FATTOHHON.COM
« Все новости
“ҲАЁТ УЧУН!” КЎКРАК БЕЗИ САРАТОНИГА ҚАРШИ! 18.01.2013 07:23

Кўчма бригада Хоразмда фаолият бошлади
2012 йилда “Ҳаёт учун!” миллий уюшмаси томонидан аёллар орасида кўкрак бези саратонини олдини олиш бўйича ва шу хасталикка чалинган аёлларга кўмак бериш борасида, улкан хайрли ишлар амалга оширилди. Art Week Style.uz-2012 доирасида бўлиб ўтган иккинчи хайрия Гала-кечасида, уюшма Ташкилий қўмитаси раиси Гулнора Каримова ҳар бир вилоят онкология диспансерига электрокардиография жиҳозлари, операция столлари, эндоскопия асбоблари сингари кўплаб тиббиёт ускуналарини тақдим этиш учун сертификатлар топширди. Хасталикка чалинган аёллар тақдирига бефарқ бўлмаган 500 га яқин замондошларимиз, улкан хайрли ишнинг дарёсига ирмоқ бўлиб қўшилдилар ва гала кечада иштирок этдилар. Бу билан улар бугун шу хасталикдан жабр кўриб, яхши инсонлардан нажот излаганларнинг кўнглига мадор, дардига дармон бўлдилар.

Кечанинг хайрли мақсадлари, хайрли ишларда ўз натижасини кўрсатди. Шунингдек, Гала-кечада Тошкент, Хоразм ва Фарғона вилоятидаги онкология диспансерларига “Дамас” автомобили совға қилинди.
Бугунги кунда эса, ушбу кўчма бригада Хоразм вилоятида ўз фаолиятини бошлади.
Полвонназар Машарипов, тиббиёт фанлари номзоди, Хоразм вилоят онкология диспансери бош шифокори:
- Энг долзарб мавзу устида иш олиб бораётган “Ҳаёт учун!” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси биз шифокорларни чексиз қувонтирди. Яқинда ушбу ташкилот томонидан ўтказилган Хайрия гала-кечасида, Фонд Форум рағбати билан бизнинг Хоразм вилоят онкология диспансерига “Дамас” санитария автомобили туҳфа қилинди. Биз 2012 йил охирида ушбу микроавтобусни қўлга киритдик. Бу совға бизнинг жамоамиз ҳаётида катта воқеа бўлди! Оғир аҳволдаги беморларимиз ёнига бемалол бориб, уларнинг ҳолидан хабар олиш имкониятини берган бу ташкилотга, биз бутун Хоразм аҳли ва жамоамиз номидан раҳмат айтмоқчимиз.
Кўчма бригада таркибида онколог-шифокорлар – маммолог, гинеколог, жарроҳ, ультратовуш тадқиқоти бўйича мутахассис бўлиб, гуруҳнинг жойларга боришдан мақсади, мазкур касалликнинг олдини олишдир. “Дамас” автомобили “Ҳаёт учун!” миллий уюшмаси ва Фонд Форум томонидан Фарғона ва Тошкент вилоят онкология диспансерларига ҳам тақдим этилган эди.
Гулзира Солиҳова, уй бекаси, Хоразм вилояти:
- Мен 4 йил олдин кўкрак бези саратони билан хасталанганимни билганман. Диспансер шифокорлари дархол ёрдам қўлини чўзишди. Ҳаётга, яшашга бўлган умидимни узмадим. Касаллик билан курашдим. Бугунги кунда “Ҳаёт учун!” уюшмасидек ғамхўр ташкилотлар борлигидан фахрланаман. Хоразмда ўтказилаётган ҳар бир хайрия лойиҳасида иштирок этиб келяпман. Яқинда бепул тиббий текширувлар ташкил қилинди. Пойтахтдан малакали шифокорлар келишди. Мен қўшниларимни ҳам ўзим билан бирга олиб келдим. Улар маммолог, гинеколог ва рухшунос қабулида бўлдилар. Мен мазкур акциянинг ташкилотчиларига бутун хоразмлик аёллар номидан раҳмат айтмоқчиман.
Кўчма бригада ва жойлардаги текширувлар аёлларимизда кўкрак бези саратонини олдини олишда муҳим аҳамият касб этиб, бу хасталикка чалинганларга эса, катта ёрдам бўлмоқда.
МЕҲРОНА