FATTOHHON.COM
« Все новостиМаданият вазирлиги Матбуот хизмати маълумотига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани “Кўк сув” кўли бўйида вилоятлардан ва барча туманлардан келган ошпазлар иштирокида “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” номли Халқаро экофестивал доирасида, “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” номли гастрономик Халқаро фестивали ўтказилди.
Ошпазларнинг маҳорати билан тайёрланган таомлар Фестивалга ташриф буюрган барча иштирокчиларни лол қолдирди, жумладан балиқдан манти, чучвара, нон, чебуреки, сомса, 10 хил шўрва, 15 хил қозон-кабоблар, дудланган, қовурилган, қайнатилган, димланган, чўғда пиширилган балиқлар, ранг-баранг таомлар нафақат кўриниши, балки мазали ҳиди билан ҳам барчани ўзига тортди.
Бундан ташқари қўл бўйида фольклор жамоалари иштирокида миллий куй ва қўшиқлар, ҳудуднинг урф-одатлари акс эттирилган саҳна кўринишлари ижро этилди.
Куннинг иккинчи ярмида Очиқ осмон остидаги "Кемалар музейи" олди “Маёк” бўйида “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” номли Халқаро Экофестивалига бағишланган Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигига қарашли Ихтисослаштирилган Нукус маданият мактаби, Нукус шаҳри ва Мўйноқ тумани болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчи ёшларининг экология мавзусида расмлар чизиш машғулотлари,
“Орол менинг тақдиримда” мавзусидаги Ўзбекистон Республикаси Бадиий Академияси Қорақалпоғистон бўлими рассомлари кўргазмаси, «Фермер бой, халқ фаровон» мавзусида Мўйноқ, Қўнғирот, Қонликўл, Шўманой, Хўжайли туманлари деҳқон фермер ҳўжаликларининг "Ҳосил кўргазма"лари, “Жонли табиат” мавзусидаги гулчамбарлар намойиши, шунингдек экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан ташкил этилган кўргазмалар намойиши бўлиб ўтди.
Фестиваль доирасида “Орол балиқларидан 99 тур таомлар” номли гастрономик халқаро фестивали ва “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” мавзусидаги Халқаро Экофестивали ғолибларини тақдирлаш маросими ва гала концерт ташкил этилди.
Очиқ осмон остидаги "Кемалар музейи" олди “Маёк” бўйидаги саҳнада Халқаро фестивал якуни билан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон санъат арбоблари, таниқли ёш эстрада хонандалари иштирокида гала концерт дастури асосида ўтказилди.
Мазкур Тадбирда Ўзбекистон Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков,
ҳамда Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари Камола Акилова иштирок этди.
Очиқ осмон остидаги "Кемалар музейи" ёнида “Қур” (гулҳан) атрофида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ бахши ва жировлари, фольклор жамоаларининг халқ достонларидан парчалар ижроси, қиз-йигитлар айтишувлари бӯлиб ӯтди.