FATTOHHON.COM

« Все новости

“МАҚОМ АЛИФБОСИ” ЯРАТИЛМОҚДА! 27.07.2018 02:25

Муҳтарам Президентимиз Ш.М. Мирзиёев ташаббуси билан мактабдаги болалар ҳам мақом cанъатини ўрганишлари учун,  Ўзбек миллий мақом санъати маркази Мақом санъатини илмий ривожлантириш бўлими томонидан 1 августга қадар Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари учун илк бор “Мақом алифбоси” ўқув қўлланмаси яратилмоқда!

photo4

Наргиза Ҳамдамова катта илмий ходим: - Бу ўқув қўлланмасини яратиш жараёни жуда ҳам мураккаб кечмоқда. Сабаби, Мақомнинг ўзи мураккаб. Бунинг учун биз мусиқа дарсликларини ҳам ўрганиб чиқдик. Шундан сўнг, болалар психологиясидан келиб чиққан ҳолда ёндошяпмиз, ўз номи билан “Алифбо”, шунинг учун ҳам унда бошланғич элементар назарий маълумотлар берилади. 4 та чорак ва унда 34 та дарс соати бор. Шу 34 та дарсга мавзулар бўлиб чиқилди. “Алифбо”ни энди ўрганаётган ўқувчи дастлаб бошида мақомнинг нима эканлигини билмаслиги табиий, шу сабаб ўқитувчи уларга бирор куйни чалиб берса, ўқувчи дастлаб уни ўзига сингдириши ҳам қийин. Шунинг учун ҳам, дарсимизда асосийси назарий жиҳати озгина бўлади-да, кўпроқ урғу эшитишга қаратилади. Эшитиш ва эшитган нарсасини бола куйлаб бериши керак. Ҳозирда бунинг учун “Устоз ва шогирд” бўлими билан бирга ҳамкорликда ишлаяпмиз. “Устоз ва шогирд” бўлимида ҳар битта мақомни пардаларидан келиб чиқиб, куй яратиб беришмоқда.

photo (3)

“Онажоним”, “Ватаним”, “Қуёшча” кабилар. Агар биз “Бузрук”, “Наво”, “Дугоҳ”ларни парчаларидан берсак, болалар бирданига кўтара олишмайди. Шунинг учун ҳам, болаларга осонроқ сингиши учун “Устоз ва шогирд” бўлимида санъаткорлар Махмуджон Тожибоев, Матлуба Дадабоева болаларнинг қулоғига яхши сингадиган қўшиқлар қилиб беришмоқда. Демак, биринчиси назарий маълумот бўлади. Иккинчиси тинглаш, учинчи вазифа эса, ўша тинглаган қўшиғини куйлаб, ҳамда қўлида усулини чертиб бериш. Мақом икки хил услубда, усул ва куйлашдан иборат бўлиб, бунда боланинг билими ошади. Бу икки хил фаннинг уйғунлашуви бўлади.

photo (1)

Бундан ташқари, ҳар битта китобнинг орқасида CD диск вариантини ҳам чиқаришимиз керак. Чунки, ҳамма ўқитувчининг ҳам қўлидан рубоб ёки танбур чалиш келмаслиги мумкин. Шунинг учун, диск ҳам чиқарилади. Бундан ташқари, биз боғча болалари учун ҳам диск тайёрладик. Боғчада 3 та гуруҳ бор: ясли, ўрта ва мактабга тайёрлов гуруҳлари. Шу уч гуруҳ учун, 3 хил диск яратилди. Ҳозирда уларнинг дизайни тайёрланмоқда. Бу дисклардан қандай фойдаланилади? Масалан, ясли гуруҳидаги бола фақат, еб-ичиб, ўйнайди, ухлайди. Ўша диск қўйиб қўйилса, бола уни эшитади ва қулоғига сингади. Ясли гуруҳи учун биз асосан аллаларни танладик, архивимизда мавжуд бўлган энг яхши мақом намуналаридан олинган аллаларни олдик. Бола ухлаётганда мана шу аллалар паст овозда, болага халақит бермаган ҳолда янграйди. Бола ўйнаганда ҳам, паст овозда янграб туради. Каттароқ гуруҳларда ҳам ўйин машғулотлари жараёнида пастроқ овозда янграб туради. Болалар бу орқали маънавий озуқа олишади, қулоғига болаликдан сингади. Болаларга “сен мақом эшитяпсан” дейиш, тушунтириб ўтириш ҳам шарт эмас. Бола ҳаммасини ўзи эшитиб, қулоғига сингади. Шу тарзда бола катта бўлиб, мактабга келгач, ўша эшитган мусиқасининг “Алифбо”сини ўрганишни бошлайди! Бу мана шу яратилаётган “Мақом Алифбоси” бўлади. Яслидан бошлаб эшитиб келгани учун ҳам, энди бу мусиқа бола учун бегона бўлмайди! Одатда, бирор асарни турли ёшда ўқиганда, ўзгача қабул қилинади. Масалан, болаликда ўқиганда бошқа таассурот, катта бўлгач, ўқилса бошқача таассурот бўлади. Мусиқа ҳам шундай, болаликда тинглаганда бошқача таассурот олади. Кейин мактабга келиб, “Алифбо”сини ўрганганда асл негизини тушуна бошлайди. Боғчадан тинглашни бошлагани учун ҳам, қулоғига сингани учун болага уни ўрганиш енгилроқ бўлади. Ўша оҳангда куй эшитдими, бемалол усулини чертиб ҳам бера олади. Ҳозирда “Алифбо”га дастур асосида назарий маълумотлар киритиляпти. Мусиқий намуналар танланиб қўшиляпти.

"Мақом алифбоси" 1 августга тайёр бўлиши кутилмоқда!

Cаида Вахобова