳам келтирганимиз йўқ! Ўз-ўзидан тарқалиб, оммалашиб кетди. Бу қўшиққа ҳеч қандай клип суратга олиш ниятимиз йўқ! Ахир бу ўзимизнинг қўшиқ эмас! Бировнинг қўшиғини биров куйлаши мумкин, бу нарса ҳазил сифатида қилинган. Мен ўзимни ҳар қандай йўналишда синаб кўришим, ҳаттоки рэп қўшиқ ҳам бемалол куйлашим мумкин-ку!
- Демак, сиздан рэп қўшиқлари ҳам кутишимиз мумкинми?
- Албатта! Агар янги йўналишдаги янги қўшиқлар бўлса, бемалол куйлашим мумкин. Лекин, қўшиқ мазмунли ва сифатли бўлиши керак. Энг муҳими, янги, ўзимнинг қўшиғим бўлиши керак.
- Хонанда Ҳосила Раҳимова билан куйланган қўшиғингизга ҳам клип суратга олдирмоқчи эдингиз?
- Ишлар билан банд бўлиб, концертгача улгура олмадик. Қолаверса, мана бу янги янги клип олиш ғояси пайдо бўлди ва шу янги клипимизни суратга олдик.
- Ҳар йили концертингизда 2-3 ёш хонандалар билан дуэтлар ижро қиласиз. Баъзи ёши катта, рейтинги баланд санъаткорлар ёш ва танилмаган хонандалар билан дуэт ижро қилишга иккиланадилар?
- Мен ҳозир ёшлар озгина бўлса ҳам, кўринишлари керак, деб улар билан дуэт куйлайман. Мисол учун, овози яхши бўлса, мен билан дуэт айтганда кўринса, ундан кейин ижодини ривожлантирса, у албатта халққа маъқул бўлиши мумкин. Менимча, ҳозиргача куйлаган дуэтларимнинг бирортасини ҳам ёмон дейишгани йўқ. Агар овози чиройли санъаткор ёшлар бўлса, мен яна дуэт куйлашим мумкин. Буни ҳеч ёмон жойи йўқ, деб ўйлайман. Негаки мен улар бу дуэт озгина бўлса ҳам мадад бўлсин, куч берсин, интилиш берсин, қувватласин, ундан кейин ижодини ўзи давом эттиради, деб ўйлайман.
- Концерт дастурингиз «Қалбимни қайтар» деб номланди. Концертдан кўнглингиз тўлдими?
- “Қалбимни қайтар” бу раҳматли ижодкор Шуҳратнинг сўзлари. Шунга қўшиқ яратдик, кейин эса, Нозим Жумаев томонидан клип суратга олдирдик. Янги клипимиз номи бўлгани учун ҳам, концертни ҳам шундай номладик. Концертда ўзим ҳам соз чалиб, куйладим ҳам. (самимий) 25 йил давомида соз чалиб қўшиқ ижро қилганман! “Қалбимни қайтар” қўшиғини тингласангиз, унинг мусиқасидаги торни ҳам ўзим чалганман! Концерт режиссёри Рустам Шамсутдинов бўлди, истеъдодли ижодкор ва режиссёр. Энди, концертга доим ҳақиқий баҳони тингловчилар, мухлислар берадилар, деб ўйлайман. Бу энг одилона баҳо, назаримда.
- Доим фақат 2 кун концерт берасиз. Бу анъанами?
- Мендан кўпинча нега фақат 2 кун, нега кўп қўймадингиз, деб ҳам сўрашади. Негаки, инсонларнинг оғзида ниманидир мазаси қолиши керак, деб ўйлайман. Эртага концерт ҳақида гапирганда ҳам, “зўр бўлди концерт, яна қилса бўларди!" деган гаплар, мен учун чиройли совға! Мисол учун, “Шунча концерт қилди, нимага кераги бор, шунча концертни? “ деган гапларни ҳам эшитиб қиламиз. Ўша нарсалар керак эмас! Санъаткор ўз мавқейини ушлаб туриши керак, деб ўйлайман. Озгина-ю, созгина! Ёки бўлмаса, ўша бор кучимни мен 2-3 кунда бера оларман. Ҳар куни битта нарсани қайтараверсангиз, ўзингизнинг ҳам меъдангизга тегиб қолиши мумкин. Қолаверса, ҳар йилги концертим аввалгиларидан фарқ қилиши керак.
- Жонли ижрода мукаммал куйлай оласиз. Тўлиқ жонли ижрода ҳам концертлар бериш сиз учун қийин эмас. Лекин...
- Нима демоқчи бўлганингизни тушундим. Мен ўтган йилга қадар, 2-3 марталаб тўлиқ жонли ижрода концертлар бериб келганман. Бундан ҳамма хабардор. (самимий) Лекин, буни ҳеч ким қадрламади, қадрига етмади! Қайтага, тўлиқ жонли ижродаги концертларимдан камчилик топиб, ҳаттоки ёмонлашди ҳам. “Яхши чиқмади, овоз яхши чиқмади” дейишди. Ижобий тарафлари, тўлиқ жонли ижродалиги ва созандалар меҳнати, шундай яхши тарафлари ҳақида умуман гапиришмади. Эътибор бўлмаганидан кейин, қадрлашмагандан кейин, ўйлаб қоларкансиз. Мен ўзи аслида жонли ижрони жуда ҳам қадрлайман! Шунча йилдан бери асосан, фақат жонли куйлаб келаётган санъаткорман. Агар жонли ижрога эътибор кучайтирилса, қадрига етишса, фақат жонли ижрода куйлаган бўлардим! Бу мен учун, муаммо эмас. Агар, масалан, менга шароит яратиб берилса, ҳеч қандай муаммосиз жонли куйлай оламан. Эътибор бўлса, жон дилим билан жонли концерт ўтказаман. Лекин, овоз режиссёрлари бу масалага эътиборсиз, овозингизни яхши етказиб бера олишмайди. Қани эди, шунда муаммолар бўлмаса, ҳамма жонли куйласа, мен ҳам фақат жонли ижрода концерт берган бўлардим. Қачон ҳаммада шу нарса бўлса, ҳамма жонли ижрода концерт ўтказса, мен ҳам шубҳасиз шундай қиламан!
- Ижод ва ҳаётда ўз камчиликларингизга четдан назар ташлайсизми?
- Биласизми, ҳаётда ҳеч қайси инсон, ўз камчиликларини очиқдан очиқ билмаса керак, деб ўйлайман! Менинг ҳам камчиликларим бўлиши мумкин, буни ташқаридан кузатган инсон сезиши мумкин, ўзим кўра олмайман. Лекин, мен кўп ўзимга танқидий назар билан қарайман! Масалан, буни қилма, бу иш сенга муносиб эмас, деб фикрлайман. Мана бу ишни қилиш мумкин, бу эса тўғри келмайди, деб таҳлил қилиш одатим бор. Мени танқид қилишса ҳам, бунга табиий ҳол, деб қарайман.
- Ўзингизни характер тарафлама қандай инсонман, деб ўйлайсиз?
- Ҳар бир инсонга яхши муомала қилишга ҳаракат қиламан. Осмонга ҳам чиқиб кетмайдиган ва пастга ҳам тушиб кетмайдиган, камтарликни ҳам йўқотмайдиган, ўзим учун ўзим жавоб бера оладиган инсонман.
- Болалигингиз ҳақида айтиб бера оласизми?
- Болалигимда жуда шўх бола бўлганман! Болалигимнинг ҳар бир куни мени эсимда турибди. Масалан, кўчада юрганларим, дўстлар билан копток ўйнаганларим. Қандай шўхликлар бўлса, ҳаммасини қилганман. Ҳаммасини очиқ-ойдин айтиб бера олмайман.
- Ёшликдаги Ғуломжон Ёқубовнинг қайси жиҳатларини соғинасиз?
- Ёшликни ким ҳам соғинмайди? Ҳамма “қанийди болалигим бўлса” деб айтади. Мен, болаликка бағишлаб, концертимда “Онажон, ёшлигимга қайтгим келяпти” деган қўшиқ ҳам ижро этдим. У қўшиқда ҳақиқий болаликни қўмсаш, онани қўмсаш акс этган!
- Ҳозирги вақтда инсонлар ўртасида қандай муносабат йўқолиб кетяпти, деб ўйлайсиз?
- Меҳр-оқибат йўқолиб кетяпти! Масалан, олдин битта маҳалланинг боласини, бутун маҳалла тарбия қиларди. Ҳозир бўлса, ҳатто ён қўшнисини ҳам танишмайди. Мана шундай меҳр-оқибатлар йўқолиб кетяпти.
- Томошабин “бевафо” деган фикрга муносабатингиз?
- Томошабин “бевафо” дегани, тўғри ва бундан ҳеч хафа бўлиш керак эмас. Ҳар ким ўзининг дидига қараб танлайди. Ундан ташқари, ҳозир ёшлар чиқиб ётибди. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкин, ҳар ким ўзи ҳоҳлаган хонандасини эшитади! Ҳоҳламаганини эшитмайди. Шунга қараб, шундай нарса қилиш керак-ки, ёшлар ҳам, ёши катталар ҳам эшитадиган бўлиши керак! Шундай нарсалар топиш керак, деб ўйлайман. Ўзим ҳам шунга ҳаракат қиламан.
- Ҳаётда энг кўп йўқотадиган буюмингиз нима?
- (сал ўйланиб) Ҳаётда энг кўп йўқотадиганимиз буюм эмас-ку, бу умр! Тез ўтиб кетяпти! Тез йўқотилмоқда! Лекин, мен умр тез ўтаётганидан ҳам афсусланмайман! Чунки, ҳар доим ижоддаман, ҳаракатдаман, омманинг орасидаман!
- Илк муваффақият ва машҳурликни қачон ҳис қилгансиз?
- 1976 йилдан бошлаб, менда машҳурлик бошланган. “Нилуфар” қўшиғим билан танилганман. - Андижонга гастролга борганимизда, биринчи марта мендан дасхат сўрашганди. Ундан кейин "Кулиб чиқсанг", "Тикилиб-тикилиб" қўшиқларини куйладим. Шу тарзда давом этди. Жуда ҳам кўп қўшиқлар куйлаганман. Илгари, қўшиқ ёзиш ҳам жуда қийин эди. Шунинг учун, кўплари ёзилмай қолиб кетган. Концертлар жонли бўларди ва шунинг учун уни ёзишмаган. Кўплаб қўшиқларим ижро этилиб, ёзилмай қолиб кетганлари ҳам бор.
- Журналист бўлганингизда, ҳозирги замон хонандаларига қандай саволлар берган бўлардингиз?
- (ўйланиб) Ҳозирги санъат йўналишини қандай бўлишини ҳоҳлардингиз? Ёки, бўлмаса, ўзингиз қайси тарафга кетяпсиз? Ёки, нимани тарғибот қилмоқчисиз? Қайси йўналишни ўзингизга эп кўрасиз? Қайси йўналишни оммабоп деб ўйлайсиз? - деган саволларни беришим мумкин!
- Набираларингиз ичида ҳам сизни давомчиларингиз бўлиши мумкинми?
- (самимий) Буни ҳоҳлардим. Фарзандларимда сира ҳоҳламагандим. Лекин, набираларим ичида ҳозирча йўқ, балки бўлиб қолар?
- Саҳна қадрини қачон кўпроқ ҳис қилгансиз?
- Мен бошидан устозларни кўп кўрганман. Устозларни яхши биламан. Ундан сўнг, бир ҳинд актёрининг гаплари ҳам эсимда турибди. Унинг “саҳна шундай муқаддас нарсаки, олдин ўпиб, кейин саҳнага чиқиш керак” деган гаплари, ҳар доим менинг қулоғимда туради.
- Гастрол сафарларига яқин орада чиқдингизми?
- Йўқ, ҳозирда чиқмаяпман. Гастрол сафарига чиқавериб, менинг ҳаётим гастролда ўтган, десам ҳам бўлади. Биз у пайтларда қийин шароитларда концерт беришимизга тўғри келган. Кечаси соат 23.00-24.00, ҳаттоки тунги соат 01.00 ларда ҳам концерт берганмиз! Колхозларда ишчилар, ишдан сўнг, уйларига бориб, бир пиёла чойини ичиб келгунича, соат тунги 22.00 ёки, 23.00 бўлиб қоларди! Ҳаттоки, баъзи пайтларда кечаси соат тунги 01.00 ларда ҳам концерт бошлаган пайтларимиз бўлар эди. Чунки, ҳозиргидек яхши шароитлар бўлмаган. Ҳаттоки, микрофон ҳам бўлмаган! Баъзи жойларда микрофон бўлса ҳам, светлар ўчиб қолган! Шундай пайтларда, очиқчасига ҳеч қандай микрофонларсиз қўшиқлар айтилаверган! Мен ҳозирги хонандалар жаннатга тушган, деб айтаман! Чунки, Мустақилликдан сўнг ҳамма шароитлар яратилди. Агар бизларнинг пайтимиздаги қийинчиликлар бўлганда, ҳозир биттаси ҳам чиқмасди, қўшиқ ҳам айтмасди! Бизлар совуқда ҳам, қаҳратон қишда ҳам, машиналар устида ҳам, пахта далаларига чиқиб қўшиқ айтардик! Ҳатто, свет бўлмаган жойларда, шамларни, оловларни ёқиб, ўша ерда қўшиқ ижро этганмиз! Мен бу гапларни айтаётганимнинг сабаби, ҳозирги даврдаги хонандалар, бугунги бахтли кунларнинг қадрига етишларини истайман! Ҳозирги туғилган болалар бахтли эканлар! Ҳозирги хонандалар бахтли! Сабаби, уларнинг пешонасида шундай шароитлар, имкониятлар бор! Юртимиз мустақил ва фаровон, ижод учун ҳамма шароитлар, кенг имкониятлар яратилган. Фақат изланиб, чин дилдан ижод қилиш керак!
- Ҳеч нотўғри қарор қабул қилдим, деб ўйлаган қарорингиз ҳам бўлганми?
- Ҳеч қачон, ҳеч нарса текис кетган эмас. Бундай ҳолат, ҳамма соҳада бўлади! Лекин, инсон тушкунликка тушмай, яна олдинга интилиши, меҳнат ва ҳаракат қилиши керак, деб ўйлайман. Халқ меҳри, муҳаббати барчасига ёрдам беради.
- Уйда бажарадиган энг севимли машғулотингиз?
- Шеъриятдан бохабар бўлиш, китоб ўқиш.
- Дўст хиёнати сиз учун?
- Менда дўст хиёнати бўлмаган! Балки, инсоннинг ўзи ҳам бундай нарсага сабабчи бўлиши мумкин. Ҳар бир инсондан қил қидирса, топилади. Шунинг учун, мен ҳам дўстдан қил қидирмаганман. Улар ҳам менга ундай қилишмаган. Шунинг учун дўст хиёнатидан азият чекмаганман!
- Ушалмайди, деган орзуингиз амалга ошиб қолганми?
- Йўқ, ҳали амалга ошмаган. Билмайман, лекин амалга ошадими, ошмайдими? Амалга ошмайди, деб ўйлаган нарсам амалга ошиб қолган. Аммо, у ҳақида айтмайман.
- Ўзингиз ҳақингиздаги мақтовларни қандай қабул қиласиз?
- Мақтов ҳаммага ёқади. Лекин, мақтовни ҳам тўғри тушуниб олиш керак. Сабаби, баъзи вақт инсонни талтайтиради, бир хилларида юлдузлик касалига учратади. Шунинг учун, мен жуда ҳам мақтовга эътибор бермайман.
- Биринчи марта суҳбатлашганингизда, суҳбатдошингизнинг нимасига эътибор берасиз?
- Суҳбатига, юз кўринишига эътибор бераман. Мени ёнимда бўлса, қарашига, кўзига эътибор бераман. Масалан, бераётган саволига, ўзини тутишига, кийинишига, маданиятига эътибор бераман.
- Илк куйлаган қўшиғингиз ёдингиздами?
- Бунга анча йиллар бўлиб кетди. (самимий кулади) Лекин, ўша мактаб даврдаги қўшиқлар ҳам эсимда турибди. У пайтда севги тўғрисида ёш бола қўшиқ айтиши мумкин эмасди. Ҳозир эса, кичик болалар ҳам чиқиб, шу мавзуда қўшиқ куйлаб ётишибди. У пайтларда эса бунга рухсат йўқ эди. (самимий кулиб) Ёшлигимда муҳаббат ҳақида қўшиқ айтганимда, ўқитувчим “бундай қўшиқларни айтмагин, бундай қўшиқларни айтиш сенга мумкин эмас” деб, қулоғимдан бурагани ҳали ҳам ёдимда турибди. Ўша пайтларда, бешинчи ёки олтинчи синфларда бўлсам керак. Ўзимни қўшиғим эмас, бировларнинг қўшиғи эди, лекин муҳаббат ҳақида эди. Катта бўлганимда эса, илк бор саҳнага чиқиб куйлаган қўшиғим, Ватан ҳақида бўлганди.
- Қайси мавзуда суҳбатлашишни ёқтирасиз?
- Мен суҳбат қайси мавзуда бўлса ҳам, ўша мавзуга ёндошишга, яхши суҳбатлашишга ҳаракат қиламан! Ўзи аскияни яхши кўраман ва кўп давраларда аския эшитишни ҳоҳлайман. Самимий кулги бўладиган давраларни, йиғилишларни ёқтираман ва қўмсайман.
- Инсон қадами етмаган оролга, дейлик ўзингиз билан 3 буюмни олиб кетишга рухсат берилса, нимани олиб кетган бўлардингиз?
- Ўзим билан фақат магнитофонни олиб кетардим. Ҳам қўшиқ эшитишга ҳам қўшиқ ёзишга!
- Тўкис яшаш учун инсонга нималар керак, деб ўйлайсиз?
- Авваламбор, бунинг учун инсонга биринчидан ҳақиқий соғлик керак! Иккинчидан маблағ керак. Лекин, фақат ўзи меҳнат билан топган маблағга тўла-тўкис, хотиржам яшаши мумкин. Яъни, бировнинг қўлига қарам бўлмаган ҳолда. Бунинг учун эса, астойдил меҳнат қилиши қилиши керак.
- Агар шогирд олмоқчи бўлсангиз, унга қандай талаблар қўярдингиз?
- Мен ўзим ҳозир ижоддаман. Шунинг учун, шогирдларга талаб ҳам қўймайман! Лекин, йўл кўрсатиб, маслаҳат беришим мумкин. (самимий) Ҳозир бировга “ундай қил, бундай қил” десангиз, кўпларга ёқмай қоласиз. Чунки, ёшлар танқидни унчалик ёқтирмайди. Масалан, озгина танбеҳ бериб қўйишим мумкин, лекин жаҳл билан “ундай қиласан, бундай қиласан” демайман! Бундай қилмайман!
- Миш-мишлар ва турли гап-сўзларга муносабатингиз?
- Биринчидан, ўзим ҳеч қачон ҳеч кимни миш-миш қилмайман! Ўзим миш-миш гап айтган инсонларни ҳам, миш-мишларни ҳам жуда ёмон кўраман. Чунки, билмасдан туриб гапириш, энг ёмон нарса! “Мана бундай экан, бундай дейишяпти” дейишгани энг аҳмоқона тушунча ва энг паст иш, деб ўйлайман. Энг ёмон кўрганим ҳам, биров ҳақида билмасдан, “мана бундай экан” дейишлари! Билмасдан туриб, мана шундай гапларни тарқатишади, кейин эса, кўп инсонлар шундан куяди! Шу миш-миш туфайли, емаган сомсага пул тўлагандек, айбсиз айбдор бўлиб қолиш, йўқ нарса бўйнига тушиб қолиш ҳоллари юз беради. Айниқса, бундай ҳолатлар артистларда кўп бўлади. Мевали дарахтга тош отилади, дегандек, ҳамма сал кўзга кўриниб қолган инсонларни айбини топишгами, ёки обрўсини пасайтиришгами, ёки нимадир қилишга ҳаракат қилишади.
- Сиз ҳам телевиденияда бирор кўрсатувга бошловчилик қилишингиз мумкинми?
- Йўқ! Бундай таклифлар менга жуда кўп бўлган ва бўлиб келмоқда! Лекин, мен бунга доим “йўқ”, деб келганман. Сабаби, ҳамма ўз ишини қилиши керак, деб ўйлайман.
- Кўп клиплар суратга олдиргансиз, суратга олиш майдонида келишмовчиликлар ҳам бўлиб турадими?
- Иш вақтида ҳамма нарса бўлиши мумкин. Баъзида кайфият, баъзида эса вазият сабаб турли ҳолатлар бўлади. Бундан хафа бўлиш керак эмас, деб ўйлайман. Сабаби, ўша пайтда ҳамманинг мақсади ижод намунасининг яхши чиқишида бўлади. Шунинг учун ҳам, бундай ҳолатларга эътибор қилмайман, асабийлашмайман.
- Қўшиқларингиз тайёр бўлганида, биринчи бўлиб, кимга эшиттирасиз?
- Ўзимнинг ёнимдаги мусиқачи йигитларга эшиттириб кўраман! Бирорта қўшиққа ўхшаш, ўхшамаслигигача сўрайман. Шунга қараб, қўшиқ устида яна ишлаш мумкин.
Феруза Фаттохова
Саида Вахобова