FATTOHHON.COM
« Все новостиБаъзи санъаткорлар ўз ижодини классикадан бошлайди. Ваҳоланки, у европа мусиқасини, замонавий эстрадани ҳам куйлашни уддалай олади. Аммо, миллийликни барча нарсадан устун қўйиб, аввало ўз истеъдодини мураккаб қўшиқлар орқали намоён этади. Чунки, илдизи бақувват дарахт ҳам мустаҳкам бўлади. Бугунги суҳбатдошимиз, ўзбек мусиқаси оламида муносиб ўрин тутган Ражабийлар сулоласи вакили хонанда Азиз Ражабий.
- «Орзуларим» клипидан аввал ижодингизда бироз танаффус бўлгандек эди...
- Бироз шундай бўлди, 2 йил муддат ижод қилдиму лекин, телеэкранларда намойиш этмадим. Ҳеч қаерда янги қўшиқ билан кўринмадим. Буни ўзига яраша сабаблари бор. Лекин, мана бир ой бўлди, “Орзуларим” деб номланган янги қўшиқ ёзиб, унга Наримон Султонхўжаев ва Санжар Маткаримовларга клип суратга олдирдик. Ҳозирда бу қўшиқ радио ва телеэфирларда кетмоқда.
- “Орзуларим”да йўналишингиз ўзгарган. Бунга сабаб?
- Мен ҳар доим миллий йўналишда ишлаганман. Лекин, ўйлашимча, ҳар бир санъаткор ўзининг ҳар хил қирраларини ҳам кўрсатиши керак. Шунинг учун, замонавий йўналишда ижод қилишга ҳаракат қилиб кўрдим. Ҳозирги кунда бу ижод намунаси ҳақида яхши гаплар эшитяпман, балки кимгадир ёқмагандир, лекин кимгадир ёққан. Лекин, асосан, оммага ёқишимиз керак, деб ўйлайман. Бу ёғини кўрамиз, озгина вақт ўтсин-чи, шунда билинади.
- Бундан бу ёғига замонавий йўналишда давом этасизми?
- Ҳозирча шу йўналишда давом этаман. Чунки, замонавий эстрадада менинг ўзимни йўлим пайдо бўлади. Ўша йўлни яратиш керак. Лекин, мақом йўналишини ҳам қўлдан келганча олиб боряпмиз. Ўрганяпмиз, унинг охирига етиш қийин нарса, охирига ҳам етиб бўлмайди. Миллий эстрадада ҳам, замонавий эстрадада ҳам ижод қиляпмиз. Ҳозирги кунда тингловчилар талаби шундай бўлмоқда, назаримда.
- “Орзуларим” клипи ғояси кимга тегишли?
- Бу клипнинг яралиши қуйидагича бўлганди. Наримон Султонхўжаев менга баъзида учрашиб қолганимизда, “сизга бир клип олиб берай” дерди. Клип ғояси Санжар Маткаримовга тегишли. Бу ғояга ҳеч қандай қўшимча киритилмади. Чунки, Санжар Маткаримовга ишондим.
- Кинода ҳам роль ижро қилган бўлармидингиз?
- Йўқ, кинода роль ижро этмасдим.
- Сиз учун ижод ҳақиқати, нималардан иборат?
- Бирор йўналишда ижод қилаётган инсон, мана шу йўналишда ижод қиляпман, демак мен ҳақман демайди. Ижод қилаётган инсон, “мана шу йўналишда ижод қиляпман, яхши бўлса давом этаман” дейди. Унинг йўналиши мосми, қанчалик муваффақиятли кечади, буни мухлислар ҳал қилишади. У ҳақми ноҳақми, бу изланиш. Хатосини ўзи тушуниб етади. Бу ҳолат ҳар қандай касбда бўлиши мумкин. Масалан, кимнидир билмасдан хафа қилиб қўйдингиз, кейин шуни ноҳақ хафа қилиб қўйганингизни билдингиз. Демак, ҳақ тарафингиз кўпроқ ишлади. Қўлингиздан келса, мард бўлсангиз узр сўрайсиз. Узр сўраш ҳам, катта мардлик.
- Ўзингиз ҳам кимнидир ноҳақ хафа қилиб қўйганмисиз?
- Бўлиши мумкин, лекин ўша кимнидир ноҳақ хафа қилганимни ўзим билмаганман. Лекин, атайлаб, бировнинг дилини оғритмаганман.
- Қўшиқларингизга ғояларни асосан қаердан оласиз?
- Ҳозирги кунда янги сокин таронамга ғоя излаб юрибман. Ҳозирги кунда қайси мавзу долзарб, мана шу мени ўйлантирмоқда. Масалан, ҳамкасблардан хонанда Улуғбек Раҳматуллаевнинг “Чақалоқлар” клипини олайлик. Ҳозирги кунда энг долзарб мавзулардан. Масалан, кимнидир бир таниши ёки қариндоши, бир яқини маълум бир муддат фарзанд кўрмаган бўлиши мумкин. Ўша пайтда шундай инсонларнинг кўнглидаги дардни шу қўшиқ билан етказиб бера олди. Масалан, мен ўзим уйланганимда, 6 ойгача янгилик бўлмаган. Ўзбекларда эса, уйлангандан кейин тез фарзанд кўриш керак, деган бир тушунча бор. Менда ҳам шундай хаёл бўлган. 3-4 ойдан сўнг, мен ҳам шу ҳақида ўйлашни бошлаганман. Лекин, бир неча йиллаб фарзанд кўрмаганлар бор-ку. Ишонсангиз, ўтган йили хизматга бир ақиқага бордим, ақиқа эгаси менга “сизни жуда ҳам санъатингизни ҳурмат қиламан. Бугун бахтлиман, 20 йилда фарзандли бўлдим” деди! Ёши қирқдан ошган шу йигит 20 йилда фарзандли бўлибди! Ўйланг, 6 ойда мен қандай аҳволга тушиб қолдим. У инсон бўлса, 20 йил сабр билан кутибди, аёлини жуда ҳам севар экан. Қаранг, шу инсоннинг ичида қандай ишонч бор? Ҳозир бир йилгина фарзанд кўрмаса, ажрашиб кетаётганлар қанча? Шуларга сабр берсин! Ўзим гувоҳман, бу ёқда бир инсон 20 йилда фарзандли бўлди! Айтмоқчи бўлганим, бу билан ғояларни ҳаётдан олиш керак, деб ўйлайман. Чунки, халқнинг дардидан келиб чиқиб айтилган қўшиқ, ростдан ҳам халқнинг юрагигача етиб боради. Юракка тегадиган, юракка яқин мавзуларни олиш керак, деб ўйлайман.
- Ижодда йиллар ўтиши билан тажриба ошиб боради, дейишади. Сизда-чи?
- Йиллар ўтиши билан ҳаётнинг ўзи сизни ҳар хил синовлар билан, ҳар хил вазиятлар билан ўзгартира бошлайди. Ҳар хил инсонларни кўрасиз, ёшингиз ўтган сари нафақат ижодингизда балки, ҳаётингизда қандайдир ўзгаришлар юз беради. Ижодда ўзингизни аввал куйлаган қўшиқларингизни тинглайсиз ва “қўшиқни шундай ҳам куйлайдими? Мана бундай куйлаш керак эди” дейсиз. Адамлар қўшиқ айтишни бошлаган вақтимда, “қўшиқни мана бундай айтгин” деган гапларининг маъносини онгим тушуниб етмасди, ҳозирги кунда ўшанда нима демоқчи бўлганларини энди тушуниб етдим. Ўшанда “хўп” дердим, лекин инсоннинг ўзи вақт ўтиб, йиллар ўтиб, тушуниб етмагунча, ҳис қила олмас экан. Мен энди-энди шу нарсаларни ҳис қилишни бошладим. Қўшиқни авжини олаётганда бақирмаслик, адамлар бақирмасдан қўшиқнинг маъносини гапириб бергандек қилиб, айтгин, дердилар. Қўшиқчи бўлиб, қўшиқ айтиш учун катта диапазондаги бақирган баланд овоз керак эмас! Уни етказиб бериш учун, юракда дард керак, уни кичик овоз билан ҳам етказиб берса бўлади, дердилар. Мана шу нарсани тўғрисини айтсам, унчалик тушунмасдим. Мана энди-энди тушундим. Яқинда бир танишимникидаги йиғинда, бир хонанда билан суҳбатлашганимизда ҳам, “ўша пайтда фалон қўшиқни айтган эканман, агар куйласам бутунлай бошқача куйлардим. Нега ўша пайтда шундай куйламаган эканман-а? Олдинги қўшиқларимни тингласам, ўзимга ёқмайди. Ҳозир шу қўшиқларни бутунлай бошқача юрак билан айтаман.” дедилар. Бунга сабаб, балки улар нафақат ижодда, балки ҳаётда ҳам қийинчиликлар ёки хурсандчиликларни кўргандирлар, мана шундай тажриба билан инсоннинг юраги ҳам йилдан йилга бошқача ишлаб бораверар экан.
- Хонандаликни танлашингизга асосий сабаб, бу ота авлодингиз шу касбда бўлганлиги учунми, ёки ўзингизда ҳам қизиқиш кучли бўлганми? Қай бири асосий роль ўйнаган?
- Ўйлашимча, иккаласи ҳам. Санъаткорлар оиласида туғилганим ҳам сабаб бўлган бўлса керак. Лекин, мусиқа мактабида эмас, оддий мактабда ўқиганман. Еттинчи синфдан кейин мусиқа мактабида ўқишни бошладим. Лекин, уйда пианино бўларди. Билмайман, қандай қилиб, лекин мен уни чалишни билардим. Чалардим, демак қобилият бўлган экан. 3-синфда ўқиётган вақтимдаёқ шеър ёзардим. Афсуски, улар йўқолиб кетган, ёдимда ҳам қолмаган. Адамлар ўша шеърларга сарлавҳалар тузиб берардилар. Масалан, “Она”, “бувижоним”, “нон”, “Отам” деган сарлавҳалар тузардилар ва мен ўша сарлавҳага қараб шеър ёзардим. Адам билан шундай ўйин ўйнардик. “Мана бу жойи нотўғри бўлибди, мана бундай қилсанг чиройли чиқади” деб кўрсатиб берардилар. 5-синфдан эса расм чизишга қизиқиб кетдим. Шу билан бирга қўшиқ ҳам айта олардим. Чунки, мактабда тадбирлар бўлганида, “қўшиқ айтиб берсанг, даданг ҳофиз, сен ҳам қўшиқ айта олишинг керак” дейишарди. Ўшанда Насиба Абдуллаеванинг “Азизим онам” қўшиғини ёқтириб ёд олгандим. Ўшани куйлаб берардим. Адамлар ҳам пианино чалишга қизиқишимни кўрганларидан кейин синтезатор олиб берганлар. Мактабда ўша синтезаторни чалиб қўшиқ айтардим. Қизиқишимни кўришганидан сўнг, мусиқа мактабига беришган. Ўзимнинг қизиқишим борлиги учун ҳам бу соҳада кета олдим, деб ўйлайман. Чунки, бизнинг уйда ҳеч кимни мажбурлашмаган! Масалан, катта акам рассом, кичик акам ҳам санъат йўлида, “Успенский” лицейида директор ўринбосари, кларнет чаладилар. Ҳаммамиз барибир санъат йўлида кетдик. Мен ўзим 10 йил мусиқачи бўлганман. Консерваториядан сўнг, тадбиркор, бизнесмен бўлгим келяпти, деб бизнес қилиб кўрдим. Шу соҳадан кетаман, деган фикр билан Иқтисодиёт университетига ўқишга кириб, магистратурани ҳам битирдим. Бизнес ҳам қилдим. Қарасам, молиявий тарафлама яхши, маънавий тарафлама менга ҳеч қандай қизиқ тарафи йўқ. Қанақадур қўрс, қўполроқ инсонга айланишни бошладим. Қарасам, менга тўғри келмас экан. (самимий кулади) Шундан сўнг, яна қўшиқ айтишни бошладим. Ўшанда адамлар “қўй бу ишларингни” дердилар. Бизнес ҳам осон эмас экан, менга тўғри келмади. Яна қўшиқ айтишни бошлагач, адамларга маслаҳат солдим. Улар “бобонгни “Куйгай” деган қўшиғи бор, шуни куйлагин” дедилар. Шу билан 2001 йилдан бошлаб шу қўшиқни куйладим. Шундан сўнг, мухлисларнинг ўзи мени қўшиқчи қилиб қўйишди. Битта қўшиқ куйладим, шу билан бўлди, бу ёғига ўз ишимни қилиб юравераман, деб ҳам ўйлагандим. “Вой , яхши чиқибди Азиз яна битта айтгин” дейишди. Кўп танишларим кўчада кўриб қолса ҳам мақташди. Ўзим бошида ишонч ҳосил қилмаган эдим, кейин ростдан ҳам яхши чиқяпти, шекилли, деб яна бир қўшиқ айтдим. Кейин уланиб кетди. Шу тарзда мухлислар, халқнинг ўзи меи қўшиқчи қилиб қўйди!
- Шу кунгача нечта мусиқий альбом чиқардингиз?
- (самимий) Фақат битта, номи ҳам “Пинҳона”. Чунки, мен кўп қўшиқ ёзмайман. Қўшиқларим кўпгина 50-60 та бўлса керак. Лекин, халқ эшитгани, уларга етиб боргани 10-15 та бўлса керак. Лекин, репертуарим катта, классик қўшиқларни ҳам адамлардан жуда кўпини ўрганганман. “Пинҳона”нинг ичида нечанчи йиллардаги қўшиқлар, “Пинҳона” қўшиғининг ўзи 2010 йилда ёзилган, “Гўзал ёр” 2009 йил, “Ўртар” 2003 йил, “Қиз бола” 2003 йил, “Куйгай” 2001 йил, айтмоқчи бўлганим, йиллар мобайнида, 2001 йилда 3-4 қўшиқ куйлаган бўлсам, мусиқий альбомга фақат битта “Куйгай” қўйилди. 2009 йилда 6-7 қўшиқ қилинган бўлса, битта “Гўзал ёр” қўйилган. “Қиз боланинг кўнгли нозик” 2007 йил ёзилган. 2007 йилда 10 тача қўшиқ ёзганман. Лекин, битта “Қиз боланинг кўнгли нозик” бор. “Хоним сизга ошиқ бўлдим” ҳам шу йили ёзилган. Дискда 15 та қўшиқ бор, лекин булар 2001 йилдан буён яратилган қўшиқларим ичида ўзимга сал ёққанлари! Лекин, қайсиларинидир эшитсам, кўнглим сал тўлмай туради.
- Баъзи сулола вакиллари, санъаткор авлодидан бўлса, нимагадир ўзининг отаси, бувасидан тортиниб турадилар. Қандайдир қўрқув бўладими, ўз ижодини яққол намоён қила олмайдилар. Ана шу қўрқув ёки тортиниш туфайли ҳам, бошқаларга нисбатан ўз истеъдодларини намоён этишлари ҳам, ижодда баланд чўққиларни эгаллашлари ҳам қийинроқ бўлади. Бунга муносабатингиз?
- Қийин тарафи, Юнус Ражабий деганда, бутун ўзбек мусиқасини, мақомлари бир улкан дарахт бўлса, унинг энг улуғ илдизидир. Олимлар фикрича ҳам, мусиқа борасида хизмат қилган, катта иш қилганлик бўйича, Ўзбекистонда, мақтаниш эмасу, Юнус Ражабий бўлади. Қолаверса, отамлар Ҳасан Ражабий Ўзбекистон Халқ ҳофизи, додамларнинг ишларини давом эттиряптилар. Улардан кейин, биз чиқиб, қандай қилиб, қўшиқ айтишимиз мумкин? Шунинг учун ҳам, мен қўшиқ айтиб чиқаётган вақтим, бошида “мен Азиз Ражабий бўлиб чиқмайман” деганман. Адамлар, “нега?” деганларида, “ада, мен қўрқаман, қандай қилиб Ражабий деб чиқиб, бундоқроқ қўшиқ айтиб қўйсам, гап тегади-ку” деганман. Тегадиган гап бизга тегмайди-да, “анави Ражабийнинг набирасини қара, қилиб юрган ишини” дейишади. Балки, айтишгандир ҳам? Шундай хатолар ҳам қилгандирман? Лекин, ҳозир шу ёшга кириб, битта нарсани ўйлаяпман. Ўша вақтларда, “ёшсан, нега бундай қўшиқлар айтасан?” ҳам дейишган. Чунки, мен ўша пайтда, ўзидан ўзи кириб келиб, ҳозирги қўшиқларимни айтсам, бошқалар нотўғри тушуниб қолишлари мумкин эди. “Бу Юнус Ражабийнинг набираси, Ҳасан Ражабийнинг ўғли”, нима қўшиқлар айтяпти, енгил-елпи нарсаларни куйлаяпти” дейишарди. Бу нарса, тингловчиларга секин-секин етказилди. Мен ҳалигача классикани айтаман, жону дилим классика. Лекин, эстрадани ҳам яхши кўраман. Консерваторияда эса, хор дрижёрлигида ўқиганман. Европа мусиқасини ўрганганман. Ўзимизнинг миллий классик мусиқаларимизни эса уйдан ўрганганман. Курсдошларимнинг кўплари ҳам замонавий, кўплари рус миллатига мансуб эди. Менда барибир эстрадага ҳам қизиқиш кучли бўлган. Лекин, қонимда барибир ўзимизнинг миллий нарса оқиб тургани учун, барибир шу ёққа тортиб кетди. Қийинлиги ортимда жуда ҳам катта тоғ турибди. Масалан, мен унинг олдида кичкинаман, отилган тош менга тегмайди, ортимдаги ўша тоғга тегади. Шундан қўрқасиз, жуда кўп санъаткорларда шундай бўлади, ёки бўлиши мумкин. Шу ёшга кириб бир нарсани ўйладим, биз ота-боболаримизнинг ишларини давом эттиришимиз керак. Ҳар доим куйлашимиз керак, лекин балки фикримга кимлардир қўшилмас, ўзимнинг фикрим-да, балки нотўғридир, балки кейинчалик нотўғрилигини тушунарман, балки тўғридир? Биз ҳам шахсмиз. Биз ҳам инсонмиз ва масалан, мен Азизман. Шунинг учун ҳам, мен бу дунёга туғилдим ва нимадир қилишимиз керак. Юнус Ражабий ўша даврнинг энг замонавий нарсани қилганлар. Ўша даврнинг энг замонавий нарсаси эса, бу мақом бўлган. У киши ансамбллар тузганлар, янги чолғу асбоблари ўйлаб топишган. Энг новатор инсонлар бўлишган, энг олдида бўлишган. Ҳозирги кунда энг олдида бўлиш учун, ўша мақомларимизни қилиб ҳам, энг олдинга чиқарсак бўлади. Ҳозир нима олдинда? Замонавий эстрадами, уни ҳам қилиб кўрайлик. Лекин, бизнинг миллийлигимиз, мақомимиз, лой ичида ётган олтин, лойқаланган сув тингач, олтин барибир кўринади. Вақти келади, бунинг учун инсонлар озгина соғиниши керак. Ҳозир томошабинлар Европага, замонавийликка қизиқиб кетишгани учун, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, бўлмоқда, назаримда. Лекин, вақт ўтиб, барибир инсонлар соғинади ва қайтади, деб ўйлайман.
- Шоубизнесга илк кириб келгандаги фикрларингиз қандай эдию, ҳозир қандай?
- Мен ижод қилишни бошлаганимда қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай деб ўйлайман. Промага маблағ ажратиш керак, шоубизнес шундан иборат, назаримда. Илгари ҳақиқий санъат эди, ҳозир эса шоубизнес, фарқи шунда, деб ўйлайман. Ҳозир баъзи қўштирноқ ичидаги санъаткорлар, “санъатга нега кириб келдинг?” деса, “у ерда зўр пул топишяпти-ку, бизнес-ку бу” дейишади. Лекин, биз санъатга пул топиш учун кирмаганмиз. Бундай санъаткорлар кўп. Ҳозирги кунда ҳам. Лекин, афсуски, фақат пул топиш учун кираётганлари ҳам бор. Лекин, биз ростдан ҳам санъатни яхши кўриб қилганмиз. Биз ҳам бизнес қиляпмиз, ҳам ўзимиз севган ишни қиляпмиз.
- Сиз ҳам 100 фоиз жонли ижрода концерт қўйиш ниятингиз борми?
- Бор, албатта. Менимча, бундай ният ҳаммада, ҳар бир санъаткорда бўлса керак. Лекин, буни ҳамма қила олмайди. (самимий кулиб) Ҳаттоки, айтишни билмайдиган ҳам, жонли ижро қилишни ҳоҳлайди.
- Кимдир сизнинг камчилигингизни юзингизга очиқ айтса?
- Ҳақиқатни, тўғрисини гапира олиш ҳам мардлик. Масалан, мен менга тўғрисини гапирадиган инсон қидираётган эдим. Баъзилар камчиликни билади, лекин ўзимни юзимга гапирмайди, лекин ортимдан гапиради. Мен камчилигимни юзимга ўзим ҳақидмда тўғри гапира оладиган инсонни топдим. Биттаси оилангиз, лекин баъзида оилангиз ҳам сизни ранжитмаслик учун андиша қилиши мумкин. Лекин, оиламдагилар билан ҳам жуда кўп маслаҳатлашаман. Менга камчилигимни юзимга айта оладиган инсон эса, дўстим Фаррух Бадалбоев! Камчиликларимни ўзимга очиқ айтади, бу яхши-ку. Мен ўз камчиликларимни юзимга айтганида, мен шуни қилмаслигим керак экан, деб улардан қутилишга ҳаракат қиламан. Танқид бу келажак меваси! Инсон ўзини тўғрилайди!
- Хонандани яхши ижоддан ташқари, яна нима машҳур қила олади, деб ўйлайсиз?
- Фақат, чиройли одоби! Чиройли одоби бўлса, яхши инсон бўлади.
- Пиарга муносабатингиз?
- Ҳозирга пайтда пиарга муносабат кучайиб кетди, демак шоубизнесга керак экан, қилишяпти. Лекин, мен ўзим пиардан фойдаланишимга келсак, агар “чёрный пиар”ни назарда тутсангиз, бундай нарсага қаршиман! Чунки, “ўлибди, у бу ёки яна бир нарсалар” дейилса, ўзи асрасин, йўқ нарса ҳам, баъзида бўлиб қолиши мумкин.
- Ўзингизнинг қайси камчилигингизни ўзингиз очиқ айта оласиз?
- (самимий) Менда камчилик кўп. Энг асосийси, энг ёмони бу дангасалик! Бу инсонни ўлдиради. Ҳаётимда мен шу билан курашиб келаман. Мени ўзимда шу камчилик бор, масалан, маза қилиб, дам олиб телевизор кўриб ётибсиз. Лекин, шу пайтда нимадир иш қилишингиз керак. Ўша пайтда ўзингизни мажбурлаб, ўрнингиздан туриб кетиб, ўша ишни бориб қилишингиз, сизни шу дангасаликни енгишингиз! Мен ўғлимга айтаман, ўғлим Ферузбек, ичингда 2 та Ферузбек бор. Биттаси яхшиси, биттаси ёмони. Ёмони, сен бир иш қилмоқчи бўлганингда, “ёт, озгина дамингни ол” дейди. Агар унинг гапига қулоқ солсанг, у семиради. Катта бўлиб кетади. Яхши тараф эса, кичраяди ва охири ўлиб қолади. Сен эса, дангаса инсонга айланиб қоласан. Дангаса инсон, ўлган инсон ҳисобланади. Дангасалик билан ҳаётда ҳеч нарсага эриша олмайсан. Ўша ичингдаги ёмон инсон, “яна озгина ёт, дам ол” деганда, мен ўрнимдан тураман-да, ишимни қиламан, деб, ўзингни мажбурлаб, қандай бўлмасин, ўзингни турғазиб, бориб ўша ишни қилсанг, ҳам енгил тортасиз, ҳам ёмон тараф кичиклашади. Яхшиси катта бўлади. Шу билан ёмон кичрайиб йўқолиб кетади. Энергия пайдо бўлиб, ҳозир гшу ишни қиламан, деб куч-қувватли инсон бўлиб кетасан! Мен бу нарсани хонанда Улуғбек Раҳматуллаев, Аваз Олимовларда кўрдим. Жуда ҳам кўп ҳозирги кунда юлдуз даражасида юрган, санъаткорларда кўрдим. Улар шу нарсани енга олди. Енгани учун ҳам ҳозир улар юлдуз! Дўстим Фаррух Бадалбоев студиясининг ёнида хонанда Улуғбек Раҳматуллаевнинг офиси жойлашган. Ҳар гал келганимда, кўтаринки кайфиятда, энергияда сўрашади. Битмас-туганмас энергия манбаи у. Ухлаб келган инсонни ҳам уйғотиб юборади. “Тезроқ қилинг, бўлинг тез” деб шошириб, тезлатиб туради. “Орзуларим” клипимни ҳам тезроқ суратга олишимни шу инсон тезлатиб ташлади. “Қўшиқни битирдингизми, вой, нима қиляпсиз, тезроқ тугатиш керак. Клип олдиряпсизми, қачон? Бўлинг, мана ҳозир телефон қилинг!” дейди. “Телефон қиларман, бир пас туриб” десам, “Вой ака, нега бунақасиз, ҳозироқ телефон қилинг, тез битади” дейди. (самимий) Билмадим, ўзи қаердан энергия олади? Тинмас экан! Ҳар доим шундай, тинмайди! Мен уни кўриб, ҳайрон қоламан. Тунов куни борсам, клипимни кўрганини айтиб, яхши чиққани билан табриклади. Чиндан ҳам, самимий, куч-ғайратга тўла ижодкор! Шуни айтмоқчиманки, дангасалик кўп инсонда бор, омади келмаётган инсон борки, у дангаса, назаримда. Дангаса бўлмаган инсон, доимо ҳаракатда бўлади, ишларида ҳам унум бўлади! Инсон ўзини мажбурлай олиши ҳам керак. Ўзингизни биринчи марта мажбурлаб ўша ишни қилинг, кейинги сафар унча кўп мажбурламайсиз. Борган сари мажбурлашингиз камайиб боради.
- Журналистларнинг сизга энг кўп берадиган саволи?
- Оилам ҳақида кўп савол беришади. Жуда кўп гапирганман.
- Агар фарзандларингиз ҳам санъатни танлашса?
- Учта фарзандим бор. Ўғлим фортопиано чалади, қизим ҳам аввал чаларди, лекин ҳозир расм чизишга қизиқади. Учинчиси ҳали кичкина. Уларнинг санъат йўлидан кетишига келсак, мажбурлаш йўқ! Ҳозирги кундаги мақсад ва вазифа, фақат илм бериш! Улар ҳар томонлама билим олишлари керак, деб ўйлайман. Ҳар тарафлама баркамол бўлишлари керак, деб ўйлайман. Шундай бўлса, келажакда ўз онги билан, ўз йўлини топа олади. Ўзи, адажон шу нарсага қизиқаман, деса, албатта шароит яратиб беришга ҳаракат қиламан.
-Бугунги кун санъаткорларига нима етишмаяпти, деб ўйлайсиз?
- Бугун бир концертда иштирок этдим ва ёши катта санъаткорларнинг фикрларини эшитдим. Бир устоз санъаткорларимиздан бири айтди, “илгари санъат, жонли ижролар қаерда қолди? Бир гал тўйга бориб, бир қўшиқни ижро қилгандим. Шунда томошабинлар орасидан бир инсон чақириб олди ва Навоий ғазали билан куйлаган қўшиғимни, қаерида, қайси сўзини нотўғри айтиб кетганлигимни айтиб берди! Илгари томошабинлар шу даражада савияли эди! Ҳар бир қўшиғингизнинг маъносию, мазмунига аҳамият бериб, сўзларингиз мағзини чақиб ўтирарди. Ҳозир-чи? Ўзимизнинг маъноли қўшиқлардан, классикадан куйласангиз, “яхшироқ нарса айтинг, намунча зерикарли” деб туришади. Ҳозирги ёшларда афсуски, савия пастроқ, уларга савияси паст қўшиқлар ёқади! Ижодкорлар ҳам уларнинг талабидан келиб чиқиб, шундай қўшиқлар қилишмоқда!” Албатта, у кишининг сўзларида жон бор, масалан, мени ҳозир ўзимнинг фарзандим ҳам мақомларни яхши кўриб эшитади, лекин радиода ёки телевизорда классик қўшиқлар бериб қолса, “адажон бошқага олинг, зерикиб кетдим” дейди. Бу қайғу, бу фожеа! Ўзининг миллий қўшиғи, мусиқасини тингламаслик ва зерикарли туюлиши, бу назаримда фожеа! Бу менинг ҳам, камчилигим. Масалан, ҳозир классик қўшиқлар айтсак, ёшлар тингламайди! Биз ўз мусиқаларимизни ёшларга етказишимиз керак. Шундай қилаётган санъаткорларимиз ҳам бор, масалан, хонанда Абдулла ака Шомаърупов шундай қиляптилар, миллий қўшиқларимизни янги аранжеровкада ёшларга етказиб беряптилар! Мен ўзим “Куйгай” ва “Ўртар”ни янги сайқалда куйладим. Ёшларга ёқди, балки ҳаммасига эмасдиру, лекин қайсиларигадир ёқди. Бу ҳам қайсидир маънода плюс. Мен ўз ижодимни шундай қўшиқлардан бошлаганман. Баъзи ёш хонандаларимиз ҳам ўзбекча классик миллий қўшиқларни, янги сайқалда куйлашмоқда. Лекин, агар бизнинг бугунги кундаги энг машҳур хонанда, юлдуз даражасидагилар ҳам бизнинг мақом қўшиқларимизни куйлашганида, ёшларимиз эшитарди! Масалан, Озодбек Назарбековнинг бир мақолада, “Мен ўз келажагимни мақомда кўраман” деган сўзларини ўқиб жуда хурсанд бўлдим. Мен қўшиқларини халқ яхши кўриб тинглайдиган санъаткорларга мурожаат қиламан, ўзимизнинг миллий классик қўшиқлардан куйлашса, томошабинлар тинглашади. Ҳозир улар нима куйласа, тингловчилар эшитяпти. Балки ҳозир биз куйласак эшитишмас? Бизнинг овозимиз узоққача етиб бормаётгандир? Майли, овоз диапазони катта эмасдир, лекин кучли овоз тембри зарур бўлмаган ҳамма куйлай оладиган даражадаги миллий қўшиқларимиз ҳам бор-ку. Ёшларга шу тарзда сингдириб борилса, деб ўйлайман. Биз ўзимиз ҳам, ўша ҳамма тинглайдиган юлдуз даражасига борганимиздан кейин, албатта ўз миллий қўшиқларимиздан ҳам куйлашимиз керак.
- Ҳамкасбларингиздан кимнинг ижодини кузатиб борасиз ва кимнинг ижоди ёқмайди?
- Ҳамкасбларимнинг ижодини мунтазам кузатиб бораман. Ҳозир кимнингдир ижоди ёқмайди, дея олмайман. Чунки, ижод қилиш қандай қийинлигини ўзим яхши биламан. Ўзи ижоди маъқулмас деган хонанда ҳам, ўшанга қанча машаққат билан ҳаракат қилган, меҳнати кетган. Чунки, у ўз қўшиқларини куйлаш учун қанча ҳаракат қилган. Шунинг учун ҳам, уларни муҳокама қилиш, менга эмас. Ўзим ёқтириб ижодини доим кузатишимга келсак, ҳаттоки “Уммон” гуруҳини ҳам кузатаман. Уларни нима учун машҳур бўлди?, дейишади. Уларнинг ичида битта солистининг жуда ҳам дарди кучли. Ўз-ўзидан томошабинлар кимнидир яхши кўриб қолмайдилар. Кўпчиликнинг ижодини яхши кўраман, Жаҳонгир Отажонов, Алишер Файз, Шохруххон... санасам жуда кўп.
- Санъат соҳасида қайси йўналишни умуман қила олмасдингиз?
- Мен шуни мен қила олмадим, дейишни ёмон кўраман. Масалан, яқинда бир қўшиқ эшитдим, менга жуда ёқди ва шу қўшиқнинг рэпини ўзим айтай, дедим. Сўзларини Бобур Умаровга ёздирдик, “зўр, мен ўргатаман” деди. Ўргатди ва студияда айтдим. Жуда ҳам яхши чиқди. Лекин, бу қўшиқни ҳали оммага эшиттириш ниятимиз йўқ. Балки, вақти келса, бўлиб қолар... Лекин, ижод, ёзиб қўявердик. Мен масалан, менга ярашмайди, мен қила олмайман, ҳоҳламайман, дейишни ёмон кўраман. Ўша нарсани ҳар бир инсон ўзига яраштириб олса бўлади. Яраштириш керак, лекин бачкана бўлиб қолса, хунук бўлиб қолади. “Қила олмайман” деган нарса, менга худди “ютқаздим” деганга ўхшаб қолади. Мен ютқазишни ёмон кўраман.
- Фикрингизча инсоннинг энг зўр даври, ёши?
- Инсон 40 ёшда етилади. 40 ёшида ҳар тарафлама етук инсон ҳисобланади. Ўша ёшда ҳамма нарсани қилиб ташлай оладиган, куч-қувватга тўла, чирой, ақл, ҳамма нарса етук даражада бўлади. Бу ёғига тинмай ижод қилиш керак!
- Касбингизни кимдандир қизғонасизми?
- Йўқ, қандай қилиб, аксинча улашиш керак-ку... Чунки, санъатни қизғанасизми йўқми, ҳоҳласа олиб қўяди. Балки бу борада қизғаниш тўғридир, лекин масалан классик йўналишда куйланадиган нарсаларни ҳеч қачон қизғаниш керак эмас. Ижро қиляптими, сизнинг миллий мусиқангизни тарғибот қиляптими, бўлди, қизғаниш керак эмас. Бу халқники! Ўзингиз ёзган нарсангизни кимдир меники деб эълон қилса, қўшиқларингизни меники, деб куйлаб юрган бўлса, унда бу нотўғри ва қизғаниш керак.
- Қайси клипингизни суратга олиш қийин бўлган?
- (самимий) Олдинги клипларимда, негадир ўзимга чеҳрам ёқмасди. “Орзуларим” клипимда эса, кўринишим ҳам ўзимга маъқул бўлди. Клип ҳам жуда тез фурсатда суратга олинди. Бир ҳафтада сценарий тайёр бўлди, 2 кунда съёмка қилинди. Аввалги клипларим узоқ муддатда ва ўзига хос қийинчиликлар билан суратга олинганди. Лекин, “Орзуларим” клипи жуда тез тайёр бўлди, ҳам суратга олиш ишлари ҳам енгил кечди. Фурсатдан фойдаланиб, мазкур клип ижодкорлари Наримон Султонхўжаев ва Санжар Маткаримовларга, аранжеровкачи бастакорлар Жасур Бадалбоев ва Фаррух Бадалбоевларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
- Қайси қўшиғингизни тинглаб дадангиз қувонганлар, қайси қўшиғингиздан норози бўлганлар?
- Замонавий эстрада йўналишидаги қўшиқлар адамларга ёқмайди, “қўй, миллий оҳангда айтсанг-чи” дейдилар. Мумтоз йўналишдаги қўшиқларимни эшитсалар ҳам, “мана бу жойини нотўғри айтибсан” дейдилар. (самимий кулиб) Юз фоиз кўнгиллари тўлгани бўлмаган. Лекин, ичларида барибир қувонадилар. Қўшиқ айтаётганимга хурсанд бўладилар.
- Хонанда бир қолипга тушиб қолмаслиги учун нималар қилиши керак?
- Изланиши керак! Таваккал ҳам қила олиши керак!
- Ўз ижодингизга ўзингиз таҳлил қилиб турасизми?
- Мен ўзимга кўп танқидий назар билан ёндошаман, талабчанман ва ўзимга ёқмаган қўшиқларимни чиқармайман! Бошқалар “зўр-ку” дейишса ҳам, ўзимнинг кўнглимга ёқмаса, бўлмайди. Лекин, баъзида сенга ёқмаган нарса халққа ёқиши мумкин, дейишади. Аммо, барибир ўзимга ёқмаган қўшиқларимни чиқаргим келмайди.
- Рақобат тушунчасига қандай қарайсиз?
- Рақобат зўр нарса. Мана ҳозирги кунда жуда ҳам кучли рақобат! Лекин, рақобат деган санъати билан рақобатлашмаётганлар ҳам кўп-да, пул билан рақобатлашаётганлар ҳам кўпайиб кетди-да. Қўшиқлари “айланиб” зўр бўлиб кетаётганлар бор, лекин ўзи зўр санъаткору қўшиғини “айлантириш”га пули йўқлар, эса санъатини секин йиғиштириб ҳам қўядилар. Санъати йўғу, лекин пули бори, бир амаллаб студияда қўшиғини ёзиб олиб, маза қилиб юрганлар ҳам бор. Аммо, пули бўла туриб ҳам, қўшиғини “айлантириб” ҳам танила олмаётганлар бор, улар секин тан олиб, чиқиб кетишмоқда! Ўйлаб қарасангиз, ўша танилаётганларни ҳам қандайдир истеъдоди бор! Баъзилар минг пули кўп, зўр бўлсин, қўшиқлари “айланиб” кейин, маблағи қолмагач, секин “йўқ” бўлиб кетяпти. “Қўй, менга эмас экан” деб ташлаб кетаётганлари ҳам бор. Қийналиб, санъати билан ҳаракат қилиб, қийинчиликлар билан чиқаётганлар ҳам бор. Рақобат-да, бу!
- Бугунги кундаги қўшиқларни тез эскириб, тез ёддан чиқаётганлигига сабаб нима, деб ўйлайсиз?
- Сабаби, маълумот кўп! Олдин маълумотлар кам бўлган. Олдин санъаткорлар ҳам кам бўлган ва битта қўшиқ айтилса, 10 йил ҳам айтиб юраверишарди. Мухлислари ҳам кўп ва санъаткор кам эди. Маълумотлар ҳам кам. Ҳозир эса, санъаткорлар кўп бўлиши билан бирга, бутун дунёда интернет деган нарса пайдо бўлиб, дунёнинг мусиқаси кириб келди. Жуда ҳам маълумот кўп! Маълумот кўп бўлгач, биттасини эшитасиз, “зўр” дейсиз, дарров яна битта зўри чиқади! Уни ҳам “зўр” деб эшитасиз, анави ерда яна битта зўри чиқади! Қарабсизки, шундай бир нечталаб чиқиб, анови аввалгилари қолиб кетаверади-да! У чиқади, бу қолиб кетади. Кейингиси чиқади, буниси ҳам қолиб кетади. Шу тарзда, маълумотлар эскираверади. Бир тарафдан яхши, бир тарафдан ёмон. Олдинги минг йиллаб қоладиган нарсалар яралмаяпти. Масалан, бобомлар 1943 йилда “Куйгай” қўшиғини “Муқанна” драмасига ёзганлар. Уни Фароғат Раҳматова йиллар давомида куйлаганлар. Кейин уни Камолиддин Раҳимов куйлаган. Орадан вақт ўтиб, мен ҳам 2001 йил “Куйгай”ни айтдим. Натижада яна оммага тарқалди. Мендан олдин адамлар ҳам айтган эдилар. Лекин, масалан, шу “Куйгай” қўшиғини орадан вақт ўтиб, яна кимдир айтса, яна чиқиб келаверади. Ҳозирги қўшиқларда эса, миллий оҳанг йўқ. Лекин, миллий оҳанги бор қўшиқлар, ҳозирги кунда кўтарила олмаяпти, негаки баъзи тингловчиларнинг савияси пастроқ, назаримда. Бу жуда ҳам катта, бир-бирига уланиб кетган, муаммо. Лекин, вақти келади, ҳаммаси жой-жойига тушади.
Саида Вахобова