FATTOHHON.COM
« Все новостиШу кунларда юртимизда “Тирилган Эртўғрул” тарихий турк сериали юртимизда ўзига хос қизиқиш билан кўрилмоқда. Томошабинларда турк фильм ва сериалларига талаб катта. Айниқса, тарихий турк сериалларига қизиқиш жуда ҳам кучли. Шуни инобатга олган ҳолда, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков ташаббуси билан “Тирилган Эртўғрул” тарихий турк сериалининг режиссёри, сценарий муаллифи, “Текден фильм” ва “Бўздағ фильм” Бошқарув кенгаши раиси Меҳмет Бўздоғ юртимизга таклиф этилди.
15 октябрь куни юртимизга ўз жамоаси “Simit Sarayi” бренди соҳиби, йирик тадбиркор-инвестор Холуқ Ўқутур, Ресторанлар соҳасида тадбиркор, инвестор Умар Сайфи Актулун, Стратегик тафаккур Институти Васийлик Кенгаши аъзоси, “Дирилиш-Эртуғрул” сериалининг илмий маслаҳатчиси Синан Товуқчидан иборат делегация билан шахсий самолётида етиб келган Меҳмет Бўздоғ Озодбек Назарбеков бошчилигида муносиб кутиб олиниб,
Маданият вазирлигининг Мажлислар залида юртимизнинг мард тарихий қаҳрамонларидан бири бўлмиш Жалолиддин Мангуберди ҳаётига оид, “Жалолиддин Мангуберди” фильм-сериалини суратга олиш масалаларига бағишланган Матбуот анжумани ташкил қилинди.
Мазкур анжуманни бир фарқли жиҳати, анжуман бошланишида Тарихий либослардаги фильмлар қаҳрамонлари Анжуман иштирокчиларига таништириб ўтилди.
Анжуман доирасида Халқаро пресс-клуб ташкил этилиб, унга Шерзод Қудратхўжаев бошчилик қилди.
Анжуман давомида Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков,
Меҳмет Бўздоғ, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокировга сўз берилди.
Озодбек Назарбеков Жалолиддин Мангуберди ҳақида фильм-сериал олишга, бу тарихий қаҳрамон ҳақида турк ёзувчисининг “Хоразм” асари, ўша асардан руҳланган ҳолда ўзи куйлаган “Мендирман” қўшиғи ва унга суратга олинган катта масштабдаги тарихий клип ҳақида айтиб ўтгач, ўз сўзини ижодий ҳамкорликка йўналтирган ҳолда “Биз маънан бир-биримизни топдик” дея, ўзбек ва турк халқларини бир-бирига тил, маданият ва қадрият тарафлама ҳам яқинлиги ҳақида ўз фикрларини баён этди.
“Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров эса, юртимизда суратга олинган айрим тарихий фильмларни санаб ўтар экан, турк киноижодкорлари билан ҳамкорлик ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Сўзга чиққан Меҳмет Бўздоғ Ўзбекистонга ташрифидан мамнун эканлигини билдириб, ҳаттоки энг севимли китоби ўзбек ёзувчиси Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” асари эканлигини ҳам айтиб ўтди.
Шундан сўнг, ОАВ вакиллари томонидан Меҳмет Бўздоғга саволлар берилиб, тегишли жавоблар олинди.
Жумладан, Fattohhon.com сайти журналисти Саида Вахобованинг айнан Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” асари ҳақидаги саволига ва яна бир ўзбек киноижодкорларига оид саволига, ҳамда бошқа ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга берилган жавоблар видеоси, яқин соатда Youtube даги Fattohhon.com каналида!
Жумладан, саволлардан айримлари “Жалолиддин Мангуберди” тарихий фильм-сериалига оид бўлиб, унда турк ва ўзбек актёрлари ҳам суратга тушадиларми? Кинога актёр танлаганингизда қайси жиҳатларига эътибор берасиз? Агар юртимиздаги тарихий шахслардан бирини танлаб фильм яратиш имкони бўлса, Жалолиддин Мангубердидан ташқари яна қайси тарихий қаҳрамонни танлашингиз мумкин? каби саволлар бўлиб, буларнинг барчасига Меҳмет Бўздоғ томонидан мазмунли жавоб қайтарилди.
Шунингдек, Анжуман якунида Меҳмет Бўздоғ Ўзбекистон Республикаси Президентига ўз миннатдорчилигини билдириб, икки қардош халқлар ўртасида ҳар тарафлама ҳамкорлик ривожланиб бораётганлиги, маданият, санъат ва кино соҳасига берилаётган эътиборни алоҳида эътироф этиб ўтди.
Шу билан бирга Меҳмет Бўздоғ Самарқандда Халқаро кинофестиваль ўтказиш таклифини билдириб, бу ўзбек ва турк киноижодкорлари ўртасида ижод тарафлама ҳамкорликка сабаб бўлишини айтиб ўтар экан, “Дунёнинг икки дурдонаси Самарқанд ва Бухоронинг эгасисиз!” дея алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, “Жалолиддин Мангуберди” фильм-сериалининг яратилишига ўз ҳиссаси қўшилиши мумкинлигидан мамнунлигини билдириб, яратилажак фильм-сериал ҳақида эзгу ниятлар билдирди. Ўз навбатида бу тарихий қаҳрамонга нисбатан ҳурмати чексиз эканлигини ҳам айтиб ўтди.
Анжуман якунлангач Меҳмет Бўздоғ меҳмондўстлик учун ташаккур билдириб, Озодбек Назарбековга “Тирилган Эртўғрул” сериалидаги бош кийим, махсус узук ва байроқни ҳадя қилди!
Икки халқ ижодкорлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик абадий бўлишига тилакдошмиз!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
МАТБУОТ АНЖУМАНИДАН ВИДЕОЛАР, ОЗОДБЕК НАЗАРБЕКОВ ВА МЕҲМЕТ БЎЗДОҒ ФИКРЛАРИ ВИДЕОДА ЯҚИН СОАТЛАРДА!
Фотолар Маданият вазирлиги Матбуот хизмати