FATTOHHON.COM
« Все новости
20 июнькунипойтахтимиздаги “City makon” маданий-маърифий кўнгилочар марказида, болажонлар учун Фонд Форум ташкилотчилигида, “Туморча” болалар миллий либослари намойиши бўлиб ўтди.
Мазкур намойишга меҳрибонлик уйлари болалари меҳмон сифатида таклиф қилинган эдилар.
Болалар миллий либослари намойиши байрам руҳида ўтказилиб, мусиқий чиқишлар, рақсларга бой бўлди!
ННО “Yangi avlod forumi”, «Эски шаҳар» болалар ва ўсмирлар ижодиёти марказлари ва Шайхонтоҳур тумани “Баркамол авлод” болалар маркази иштирокчилари бўлган, 4 ёшдан 16 ёшгача бўлганлар болажонлар, ёш дизайнерлар ижодига мансуб либосларни намойиш қилдилар.
Мазкур намойишдан мақсад, ўсиб келаётган ёш авлодни ўзбек халқининг маданий бойликлари билан таништириш, ёш истеъдод эгаларини аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, эркин фикрли, илғор фидоий ёшларни бирлаштириш ва фикр алмашиш, тажриба орттиришларига ёрдам беришдир.
Намойиш давомида 9 та болалар коллекциялари намойиш қилинди. Уларнинг кўплари атласдан тикилганлиги ва ўзига хос жиҳатлари билан томошабинларга манзур бўлганлиги шубҳасиз. Барча либослар тўпламларининг узвий жиҳати уларнинг шарқона руҳда яратилганлигидир. Шунингдек, намойишлар оралиғида, болалар мусиқа ва рақс дасталарининг ўзларининг куй ва қўшиқлари билан томошабинларнинг кайфиятини янада кўтардилар.
Барча либослар коллекциялари муаллифлари дипломлар билан тақдирландилар. Шунингдек, болажонларга совғалар ҳам тақдим қилинди.
Хонанда, актёр ва режиссёр Жаҳонгир Позилжонов: - Бу намойиш ҳақиқий байрам тарзида, кўтаринки руҳда ўтмоқда! Тўғрисини айтсам, бу ерга мен қизим Райҳонанинг чиқишини кўргани келдим. Қизим “Асал” гуруҳи иштирокчиси. Бугун унинг ўзини катта саҳнада қандай тутишини кўрмоқчи эдим. Қизим ўзи қатнашаётган гуруҳнинг кўплаб концертларида чиққан. Шунингдек, бу йил ўзим ўтказган “Истиқлол” санъат саройидаги “Божалар” гуруҳи концертида ҳам иштирок этди!
Тўғрисини айтсам, шу пайтгача қизимга ҳеч бир ёрдам бермаганман ва у ўз қизиқиши, ўз кучи билан шу даражага эришмоқда. Менга ҳам доим: “менга ёрдам керак эмас, ўз кучим билан чиқаман” дейди! Билмадим, ёш болага қаердан бундай хаёл келади? Лекин, қизим доим ўз кучи билан ҳаракат қилади! Аммо, қизим катта бўлсам, санъаткор бўлмайман, шифокор бўламан, дейди.
Зулфия Расулова Шайхонтоҳур тумани “Баркамол авлод” болалари маркази директори:- Ҳозир бу намойишда, “Yangi avlod forumi”, «Эски шаҳар» болалар ва ўсмирлар ижодиёти марказлари ва Шайхонтоҳур тумани “Баркамол авлод” болалар марказининг “Дизайнерлик” ва “Дефиле” тўгараклари аъзолари иштирок этиб, миллий матойимиз бўлган хонатласдан тикилган либосларини намойиш қилишмоқда. Бу тадбирда 100 дан ортиқ болажонлар иштирок этишмоқда. Бу болажонларимиз “Болажонлар-ширинтойлар” мода фестивали ва бундан ташқари, “Янги авлод” болалар ижодиёти фестивалларида иштирок этиб келишган. Ўз ижодий йўналишлари билан барча тадбирларда қатнашишларига омад тилаб қоламан. Бу тадбирга меҳрибонлик уйлари болалари ҳам таклиф қилинган бўлиб, уларнинг ҳар бирига бизнинг болажонларимиз томонидан совғалар ҳам тақдим қилинди.
Ойиста Раҳмонова, Робия Толипова Нурия Темирбаева Эски шаҳар» болалар ва ўсмирлар ижодиёти марказ:-“Марғилон” коллекциясини намойиш қиляпмиз. Дизайнеримиз Зарина ҳар битта уст-бошни ўз қўллари билан тиккан. Бу коллекция билан дизайнеримиз, миллий либосларимизни янги авлодга, асрлар оша тақдим этиш ниятида бўлиб, бу либосларнинг ҳаммаси фақат қўл меҳнатида тикилган. Бу коллекция, Навоийда бўлиб ўтган “Асрлар садоси” миллий фестивалида ҳам иштирок этган ва бир неча совринларни ҳам қўлга киритган.
“Асал” гуруҳи 2008 йилда ташкил қилинган. Робия, Райҳона, Шахзода, Хадича, Муслима, Шаҳло: - Биз ўзбекча ва хоразмча рақс намойиш қилдик! Биз болалар байрамларида ўз рақсларимиз билан иштирок этамиз. Бугунги намойиш ҳам бизга жуда ёқди.
Жасмина Тошматова 3 ярим ёш “Малышка” гуруҳи: - “Мўъжиза атлас” либослар тўпламидан кўйлак намойиш қиляпман. Кўйлагим жуда ҳам ўзига хос ва менга жуда ёқди. Катта бўлганимда мен ҳам дизайнер бўлиб, шундай чиройли либослар яратаман.
Эъзоза Латифжонова 4 ёш: - “Мўъжиза атлас” либослар тўпламидан либос нмойиш қиляпман. Бу либослар дизайнерлар Нилуфар ва Малика Иброҳимзода томонидан яратилган. Катта бўлганимда, модель бўлмоқчиман.
Гулчеҳра 3 ёшли Ҳилола Муҳамедованинг онаси:- Менга либос намойиш қилиш ёқади. Бугунги намойишдаг либослар ҳар хиллиги билан кўзни қувонтиради. Уларнинг болаларга мослигини айтмайсизми? Ёш дизайнерларимиз болалар учун шундай либослар яратаётганликлари кўзни қувонтиради.
Гули Алимжонова 6 ёшли Маржона Мирфаёзованинг онаси: - Қизим “Мўъжиза атлас” либослар тўплами либосини намойиш қилмоқда. Бу либослар устида дизайнерлар Нилуфар ва Малика Иброҳимзодалар меҳнат қилишган. Уларнинг дидига ва ижодига тасанно.
Муниса Аҳророва 7 ёшли Мубина Аҳророванинг онаси: - Қизим либослар намойишига жуда ҳам қизиқади ва шунинг учун ҳам шундай намойишларда иштирок этишни яхши кўради. Болалар учун шундай бежирим либослар яратаётган барча дизайнерларга омад тилайман!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова