FATTOHHON.COM
« Все новости“Ўзбекконцерт” Давлат Муассасаси қошидаги қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш Бадиий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. “Ўзбекконцерт” Давлат Муассасаси Матбуот хизмати маълумотига кўра, Кенгашда 8 нафар хонандалар томонидан тақдим этилган видеоклиплар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитова ижро этган “Сенсиз” қўшиғига ишланган видеоклипни эфирга узатишга тавсия берилди. Келгусида хонандага профессионал шоирлар билан яхши асарлар яратиш таклиф этилди.
“Мароқанд” гуруҳи ижро этган “Маликам”, “Ниҳол” мукофоти совриндори Шахризода Аҳмедова (Каниза) ижро этган “Навбат сизга етди”, “Ниҳол” мукофоти совриндори Бунёдбек Саидов ижро этган “Маржона”, Хонанда Мухайё Умарова ижро этган “Майда-майда” деб номланган қўшиқларга ишланган видеоклиплардаги кадрлардаги жузъий камчиликлар санъаткорларга тушунтирилиб, шартли равишда рухсат берилди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда Қобулованинг “Мазза-мазза” қўшиғига ишланган видеоклипдаги кадрлар маънавиятимизга зид ҳатти-ҳаракатларнинг мавжудлиги, шунингдек, қўшиқ матни мазмунан саёзлиги ва бадиий жиҳатдан жўнлиги боис бир овоздан рад этилди.
Мазкур қўшиқнинг матнида шундай жумлалар бор:
Юрагимда ҳаловат йўқ,
Кетганингдан нари бери бери ман.
Қойил сенга гап йўқ,
Азоб чекмай ҳам юраверасан.
Мендан ё хафамисан,
Нега қўнғироқ қилмайсан?
Севаман, деб алдаябсан,
Севишим билиб билиб билиб.
Сендан мен ҳам хафаман,
Келаман, деб келмаябсан.
Гапингга ишонмайман ман,
Юрардим сезиб сезиб сезиб.
Мазза-мазза маззадееее,
Мазза-мазза маззадееее.
Ўйламай юраверасанде,
Мазза-мазза маззадееее.
Бадиий Кенгаш аъзолари Зиёда Қобуловага (Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист) унвонига мос равишда қўшиқлар куйлашини, профессионал шоирлар билан ишлашини, клип олиш жараёнида миллий менталитетимизга хос кадрлар олишига, унинг ижодига бўлган масъулиятини янада ошириши лозимлигини таъкидлашди.
Хонанда Баҳром Каримов ижро этган “Келин қидириб” қўшиғининг ғояси яхши унда ўзбек қизларининг ибо-ҳаё, ор-номуси каби мақсад ва ғоя илгари сурилган. Видеоклип ҳаваскорлик даражасида ишлангани ҳамда қўшиқ билан видеоклип ўртасида боғлиқлик йўқлиги учун рад этилди.
Хонанда Улуғбек Холиқов ижро этган “Гавана” қўшиқ матни шеърият талабларига мутлақо жавоб бермаслиги, “олди-қочди” гаплардан иборатлиги, унга ишланган видеоклипдаги тасвирларда миллий менталитетимизга зид ҳаракатлар, маънавиятимизга салбий таъсир кўрсатувчи ҳолатлар тасвири мавжудлиги боис бир овоздан эфирга узатиш рад этилди.
Хонанданинг қўшиғи матнини ўқиганимизда қуйидаги жумлаларга дуч келдик:
Бир бечора,
Сени қидириш билан овора.
Ҳаста ҳолатида ночора,
Сен томона.
Бора-боравераман жанона,
Ҳаяжоним очади тобора.
Гавана-савана,
Сайёраларида саёҳатдаман.
Гавана-савана,
Сени излаш билан овораман.
Гавана-савана.
Кенгаш аъзолари хонанданинг келгусидаги ижодий ишларига яқиндан ёрдам беришлари, шеър танлашда ва клип суратга олишида ўз кўмакларини аямасликларини билдирдилар.
Бадиий Кенгашнинг ҳар йиғилишида хонандаларга ижодий ишни яратиш давомида профессионализмга эътибор қаратишлари, шеърият талабларига жавоб берадиган бадиий жиҳатдан теран, мазмунан пухта шеърлар танлаш кераклиги тушунтирилмоқда, тавсиялар берилмоқда ва бу борада хонандаларга кўмаклашилмоқда.