FATTOHHON.COM
« Все новости29 сентябрь куни Татарстон Республикасида Ўзбекистон маданияти кунларининг тантанали очилиши маросими бўлиб ўтди. Тантанали очилиши маросими М.Жалил номидаги опера ва балет театрининг фойесида “Замонавий Ўзбекистон” номли фотокўргазмадан бошланди.
Унда мезбон дўстларимизга мустақиллик йилларида барпо бўлган янги иншоотлар, хориж давлатлари билан ҳамкорлик алоқалари, янги замонавий завод ва фабрикалар, миллий қадриятларимиз акс этган фотосуратлар намойиш этилди.
Ўзбекистон маданияти кунларининг тантанали очилишини Татарстон Республикаси Маданият вазири Ирада Аюпова ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг ўринбосари Умид Қўқонбоев очиб беришди.
Концерт дастуридан ўрин олган классик қўшиқлар билан бир қаторда миллий маданиятимизни ва мақом санъатини намоён этувчи куй ва қўшиқлар ижро этилди, айниқса Ўзбекистон ҳудудларини акс этиқчи жозибали рақсларимиз хеч кимни бефарқ қолдирмади. Самимий ва дўстона рухда ўтган концерт барчага манзур бўлди. Концерт якунида санъат аҳлига Татаристон Республикаси Президенти Рустам Миннихонов томонидан гуллар тақдим этилди.
Концертда Ўзбекистон Халқ артисти Зулайҳо Бойхонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Воҳидов, “Шуҳрат” медали соҳибаси Манзура ва бошқа санъаткор, ҳамда ижодкорлар иштирок этишди.