FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман судининг ташаббуси билан “Конституция-демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг кафолати” мавзусида Давра суҳбати ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикасида демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти барпо этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини таъминлаш, унинг турмуш фаровонлигини ошириш ва жамиятда адолат тамойилини батамом таъминлашдан иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев ўзининг маърузаларида ҳам бир неча бор жамият ҳаётида қонунийликни ва айниқса адолат устуворлигини таъминлаш, бугунги куннинг долзарб вазифаси эканлигини алоҳида таъкидлаган эди.
Ўтган 2 йилдан ортиқроқ муддат давомида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, авваламбор, инсон шаъни ва қадр-қимматини, унинг Конституцияда акс этган ҳуқуқ ва манфаатларини янада кенгроқ рўёбга чиқариш ва уларни бир хилда ҳимоясини таъминлашдан иборатдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, Давра суҳбати давомида Конституциямизнинг мазмуни ва унда фуқароларнинг ҳуқуқлари кафолати сифатида белгиланган моддалар моҳияти юзасидан сўз юритилди.
Тадбирда сўзга чиққан туман суди судьялари Конституцияга биноан, ҳокимиятлар бўлиниши принципи ва давлат ҳокимияти тармоқларининг ваколат ва вазифалари ҳамда, ушбу ҳокимиятлар тизимида суд ҳокимиятининг ўрни ҳақида тўхтатилиб, шунингдек мамлакатимизда охирги йилларда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар мазмуни ва амалдаги қонун ҳужжатларига биноан янгича мазмунда белгиланган судлар фаолияти тўғрисида батафсил маълумот бердилар.
Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти аввало, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини биринчи ўринга қўйиш ва одил судлов фаолиятини амалга ошириш жараёнида фуқароларнинг манфаатларини мустаҳкам кафолатлашдан иборатдир.
2017-2018 йиллар давомида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинларини ҳамда, қонуний манфаатларини янада кенгроқ таъминлаш учун суд-ҳуқуқ соҳасида бир қатор тарихий аҳамиятга молик ислоҳотлар амалга оширилиши баробарида ўта муҳим қонун ҳужжатлари ҳам қабул қилинди.
Хусусан, умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, фуқароларнинг илғор таклиф ва тавсиялари билан янада бойитилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947 –сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, келгуси беш йилдаги тараққиётимизнинг асосий йўналишларини белгилаб бериши баробарида, халқимизнинг муштарак орзу-умидлари рўёби учун хизмат қиладиган концептуал ҳужжат сифатида муҳим аҳамиятга эгадир.
Ушбу концепцияда белгиланган вазифалар қабул қилинган бир неча ҳужжатларда акс этиб, белгиланган чора-тадбирларнинг аксарияти бугунги кунда ўз ижросини топмоқда.
Жумладан, Суд ҳокимияти фаолиятига оид муҳим ҳужжат сифатида 2017 йил 1 февралдаги “Суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4966-сонли Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонидир.
Мазкур Фармонда:
- Судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган ва Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашини ташкил этиш;
2017 йил 1 июндан:
- Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судини бирлаштириш, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи-Ўзбекистон Республикаси Олий судини ташкил этиш;
- Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларини, туман (шаҳар) маъмурий судларини ташкил этиш вазифалари қўйилган эди.
Бугунги кунда ушбу вазифалар амалда ўз ижросини топди ва судлар том маънода фуқароларнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқларини таъминловчи органга айланиб бормоқда.
Мамлакатимиздаги бугунги ислоҳотларнинг самарали тарзда амалга оширилиши давлат ҳокимияти тизимида фаолият кўрсатаётган барча раҳбар ва масъул ходимларнинг ўз хизмат бурчини адолат мезонлари асосида садоқат ва масъулият билан бажаришида ҳеч шубҳасиз, ҳал қилувчи ўрин тутади.
Давра суҳбатида шу хусусда сўз юритилиб, унда иштирок этган ёш талабалар ва институтнинг профессор ўқитувчилари ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволлар мурожаат қилиб, мазкур тадбирнинг интереактив очиқ мулоқот шаклида ўтишини таъминладилар.