FATTOHHON.COM
« Все новостиҚВЗ терма жамоаси ҳозирги кунда ёшларнинг энг севимли ижодкорларидир. ҚВЗ терма жамоаси ҳам, ўз мухлисларининг талабларини ҳисобга олган ҳолда, 9-10 декабрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида ўзининг янги концерт дастурини тақдим этмоқда.
Бугун “Диллашув” саҳифаси меҳмони — ҚВЗ терма жамоаси. Терма жамоа аъзоларидан икки нафари — Отабек Мирзахолов ва Умид Умаровлар ижодий сафарда бўлганликлари учун, суҳбатда иштирок эта олмадилар.
Суҳбат ҚВЗ га хос тарзда қувноқ руҳда, лекин шу билан бирга мазмунли ўтди.
ҚВЗ терма жамоаси 2008 йилда “Божалар” гуруҳи солисти — Жаҳонгир Позилжоновнинг ташаббуси билан ташкил топган. Терма жамоани катта саҳнага олиб чиққан ҳам, имконият берган ҳам Жаҳонгир Позилжонов. Бугунги кунда ёшларга Шукурулло Маҳкамов бошчилик қилиб келмоқда.
2009 йил 9 декабрь куни “Истиқлол” санъат саройида, биринчи ҳисобот концертини тақдим этди.
2010 йил 3-4 апрель кунлари “Туркистон” концерт саройида 4 сеансли концерт дастури тақдим этилди.
2010 йил 12 декабрь куни “Истиқлол” санъат саройида 2 та сеансли концерт дастури тақдим қилинди.
2011 йил 1 апрель куни фестиваль ўтказилди. Терма жамоа базасида қолган гуруҳлар ҳам бирга чиқишди.
2011 йил 13 декабрь куни Терма жамоанинг 2 та сеансли ҳисобот концерт дастури тақдим этилди.
Терма жамоа “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг энг иқтидорли ёшларидан ташкил топган. Жамоа аъзолари саралаш асосида танлаб олинган. Жамоа шу тарзда шаклланди. Маълум бир муддатга жамоа таркибига “Дизайн” гуруҳи йигитлари ҳам қўшилиб, кейинчалик яна алоҳида фаолиятни танладилар. Лекин, терма жамоанинг ўзаги шу кунга қадар ўзгармаган ва бирдамликни сақлаб келмоқда.
ҚВЗ терма жамоаси аъзолари:
Беҳзод Комилжонов 1984 йилда туғилган. Ҳозирги кунда “Артель” компаниясида фаолият юритади.
Миркомил Мусаев 1984 йилда туғилган. Актёр, фильмларда кўп марталаб роллар ижро қилган. Ҳозирги кунда “Артель” компаниясида фаолият юритади.
Умид Ҳайдаров 1989 йилда туғилган. “Ато” гуруҳи продюссери.
Алишер Ботиров 1983 йилда туғилган. Актёр.
Даврон Кабулов 1987 йилда туғилган. Телебошловчи, журналист.
Отабек Мирзахолов 1986 йилда туғилган. Ҳозирги кунда режиссёр ва актёр.
Умид Умаров 1981 йилда туғилган. Ҳозирги кунда мактабда ўқитувчи.
Аҳмад Темиров 1991 йилда туғилган Тошкент Автомобиль йўллари институти талабаси
ҚВЗ терма жамоаси вакилларининг барчаси олий маълумотли бўлиб, ўз касбига эга, лекин шу билан биргаликда, ҚВЗ терма жамоасидаги фаолият, уларнинг ажралмас ҳаётий қисмига айланган.
- Гуруҳда ҳал қилувчи сўзни кўпинча ким айтади?
Бир овоздан: - Терма жамоа раҳбари Беҳзод Комилжонов
- Гуруҳда келишмовчиликлар бўлиб турадими?
Даврон Кабулов ва Миркомил Мусаев: - Ижодий жараёнда бўлиб туради. Тез ҳал бўлади ва узоққа чўзилмайди.
- ҚВЗ терма жамоаси ва “Дизайн” гуруҳининг муносабати тўғрисидаги ҳар хил гап-сўзларга ойдинлик киритсангиз.
Даврон Кабулов: - Бу гуруҳ билан ҳалигача жуда яхши муносабатдамиз. Биз тарафдан муомала ўзгаргани йўқ. Алоқалар узилмаган.
- Бу гуруҳнинг терма жамоадан ажралиб чиқиб кетиши-чи?
Даврон Кабулов: - Бунга сабаб, уларга ўша муҳит яхшироқ эди. Бизнинг терма жамоани ҳам ўз муҳити, ўз ички қоидалари бор. Бу эса, ҳаммага ҳам тўғри келавермайди.
Безод Комилжонов: - Улар бошида ҳам алоҳида гуруҳ бўлиб қўшилган эдилар. Терма жамоадан чиққанда ҳам, алоҳида гуруҳ бўлиб чиқиб кетишди. Ҳеч қандай зиддиятларсиз ва жанжалсиз чиқиб кетишган. Бу ҳолатнинг содир бўлиши, олдиндан аниқ, кўриниб турган эди.
Миркомил Мусаев: - Ҳаётда ҳаммаси қандай бўлса шундайлигича қолади. Ижод эса, алоҳида давом эттирилади.
- Терма жамоада қандай ички қонун-қоидалар бор?
Даврон Кабулов: - Бу қоидалар иложи борича, Россия КВНи, турли латифалар ва бошқа манбалардан фойдаланмаган ҳолда, ўзига хос ҳазиллар яратиш, саҳнага меҳнат билан чиқиш, имкон борича бачканаликдан қочиш, оилавий келган мухлислар ҳам кўриб, маза қиладиган чиқишлар қилиш, ички қоидаларнинг асосийси, бир-биримизни доим қўллаб-қувватлаш! Чиқишларда роль тақсимланаётганда, терма жамоанинг ҳар бир аъзосига имконият борича, саҳнага бир хил чиқиши учун имкон яратиб бериш! Ички қоидалардан яна бири футболдаги селекция сиёсатига кўра, ёшлар орасидан иқтидорлиларини танлаб олган ҳолда таркибни бойитиб бориш. Масалан, Аҳмад Темуров терма жамоага яқинда қўшилган. Мўлжалимизда яна бир неча иқтидорли ёшлар бор. Уларга имконият бериб, секин-аста фаолиятга йўналтиришимиз керак. Уларни бирданига катта саҳнага олиб чиқсак, тайёргарлиги етарли бўлмаслиги, баъзида руҳан синиб қолиши мумкин. Бунга йўл қўймаслигимиз керак. Шунинг учун, уларга аввалига кичик роллар берилади ва секин-аста маҳоратига қараб, масъулият юки, ошириб борилади. Ёшлар ҳар йили бўлиб ўтадиган “Қувноқлар ва зукколар” Республика ёшлар кўрик-танлови ва Тошкент кубоги баҳслари қатнашчилари орасидан саралаб олинади. Сўнгра репетиция жараёнларига чақирилади. Улар ҳақида, терма жамоа аъзоларининг ҳам фикрлари инобатга олинади. Шунингдек, фикрлаши, ҳозиржавоблиги, маҳорати ҳақида яхши хулосага келадиган бўлсак, унинг саҳнага чиқиши учун албатта имконият яратамиз.
- Демак, иштирокчилар танлов асосида қабул қилинади?
Беҳзод Комилжонов: - Албатта! Танлаб олинганлар ҳақидаги умумий хулосамизни ўртага ташлаймиз. Қайси бири маҳоратлироқ бўлса, маълум бир вақт мобайнида ўз сафимизга қўшамиз.
Даврон Кабулов: - Бошқача бўлиши мумкин эмас. Терма жамоага пул тўлаб қўшилмоқчи бўлганлар ҳам учради (кулади). Жуда кўпчилик “терма жамоада чиқиш учун қанча бериш керак” деган “таклифлар”ни билдирди. Лекин, дуч келган одам пул тўлаб қўшилиб кетаверса, саҳнанинг кассадан фарқи қолмайди. Терма жамоанинг терма жамоалиги қолмайди.
- Ижодни илк бошлаган вақтдаги тасаввурлар қандай эди?
Беҳзод Комилжонов: - Биз катта саҳнада, “Истиқлол” санъат саройида концерт берамиз, деб ҳам ўйламаганмиз.
- Гуруҳ аъзолари учун ижод аслида?
Беҳзод Комилжонов: - Биринчи навбатда хобби! Лекин, касб эмас!
Даврон Кабулов: - Мен учун бирламчи, негаки мени биринчи ишим ҳам ижод, иккинчи ишим ҳам ижод. Отабек учун ҳам.
- Терма жамоада кимнинг актёрлик қобилияти энг юқори?
Бир овоздан: - Миркомил Мусаев!
- Савол Миркомил Мусаевга: - Актёр сифатида, ҳозирги кунда фильмларда кўринмай қолдингиз?
- Илгари бунга вақт етарли эди. Ҳозир эса, вақт етишмайди. Лекин, энг муҳими концертларда иштирок этишга вақт топиляпти.
- Савол Даврон Кабуловга: - Анчадан буён фильм суратга олиш ниятида эдингиз. Негадир, бунга ҳалигача қўл урмаяпсиз?
Даврон Кабулов: - Шундай ниятим бор эди. Лекин, ҳозирча бунга тайёр эмасман. Масалан, суратга олиш ишларини ҳозир бошлаб, февралда премьерасини қилиб юборишим ҳам мумкин. Лекин, мен бошқаларни бу борада танқид қила олмайман, сабаби, ўзим кино соҳасида профессионал эмасман. Аммо, шахсий фикр билдириш ҳуқуқига эгаман, ҳозирги кунда экранга чиқаётган фильмларнинг аксарияти менга ёқмайди. Бу гапни айтаётган биринчи одам эмасман ва охиргиси ҳам эмасман. Кинозалга фильм кўриш учун кирган инсон ниманидир ўйлаб чиқиб кетиши керак. Эртага ҳаётда ниманидир ўйлаганида, кино эсига тушиши керак. Ҳаётида келадиган баъзи кутилмаган синовларга ўша кино орқали, тайёр бўлиб чиқиб кетиши керак. Шу талабларга жавоб бермайдиган фильм оладиган бўлсам, суратга олиб, бемалол февралда ҳам премьера қилишим мумкин. Лекин, ҳали киносаноатни яхшилаб ўрганишим керак. 2 та сценарий ёзганман, лекин ўзимга ёқмади. Аммо, эринмай ўзим ёзганман. Иккаласи ҳам мелодрама. Лекин, фильм суратга олсам, ўзим режиссёр бўлмайман.
- Терма жамоа аъзоларини ҚВЗ даги фаолиятидан ташқари, бошқа касблардаги фаолиятига муносабатингиз?
Даврон Кабулов: - Биз буни фақат олқишлаймиз ва уларнинг ютуқлари бизни қувонтиради. Чунки, жамоамиз ҳар битта аъзоси ўз йўналишида, муайян битта натижага эришаётганлигини кўриш, менимча кўнгли тоза инсон учун ёқимли бўлса керак. Жамоамиз аъзолари бўлса, қўрқмасдан айтишим мумкин, кўнгли тоза ва бир-бирининг ютуғидан хурсанд бўладилар. Мен ўйлайманки, бу жамоанинг ҳар бир аъзоси ҚВЗ дан ташқаридаги йўналишида ҳам, №1.
Умид Ҳайдаров: - Биз ҳаммамиз ҳар доим биргамиз. Лекин, алоҳида ўзим ҳам нимадир қиламан, деган фикр ҳаммада бор. Бу гуруҳдан чиқиб кетиб, нимадир қилиш эмас! Буни бундай тушунмаслик керак. Бирор соҳада ўз кучимни синаб кўраман, деган нарса ҳар бир инсонда бор.
- ҚВЗ нинг ўзи биргаликда фильм суратга олиши ҳам мумкинми?
Миркомил Мусаев: - Унда бу кино эмас, сериал бўлади.
Беҳзод Комилжонов: - Агарда фильм суратга олсак, бу ҚВЗ нинг тарихи ҳақида бўларди.
- Терма жамоа рекламага эътиборсиздек.... Бу ўз машҳурлигига ишонганлиги учунми?
Даврон Кабулов:- Яккахон концертларимиз шу кунларда бир кунда икки сеанс, ёки икки кунда 4 сеанс бўлмоқда. Яккахон концертларимизда, мана шу 2 та, 4 та сеансларни деярли ортиқча рекламасиз тўлдирдик. Тўғрисини айтсам, биз рекламага муҳтожмиз, деб додлаш ниятимиз йўқ. Лекин, реклама замон талаби эканлигини яхши тушунамиз. Насиб қилса, бу йилдан рекламага эмас-ку, имиджга, терма жамоа қиёфасига эътибор бериш ниятимиз бор.
- Бу йилги концерт дастурингизни аввалгиларидан фарқи?
Даврон Кабулов: - Бу сафарги концерт дастуримизни шоуга айлантириш ниятидамиз. Илгари, концерт дастурини олиб боришда бир хиллик бўларди ва концертдаги бошқа хонандаларни зериккандек кўриб ўтирарди. Бу сафар биз таклиф қилаётган эстрада хонандаларининг обрўсини ҳам ўйлаган ҳолда, уларнинг чиқишларини ҳам театрлаштирилган юморга бой саҳналар билан тўлдирмоқчимиз. Ўтган йили биринчи синов амалга оширилган, ундан хулосалар чиқарилган. Лекин, биринчи синов ҳам ёмон бўлмаган эди. Бу йил такомиллашган вариантида, ранг-барангроқ қилиб чиқдик. Бир кичик сирни очаман. Бу йил таклиф қилинадиган эстрада хонандаларининг савияси ва рейтинги ҳам, аввалги йиллари концертимизга таклиф қилинган хонандаларга ҳурмат сақлаган ҳолда, анча баланд.
- 9-10 декабрь куни бўлиб ўтадиган концертга тайёргарлик жараёнлари қандай кечмоқда?
Даврон Кабулов: - Репетиция қиляпмиз. Ғоялар бораси ўртоқлашдик, режа туздик. Концерт стратегиясини белгилаб олдик. Асосан, нималарга эътибор қаратишимиз кераклигига ҳам эътибор бердик. Бу йили асосан, оилавий тушиб тамоша қилса бўладиган халқона кулгини яна ҳам оммалаштирмоқчимиз. Баъзида ноўрин ҳазилни биз ҳам қилиб юборишимиз мумкин, лекин имкони борича қоғозга ўралган вариантида, инсонни автоматик тарзда кулишга мажбур қиладиган шароитда қилишга ҳаракат қиламиз. Бизнинг кўпчилик мухлисларимиз, “сизларнинг ажралиб турадиган тарафингиз ҳам шу” дейишади. Концертимизга отаси билан тушган қиз ҳам, отасининг юзига қараб, бемалол кула оладиган даражада чиқиб кетсин.
Умид Ҳайдаров: - Доим бачкана, уятсиз ҳазиллардан қочишга ҳаракат қилганмиз.
- Концертларингиз кўпинча қиш ойларига, йил якунига тўғри келиб қолади? Концерт бериш учун ноқулай эмасми?
Даврон Кабулов: - Биринчидан бу анъанага айланиб қолди. Иккинчидан, ҚВЗ терма жамоасининг ҳисобот концерти, ҳисобот эса йил якунида қилинади. Биз учун ноқулайлик тарафи, ноябрь-декабрь ойлари концерт мавсуми жуда бир қизиган пайт ҳисобланади. Рақобатда ютиб чиқиш ҳам осон иш эмас! Лекин, биз бу йил концертимизни 4 та сеанс қилдик. Бу “Истиқлол” санъат саройида бизнинг энг кўп концерт беришимиз, шу пайтгача 4 та сеанс бермаганмиз. Бундай қилаётганимизда, бизнинг рейтингимиз кўтарилиб кетди, биз энди бемалол 4 сеанслаб концерт бераверамиз, деган манманлик йўқ! Бунинг сабаби, концерт билетлари нархини иложи борича пасайтирган ҳолда, аҳолининг каттароқ қатламига концертга кириш имкониятини яратиб бериш. Кундузги ва кечки сеанс белгилаганлигимизнинг сабаби, бизни аудиториянинг каттагина қисмини ёшлар ташкил қилишади. Улар орасида, коллеж, мактаб ўқувчилари бор. Уларга ҳам концертга тушиш учун имконият ва шароит яратиб бериш мақсадида, кундузги сеансимизни 14.00 га белгиладик. Чунки, ўқишдан чиқиб, бемалол концертга тушиб, уйга ҳам кеч қолмасдан концерт тамоша қилсин деб, шундай мўлжалланди.
Умид Ҳайдаров: - Кимдир кечки сеансга уйдагилар билан тушади. Кимдир ўртоқлари билан кундузи тушиши мумкин. Ҳар хил вазият бор ва биз буларни ҳисобга олдик.
- Концерт кунларини янада кўпайтириш ниятингиз борми?
Даврон Кабулов: - Бундай ният бор. Бу ҳаммаси мухлисларимизга боғлиқ. Агар мухлислардан талаб бўлса, концерт кунлари яна ҳам кўпайиши мумкин. Агар мухлислар тарафидан эҳтиёж бўлса, 15 кунлаб концерт беришга ҳам тайёрмиз. Лекин, биз мухлисларни сунъий равишда кўпайтириилишига қаршимиз. (самимий кулиб) Баракасини берсин...
- Сизларга тақлид қилаётганларга муносабатингиз?
Даврон Кабулов: - Агар бундан кимдир фойда кўраётган бўлса ва шу билан тирикчилиги ўтаётган бўлса, биз бундан хурсандмиз.
Умид Ҳайдаров: - Бизни кўп тадбирларга ҳакамлар ҳайъати аъзоси бўлинг, деб чақиришади. Асосан, коллеж талабалари. Тақлид қилишади, кўриб хурсанд бўламиз, чунки шу болаларда қизиқиш, истеъдод бор. Эртага уларнинг орасидан ҳам, маҳорат эгалари чиқади. Лекин, фурсатдан фойдаланиб, шу таклиф қилаётган болаларга айтадиган сўзим, ҚВЗ терма жамоасида ҳеч қачон эркак киши, аёл бўлиб чиқмаган! Ёки қиз болани ҳар хил ҳолатларда саҳнага олиб чиқиб, томошабинларни кулдирмаганмиз! Кўпгина коллежларга борганимизда, шундай саҳна кўринишларининг гувоҳи бўляпмиз. Бу жуда ҳам хунук нарса! Ўша бирга ўқиётган курсдоши бўлган қиз ҳам, қайсидир оиланинг фарзанди. Ўша қўйилаётган саҳна кўринишини эса, ўзларининг ёшлигидан, шароитидан келиб чиққан ҳолда қўйиб, тақлид қилишса, қаршилигимиз йўқ.
Миркомил Мусаев: - Бу енгил йўл билан томошабинни кулдириш, кийимини ўзгартирса, томошабин кулади, деб бачканалик билан кулдириш. Бу ҳолатда ўзи ойнага қараб, кула олмайди, чунки ташқаридан қараганда жуда ҳам хунук кўринади! Ҳоҳ иштирокчи қиз бола бўлсин, ҳоҳ йигит киши бўлсин!
- ҚВЗ да қизлар ҳам борми?
Миркомил Мусаев: - Терма жамоамизда иштирокчилардан қизлар алмашиб туради. Иштирокчилардан кўпроқ бирга ишлаганимиз Шаҳло ва Азиза бўлганди. Кўпинча Шаҳло қатнашиб келади. Лекин, ҳар бир концертда имкониятдан келиб чиқиб, қизлар қатнашишган.
- Савол Даврон Кабуловга: - Сизни уйланяпти, деган гаплар тарқалди?
Миркомил Мусаев (самимий кулиб): - Тарқалдими? Тарқатибмизу, энди бўлди, тўхтатайлик.
(Ҳамма кулиб юборади)
Даврон Кабулов: - (жиддий) 2014 йил 23 апрель куни тўйим. Тўй бўладиган жой аниқ, ташкилий масалалар ҳам тайёр бўлган, фақат... (бирдан кулимсираб) келин номаълум! (ҳамма бараварига кулиб юборади)
Миркомил Мусаев: - Агар шу кунгача келин топилмаса, биз “Тасвир” газетасида танлов ташкил қилиб, 23 коди орқали, ҳамма қизларнинг суратини йиғиб, “келин” мавзуси остида, танлаб берилади. (“Тасвир” газетасининг “Фототанлов” лойиҳасига инсценеровкаси)
- Нима учун айнан 23 ?
Даврон Кабулов: - Чунки, 23 севимли рақамим. Ҳозир 2323 сонли тўйхонани кутяпмиз.
Умид Ҳайдаров: - (самимий кулиб) Айнан, шу кун учун 23 чи тўйхона қурилади ва кейин бузиб ташланади. Чунки, тўйхоналарни санасак, 23 сонидан ўтиб кетиб қолибди.
Миркомил Мусаев: - (ҳазил билан) Лекин, бу аниқ 2023 йил содир бўлмайди!
- Қиз ҳам 23 ёшда бўлиши керак эмасми?
Миркомил Мусаев: - (ҳазил билан) Нега энди мумкин эмас? 23 коди остида бўлгандан кейин 23 ёш бўлиши мумкин, албатта. Фақат у ўша 23 ёшда қолсин!
(Давроннинг уйланиши ва 23 рақамига боғлиқ ҳазиллар тинмади. Бир муддатдан сўнг, яна суҳбатга қайтдик)
- Терма жамоа вакиллари келажакда қўшиқ ҳам куйлашингиз мумкинми? Яъни, улардан ҳам хонандалар чиқадими?
Даврон Кабулов: - Орамизда истеъдодлилар ҳам бор, куйлашяпти. Масалан, Алишер, Отабек, кўрик-танловларда, саҳнада қайсидир куйга қўшиқ куйлаш бўлади-ку.
Умид Ҳайдаров: - Масалан, ўтган йилги концертимизда, якунидаги қўшиқни Алишер, Даврон, Отабек қўшиқ айтишган.
- Профессионал даражадаги куйлашни назарда тутяпман.
Даврон Кабулов: - Концертлар учун, чиқишлардаги қўшиқларимизни студияда ёзганда, ҳар бир иштирокчининг индивидуал маҳоратига эътибор беришга ҳаракат қиламиз. Мисол учун, қўшиқнинг нолали жойларида, Аҳмад билан Отабек, замонавийроқ эстрада йўналиши бўлса, Алишер ва мен кўпроқ чиқамиз. Қизлардан эса, Шаҳло куйлайди.
Миркомил Мусаев: - (жиддий) Профессионал даражада мен кўпроқ чиқаман! (кулги тинмайди)
Умид Ҳайдаров: - Мен монолог ўқийман.
Миркомил Мусаев (жиддий): - Мен профессионал даражада қўшиқ куйламоқчиман, фақат хонандаларимизни руҳлантириш ва кўтариш учун! Томошабинлар “Улар ҳақиқатдан хонанда экан, булар эмас” дейиши учун!
Умид Ҳайдаров: - (самимий кулиб) Хонандалар ўзларида ҳали ҳам имконият борлигини билишлари учун!
- Томошабинларни янада ҳайратга солиш учун, концертда яна нималар қилиш мумкин, деб ўйлайсизлар?
Миркомил Мусаев: - (ҳазил билан) Пулини олиб қўйиш керак!
Даврон Кабулов: - (ҳазил билан) Ёки пул сочиб юбориш керак! (жиддийлашиб) Янгилик яратиш керак ва у янгилик умумий аҳлоқий меъёрлардан ташқарига чиқиб кетмаган ҳолда бўлиши керак. Ҳар куни ўзлари тўқнаш келадиган, лекин ўзлари сезмаган нарсани, саҳнага чиқиб, битта ҳазил орқали берсангиз, томошабинлар ўрниларидан туриб кетадиган даражада бўлади.
Миркомил Мусаев: - Вазиятдан фойдаланб, биз ўша ҳазилни олиб чиқмасак, ўша муддат ўтиб кетади. Бу нарса қайтиб келмайди. Шунинг учун ҳам вақт катта роль ўйнайди.
Умид Ҳайдаров: - Замон билан ҳамнафас бўлиш керак.
- Гапга устасизлар! Ҳаётда бировнинг гапига мот бўлган вақтларингиз ҳам бўлганми?
Даврон Кабулов: - Ҳеч кимнинг гапига мот бўлмаган инсоннинг ўзи бўлмаса керак! Минг сўз устаси бўлган тақдирингизда ҳам, вақти келса, сизга аталган битта қисқа гапга жавоб топиб бера олмаслигингиз мумкин. Бизнинг вазифамиз эса, иложи борича шундай вазиятлардан чиқиб кета олиш.
- Оила, муҳаббатнинг ҚВЗ терма жамоаси вакиллари ҳаётидаги ўрни?
Даврон Кабулов: - Муҳаббатнинг тагида ҳурмат бўлиши керак. Менимча муҳаббат билан қурилган оила ширинроқ бўлса керак. Энди Муҳаббат ва оиланинг ҚВЗ ҳаётидаги ўрнига келсак, муҳаббат ва оила, ҚВЗнинг репетициялари вақтли тугашига сабаб бўлади (кулади).
Алишер Ботиров: - Оила тарафлама кўп қаршиликлар ҳам бўлган. Ҳозирги кунга келиб тўғри тушунишади ва ишонишади.
Миркомил Мусаев: - Уйдан чиқиб кетаётганда, “бир ёққа кетяпман”, деб, ҚВЗ га репетицияга кетаётганимиз аниқ айтилмасди, баралла айта олмасдик. “Ҳозир, ярим соатда қайтаман”, деб чиқиб кетиларди. Ҳоҳлаган вақтда қайтиб келардик. Репетициялар айтиладиган бўлгач, эса “фалон вақтда қайтаман”, дейилса ҳам, ўша вақтда қайтилмасди. Ҳозир эса, репетиция десак, “эртага келасанми, индингами”, дейишади. Ҳозир оиламиздагилар ҳам кўникиб қолишган. Оилани ҳам қўллаб-қувватлаши ҚВЗ га катта ёрдам беради.
Умид Ҳайдаров: - Ҳозир оиламиздагилар бизни тушунишади.
Беҳзод Комилжонов: - Бошида ота-оналар қарши бўлишган. Вақт ўтиб, шу даражага эришилгач, уларнинг муносабатлари аниқ. Энг муҳими, фарзандларининг борадиган жойлари аниқ, нима билан шуғулланаётганликлари аниқ.
- ҚВЗ кеча ва бугун, қанчалик ўзгаришлар юз берди?
Даврон Кабулов: -ҚВЗ олдин хом-ашё бўлса, ҳозир тайёр маҳсулотга айланди! Бугун ёшлар учун мактабга айланди! Каналга айланди, инсонларни қувонтира олади, яхши кайфият тақдим этади!
Беҳзод Комилжнов: - ҚВЗ кеча, тор маънодаги талабалар ҳаёти бўлса, бугун кенг маънода ижрочилар дастури!
Миркомил Мусаев: - Кеча томошабинга биз таклиф билан чиққан бўлсак, ҳозир харидордан талаб бор ва таклифлар билан чиқишяпти.
- ҚВЗ да атрофдагиларга қанчалик ишонч бор?
Даврон Кабулов: - Деярли ҳамма билан яхши муносабатдамиз. Лекин, атрофдаги баъзи инсонларидан панд егандан кейин, масофани сақлашга тўғри келаркан. Лекин, ҳар доим янги танишувлар ва мулоқотлар учун очиқмиз.
Миркомил Мусаев: - Лекин, ҳеч қачон ҳеч кимга эшикни қарсиллатиб ёпмаганмиз.
Беҳзод Комилжонов: - Бир неча йил олдин баъзи бир ҳомийлар терма жамоамиздан ўзлари танлаган иштирокчиларни олиб, бошқа бир гуруҳ тузишга ҳам ҳаракат қилишган. Лекин, қўлларидагн келмаган, мана кўриб турибсиз, биз қанчалик аҳилмиз.
- Унда ҚВЗ муваффақиятининг сири аҳилликдами?
Даврон Кабулов ва Умид Ҳайдаров: - Шубаҳасиз, аҳилликда!
- Ижодда сизлар учун энг қийини?
Даврон Кабулов:- Мотивация! Ўзингизда ҳар доим мотивация топишингиз қийин. Масалан, саҳнага чиқдингиз, инсонлар ҳар битта гапингизга кулишяпти, қарсак чалишяпти, қувватлашяпти. Иккинчи марта ҳам, худди ўша нарса учун саҳнага чиқасиз, бундан ортиғини ололмайсиз. Ўшанда ўзингизни ўзингиз руҳлантиришингиз озгина қийин кечади. Концертга оз қолганда, инсонлар концерт ҳақида сиздан қизиқиб сўрашганида, бу нарса автоматик тарзда пайдо бўлади.
Умид Ҳайдаров: - Баъзида бир хил даражадаги кучли юморлар бўлиб қолса, дастурда қайси бирини биринчи қўямиз деб, танлашга ҳам қийналиб қоламиз.
- Агар жамоани кино жанрига ўхшатса?
Даврон Кабулов: - Беҳзод Комилжонов детектив, Миркомил Мусаев комедия, Алишер Ботиров саргузашт фильм, Аҳмад Темуров мультфильм, Умид Ҳайдаров жангари, Умид Умаров сериал, Отабек Мирзахолов миллий кино.
Миркомил Мусаев: - Даврон Кабулов мелодрама.
- ҚВЗ учун ижодда муҳими?
Даврон Кабулов: - Қайноқ юрак ва совуқ бош билан ишлаш! Мухлислар олдидаги масъулиятни унутмаган ҳолда, ташқи босимдан халос бўлиш!
Умид Ҳайдаров: - Биз бир жамоамиз ва битта иштирокчи келмай қолса ҳам билинади.
- Савол Даврон Кабуловга: Саҳнада концертни тугатгач, доим ўзингизга хос бўлган сўзларни айтасиз. Бу имиджми ёки, томошабинлар эътиборини қаратиш, айнан уларнинг ёдида қолиш учунми?
- Биласизми, танганинг ҳам икки тарафи бор! Концертга минглаб томошабинлар тушадилар. Уларнинг ҳам концертдан ўзларига нимадир олиб чиқиб кетишларининг масъулиятини олиб чақиряпмиз. Биз тақдим қилаётган ҳазиллар шунчаки 5 дақиқалик кулги бўлиб қолмаслиги учун, бизни қийнаётган қайсидир мавзуларда инсонларни яхшиликка чорлайдиган, ўзаро муносабатларни шакллантирадиган, Ватанга, оилага, ота-онага ҳурмат ҳиссини тарбиялайдиган гапларни айтамиз. Ўзимга, баъзан “шу гапни айтиш сенгами?” дейман ҳам. Лекин, “сенга бўлмаса кимга?”. Кимдир гапириши керак! Масалан, бу йилги апрель ойидаги концерт якунида айтган гапларим фақат қизларга эмас, ота-оналарга ҳам, йигитларга ҳам тегишли эди. Агар ён атрофингиздаги турли салбий ҳолатларни кўриб, шу гапларни айтмаётган бўлсангиз, билингки, сиз одамгарчиликдан чиқиб кетибсиз.
- Кейинги савол ҳам Даврон Кабуловга: ТВМ даги кўрсатувда чиқишларингизга кўп эътирозлар бўлмоқда. Муносабатингиз?
Даврон Кабулов:- Ижодкорда ҳар хиллик бўлиши керак. Мен 5 йил давомида, етарли муддат информацион дастурда бошловчилик қилдим. Ўта жиддий дастур эди! Энди эса, юмор билан бойитилган ва мутлақо янгича кўринишдаги замонавий лойиҳада кимдир ҳазм қила олмаслигини олдиндан билардим. Лекин, мен 40 йил бир хил йўналишдаги дастурда бошловчилик қилсам, бу мени энг катта хатойим бўларди. Бугун замонавий йўналишдаги юморли кўрсатувда чиқсам, эртага яна бошқа кўрсатувда ҳам чиқишим мумкин. Бугун мен чиққан кўрсатувни кўраётган аудиторияга, эртага чиқадиган кўрсатувим 100 фоиз ёқишига ҳеч ким кафолат бера олмайди! Энди кўрсатувга нисбатан эътирозларга келсак, бизгача у форматда кўрсатув бўлмаганлиги учун, деб ўйлайман. Кўрсатувни чет эл кўрсатувларидан кўчирилган деган фикрга муносабатим. Бу кўрсатув кўчирилмаган! Чунки, бу дунё телевизион йўналишида деярли жанр даражасига етган! Бу аслида Британия лойиҳаси бўлиб, Британиянинг ўзида жанр даражасига кўтарилган! Агар бизнинг баъзи томошабинлар, ўзини юксак даражада дунёқараши кенг деб, ўша кўрсатувни қиёслаётган кўрсатувларини бир-иккита сонини кўриб олиб, “Булар ўғирлаяпти, саводсиз” деб ўйлаётган бўлса, бу менинг муаммойим эмас!
- Савол Беҳзод Комилжоновга: - Терма жамоада шунча характердаги инсонлар, сиз уларни қандай қилиб бир жойга жамлайсиз? Қандай қилиб фикр бир жойдан чиқишига уларни кўндирасиз?
Беҳзод Комилжонов:- Бунинг учун терма жамоа аъзоларига раҳмат, керак жойда мени эшитиб хўп деганлари учун! Тўғриси, ҳаммасини ҳам характеридан келиб чиқиб муомала қиламан. Агар вазиятлар бўлса, ҳаммани олдида гапираман, мақтовми, изза қиляпманми, керак бўлса ўзи тушуниб олади. Баъзида, гапирмайман, уни ҳам ўзлари тушуниб олишади.
- Савол Беҳзод Комилжоновга: - Фикрингизга ким кўпроқ қарши чиқади?
Беҳзод Комилжонов: - Баъзида баравар қарши чиқиб ҳам қолишади. Мен ҳам атайлаб қилмайман. Миркомил ва Аҳмад билан вазият осонроқ. Даврон, Умид Ҳайдаров, Отабек вақти келса, характер кўрсатиб, бироз эркалик қилиб туришади.
- Гуруҳнинг 3- 4 аъзосидан ташқари, бошқа аъзолари негадир ижодда сал пассивроқроқдек... Уларнинг ўзларида ҳоҳиш камроқми?
Миркомил Мусаев: - Ҳаммамизга ҳам ижоднинг қайсидир йўналиши бўйича таклифлар бўлган. Лекин, ўз ўрнида ҳар бир инсон мана шу ҚВЗ терма жамоаси ичида, бу борада маслаҳатлашади. Шу нарса ўринлими йўқми, деб фикрлашилади. Агар “йўқ” дейилса, унда бу таклиф унга тўғри келмайди, ёки ўринли таклиф бўлмайди.
Даврон Кабулов: - Масалан, Ахмадни шу вақтгача кинода тушмагани, бундан кейин тушмайди, дегани эмас. Ёки мени клипда чиқмаган бўлсам, бу менга клипдан таклиф йўқ, дегани эмас.
Умид Ҳайдаров: - Ижоддан ташқари ҳам, ҳамманинг ўз иши бор, вақт масаласи ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам, бу ҳолат вақтинчалик бўлиши мумкин.
- Мавзуларни нимага асосланиб танлайсизлар?
Даврон Кабулов:- Асосан, ҳаётда оламиз, қўл урилмаган мавзуларни танлаймиз. Кейин махсус эффектдан фойдаланиладиган нарсаларга ҳам алоҳида аҳамият берамиз. Инсонлар кўрганида кутилмаган нарса чиқиб қолади. Томошабилар талабига ҳам эътибор берамиз.
- Сизларни дастурингиздаги баъзи номерларни қайсидир гуруҳлардан олинибди, деган фикрга муносабатингиз?
Даврон Кабулов: - Ўша қайсидир гуруҳларни бизнинг йигитлар тайёрлашарди ва уни бошқа ёшроқ жамоаларда синаб кўришарди! Шу билан ўша номерларни синовдан ўтказиб, тайёрлаб олардик. Ҳар битта ҳазилни намойиш қилаётганда, шу ҳазил томошабинларнинг эътиборига сазовор бўладими, юз фоиз кафолат бера олмайсиз. Ҳар доим таваккалчилик бўлади. Лекин, бу йилги янги концертда мутлақо янги дастурни ҳавола этиш ниятидамиз! 90 фоиз янги кўрилмаган, ҳали ҳеч қаерда намойиш қилинмаган ҳазиллар!
- ҚВЗ учун концерт қандай аҳамиятга эга?
Беҳзод Комилжонов:- ҚВЗ учун концерт пул топиш манбаи эмас! Гастролларга ҳам ўзимизча эмас, таклиф бўлганига борамиз.
Алишер Ботиров: - Концертда зал тўлиши бу, биз учун қанча томошабин тушибди эмас, мухлислар билан дийдорлашувдир! Улар билан саҳна орқали кўришиб, кулдириб, хурсанд қилиш учун! Тушадиган маблағни санаш учун эмас.
Даврон Кабулов: - Пул биринчи ўринда эмас, лекин охирги ўринда ҳам эмас. Интервью давомида кўп ишларни ўзимиз қилишимиз ҳақида айтиб ўтдик. Бу нарсани манманлик сифатида тушунмасликларини ҳоҳлардим. Чунки, ҳозир бизнинг ҳар битта қиладиган ишимиз томошабин, мухлислар учун, агар эртага томошабин бизнинг ҳазилларимизни ҳазм қилмайдиган бўлса, унда бизнинг саҳнага чиқишимиздан ҳам маъно қолмайди. Биз кўп нарсаларга ўзимиз эришдик дегани, бошқа ёшларда ҳам бунга имкониятлар бор деганимиздир. Ҳаётда ҳаммани ҚВЗ дан ташқари ҳам ўз қобилияти бор. Ёшлар шу нарсани унутмасликларини ҳоҳлардим, аҳмоқ фақат олдидаги тўсиқларни кўради, ақлли инсонлар эса, имкониятларни кўрадилар. Имкониятларни кўришларига умид қиламиз. Масалан, (самимий) уларда ҚВЗ нинг концертига тушиш имконияти бор!
- ҚВЗ жамоаси тўйларга чиқадими?
Беҳзод Комилжонов:- ҚВЗ терма жамоасининг бир аъзосигина тўйга чиқади. ҚВЗ терма жамоаси тўйга чиқмайди! Жуда кўп марталаб тўйларга таклиф қилинган ва таклиф қилиб келинмоқда. Лекин, ҚВЗ тўй учун эмас! Орамизда “тўйга чиқиб кўрайлик, мана шу номерларимизни намойиш этайлик, илтимос қилишяпти”, деганлар бўлган. Шундай деганларга, “чиқсанг чиқавер, лекин ҚВЗ га қайтиб кирмайсан” деганман. Шундан сўнг, бўлди, чиқмайман, дейилган. Лекин, бошқа йигитлар билан тўйга чиққан экан. Ҳозир ўша иштирокчини сафдан чиқарганмиз.
Даврон Кабулов: - Мени бошловчи сифатида тўйга чиқишимни ҚВЗ га алоқаси йўқ. Чунки, мен тўйни бутунлай бошқа форматда олиб бораман! Лекин, кейинчалик ҚВЗ терма жамоаси фақат битта тўйда чиқиш қилиб беришади, деб ўйлайман.
Беҳзод Комилжонов: - Лекин, ўзимизнинг дўстларимиз, иштирокчиларимизни тўйида, чиқишимизни совға қилишимиз мумкин.
Даврон Кабулов: - Ҳозиргача фақат Алишернинг тўйида чиқиш қилганмиз ва унга атаб, Миркомил акам, Отабек, Умид ва мен махсус попурри ҳам ёздирганмиз, ижро қилганмиз. (самимий ҳазил билан кулиб) Буни санъатимизга қилинган суиқасд деб баҳолаймиз! Шундан сўнг, баъзи гуруҳларда, “юлдуз” бўлишларига ишонч пайдо бўлган бўлса ажаб эмас! Ўша қўшиқ куйлангандан кейин Миркомил акамга энг катта студиялардан “қўлингизга иккинчи микрофон олманг” деган таклифлар тушган. (ҳамма кулиб юборади)
Миркомил Мусаев (кулиб): - Шунинг учун ҳам, мен ҳозирги кунда учинчи ва тўртинчи микрофонларни олиш билан бандман.
Саида Вахобова
"ТАСВИР" ГАЗЕТАСИДА ЧОП ЭТИЛГАН