FATTOHHON.COM
« Все новости
Актриса Саида Раметова нафақат ўз роллари, балки ўз ҳаёти, оиласи билан ҳам халқ меҳрини қозонган актриса. Уни томошабинлар Ўзбекистондаги “энг машҳур қайнона” сифатида эъзозлайдилар.
Актриса Саида Раметова 1957 йил 21 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. 1976 йилда Театр ва рассомчилик, яъни ҳозирги кундаги Санъат ва маданият институтига ўқишга кириб, 1980 йилда битирган.
1980 йилдан 1995 йилгача Аброр Ҳидоятов номидаги, ҳозир Ўзбек Давлат драма театрида ишлаган.
1995 йилдан яқин кунларга қадар Ўзбек Миллий Академик драма театрида ишлаган.
Оилали. Турмуш ўртоғи актёр Жумадилла Раметов Ўзбек Давлат драма театри актёри.
Фарзандлари, катта ўғли Улуғбек иқтисодчи, келини Шоҳиста тикувчи-дизайнер. Иккита қиз набираси бор. Ўғли Улуғбек ҳозирги кунда оилавий “Саида истеъдод” фирмаси раҳбари.
Кичик ўғли Азиз хонанда, актёр ва режиссёр.
- Сизни ҳозирги кунда деярли бутун Ўзбекистон спектакллар ва фильмлардаги қайнона ролларингиз билан танийди. Ўзингиз эса, аслида қайси ролингизни “ташриф қоғозим” бўлган роль деб айта оласиз?
- Томошабинларнинг кўнглидан жой олган илк ролим, 1980 йил, Исфандиёрнинг “Отасининг қизи” спектаклидаги Наргиза роли, деб ўйлайман. Бу ролга мени режиссёр Бахтиёр Ихтиёров таклиф қилганлар. Агар биринчи роль адашмасдан берилса ва устозлар сизга яхши ўгит берсалар, илк қадам яхши ҳосилини берса, бу ёғига омад ҳам сиз томонда бўлар экан. Мен буни ўзимда сезганман.
- Турмуш ўртоғингиз билан ҳамкасб эканлигингиз ҳаммага маълум. Лекин, илк бор қандай танишгансизлар?
- Биз бир-биримиз билан жуда яхши дўстона муносабатда эдик. (эслаб) Кўпроқ, спектакллар, видеофильмлар ҳақида суҳбатлашардик, муҳокама қилардик. Институтни тугатгач, Ўзбек Давлат драма театрига йўлланма беришган, ўша ерда ишлаган вақтимда, аввалига ётоқхонада яъни “Актёрлар уйи”да турганман. У ерда кўпчилик яшарди. Ўшанда Саодат деган дугонам бор эди, раҳматли ҳозир вафот этган. Ўша дугонам Ёш томошабинлар театрида Жумадилла ака билан бирга ишларди. Ўшанда Жумадилла ака баъзида иш юзасидан Саодат билан спектакль, репетициялар борасида гаплашишарди. Бу мавзулар менга ҳам ёқарди ва мен ҳам беихтиёр суҳбатга қўшилиб кетардим. Шу билан биз секин-секин яқин дўстлар бўлиб қолдик. Бора-бора бир-биримизга нисбатан илиқлик пайдо бўлди ва муҳаббатга айланди. Жумадилла ака, ҳар доим “мен санъаткор қизга уйланмайман. Санъаткор қиз билан яшаш қийин. Дўстларим, уйдагилар нима дейди?” дердилар. Илгари актриса ёки санъаткордан келин қиламан, деса дарров ўйланиб қолишарди. Ҳозирги вақтга келибгина санъаткор билан турмуш қуриш, муҳокама қилинмайдиган мавзу бўлди. Шу сабабдан ҳам, Жумадилла ака мени яхши кўриб қолиб, “сизга уйланаман”, деганларида ҳайрон қолганман. Ўзларининг гапларини эслатсам, у киши “сизга кўпдан эътибор бериб, кузатиб юраман. Сиз йигитларга унақа эътибор бермаслигингизни, қаттиққўллигингизни билдим. Бу ҳақида ҳамма курсдошлар, танишлар ҳам гапиришарди. Ўзим ҳам, сиз билан дўст бўлганимдан кейин, сизни ўзингизга пишиқ, тарбияли, одобли, бир йигитнинг орзусидаги қиз эканлигингизни билдим! Сизда бирор нотўғри ҳаракат, ёки енгилтаклик сезмадим! Қачон қарасам, ўқийсиз, ёзасиз, иш билан бандсиз, спектакль ҳақида ўйлайсиз, матн ёдлайсиз. Орзуларингиз ҳам беғубор! Олдингизга ҳам соф мақсадлар қўйгансиз!” дедилар. Мен ўзим “агар санъатни тушунган инсон менга уйланса, ҳеч қачон, мен санъаткор эканман, деб бир йил ёки икки йил турмуш қуриб ўзимни оқлаб олиб, кейин у билан ажрашиб кетиб, билган ишимни қилиб юрмайман. Ундай қиладиган инсонларни ёмон кўраман!”дердим. У вақтларда мен ҳали Жумадилла ака, мени яхши кўриб қолганларини ҳам, уйланмоқчи эканликларини ҳам билмаганман. Мен кўпинча, “менга уйланган йигит, мени ҳурмат қилса, ишлашимга рухсат берса, ижодимга халақит бермаса, мени ёнимда қалқон бўлса, мен ишлайман, оиламни ҳам, санъатни ҳам бир кўзда тенг тутаман. Ҳеч қачон унга хиёнат қилмайман! Ҳеч қачон ажрашмайман ва бошқача бир хатоликларга йўл қўймайман! Аксинча, унинг ҳурматини жойига қўяман, оила ва санъатни баравар қадрлайман!” дердим. Шу гапларим ҳам уларга маъқул бўлган экан! Улар мени гапларим чинлиги, менда ўйин қилиш одати йўқлиги, ҳақиқатни айтишимни билганлар. Шундан сўнг, 1981 йил 23-24 октябрь кунлари тўйимиз бўлди! Самарқандда ва Туркистонда ўтказганмиз! Бахтли оиламиз. Ҳалигача ўша ваъдамнинг устидан чиқиб келяпман!
- Тўйингиз бўлган санани нишонлаб турасизларми?
- Албатта! Мени бундай муҳим саналар ҳеч ёдимдан чиқмайди ва доим оилавий байрам сифатида нишонлаб келяпмиз.
- Сизга турмуш ўртоғингизни қайси жиҳатлари маъқул бўлган?
- Жумадилла акамни характерлари ўзларига яраша! Кўпчилик “Саида Жумадилла Раметовни қўлга олган” дейишади. Йўқ, аслида тескариси! Жумадилла Раметов кўчада ҳамма билан кулиб, яхши муносабатда бўладилар, кўнгли очиқ инсон! Лекин, уйда оталик вазифаси ва эрлик вазифасини ҳеч қачон унутмайдиган оила бошлиғи! (самимий кулиб) Шундоқ ўтказиб қўядиларки, Саида Раметовага сичқоннинг ини минг танга бўлиб кетади! Ҳар тарафлама, ўз аҳдларида турадиган, қатъий инсон! Мен ҳалигача “Жумадилла ака, сиз нима десангиз, шу!” деб, қўлим кўксимда, ҳар доим айтганларини қиламан! Чунки, оиланинг устуни, қўрғони эркак киши! Мен шу нарсага амал қиламан! Мен ҳеч қачон, эримдан кўп топяпман, ёки бошқа нарса демайман. Бундай дейишга ҳаққим ҳам йўқ! Оилада, нима қилсак, нима топсак, эру хотин тенг топамиз! Худога шукур келиним ҳам ўзимга ўхшаган, тиниб-тинчимайди! Тикувчи дизайнер, 2 та фарзанди бўлса ҳам, қиз боладек. Ўғилларим Улуғбек ва Азиз ҳам, ўз меҳнатлари билан банд, тиниб-тинчишмайди. Ҳаммамиз аҳил, биргаликда елиб югурамиз. Биргаликда топиб, биргаликда ишлатамиз. Ҳар доим бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз. Агар инсон фақат ўзини ўйласа, ўшанда ҳаёт ҳам тугайди. Нима учун ҳаёт давом этяпти? Қачонки, агар ҳаётда битта ҳам яхши инсон қолмаса, яхшилик уруғини сочмаса, ҳамма ёмон бўлиб кетса, ана ўшанда, ер юзида ҳаёт ҳам тугар экан! Демак, ҳаётда яхшилар кўп ва яхшилар борлиги учун ҳам ҳаёт давом этяпти! Инсонлар яхшилик уруғини сочганликлари учун ҳам, Ватанимиз гуллаб-яшнамоқда! Биз ҳам мақсадларимизга эришяпмиз. Мен доим ёмонларга ҳам инсоф берсин, дейман!
- Турмуш ўртоғингиз билан шунча йилдан буён аҳил яшаётганлигингизнинг сири нимада?
- Биринчи навбатда, мен улар билан касбимиз бир бўлганлигидан хурсанд бўламан. Агар касбимиз бошқа бўлганида, нималар бўлишини айтолмайман. Ҳамма нарса бўлиши мумкин эди. Турмуш қурсам, оилам, фарзандларим бўлса, аҳил яшасак, ҳеч қачон, иккинчи турмушга чиқиш ёки оиласи бузилиб кетди, деган номни мен кўтара олмайман, дердим. Шу нарса бўлмасин, деб доим ҳаракат қиламан. Худога шукур, бу ёғига ҳам кўз тегмасин! Мени тушунадиган, мени касбимни биладиган, ҳурмат қиладиган, ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган инсон бу Жумадилла Раметов! Характер ҳар бир эркак кишида бор, агар эркак киши характер тарафлама қаттиққўл бўлмаса, хотинлар нима ишлар қилишлари мумкин. Ахир бир аёлнинг макри, 40 туяга юк бўлади, деб бежиз айтишмаган. Шунинг учун, эркак киши “Ҳай” деб тургани, қадамингизни текшириб тургани ҳам яхши, деб ўйлайман. Шунда аёл киши кўп нарсадан ўзининг нафсини ҳам тияди. Нафс деганда, бу ҳамма томонлама айтяпман. Яъни, эркак киши қаттиққўл, сўзини ўтказа оладиган бўлса, аёл кишининг нафсини тийиб, уйим-жойим, болам-чақам дейди. Ана ўшанда турмушда ҳам ишонч бўлади, атрофдагилар орасида ҳам ҳурматингиз бўлади. Ҳамма сизни қандай қадам қўяётганингизни билади! Майли, орада агар бир-икки душман бўлиб, сизга ёмон гаплар гапириши мумкин. Лекин, турмуш ўртоғингизнинг сизга ишониши катта гап! Мен ҳаётда бир нарсадан жуда хурсандман, турмуш ўртоғим менга ишонадилар! Мени касбимдан, мени ҳар битта қилаётган ишимдан завқланадилар. “Фақат кўп ишламанг, сиз жуда ҳам кўп ишлайсиз” деб қўядилар. Бу тарафидан ачинганларига ҳам, мени қўллаб-қувватлаганлари учун, касбим ортидан шунча ҳурмат-иззатга эришганим учун, қайнонам-қайнотам ҳам, яхши инсонлар бўлиб, мени доим қўллаб-қувватлаганликлари учун, минг раҳмат! Шулар туфайли, мен ўз севган касбимда бемалол ишлаб юрибман, аёл кишининг ҳаётда қайнона-қайнота ва турмуш ўртоғи яхши бўлса, ўша аёл озгина ўзи ҳам ҳаракат қилиб, сабру тоқат қилса, ҳамма олдига қўйган мақсадларига албатта эришади!
- Турмуш ўртоғингиз актёр, сиз актрисасиз. Масалан, сиз бошқа актёрлар билан партнёр бўлиб, роль ижро қилишингизга ҳам тўғри келади. Бунга уларнинг муносабати? Оилада рашк бўлиши мумкин. Шундай вазиятларда қандай йўл тутгансизлар?
- Бу нарса ёшлигимизда бўлган. Балки, буни ўша пайтларда чуқур маънода тушунмаганлармикан, ёки мен ҳам ўзимга яраша гўзал бўлганман, кўпчилик менга ҳам кўзқараш қилган, шу нарсалар бўлгандир? Балки баъзи вақтларда ошна-оғайнилар, ҳамкасблар пичинг гаплар ҳам қилишгандир? Санъаткорнинг эри бўлиш ҳам, санъаткорнинг хотини бўлиш ҳам қийин! Чунки, атрофдаги баъзи гаплар, пичинг сўзлар, оилани бузиши ҳам мумкин. Оллоҳ шундан асрасин! Бизда ҳам ўша пайтларда шундай нарсалар, рашк бўлган! Кейин эрим Жумадилла Раметов кузатиб кўрдиларки, мен ҳеч қачон бировнинг эрини йўлдан урай демайман, бойликка учиб ёки кимгадир кўз олайтириб, ёмон йўллар билан мақсадга эришиш одати, менда йўқлигини, кўнглим тозалигини, дилимдаги тилимда эканини, писмиқ эмаслигимни билдилар. Турмуш ўртоғим ҳаётда писмиқ ва ўта даражада ўзини мақтаган енгилтак аёлларни ёмон кўрадилар. Афсуски, баъзи аёллар бор, ёнида эри, болалари туриб, бошқа бир эркакни кўрса, кўзлари пир-пир учиб, хаёли ўша эркакка кетиб қолади. Ёнидагилари кўзига кўринмайди, “ёнимда эрим, болаларим турибди” деб уялмайди ҳам. Бундай аёлларни ўзим ҳам, афсуски кўп кўраман. “Ие, эрим тўғри айтар эканлар” деганман! Мана шундайлар борлиги учун ҳам, кўпинча эрлар хотинини рашк қилади, хотинига ҳам ишонмай қўяди, кўпинча уйларда жанжал, келишмовчиликлар бўлади. Шундай аёлни кўргач, албатта ҳамманинг хаёлига биринчи навбатда ўз хотини келади ва “Мени ҳам хотиним шундай бўлса керак, ёки бўлса-чи” деб ўйлаб қолади. Бу кўнгил-да! Кўнгил сизга ҳам дўст, ҳам душман! Бундай нарса, кўпинча санъаткорларнинг ичида бўлади. Масалан, санъаткорлар кўпинча бир-бирлари билан ўпишиб, қучоқлашиб кўришишади. Санъаткорлар бир-бирлари билан ака-ука, опа-сингил, ака-сингил, ота-онадек аҳил, дўст! Ана шу нарса, жуда ҳам пок сақланиши керак! Биз санъаткорларни қучоқлашиб, ўпишиб кўришганимизни оддий халқ кўрса, “тавба, шундай қилишяпти-я” дейишади. Шунда мен айтаман, “бизда ёмон ният йўқ! Бизга бу олийгоҳдан одат! Биз ўша ерда бирга ўқиб, шунчалик яқин, қадрдон бўлиб кетамиз” дейман. Шунинг учун, эру хотин бир-биримизни тушунамиз! Худога шукур, касбимиз битта! Ёшликдаги тушунмовчиликлар ўтиб кетди. Лекин, яқиндан яна бир шундай нарсалар пайдо бўлди. Буни кейин билсам, бир-икки санъаткорлар, дугоналар, ёшроқлари, гастролларга боргандами, киностудияда бир фильмга тушгандами, сафарларга чиққанда, бир-иккиталарни озгина нотўғри қадам босганини кўрган эканлар-да! Кейин буни менга айтиб, “Саида, тағин сиз ҳам, уйдан чиққач шундай қилиқлар қилмайсизми?” деб сўраб қўйдилар. “Йўғ-ей, худо асрасин, вақт йўқ! Мендан бундай иш кутманг! Хаёлингизга ҳам келтирманг, хафа бўламан!” дедим. (ўйланиб) Кўрдингизми, ҳар қандай инсонни биринчи навбатда, ўз хотини кўз олдига келади! “Мени хотиним ҳам сафарга, гастролга боради, меҳмонхонада яшашига тўғри келади. У ерларда мен йўқман, мени хотиним ҳам шундай иш қилармикан?” деган фикр, ҳар қандай эркакнинг хаёлига келиши табиий! Шунинг учун ҳам, кўпинча айтаман: “Барака топгурлар, доим тўғри йўлдан юрайлик, нотўғри қадам босмайлик. Эрингиз бўлмаса майли, лекин бу ёқда эри, оиласи борларга жуда қийин! Сизларни кўргач, эшитгач, бошқа ҳавас қилгулик оиласи, эри борларникида ҳам можаро бошланади! Таққослашлар, “сен ҳам шундай қиласанми?” деган гаплар бошланади.” дейман. Ўзи санъаткорлар ҳақида, шундоғам миш-мишлар кўп бўлади. Авваллари миш-миш десак, мана ҳозирги кунда янги русумдаги қўл телефонлари чиқиб кетди, ҳар хил нарсаларни суратга олишиб, ҳамма бир-бирига кўрсата олади. Қайсидир бир санъаткор кичик хатога йўл қўйдими, ундан кейин биз ҳаммамиз ўшанинг жабрини тортиб, фарзандларимиз ва турмуш ўртоғимиз олдида, қуда-андалар олдида, худди ўша ишни биз ҳам қилаётгандек, уялиб юрамиз! Шунинг учун ҳам, биз санъаткорлар ҳар бир қадамимизни ўйлаб босишимиз керак! Биласизми, мен ёшроқларга шундай насиҳат қилсам, “Ҳа, нима бўпти, бу нарса ҳамма касбда бор!” деб оғизга урадиганлари ҳам бўлади. Тил ҳам бир қарич, гап ҳам қайтаришади. Лекин, бир ўйлаб кўрмайдики, ўша бошқа касбдагилар, санъаткорлардек таниқли эмаслар! Бошқа касб эгасини 10 та инсон таниса, санъаткорни миллионлаб инсонлар танишади! Бутун Ўзбекистон, ҳозирги техника ривожланган даврда бутун бир жаҳон танийди-ку! Мана шуниси, мени ўйлантиради.
- Ҳозирги кунда бир нарсанинг тарқалиши, тез амалга ошади, демоқчисиз, тўғрими?
- Албатта! Ҳозир фильмларимизни ҳам интернет орқали бутун дунё кўряпти! Ҳозир санъатимизни ҳамма тан оляпти! Имкониятлар катта! Бемалол фойдаланиб, санъатнинг истаган турида фаолият юритиш мумкин! Биз бу тарафлари билан фахрланишимиз мумкин. Қанчалаб катта лойиҳалар қилиняпти! Биз илгари битта ролни бир йиллаб кутардик. Ҳозир эса, санъаткорларга қанчалаб имкониятларни кўрасиз! Бунга фақат шукур қилиб, янада кўпроқ ижод қилиш керак. Биз танилиш учун 10 йиллаб ҳам ҳаракат қилганмиз. Ҳозиргилар эса, битта клипга тушсин, битта рекламада чиқсин, қарабсизки таниқли! Ролик айланяпти, кўчага чиқса, танишяпти! Биз шунга эътибор беришимиз керакми? Санъат бу маданият ўчоғи! Маданият ўчоғидагилар хатога йўл қўймасликлари керак, деб ўйлайман. Чунки, санъаткор бу ойна, ойна бўлиб ҳамма нарсани кўрсатамиз. Агар биз хатога йўл қўйсак, буни томошабинлар дарров гапиришади. Шунинг учун ҳам, ҳар томонлама етти ўлчаб, бир кесишимиз керак. Бизни хатога йўл қўйишга ҳаққимиз ҳам йўқ! Санъаткорлар ҳаммани маданиятли бўлишга чақирадилар. Санъатдан инсонлар маънавий озуқа оладилар. Масалан, ўтган йили “Мустаҳкам оила” йили бўлди, бу йил “Обод турмуш” йили, биз буларни барчасига муносиб бўлиб, томошабинларга ибрат бўлишимиз керак-ку! Ўзимизнинг одоб-аҳлоқимиз, юриш-туришимиз билан ибрат бўлишимиз керак, деб ўйлайман. Кузатсангиз, жуда кўп ёшлар, томошабинлар санъаткорлар нима қилса, шуни илғаб олиб, такрорлашади! Ҳаттоки, кийинишларигача, ҳатти-ҳаракатларигача ўхшатишга ҳаракат қилишади! Энди санъаткор хатога йўл қўйса, нотўғри иш қилса, улар ҳам “демак, мумкин экан, ахир бу ишни санъаткор ҳам қиляпти-ку” деб қилишлари ҳам мумкин-да! Агар яхши гапириб, яхши иш қилсангиз, шуни ортидан кетишади, агар ёмон гапириб, ёмон иш қилсангиз, шунга эргашишади! Шунчалик халқ, санъаткорга ишонади! Халқ ишонар экан, деб нима учун биз ёмонликка хизмат қилишимиз керак? Яхшиликка хизмат қилайлик! Биз шундай яхшиликка хизмат қилайликки, бизни кўриб, ибрат олиб, халқимиз Ватанни севишни, инсонларни ҳурмат қилишни ўргансин, шундай жаннамакон юртда яшаётганига шукрона келтирсин! Ҳамма касбда имкониятлар муҳайё! Фақат, меҳнат қилиш, изланиш керак! Биз санъаткорлар эса, шуни тарғибот қилишимиз, амалда кўрсатишимиз керак. Бирор юртни миллатининг кимлигини, инсонларининг кимлигини билишни истасанг, фақат санъати, маданияти орқали биласан! Юртни, миллатни кимлигини намойиш этадиганлар, булар санъаткорлар! Шунинг учун ҳам, мен санъаткорларга жуда ҳам илтимос қиламан, ҳар тарафлама босган қадамларимизни билиб босайлик! Фақат яхшилик уруғни сочайлик!
- Ўзингизни актрисалик фаолиятингизга қайнонангиз ва қайнотангизнинг муносабатлари қандай бўлган?
- Бизнинг пайтимизда, айтганимдек, танилиш жуда қийин эди! Бугунги кун каби имкониятлар йўқ, битта ролни бир йиллаб кутиш, у ролни ижро этганингиздан кейин ҳам, бор-йўғи 2-3 марта экранда қўйиларди холос. Лекин, мен турмушга чиққан пайтларим, 50 фоиз танилиб улгурган эдим. Ўша пайтларда Жумадилла Раметовнинг уйидагилар, ўзларининг Саида исмли шифокор қариндошларини, “келин қиламиз” деб кўз остиларига олиб юришган экан. Лекин, Жумадилла Раметов ҳам, у қиз ҳам бу нарсадан хабарлари йўқ бўлган. Турмуш ўртоғим уйдагиларига “Мен Саидага уйланаман, лекин у актриса” деб мен ҳақимда айтганлар. Жумадилла Раметов оилада беш қиз, битта эрка ўғил! Оиласидагилар “Майли болам, яшайдиган сен” дейишган. Чунки, қайнотам Бобохон ака ва қайнонам Сарвараой ҳам, севиб турмуш қуришган экан! Катта набирамга Сарвараой деб, ойижонимнинг исмларини қўйганмиз. “Биринчи набирамиз, исмини нима қўямиз,” деганимда, турмуш ўртоғим “Онамларнинг исмларини қўямиз” деганларида, менга ҳам маъқул бўлган, хурсанд бўлганман. У набирамни турмуш ўртоғим ҳам, “онам, онашим” деб яхши кўрадилар. Қайнонам раҳматли жуда яхши аёл бўлганлар, фарзандларимни катта қилишда, қайнонамнинг ҳиссалари катта бўлган! Албатта, бошида улар ҳам ҳайрон бўлишган, эримга “сен артистга уйланмайман” дердинг-ку, ҳам дейишган. Лекин, эрим, “бу бошқача қиз, актрисаларни яхшиси, одоб-аҳлоқли, иймон-эътиқодини тутиб, обрў-иззати билан турмушга чиқадиган ҳам бор экан. Мана шундай яхшиларидан биттаси, мана шу Саидахон” деганлар. Кейин улар совчиликка келишган! Тўйимиз бўлгач, Туркистонда 10 кунча яшаб, кейин иш туфайли, Тошкентга қайтиб келганмиз. Қайнона-қайнотам касбимни тўғри тушунишган, ўғлимиз ҳам шу касбдаги, ёнида-ку, дейишган. Бир неча марта бошқа актёрлар билан партнёр бўлиб чиққанимда, телевизорда кўрсатишганида, қайнонам раҳматли, ўртоқлари гапирса, “мен тушунаман, ўғлим келинимга ўзи рухсат берган, ахир ўғлим ҳам чиқяпти-ку, бошқасини хотин қилиб, роль ўйнаяпти-ку. Келиним жуда яхши, ҳаётда унақа эмас!” дер эканлар! Оиладаги қизларнинг ҳаммасини узатгач, қайнонам “битта ўғлим қаерда бўлса, мен ҳам ўша ерда яшайман” дедилар ва Туркистондаги ҳовлини қўйиб, бу ерга Тошкентга, бизникига кўчиб келдилар. Лекин, қайнотам ҳам у ёқда, ҳам бу ёқда яшадилар. Қайнонам шунчалик яхши аёл эдиларки, бизга “болаларингизни мен ўзим катта қилиб бераман, сизлар бемалол ишланглар” дедилар. Улар билан 17 йил бирга аҳил яшадик! Қайнонам болаларимни катта қилиб бердилар, айниқса сафарларга кетганимда, болаларимга қараб қолардилар, хотиржам кетардик. Баъзида, “меҳмонхонада турамиз, сиз ҳам юринг” деб, уларни ҳам олиб кетардик. Бирга бориб, айлантириб келардик. Қайнонам, қайнотам, қайнэгачиларим ҳаммалари мени қўллаб-қувватлашарди. Улар ҳам мени енгилтак эмаслигимни, уларнинг юзини ерга қаратмаслигимни билишарди. Телевизорда чиққанимда, бошқалар “Саида Раметова яхши аёл, яхши актриса” дейишса, қайнонам жуда хурсанд бўлардилар! Ҳаттоки, поездми, автобусми, бирор жойда кетаётган бўлсалар, ёнларида болаларим бўлса, мен тўғримда, ёки санъат ҳақида гап кетса, бирор кино ёки спектаклни гапиришса, қайнонам, “У мени келиним! Келиним!” деб хурсанд бўлиб, мен ҳақимда гапириб кетар эканлар! Мана касбим, меҳнатим туфайли, оиламни пок сақлаганим учун ҳам, менга нафақат халқни, балки қайнона-қайнотамни, қайнэгачи-қайнсингилларимни, турмуш ўртоғимни ҳам ҳурматлари ошган. Ишончлари мустаҳкамланган. Бир пайтлар турмуш ўртоғимнинг дўстлари орасида, “эй, артистга бекор уйландинг, сен билан бир йил яшаб ажрашиб кетади, артистларнинг эри кўп бўлади” деганлари ҳам бўлган экан! Эрим бўлса, мени ранжимасин, деб бундай нарсаларни билдирмаганлар! Бундай гапларнинг ҳаммасига чидаб, ҳаммасига бардош бериб, сабр-тоқат билан яшаганлар. Шунинг учун ҳам улардан миннатдорман, уларга доим қуллуқ қилиб келаман! Улар пичинг гап-сўзларга чидаганлар. Фақат шундай гаплар гапирганларга қарата айтган битта гаплари: “Майли, бу мени хотиним. Иккимизнинг касбимиз бир. Иккимиз ҳам бир-биримизга чидаб, яшаймиз! Бошқасини, кимнинг хотини қанақаю, эри қандайлигини вақт кўрсатади” деганлар! Ҳақиқатдан ҳам, вақт олий ҳакам, деганлари рост экан! Худога шукур, бизлар 32 йилдан тинч-тотув яшаб келяпмиз! Фарзандлар кўрдик, қуда-андали бўлдик, қайнона-қайнотанинг ҳурматини жойига қўйдик. Эримнинг қариндошларини ҳаммаси билан яхшиман. Ҳаммалари “келинойим” деб яхши кўришади, ҳурмат қилишади! Демак, мен шу ҳурматга лойиқ бўлибман! Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Энди эса, вақтнинг олий ҳакамлигини қаранг, ўшанда, юқоридаги пичинг гапларни гапирган баъзи дўстларини хотинлари, эр устига юриб, эридан ажраб кетишди. Баъзи бирлари бир неча марталаб уйланиб, кўпларининг ҳаёти остин-устун ҳам бўлиб кетди. Уларни кўриб, энди мен айтаман, “Сизлар артист эмассизлар-ку! Санъаткорларни шундай деб ўйлардингиз, хўш энди ўзингизга нима бўлди? Бошқа соҳадан эдингиз-ку! Сизлар бир пайтлар санъаткорга уйланди, деб эримга пичинг қилгандингиз-ку!”. Мана вақт ҳаммасини кўрсатди. Мана энди, ўша дўстларининг ўзлари эримга: “Жумадилла, биз ўшанда бекор дилингни оғритган эканмиз! Ҳеч қачон бировнинг касбига қараб, ёмон баҳо бермаслик керак экан! Мана Саида билан қанчалик яхши турмуш қуриб келяпсизлар! Ҳозир сизларни кўриб, ҳавас қиламиз, фахрланамиз! Мана ўғлинг Азиз касбингни давом эттиряпти. Катта ўғлингни уйлантирдинг, набираларинг бор. Уйингга борсак, Саида иши кўп бўлишига қарамай, уйинг доим озода, ҳамма нарсанг бор, Саида қўли кўксида кутиб олади, пиру бадавлат яшаяпсизлар! Биз кўрмаган роҳатни кўриб, кексалик гаштини суриб яшаяпсан! Биз хотинларимиздан кўрмаган қадрни, сен ўз хотинингдан кўриб, яшаяпсан! Бекорга ўшанда бўлмағур гаплар гапирган эканмиз! Агар ҳозирги ақлимиз бўлганида, биз ҳам, Саидага ўхшаган актрисага уйланган бўлардик!” дейишибди! Бу мен учун жуда ҳам катта баҳо! Чунки, мени қандай санъаткор эканлигимни, қандай рафиқа эканлигимни ҳаммаси билишди. Атрофидаги оғайниларида содир бўлган хунуқ воқеалардан кейин, мени қадрим билинди. Демак, биз эру хотин иккимиз ўша гап-сўзларнинг ҳаммасига нуқта қўйдик, деб ўйлайман!
- Ўзингиз-чи, ҳеч эрингизни рашк қилганмисиз?
- Мен турмуш ўртоғимни тўғри тушунаман! Эркак кишининг рашки бутунлай бошқа нарса! Турмуш ўртоғим мени, “ёмон йўлга юради” деб рашк қилмаганлар. Улар, мени тўғрилигимни, ҳалоллигимни биладилар, ишонадилар, фақат уларга содиқлигимни ҳам биладилар! Бўлмаса, шунча йил актрисалик фаолиятимга рухсат бериб қўймасдилар! Уларни рашк қилганларининг сабаби, бу сўз рашки! Кимлардир, нималардир дейишлари, фисқу фасод, пичинглар, барибир асабга тегади. Улар эркак киши, уларга қийинроқ! Ахир “аёли юриб кетибди” деган оғир гапни эшитишни ким истайди? Ҳеч ким! Улар ҳам, шу гапни эшитишни истамаганлар! “Эри юриб кетибди” деса, сал енгилроқ. “Эркак киши-да! От айланиб қозиғини топади. Эркак кишининг айби йўқ” дейишади. Аёл киши шундай қилса, дод солишади! Бу катта фожеа, бўлиши мумкин. Бежизга “эркак юрса юрсин, аёл юрмасин” дейишмайди.
- Ўғлингиз Азиз Раметовнинг ижодига муносабатингиз? Кўп санъаткорлар ўз касбини қийин деб, фарзанди бу касбдан кетишини ҳоҳламайди. Фарзандингиз биринчи ролини ижро қилганда, сиз кўриб, нимани ҳис қилгансиз?
- Санъаткор бўлганингиздан кейин, фарзандингиз ҳам шу муҳит ичида катта бўлади, сиз билан кино ва театрларга бориши ҳам табиий. Ана шунда, театрдаги спектаклларда ёш бола чиқиш керак бўлган жойларда, чиқади. Биринчи бўлиб, ўғлим Азиз, 2 ёшларида “Фармонбиби аразлади” спектаклида Фармонбибининг чевараларидан бири бўлиб чиққан! Ўшанда, мен ҳозирги Ўзбек Давлат драма театрида ишлардим. Кўплар Ҳамза театридан у ёққа ишга ўтган вақтларда, “Келинлар қўзғолони”дан сўнг, “Фармонбиби аразлади” деб номланган иккинчи қисм ёзилиб, саҳналаштирилган. Ўшанда, ёш болалар чиқиши керак бўлган жойида, биз ўз фарзандларимизни олиб келардик ва Азиз ҳам, Фармонбибининг чевараларидан бири бўлиб чиққанди. Шу ўғлим Азизнинг биринчи саҳнага чиқиши бўлган. Кейин эса, спектаклларда, видеофильмларда, “Оталар сўзи-ақлнинг кўзи” кўрсатувларидаги видеофильмларида чиқа бошлади. Унинг ҳамма ижро қилган ролларини кўриб, жуда ҳам хурсанд бўлганман. Қариндошларимиз ҳам кўриб қувонишган, “Бу ўғлинг, худди Жумадилланинг ўзи-я!” дейишарди. Ҳақиқатдан ҳам, Азиз турмуш ўртоғим Жумадилла Раметовнинг худди ўзи! Мен ўғлим Азизнинг қобилияти, маҳоратини илк бор, “Оталар сўзи-ақлнинг кўзи”да роль ижро қилаётганимизда сезганман. Ўшанда, биз оилавий ўйнаганмиз, катта ўғлим Улуғбек, мен, Жумадилла Раметов ва Азиз бир оилани кўрсатиб берганмиз. Фақат, ўша видеофильм мазмуни бўйича, икки боланинг онаси вафот этган, фақат сурати қолган. Мен эса, Жумадилла Раметовга турмушга чиқиб, унинг ўша икки ўғлига ўгай она бўлиб, уларнинг отасини йўлдан уришим керак эди. (самимий кулади) Билмадим, ўшанда Азиз бу ҳолатга ишонганми, ёки шунчалик ролни шунчалик ижро қилиши кераклигини тушунганми, отаси билан саҳнасини, шунчалик ишонарли ижро қилиб берган-ки, шунчалик йиғлаб гапирган-ки! Кўриб, ҳамма йиғлаган! Ўшанда ўғлимда Оллоҳ берган қобилият борлигини билганман! Тўғрисини айтсам, мен ўғлимни ҳарбий бўлишини, форма кийиб юришини ҳоҳлардим. Шунинг учун, отаси билан Ҳарбий билим юртига ўқишга олиб бордик. Ўқишга кирди ва яхши ўқиди. Лекин, билим юртидагилар бизга, “ўғлингизда жуда зўр қобилият, маҳорат бор экан! Ўғлингизни қобилиятини, қизиқишини бўғманг! Ўз пайтида ўзингиз ҳам қизиқиб, санъат соҳасини эгаллагансиз, ота-онангиз қарши бўлса, қабул қилмагансиз. Нега ўз ўғлингизга қаршилик қиляпсиз? Яхшиси ўғлингизни ўзи қизиққан санъат йўлига беринг!” дейишгандан кейин, биз ҳам тушуниб, розилик бердик. Азиз шундан сўнг, Эстрада цирк коллежига ўқишга кирди. Кейин эса, Консерваториянинг эстрада бўлимини ҳам тамомлади. Яқинда Америка Қўшма Штатларида, режиссёрлик курсида ҳам ўқиб келди. Мана энди, биз янги офис қилдик, ўзимиз оилавий фильмлар суратга олишни бошладик, ўзимиз продюсерлик, ўзимиз режиссёрлик қила бошладик. Азизжон ҳам, энди режиссёр сифатида, клиплар, фильмлар суратга олишни бошлади. Лекин, хонандаликни ҳам ташлаб қўйгани йўқ! Қўшиқлар яратяпти. Ҳозир изланишда, унга ҳозир фильмлардан таклифлар кўп бўляпти. Лекин, у ўзи ҳар қандай фильмда ҳам роль ўйнаб ташлашни нотўғри деб, ўйлайди. Ролларни мазмун-моҳиятига кўра, фикрлаб ижро қилишни маъқул кўради. Эндиликда унинг мақсади, яхши клиплар ва фильмлар суратга олиш! Яхши роллар ижро қилиш ва мазмунли қўшиқлар яратиш! Мени, кино соҳасида ҳозир энг қувонтирган нарса, бу Фонд Форумнинг “Олтин Гепард” Халқаро Кинофоруми бўлди! Бу бизнинг фарзандларимизнинг ҳаммасини фақат яхши тарафга йўналтиряпти! Ёшлар юракларида завқ билан ишлашни бошлашди! Мана шу Халқаро Кинофорумда қатнашишгач, уларда бир бошқача иштиёқ пайдо бўлди! Тезроқ яхши фильмлар суратга олишса, яхши ижод намуналари яратишса ва мана шу мукофотга сазовор бўлишса, номзод бўлишса, мана шуни орзу қила бошладилар! Ахир инсон мақсад билан яшайди. Генералликни орзу қилмаган аскар, аскарми? Баъзилар, ишонасизми, “нега керак” ҳам дейишади. Унда нима учун ижод қиляпсан? Мақсадинг бўлмаса, иштиёқинг бўлмаса, ижод қилиб бўлмайди, деб ўйлайман. Санъаткор бўлдингми, катта мақсадлар сари интилиш керак, назаримда. Шунда ривожланиш бўлади. “Менга барибир”, деган инсондан яхшилик чиқмайди. Мен буни кўп исботини кўрганман. “Йўқ, мен манови мақсадимга эришаман” деб ҳаракат қилганлар эса, албатта ўз мақсадига эришадилар ва халққа ҳам фойдалари тегади. Мана, биз “Оскар” мукофотини кўриб, орзу қилардик, энди эса, ўзимизда ҳам, “Олтин Гепард” Халқаро Кинофоруми бор! “Оскар”дан қолишмайди! Бу ҳам ёшларимизни янада олдинга интилишга чорлайди! Ҳаммани фарзандини йўллари ёруғ бўлсин!
- Ўғлингиз Азиз Раметовнинг қайси қўшиғи сизга ёқадию, сизнинг қайси ролингиз унга энг маъқули?
- Азизни менга “Қиз боланинг ибоси унинг ҳаёсида” қўшиғи ёқади, мен ўша қўшиқни мавзусини ўзим танлаганман. Ўғлимни ҳамма қўшиқлари, роллари ёқади. Менинг ролларимдан эса, Азизга энг ёққани “Увайсий” образим! Болаларим бу ролимни кўриб, шундоқ ўзгаришган! “Онажоним, шундоқ роль ижро қилибсиз!” деб, роса хурсанд бўлишган!
- Кўпинча қайноналар образини яратасиз. Ролларингиз бир-бирига ўхшаб қолмаслиги учун, нима қиласиз? Нималарга аҳамият берасиз?
- Минг ўхшамасин, деганим билан баъзида ўхшаш бўлиб қолиши табиий. Чунки, ўша инсон, ўша қош-кўз, ўша овоз, ахир буни ўзгартириб бўлмайди-ку. Манаман деган актёрда ҳам, “ролим ўхшамайди” дегани билан, барибир ўхшаб қолади. Ўзи сезмайди, холос. Лекин, мен иложи борича характерларини ўзгартиришга ҳаракат қиламан! Қандайдир бир янги қирраларини топиш ва янгилик яратишга иложи борича ҳаракат қиламан. Масалан, яқинда режиссёр Жавлон Шодмоновнинг “Қудамни кўрмадингизми” фильмида суратга тушдим. Ундаги қуданинг характерини бутунлай бошқача ижро қилишга ҳаракат қилдим. Умуман, ҳамма ролларимда, ҳеч бўлмаса, ўзим бошқача сўзлар топишга ҳаракат қиламан. Балки, шунинг учун ҳам, ҳамма режиссёрлар, томошабинлар мени ўйнаган ролларимни маъқул кўришади. (самимий кулиб) Мени “суперқайнона” деб ҳам чақиришади. Шунинг учунми, Жавлон Шодмоновнинг “Суперқайнона” фильмига мени суратга олишган! Ундаги қайнона ролини ижро қилганман. Мен ўзи бошида рад жавобини ҳам бергандим. Лекин, улар, “Йўқ, фақат сиз ўйнайсиз! Зайнаб Садриевадан кейин, қайнона образида фақат сизни кўрамиз!” дейишди! Бу мен учун жуда катта баҳо! Бундан жуда ҳам хурсандман! Демак, мен бир пайтлар, орзу қилган ниятларимга эришяпман! Устоз актриса Зайнаб Садриевани “Келинлар қўзғолони” спектаклида кўрганимда, “мен ҳам шу устоз санъаткордек бўлсам, мен ҳам қайнона роли билан элнинг юрагидан жой олсам” дегандим. Унда мен ҳали талаба эдим. Орадан вақт ўтиб, “Фармонбиби аразлади” спектаклида, бир куни мультфильм келин ролини ижро қиладиган Гулчеҳра Жамилованинг бироз тоби бўлмай, оёқлари оғриб қолди. Улар ўз ролларини жуда яхши ўйнардилар, дублёр йўқ. “Ким ўйнайди?” деб туришганида, режиссёр Баҳодир Йўлдошев “Саида Раметова ўйнайди” дедилар. Ўзим ҳам ҳайрон бўлиб қолганман! “Репетициясиз, қандай ўйнайман?” деб юборганман. Ҳамма ҳайрон, Зайнаб Садриевадан ҳамма чўчиб турибди. Улар ҳар тарафлама талабчан санъаткор! Мен набира келинни ўйнардим, кийимларим тайёр эди. “Йўқ, набира келинга бошқа бирор ёш актриса чиқади, унчалик билинмайди. Саида, мульфильм келин ролида чиқади” дейишди. Зайнаб Садриевага қараб турибмиз, улар ҳам “Саида ўйнаса, розиман! Бу эплайди” дедилар! Охирги фикрни Зайнаб опа беришлари керак эди-да! Улардан чўчиб тургандим, улар “йўқ” десалар, бўлди эди. Лекин, улар рози бўлишларини ўзим ҳам кутмагандим, жуда қувониб кетганман! Уларнинг оғзидан, “бу эплайди” сўзини эшитишнинг ўзи, катта баҳо эди! Ўшанда Зайнаб опани қучоқлаб, “сизга ўхшаган санъаткор бўлай!” деб улардан оқ фотиҳа олганман! Сўнг, ўшанда ролни шунақа ижро қилибманки, ҳеч ким хафа ҳам бўлмади, камчилик ҳам топмади. Спектаклдан сўнг, таъзимга чиққанимизда, Зайнаб опа, ўзларига берилган гулни менга бердилар. Ҳамма табриклади! Зайнаб опа, саҳнада мени қўлимдан ушлаб, олдинга олиб чиқдилар ва “Мана шу актриса Саида Раметова, биринчи марта анови келинимни ўрнига ўйнади. Ўйнаганда ҳам қойилмақом қилиб ўйнади. Шу гулни менга бердинглар, мен мана шу шогирд қизимга бераман” деб, менга ўша гулни бердилар. Шундай хурсанд бўлганман! Ҳам кулиб, ҳам йиғлаб, қувончим ичимга сиғмаган! Қарсаклар тинмаган! Ўшанда ният қилганман, “мен ҳам қайноналар ролини ўйнай, қайнона ролларимни кўриб, томошабинлар Зайнаб Садриеванинг ролларига ўхшаяпти” дейишсин, деганман. Худога шукур, яхши ният қилсанг, етар экансан, мана ниятларимга ҳам эришдим. Кўпчилик шу гапни айтяпти, мен эшитяпман. Бундан Зайнаб опамнинг ҳам руҳлари шод бўлсин! Шунинг учун ҳам, мен қайноналар ролини қанча беришса ҳам, ижро қилавераман! Муҳими, томошабинларга манзур бўляпти. Шунга хурсандман!
- “Суперқайнона” фильмидаги ролингизда, қайнона келинини худди бесабаб эзаётгандек бўлиб қолган. Буни томошабинлар ҳам айтишди. Бунга муносабатингиз, ўзингизга бу ғалати туюлмаганми, фильмга қўшимча киритиш фикри бўлмаганми?
- Ўзимга ҳам шундай туюлган. Лекин, ҳаётда шундай қайноналар бор! Ўғли у айтган қизга уйланмадими, севиб ўзи айтганига уйландими, тамом! Ҳаммаси ана шундан бошланади! (Қайнона образига кириб) “Мен сенга бошқа қизни олиб бермоқчи эдим! Сен севаман деб, шунга уйландинг! Севги-муҳаббатинг қурсин! Таги-зоти йўқ! Мана энди мен унга кўрсатиб қўяман! Мен сенга тагли-зотли бойвачча қизни мўлжаллаб қўйгандим! Сен мени айтганимни қилмадинг, энди ўзингдан кўр!” дейишади. (самимий кулиб) Келин минг яхши бўлсин, ҳамма ишни қилсин, уларга фарқи йўқ! Агар келин хато қилмаса, ўзлари бир нарса қилиб, келинга тўнкайди! “келин қилди!” деб, ўғлини ҳам, эрини ҳам ишонтиради! (ачиниш билан) Шундай қайноналарни келинларига қийин! Ҳаётда бундайлар кўп! Худога шукур, менинг қайнонам бундай эмасдилар! Ўзим эса, ҳаётда бундай қайноналар ва ҳодисаларга гувоҳ бўлганман! Бир жойда келинсаломга боргандим. Қарасам, қайнона умуман қудаларини менсимаяпти! Қиз тараф бўлса эгилиб турибди. Охири ўша қайнонадан секин сўрадим, “ биринчи кундан нима бўляпти ўзи?” дедим. У бўлса менга, “мени айтганимга уйланмади! Мен бошқасини айтсам, бу шунга севиб уйланди! Кўрасиз, уч ойда ажратиб юбормасам, отимни бошқа қўяман! Шундоқ қиламан, келинни ўзи ажрашиб, уйдан чиқиб кетади!” дейди. Ҳайрон қолганман! Энди у бечора келин қандай яшайди?-деганман! “Келин, сизга сабр-тоқат берсин!” деганман. Келин бечора дув-дув йиғлаяпти! Кейин орадан вақт ўтиб, тасодифан ўшаларни бешик тўйисига ҳам мени айтишди. Борсам, ўша келин, ўша қайнона! “Вой, ўша келинингизми?” десам, қайнона ўз гапларини эслаб, уялиб, “мен адашган эканман, катта келиним жуда ёмон эди. Лекин, бу келиним жуда бир бошқача чиқди! Буни ўшанда 3 ойда ажраштираман, дегандим. Барака топгур, бир яхши келин экан, ҳаммасига чидади! Мени шундай бир ҳурмат қилди, ўзим кейин роса уялдим. Катта келиндан кўрмаган ҳурматимни шу, ўзим бошида ёқтирмаган кичик келиндан кўрдим. Бу келиним тилла экан, уни ҳеч қачон кетказмайман!” дейди. Эшитиб мен ҳам қувондим. Ҳаётда бунақаси ҳам бўлар экан! Мен бекорга роль ўйнамайман, ролларим билан шундай қайноналарни, хато қилаётганларни кўрсатмоқчи бўламан. Ахир келинсаломларга, тўйларга борганимда, қайноналар билан суҳбатлашаман, уларнинг фикрларини эшитаман. “Суперқайнона”да ўша ўзим гувоҳ бўлган воқеадаги қайнонанинг характерини кўрсатишга ҳаракат қилганман. Яқинда “Кўзмунчоқ” кўрсатувида ҳам қайноналар тўғрисида гапирган эдим. Йиғлаб, ўз қайнонамни эслагандим. Шундан кейин, мени кўп қайноналар излаб келишди! Роса қайнона-келинларга таъсир қилибди. Миннатдорчилик билдиришди.
- Армон сиз учун нима?
- Биласизми, мен илгари, “Армон сиз учун нима?” дейишса, Худога шукур, армоним йўқ, бахтлиман, оилам, фарзандларим бор, устозлар, шогирдларим, дугоналарим бор, жуда бахтлиман, дердим. Билмадим, шундан кўз тегдими, (ўйланиб) менда ҳаммаси дилимдаги, тилимда, писмиқликни билмайман. Ҳаммага ҳам ўзимга ишонгандек, ишонавераман! Мана шу икки йилларни ичида, баъзи бир дўстларимдан, баъзи бир қариндош ва баъзи бир шогирдларимдан, баъзи ҳамкасбларимдан ноўрин, ҳурматсизлик кўрдим. Ортимдан ноўрин фисқу фасод гапларни айтишганига, уларга бўлган самимий муносабатимни нотўғри тушунишганига, мен тўғримда нотўғри фикрларга боришганига гувоҳ бўлдим. Устоз ҳеч қачон ўзи эккан ниҳолни синишини, нобуд бўлишини истамайди! Мени шунча кучим кетган, у ҳам униб ўссин, ҳосил берсин, дейди. Мен ҳам шундайман! Битта армоним, (бироз жимликдан сўнг) мана шундай шогирдлар, ҳамкасблар, менинг юрагимга ниш уришмасин! Мен ҳеч қачон армонда кетмай! Мен ҳар доим ҳаётга оптимист бўлиб қараганман, ҳар доим ҳаммага ёрдам қўлини чўзганман, ҳаммани ҳар доим яхшилик уруғини сочишга ўргатганман, ҳаётни севиб завқ билан яшанглар, деганман. Лекин, улар мени юрагимга ниш уришмасин! Шу нарсалар, менга армон бўлиб қолмасин! Фақат, яхшилик бўлсин!
- Фаолиятингиз давомида бирорта ижро қилиб, кейин афсусланган ролингиз ҳам бўлганми?
- Ҳеч бир ролимдан афсусланмаганман. Лекин, бошида рози бўлгим келмай, ижро қилган ролим бор. “Уқубат” фильмда менга қўшмачи аёл ролини беришганди. Бошида рози бўлгим келмаган! Лекин, менга “айнан сиз ижро қилишингиз керак! Сизда роль ижро қилиш бир тарафлама эмас!” дейишди. Сценарийни ўқидим ва ўзимга савол бердим, “шу аёл нима учун шундай бўлиб кетган? Нега шу нотўғри йўлга кирган?” Сабабини излашга ҳаракат қилдим ва топдим. Ижодкорлар ҳам, “шу тарафларини фақат сиз бера оласиз” дейишди. Шунда ҳам рози бўлгим келмади. Лекин, улар мени барибир пробага чақиришди, проба топширгач, мендан бошқа актриса, улар истагандек таъсирли ижро қила олмаслигини айтишди. Ўша ролни мазмун-моҳиятини ўрганиб чиқдим. Ҳақиқатдан ҳам, ўша қўшмачи аёлни ҳам ўз дарди бор! Уни ҳам алдашган, унга қўполлик қилишган ва уни ҳам алдаб, ўша ерларга олиб кетишган. У ҳам ҳаётга бошқа орзулар билан келган. Уни орзуларини барбод қилишган. Мен ҳам, шу тарафларини тушунгач, “майли, шу ролни ўйнайман” дедим. Ижро қилдим ва ўша аёлнинг дардини беришга ҳаракат қилдим! Йиғлайдиган, афсус чекадиган жойлари ҳам бор. Айниқса, бир жойида, бор дилим билан ижро қилишга ҳаракат қилганман! Одам савдосида, ўша аёл қизларни қаторлаштириб қўйишганда, уларга қараб туриб, “Ҳа, ҳаёт шавқатсиз!” дейди. Мен фильмнинг ўша жойида, қўшмачи бир аёл “Мама Роза” ролидаман, уларни сотиб юборяпман. Катта бизнес эгаси, қўл остимда нечтаси ишлаяпти. Мен шавқатсиз аёлман. Лекин, ўша қизларга қараб туриб, ўзимнинг ёшлик давримни эслайман. (образга кириб) Кўзларим жиққа ёшга тўлиб, “булар ҳам энди мен кирган кўчага киради, буларни ҳам не-не азоблар кутяпти!” деб дилимда айтаман! Сўзда эмас, ичимда шу монолог кетади. Ҳаммасини кўнглимдан ўтказиб, уларга қараб, бир оғиз “Ҳаёт шавқатсиз!” деб қўяман. Шу бир лаҳзада, ўша монолог ҳолатини беришим керак эди. Шунинг учун ҳам, мана шу ролни ижро қилганман. Бу ролни моҳиятини тушунганлар, “таъсирли чиқибди” дейишди. Лекин, кекса онахонларимиз тўғридан тўғри тушунган эмасларми, “бекор бунақа ёмон ролларни ўйнабсиз. Сизга бунақа ёмон хотин роли ярашмабди! Ҳаётда яхшисиз-ку!” дейишади. (самимий кулади) Лекин, бу ролимдан сира афсусланмайман! Балки, бу ролим билан кимнидир ёмон йўлдан қайтишига сабаб бўларман? Ўзи аслида ижро қилиб бўлгач, энди катта экранга чиққан пайтларида, сал афсусландим, “энди мен ҳақимда бошқача ўйлашади”, деб сал чўчигандим. Лекин, томошабинларга ёқди, ҳаттоки, шу йўлга кирган баъзилар менга қўнғироқ қилишиб, ролимдан таъсирланиб, ундай нотўғри ишлардан қайтганларини айтишганида, томошабинлар фильмни, ролимни мақтаганларида, “яхшиям шу ролни ўйнабман” деб, кўнглим хотиржам бўлди!
- Режиссурага қўл уришингизга нима сабаб бўлди? Ўтган йили илк суратга олган фильмингизни тақдим қилгандингиз?
- Ўзи мен тиниб-тинчимас аёлман. Кўп фильмларда, кўп режиссёрлар билан ишлаганингиздан кейин, ўзингизда ҳам бу нарсага лаёқат пайдо бўлар экан! Театрда иккинчи режиссёр ҳам бўлдим. Кейин эса, “Қудажонлар” фильмини суратга олдик. У ерда ҳам режиссёрлар билан тенгма-тенг ишладим. Ўзи мени кўп ишлар қилгим келади, юрагимда ғайрат кўп! Худди улгурмаётгандекман!
- Яқинда “Саида истеъдод” фирмасини ҳам очдингиз?
- Ҳа, ўзи бу бутунлай бошқа ниятда қилинган иш! Мақсадимиз, “Обод турмуш” йилида кўпроқ хайрия ишларини амалга ошириш! Масалан, фирма қошида келин-куёв либослари салони бор. У ерда келинимнинг ўзи тиккан либосларни, биз хайрия учун текинга ижарага берамиз! Марҳамат, ҳоҳловчилар бўлса, ният қилганлар бўлса, бемалол мурожаат қилишлари мумкин. Фирманинг бир филиали Чилонзорда, иккинчиси Тахтапулда! Бундан ташқари, бундан кейин кечки келинсаломларни ҳаммасини имкони борича бепул ўтказиб бераман! Тўй хизматларига ҳам, келишилган ҳолда, ярим нархига чиқишга розиман! Мен хизмат ҳақига сўм оламан! Бу йил оиламиз билан янада кўпроқ хайрия ишларини амалга оширмоқчимиз! “Обод турмуш” йилига ўз ҳиссамизни қўшиш ниятидамиз! Ўзи тиниб-тинмайдиган аёлман. Нафақа билан ҳам бемалол ҳаёт кечиришим мумкин. Лекин, мен маблағ топишдан кўра, кўпроқ ишлашни, иш билан банд бўлишни, янгилик яратишни яхши кўраман! Мақсадим, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш!
- Концерт ҳам ўтказгансиз. Шунча ишларни ҳам амалга оширибсиз! Лекин, ижодингизга промага эътибор сустроқ. Нима учун?
- Мен авваламбор, бир иш қилсам, ундан фойда келиши ҳақида ўйламайман. Мен ўзимни кўз-кўз қилишни, мақтанишни ёмон кўраман! Қилсам, халқ билса бўлди! Менимча, бунга реклама шарт эмас, деб ўйлайман. Ўша қилган ишимни кўриб, билганлар билишади, илиқ сўзлар айтишади, шунинг ўзи мен учун етарли.
- Актриса ёки хонандани келин қилишингиз мумкинми?
- Бемалол! Ҳечам иккиланмайман! Агар ўғлим севиб қолса, ўғлимнинг кўнглидагидек бўлса, албатта, мен ҳам рози бўламан! Чунки, мен ўғлимнинг дидига, ўғлимнинг танлаган қизига ишонаман! Ўғлим ҳеч қачон енгилтак қизга уйланмайди! У ҳам менга ўхшаб етти ўлчаб бир кесади. Шунинг учун ҳам, иккиланмай рози бўламан ва ўзимга ўхшаган она, қайнона бўлишга, ўзим тарбиялаб оламан. (кулиб юборади)
- Санъат соҳасини танлаганингиздан афсусланган вақтларингиз ҳам бўлганми?
- Оғриқли савол бўлди. Авваллари ҳеч қачон афсусланмаганман! Лекин, охирги пайтларда, ҳаддан ташқари, санъаткорлар ҳақидаги миш-мишлар кўпайгач, телефонлардаги қандайдир нарсалар тарқалгач, бир-икки афсусланган пайтларим бўлди! “Бекор шу соҳани танлабман! Эсиз, шунча меҳнатларим, мен тикондан гул ясамоқчи бўлибман!” дедим. Шу тарафларидан афсусландим! Кўпчилик менга, “майли, қўйинг, афсусланманг” дейишди. “Сизни санъатингизни, йўлингизни, оилада ҳам, ишда ҳам қандайлигингизни яхши биламиз. Ҳаммасини кўриб турибмиз, сизни яхши кўрамиз, ҳурмат қиламиз! Кимнинг қандайлигини ҳамма билади! Сиз ҳеч бундай нарсалардан уялиб, ўзингизга олиб, эзилиб юрманг! Бировнинг қилган хатоси учун сиз жавоб бермайсиз!” деб, кўнглимни кўтаришди! Лекин, барибир баъзида, бировнинг хатосига ҳам жавоб беришга тўғри келяпти-да! Подада, битта бузоқ.... дейишади-ку. Қани эди шундайлар бўлмаса! Баҳри дилингиз очилиб, бемалол ижод қилсангиз! Танлаган касбингиздан ҳеч қачон пушаймон қилмасангиз! Лекин, касбимизни яхши томонлари ҳам кўп! Халқ қалбидан жой олиб, меҳр қозонишнинг ўзи бўлмайди! Шундай бахт, касбимиз туфайли насиб қилган экан, бунинг қадрига етиш керак, деб ўйлайман! Халқ санъаткорларни эъзозлайди! Шу нарсанинг ўзи ҳам, юқоридаги афсусланишларни ювиб кетади.
- Касбингизни ўзингизнинг характерингизга мос бўлмаган жиҳатлари?
- Масалан, қаттиққўл қайноналарни ролини ижро қиламан. Лекин, характерим оилада ва ҳаётда ундай эмас! Ўз келинимга ҳеч қачон бундай қилмайман! Ҳаётда кўнглим бўш ва мени алдаб кетиш мумкин. Баъзида, бундан фойдаланиб, туҳмат ҳам қилишади. Жуда ишонувчанман ва тез дилим оғриб қолади. Бу характеримни ўзимга ёқмайдиган тарафлари. Ўзимга ўзим “Бўлди! Бошқа ишонмайман! Бошқа ҳеч кимга ёрдам қилмайман!” дейману, лекин яна эртаси куни ҳаммага ишониб, яхшилик қилавераман!
- Салбий қайноналарни ўйнаганингизда, ҳаётда шунга ишониб, сизга ролингиздан келиб чиқиб, салбий муносабатда бўлганлар, бўлганми?
- Бўлган! Масалан, “Андишали келинчак” спектаклида, келинчак ролини ўйнаётган актриса Дилноза Кубаевани роса уришиб ташлайдиган жойлари бор. Ўшанда залдаги томошабинлар кўпинча, “вой, вой-ей, шунчалик ҳам ёмон қайнона бўладими?” деб юборишади. Баъзида қарғаб ҳам юборишади. (самимий кулади) Шунчалик ишонишади! Спектакль якунида эса, “Келинжоним, мен ҳам онаман, сизга шунча озор бердим. Бир оғиз айтсангиз бўлмасмиди? Мен ҳам сизни тушунаман! Мен ҳам онаман!” деб қучоқлаганимдан кейин “Хайрият-ей” дейишади ва қарсак чалишади! Бир сафар жуда ғалати ҳодиса бўлган! Спектаклнинг бир жойида, Дилноза, менинг гапимдан кейин ҳушидан кетиб йиқиладиган вақтида, роль бўйича, қўшни дод солса, “мен келинни аммаси артист, бу ҳам артистлик қиляпти, ваҳима қилманг” десам, залдаги томошабинлар орасидан бир бақувват эркак киши “Сендек қайнонани падарига лаънат! Келинни ўлдирдинг-ку! Ниятингга етдингми?” деганча, важоҳат билан саҳнага отилса бўладими? Яхши ҳамки, уни пастда контролёр ушлаб қолди. У киши бўлса, мени ростдан уриш учун, саҳнага чиқмоқчи! (кулиб юбориб, кейин жиддийлашиб) Бу ҳозир айтганимда кулгили, лекин ўшанда, мени ҳолимни кўринг, нима қилишимни, нима дейишимни билмайман. Ҳамма жим турибди. Шунда Дилноза, роль бўйича кўзини очди, шунда мен ҳам, шартта у кишига, образда қараб, “ушланглар, ушланглар-ей! Ўтиринг жойингизга! Мана кўрдингизми? Жони қаттиқ буни! Ўлмайди!” дедим. Залда бирдан кулги бошланди! Ҳамма қарсак чалиб юборди! Кейин у кишини ўрнига ўтқазиб, “бу рол-ку” деб тушунтиришган. Бундай нарсани кино кўриб айтишса, мен эшитмайман. Ўзимни кўрганда, айтиб қолишади, “бундан баттар қайноналар бор” деб қўяман! Лекин, спектаклда, ҳаммаси залдан етиб келади. Кўплар миннатдорчилик ҳам билдиришган.
- Сизни театрда қандай ҳолатлар қувонтирадию, қайси ҳолатлар ранжитади? Кинода-чи?
- Театрда, яхши жод қилаётганимиз, яхши спектакллар қўйилаётгани, залда томошабинлар тўлалиги, ҳамма ўзи ҳоҳлаган ролларини ижро қиляпти, режиссёр ва актёрлар тиним билишмайди! Бу жиҳатлари жуда ҳам яхши! Фақат озгина олдинги аҳиллик, олдинги бирдамлик, бир-бирини тушуниш, ҳурмат қилиш, охирги пайтларда сал сусайгандек! Шу нарса мени бироз ранжитади. Кино соҳасида, бизга бу нарсани англаш, бироз қийинроқ. Чунки, биз кинога съёмкага борамиз. Ҳурматимиз билан кутиб олишади! Съёка кунлари актёрлар бир-бирлари билан яхши муносабатда бўлади. Суратга олиб бўлишади, тугайди. Лекин, охирги вақтларда кинода ҳам, баъзи нарсаларни эшита бошладим. Баъзилар “нега ҳадеб фалон санъаткорни ролга олишади? Нега мени олишмайди? Нега бу ролни анови актёрга беришяпти? Нега менга беришмаяпти?” деган миш-мишларни гапира бошлашди. Кинони тушуниш қийин. Лекин, менга кинода бир нарса ёқади, бу ҳам бўлса, актёрларга муносабат! Борсангиз, ҳамма нарса муҳайё, костюм-грим, чиройли муомала, ҳурмат! Бир пайтлар чет элда шундай эди ва ҳаммамиз “қачон бизда шундай бўларкин?” деб ҳавас қилардик. Ҳозир ўзимизда ҳам шундай, шу тарафлари маъқул. Чиндан ҳам ўз актёрлигингизни ҳис қиласиз! Театрда эса, кимдир миш-мишлар қилиб, ошириб юборса, кимнидир миш-мишларига қулоқ солиб, кимлардир дилингизни оғритса, кимдир кеча ишга келиб, бугун сиздан ўзини катта олиб, дилингизни оғритса, кўнгилга тегар экан... Санъаткорлардан бир нарсани илтимос қилардим. 50 фоизи яхши, лекин қолган 50 фоизидан илтимос қиламан, қани эди шулар “звезда” беришмаса, камтарин бўлишса, ўйлаб қадам босишса, оилам, уйим-жойим, болам-чақам дейишса, иложи борича шу битта эрга сабр-тоқат қилиб яшашса, фарзандларининг олдида, томошабинлар олдида юзи ёруғ бўлса, манманликка берилмаса, чўнтагига пул тушиб, 2 та роль ўйнадими, “сизни кучингиз менга етмайди!” деган гапларни айтишмаса, “мен киму сен ким?” демаса! Ахир бизни боқадиган ҳам, спектакль ва киноларимизни кўрадиган ҳам, тўй-ҳашамларга таклиф қиладиган ҳам, эъзозлаб, қадримизга етадиган ҳам, бу халқ! Шунинг учун ҳам, биз шу халқни, томошабинларни, мухлисларимизни ҳурмат қилишимиз керак! Уларни тўғри илтимосларига, масалан, “суратга тушиш, дасхат олиш”, ёки ният қилиб келиб тўйга айтишса, имкон бўлса, “хўп” дейишимиз керак, менимча. Томошабинларни дилини оғритмаслигимиз керак! Лекин, театрда раҳбарият томонидан ҳамма нарса муҳайё қилинган! Шароитлар борасида, ҳеч қандай муаммо йўқ! Ҳамма нарса етарли! Ижод ҳам қизғин, роллар кўп, яхши асарлар, яхши спектакллар жуда кўп! Лекин, фақат шу санъаткорлар орасидаги меҳру оқибат, аввалгидек эмас! Санъаткорлар орасида, миш-мишлар, майда гаплар бор, шулар бўлмаслиги керак, деб ўйлайман! Бир-икки номуносиб санъаткорларнинг ишларини деб, бошқалар ёмонотлиқ бўлиб қоляпти! Ишни улар қилади, гап келиб, бошқаларга тегади. Ўша бошқаларга бўлса, қолганлар “майда гап бўлма!” дейишади. Ўшалар майда гапни эмас, у тўғри гапираётган бўлади. Майдагаплик қилаётган бўлса, жазодан четда қолиб кетади.
- Ҳаётингиз давомида бирор ҳатога йўл қўйганмисиз?
- Бир-икки инсонлардан дилим оғриб қолган! Кимлигини айтмаганим маъқул, ўзлари яхши билишади. Станиславскийнинг бир гапи бор: “Истеъдодлиларга ёрдам беринг, истеъдодсизлар ўзлари йўл топиб олишади.” Шунга аҳамият беришимиз керак. Балки, мени ўзим ҳам хатога йўл қўйгандирман? Кўп санъаткорларни ўзим тўйга олиб чиққанман! Уларни маблағ топишларига кўмаклашдим, уйли-жойли, машинали бўлишди. Ҳамма нарсага эришишди. Мен ҳаммаси, демайман. Лекин, 50 фоизи бу нарсаларни тўғри тушунишди, 50 фоизи нотўғри тушунишди! 50 фоизи тўғри йўлда бўлса, 50 фоизи нотўғри йўлга ўтишди! Ҳозир ўша 50 фоизи бу нарсалардан нотўғри йўлда фойдаланишяпти! Пулдор бўлишгач, инсонларни бекорга дилларини оғритишяпти. Пул кимнидир яхши жойга етакласа, кимнидир ёмонлик сари етаклар экан! Мен буни истамагандим! Инсон эски чориғини, кимлигини унутмаслиги керак! Кечагина биз ҳаммамиз, театрда, битта кўйлакда эдик, янги кийим ололмасдик, кечагина биз ҳаммамиз 10 тийиндан пул йиғиб, йиғилиб, перашка ердик. Кечагина ҳаммамиз 7-8 киши бўлиб, йиғилиб тўйга борардик, менга “Саида опа, мени ҳам тўйга олиб боринг, моҳора ичиб келай” дейишарди. Ишонасизми, фақатгина шу битта моҳора ичиш учун тўйга боришарди! “Нима учун, ўшанда, кечагина бир-биримизга шунчалик меҳрибон эдик? Бир-биримизга ширин сўз эдик! Нима учун, бугун пулимиз кўпайиб, ҳамма нарсага эришганимизда, меҳру оқибатимиз йўқолди? Ёки “Олтин балиқча” эртагига ўхшаб, яна ўша тешик тоғора билан қолгандек, 10 тийинлик перашка ейдиган ҳолга тушиб қолинса, ўшанда яна меҳру оқибатимиз тикланадими? Шундай бўлгани маъқулмикан? Майли, ўша эртакдек бўлсину, лекин бир-биримизга меҳрли бўлиб яшайлик! Бир-биримизни ранжитмайлик, дилимизга озор бермайлик”, дегим келади! Агар менда имконият бўлганда, мен ҳаммани аввалги ҳолига қайтариб, ҳаммамиз яна бир ёқадан бош чиқариб, аҳил бўлиб яшашимизни ҳоҳлардим. Мени ўзимни ҳам айбим катта! Менга: “Саида, яхшиликни биладиган бор, билмайдиган бор! Эртага пули кўпайса, шукур қилмайдиганлар бор! Кимлигини унутадиганлар бор! Менга сени кучинг етмайди, деб беҳурмат қиладиганлар бор! Эҳтиёт бўлгин!” дейишган эди! Мен эса, шунга қулоқ солмагандим! “Нима учун? Ахир санъаткор ҳам яхши яшашга ҳаққи бор-ку! Тўйга чиқса, бу ҳам халқ хизмати-ку” дегандим. “Санъаткорда ҳам, ҳамма нарса бўлса, уйи, дала-ҳовлиси, пули, қимматбаҳо қўл телефону керакли буюмлари, ҳамма нарсаси бўлса, бемалол ижод қилади-ку” деганман. Нотўғри ўйлаган эканман! Қаттиқ адашган эканман! Буни ҳаммаси ҳам тушунмас экан, 10 фоизи тўғри тушунса, 90 фоизи нотўғри фикрда экан! Бир-бирини кўролмаслик, алдаш, фисқу фасод пайдо бўлди. Буни ҳаммасига мен ўзимни энг катта айбдор, деб биламан!
- Қайси актрисаларни ўзингизга рақобатчи, деб биласиз?
- Мен ҳеч кимни рақобатчи деб, билмайман. Мен ҳавас қиламан. Рақобат бўлса, соғлом рақобат бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Ҳасадгўйлик билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Мен ўзим масалан, Зайнаб Садриева, Яйра Абдуллаева, Рихси Иброҳимова, Дилбар Икромова, Сайёра Юнусова, Тўти Юсуповаларга ҳавас қилганман.
- Қайси режиссёрлар билан ижодий ҳамкорлик жараёнлари яхши кечган?
- Режиссёр Бахтиёр Ихтиёров ва устозимиз Баҳодир Йўлдошев. Баҳодир Йўлдошевни бир яхши “Вақтида тўхта” деган иборалари бор эди. Яхши ҳамки, мен шунга амал қилишни ўрганган эканман! Ҳар бир нарсада ўзимни вақтида тўхтата олишни биламан! Кибрланиб кетмайман! Ҳозирги режиссёрлардан Валижон Умаровни ижодини ҳурмат қиламан.
- Қайси ролингизни муваффақиятсиз чиққан, деб ҳисоблайсиз?
- У ролни мен ижро қилмаганман. Бу “Етти фарёд” спектаклида эди. Актриса Сайёра Юнусова билан дублёр бўлганмиз. Бу роль Сайёра опамларга жуда ҳам ўтирган, мос тушган. Жуда зўр, меъёрида ижро қилганлар. Мен эса, у рол меники эмаслигини, Сайёра опа даражасида ўйнай олмаслигимни тушунганман! Премьерага оз кун қолганида, 3-4 ой репетиция қилиб, меҳнатим сингга бўлсам ҳам, ролга рад жавобини берганман. Ўшанда мен барибир хурсанд бўлганман, чунки репетициялар вақти, Сайёра опадан кўп нарсани ўрганганман! Орадан вақт ўтиб, “Тун албатта ўтади” спектаклида Сайёра опа билан яна дублёр бўлдик. Буни қаранг, баъзи санъаткорларда мардлик бўлади. Бу гал Сайёра опам, “бу роль сизники, сиз ўйнанг” деб, у ролга рад жавобини бердилар. Мен ўзи Сайёра опа билан дублёр бўлсам, хурсанд бўламан! Чунки, кўп нарса ўрганаман. Ўзи устоз ва шогирдлардан ҳам кўп нарса ўрганиш мумкин. Лекин, Сайёра опа билан ёшимиздаги фарқ бир-икки ёш, деярли тенгдошмиз. Лекин, мен уларни ҳар тарафлама жуда ҳурмат қиламан.
Қани эди, Сайёра Юнусовадек актрисалар кўп бўлса!
- Бошқа давлатлар фильмларида ҳам роллар ижро қилганмисиз?
- Россия фильмларига таклифлар бўлган эди. Пробалардан ҳам ўтгандим. Лекин, суратга олиш вақтига келганида, мен ҳатто тўйларга ҳам чиқмай, бошқа ролларга ҳам рад жавобини бериб, кутдим. Афсуски, қарасам, ўрнимга бошқа актрисаларни олишибди. Бу ҳақида эса, менга ҳатто айтиб ҳам қўйишмаган. Мен буни сабабини ҳам суриштирмадим, “роль талашяпти” дейишмасин, деб андиша қилдим. Кейин орқаваротдан эшитсам, ўша режиссёрларга кимлардир “Саида Раметованинг вақти йўқ-ку, бекор уни оляпсизлар! Съёмкаларга келмайди! Вақтида суратга олишга келмайди, керак вақтда тополмайсизлар! Қўшимча катта пул сўрайди! Бу пулни битта чарларида топаман, дейди!” деган экан! Мен бўлса бу ёқда ўша ролларга тайёрланиб, 15 кунлаб, ҳамма нарсага рад жавобини бериб, кутиб ўтиргандим! Ахир ўзлари ваъда беришган, ҳаммаси келишилган эди. Режиссёрларга мен тўғримда айтилган унақа гапларнинг ҳамма гаплари ёлғон! Мен ҳеч қачон катта нарх белгилаб олмаганман! Ҳамма режиссёрлар билишади, доим келишилган ҳолда, маслаҳатлашиб, хизмат ҳақимни оламан. Буни устига, айтилган вақтда бораман ва ҳеч қандай муаммо туғдирмайман. Ҳаттоки, вазиятни тушуниб, текинга роль ижро қилиб берган вақтларим ҳам бўлган! Менга, ишонасизми 2-3 марта юқоридагидек вазият бўлиб, Россия фильмларида суратга тушиш насиб қилмади! Ҳар гал, аниқ ваъдалашгач, ўша суратга олиш куни келганида, огоҳлантирмай, бошқа актрисани чақириб қўйишган бўлади. Мен бўлса, бу ёқда ҳамма ишларимга рад жавоби бериб, уларни кутаётган бўламан. Бориб, бир вазиятни ойдинлаштирай, керакли жойларга мурожаат ҳам қилай, дедим. Лекин, андиша қилдим! Аслида, ким шундай гаплар тарқатаётганлигини ҳам билдим. Лекин, мени “роль талашиб, жанжал қиляпти” дейишмасин, дедим!
- Саида Раметова ошхонада?
- О, ошхона мени энг яхши кўрган жойим. Ўзимга мослаб, шинам қилиб олганман. Овқат ва пишириқлар тайёрлашни жуда яхши кўраман! Ўзим севиб кўп тайёрлайдиган овқатим бу палов билан борш, турмуш ўртоғим эса, хамирли овқатларни яхши кўрадилар! Шунинг учун, хамир овқатларни ҳам кўп тайёрлайман! Раҳматли қайнонам ҳам, “сени ошинг бошқача, қўлинг ширин” дердилар. Мен эса, қайнонам пиширган бешбармоқни яхши кўрардим! Менга ҳам ўргатганлар, роса кўп тайёрлайман! Уйдагилар ҳам яхши кўришади.
- Ўзбекистондаги “энг машҳур қайнона” сифатида, ҳамма келинчакларга маслаҳатингиз?
- Маслаҳатим, “Обод турмуш” йили экан, авваламбор турмушни обод қиладиганлар, булар келинлар! Қайноналар кексайгач, асабийлашади, қайноналарнинг сиздан ёшлари катта, ўнталаб кўйлак ортиқ йиртишган, келинчаклар шуни унутишмасин! Вақти келиб, ахир улар ҳам қайнона бўлишади! Ҳаётнинг ўзига яраша қарама-қаршиликлари бор, қайноналар ҳар бир тарафдан кўп нарсаларни кўришган, кўп нарсадан чарчаган бўлишлари мумкин. Буни келинчакларимиз тушунишсин! Келинчаклар ҳали ёш, энди ўз ҳаётларини бошлаяптилар, улар бахтли онларни кўпроқ ўйлашсин! Эрта-индин мен ҳам қайнона бўламан-ку, деб ҳар қандай вазиятда ҳам, қайнонасига яхши муносабатда бўлишсин! Сабр тоқатли бўлиб, ҳаммага яхши муомала қилишсин! Шунда уларга ҳам, муносабат яхши бўлади! Ана шунда ҳаммаси яхши бўлади! Шунинг учун ҳам, келинларимизга оқилона бўлишлари, сабру тоқатли бўлиб, келин бўлиб тушган хонадонининг гули, ғунчаси бўлишларини, фариштаси бўлишларини тилайман ва ҳоҳлайман!
Феруза Фаттохова
Саида Вахобова