FATTOHHON.COM

« Все новости

2 ОЙЛИК ҚИЗАЛОҚ МУВАФФАҚИЯТЛИ ОПЕРАЦИЯДАН СЎНГ... 18.01.2013 06:49

do-operacii.jpg
 
Ҳаётга қайтган Муслима...
 
1 йилу 3 ой илгари “Аёллар кенгаши” бирлашмасига ёш она Дилором Султонова қўлидаги 2 ойлик гўдаги билан кириб келганида, ранги оқариб кетган,  қўрқувдан  дағ-дағ титраётган эди. Дарҳол ундан ҳол-аҳвол сўраб, хонага таклиф қилинди. У эса, қўлидаги қизалоғи туғма юрак  нуқсони билан хасталанганини ва маҳаллий шифокорлар операцияга 30 фоизгина кафолат беришаётганлигини айтди. Зудлик билан болани 15 кун ичида операция қилиш зарурати ва бу операцияни айнан Ҳиндистонда ўтказиш лозим эди...
Ўшанда 2 ойлик Муслиманинг ҳаёти учун жонини ҳам беришга тайёр бўлган онанинг нолалари худога етиб, бирлашма ҳомийларидан бири операцияни амалга ошишида ўз ёрдамини беришини билдирди!
 
2011 йилнинг 16 июнь куни эса,  Дилором Султонова  2 ойлик қизалоғи  Муслима билан Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрига учиб кетишди.
doktor-narezh-trihan.jpg
“Medantа” клиникасининг етук мутахассисларидан бири доктор Нареж Трихан қизчанинг ҳаётини сақлаб қолишга муваффақ бўлди! Операциядан муваффаққиятли чиққан Муслима  22  кун давомида клиника шифокорлари назоратида бўлиб, 8 июль куни Тошкентга қайтди. Куни кеча “Аёллар кенгаши” вакилларини байрам билан табриклаш учун онаси билан келган қизалоқ, ўша Муслима эди. Унинг ширингина қиз бўлиб қолганини кўриб, қувондик. Анчагина шўх қизалоқ бўлибди. “Юрагида ўти бор буни”, - дейди онаси Дилором ҳам.
 
india-1.jpg
Дилором Султонова, Муслиманинг онаси:
 
-         Ўша кунларим ёдимга тушса, алланечук бўлиб кетаман. Боламни йўқотиб қўйишдан жуда қўрққан эдим. Худога минг бора шукр, бугун қизимнинг соғлиги жойида! Менга оғир кунимда кўмак берган “Аёллар кенгаши”га ва у ердаги хомийларга катта раҳмат айтмоқчиман.  Бу савоб ишларнинг ҳаммасига Гулнора опа сабабчи. У кишининг ташаббуси билан  ташкил этилган бирлашма, бугун мен каби иложсизлик  исканжасида қолганларга ёрдам қўлини чўзмоқда! Мен ва турмуш ўртоғим, фарзандимиз ҳаётини асраб қолган инсонлардан бир умр қарздормиз. Қизимнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати бу яхши инсонларни ёдимга солади. Ҳозир қизчам жуда шўх бўлган. Ҳатто, баъзида 5 ёшли  опасини йиғлатиб ўтиради. 2 ой муқаддам биринчи қадамини ташлади. Тўғриси, унинг ҳамма болалардек бенуқсон катта бўлаётганидан  бахтиёрма!!  Яқинда  ҳиндистонлик шифокоримиз  Нареж Трихан Тошкентга ташриф буюрди. Қизим  билан уларнинг кўригида бўлдик. Саломатлиги кутилганидан ҳам аъло экан. Эшитиб йиғлаб юбордим.  Бугун  юрагимда беҳисоб шукрона билан яшаяпман. Тилагим ҳеч қачон, ҳеч кимнинг фарзанди касал бўлмасин!
posle-operacii-s-pravoy-muslima.jpg
 
Муслимахонга: “Яна келасанми?”-деб савол берсак, “ҳа” дегандек бошини қимирлатди. Юрагимиз қушдай енгил тортди. Бу савобнинг, меҳрнинг, яхшиликнинг сеҳридан бўлса керак!

             МЕҲРОНА  

india-3.jpg