FATTOHHON.COM
« Все новостиКуни кеча «Халқлар дўстлиги» санъат саройида Мурувват ва Саховат уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш Республика Васийлик Кенгаши томонидан
Ўзбекистон Мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган «Меҳрнинг Ватани Ўзбекистондир!» хайрия концерт дастури ўтказилди.
Тадбир давомида санъаткорлар ва болажонлар томонидан Ўзбекистон, юрт мадҳи, тинчлик, меҳр-оқибат, эзгуликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. Мазкур концертнинг ўзига хос жиҳати, унда санъаткорлар билан биргаликда “Саховат” ва “Мурувват” уйлари тарбияланувчилари ҳам иштирок этишди.
Мазкур Хайрия тадбирида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Халқ артисти Зулайҳо Бойхонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Равшан Комилов, Оғабек Собиров,
Яҳёбек Мўминов,
хонандалар Ҳилола Ҳамидова,
Наргиз, Азиза Низамова, “Ниҳол” мукофоти совриндори Рухшона ва бошқалар ўзларининг мазмунли, қалбга яқин таъсирли қўшиқларини ижро қилдилар.
Озодбек Назарбеков ижросидаги “Меҳрнинг Ватани Ўзбекистондир!” қўшиғидан сўнг, Ўзбекистон Халқ артистлари Ёқуб Аҳмедов ва Ёдгор Саъдиев ҳам саҳнага чиқиб, ўзларининг самимий фикрларини баён этишди.
ВИДЕОДА!
Бу концерт айниқса имконияти чекланган болажонларга жуда катта қувонч бағишлади. Халқимиз азалдан меҳр-оқибатли халқ, бу хайрия концерти ҳам, Давлатимиз, халқимиз томонидан уларга бўлган меҳр, эътиборнинг яна бир намунасидир.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков: - Бир неча йилдан буён анъанага айланган ҳолда, мана шундай эзгулик истагидаги концертлар туфайли, Мурувват ва Саховат интернат уйларида яшовчи имконияти чекланган, катта саҳналарни орзу қилган истеъдодлар, таниқли санъаткорлар билан бир саҳнада қўшиқ айтиб, олам-олам қувонч, бир умр ёдида қоладиган онларни ҳис қилишмоқда, деб айта оламан. Бу йилги концерт дастури айниқса, барчасидан ўзгача! Номланишининг ўзиёқ менга жуда ҳам маъқул бўлди! Чунки, бу йилги концерт “Меҳрнинг Ватани Ўзбекистондир!” номи, шиори остида ўтказилди. Дарҳақиқат, ҳеч кимга сир эмас, ўзбек халқи азал-азалдан бошқа инсонларга қўл чўзиб, бундан роҳат топган халқ! Бу сафар ҳам, мана шу тадбирни амалга оширишда бир неча фидоий инсонлар, ташкилотлар сидқидилдан самимий ёрдам беришди. Бу албатта, ўзбек халқига хос эзгуликдир. Бу тадбирлар ҳар бир инсонда шукуроналик туйғуларини шакллантиради, натижада умидсизликка тушаётган инсонда ҳам умид пайдо бўлиб, жамиятда ўз ўрнини шакллантиришида ижобий таъсирини кўрсатади, деб ўйлайман. Фурсатдан фойдаланиб, ҳамиша меҳрнинг Ватани Ўзбекистон, бўлиб қолишини тилаган бўлардим!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова