FATTOHHON.COM
« Все новости17 июнь куни соат 10.00 да Мудофаа вазирлигининг Тошкент шаҳридаги Марказий ҳарбий клиник госпиталида, «Ҳаёт учун!» кўкрак бези саратони миллий уюшмаси ҳамда, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик доирасида, ҳарбий хизматчи аёллар, ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқлари ҳамда, Тошкент ҳарбий округида фаолият олиб бораётган ходималарга тиббий ташхис қўйиш ишлари ўтказилди.
Лойиҳанинг асосий мақсади, ахборот-маърифий ишлари ҳамда, аёлларда кўкрак бези саратони белгиларини эрта аниқлашдан иборат бўлиб, ташхис ишлари уюшма ташкил этган ишчи гуруҳ аъзолари, яъни онкомаммолог, онкогинеколог, УЗД врачи ва психологлар томонидан олиб борилди. Лойиҳа «Ҳаёт учун!» кўкрак бези саратони миллий уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, «Аёллар кенгаши» Республика жамоат бирлашмаси ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида, ташкил этилди.
Жаҳонда ҳар йили 1 миллиондан ортиқ кўкрак бези саратони билан оғриган беморлар рўйхатга олинади. Агар касаллик эрта аниқланса, саратоннинг хавфли шаклдагисини ҳам анча муваффақиятли даволаш мумкин. Шунинг учун ҳам, «Ҳаёт учун!» кўкрак бези саратони миллий уюшмаси ва «Аёллар кенгаши» аёллардаги яширин онкологик касалликларни аниқлаш мақсадида, соғлом аёлларни скрининг, яъни оммавий кўрикдан ўтказишга катта эътибор қаратмоқда. Агар саратон белгилари эрта аниқланса, уни тўлиқ даволаш ёки ўсманинг ўсиш жараёнини узоқ ва муваффақиятли назорат қилиш мумкин бўлади.
Буни ҳисобга олган ҳолда, мазкур лойиҳага аввалдан тайёргарлик кўрилди. Республика Ҳарбий клиник госпиталида қабул учун зарур хоналар, яъни маммолог, онкогинеколог, психолог ва бошқа кабинетлар тайёрлаб қўйилди. Қабулга телефон орқали ёзилиш ҳам йўлга қўйилди.
Маммологлар томонидан 74 та аёл, онкогинекологлар томонидан 47 та аёл текширувдан ўтказилди. УЗИ текширувидан 32 та аёл ўтказилиб, шунингдек 45 та аёл психолог суҳбатида бўлишди. Жами 198 та консультация ўтказилди.
Натижада қуйидаги ҳолатлар аниқланди: кўкрак бези саратони тахмини билан кўкрак безининг саратондан олдинги ҳолати – 1 та ҳолат, бачадон бўйинчаси саратони тахмини – 1 та ҳолат, бошқа безарар ўзгаришлар – 16 та ҳолат. Барча аёлларга муолажа тайинланди.
Мазкур лойиҳа аёлларга мунтазам равишда врачлар кўригидан ўтиб туриш ва ўз саломатлигини асраш, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли муассасаларда ишлаш учун, нақадар муҳим эканлигини кўрсатди.
Ўзбекистон Республика Мудофаа вазирлиги 2012 йилда «Ҳаёт учун!» кўкрак бези саратони миллий уюшмасига бир қатор лойиҳалар ва хайрия акцияларини қамраб олувчи ҳамкорлик ишларини йўлга қўйиш таклифи билан мурожaат қилган бўлиб, мазкур ижтимоий лойиҳа, 2012 йил бутун республикамиз ҳудудидаги ҳарбий хизматчи хотин-қизларда, кўкрак бези саратонининг бошланғич белгиларини аниқлаш учун ўтказилган лойиҳанинг давомидир. 2012 йилда «Ҳаёт учун!» кўкрак бези саратони миллий уюшмаси, бутун Ўзбекистон бўйлаб 9667 нафар аёллар учун бепул ташхис ишларини амалга оширди, шулардан 5172 нафари ҳарбий хизматчи аёллардир.
Дастур доирасида 2009-2012 йилларда, яъни 4 йил ичида 27 000 дан ортиқ аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди.
Саида Вахобова