FATTOHHON.COM
« Все новости17 декабрь куни «Ориат доно» радиосининг туғилган куни бўлиб, шу куни мазкур радионинг ўз фаолиятини бошлаганига 14 йил тўлди!
Шу куни радионинг аввалги жамоаси вакиллари, дўстлари, яқинлари табриклашди! Телефон қўнғироқлари ҳам тинмади.
Биз ҳам «Ориат доно»ни туғилган куни билан радиога келиб табрикладик!
Биз келган вақтда, эфир хонасида “Ориат доно”нинг жонкуяр журналистлари Акмал Мирзо, Баҳодир Мағдиев, Дилором Отахонова, Саидолим Турдибоев, ҳамда радио ижодкор Умидахон жуда қизиқарли эфир олиб боришаётган эди.
Эфир давомида улар радиодаги фаолиятлари давомидаги қизиқарли воқеаларни тингловчилар билан бўлишдилар.
Акмал Мирзо ҳозирги кундаги таниқли бошловчи “Миллион” жамоаси вакили Даврон Кабулов билан боғлиқ қизиқарли воқеани айтиб берди. Маълум бўлишича, Даврон Кабулов ҳам “Ориат доно” радиосида фаолият олиб борган ва кунлардан бири куни микрофонни ёқиб олган ҳолда, “студияда Даврон Қобулов, студияда Даврон Кабулов” деб “репетиция” қилган ва ҳаттоки, Акмал Мирзога “Даврон Қобулов деганим маъқулми, ёки Даврон Кабуловми?” деб сўраган. Акмал Мирзо эса, “маъқулини маъқул дегин” деб жавоб қайтарган. Бу ҳолатни эфирга кетганлигини Даврон Кабуловнинг ўзи сезмаган! Кейинчалик маълум бўлган. Натижада, ўша эфирдан кейин, у Даврон Кабулов эфирга бўлиб чиқа бошлаган! (Ундан олдин эса, Даврон Қобулов бўлиб чиққан экан!) Яъни, бир тўхтамга келинган!)))))
Ўз навбатида Саидолимхон Турдибоев ҳам, радиода Дилором Отахонованинг эфиридаги кутилмаган воқеалар ҳақида, гапириб берди. Айнан, Дилором Отахонованинг эфирида нимадирлар содир бўлишини айтиб, бир куни Африкада паром чўкканлиги, бир неча киши вафот этганлиги, қанча одам бехабар кетганлиги ҳақидаги хабарни эфирда ўқиётган вақтида, хабарни тугатгач, кейингисига ўтиш олдидан махсус товушли “шпилька” янграши керак экан. Аммо, қайсидир радиоэшиттиришда эса, “бўларкану” деган “шпилька” бор экан. Саидолимхон Турдибоев кема ҳалокати ҳақидаги хабарни ўқигач, кутилмаганда товушли “шпилька” ўрнига, “бўларкану” дегани эфирда янграб қолган!))))
Дилором Отахонова ҳам, ўз навбатида Даврон Кабулов ва Саидолимхон Турдибоев эфир олиб борган вақтида пультни бошқарганлиги, улар кулганда, уларга қараб кулиб юборишларини айтиб ўтди.
Акмал Мирзо эса, радиобошловчилардан Нафиса Сафаровани ўзига хос овози, ҳамда радиодаги фаолиятини бошлаган вақтларида, бир куни “Олам 60 сония”ни ўқиш вақтида, ўқимай ўтирганлиги, кейин эса, Акмал Мирзо “нега ўқимаяпсиз?” деганда, “сиз чиқиб туринг, ўзим ўқийман” деб, жавоб қайтарганлигини ҳазиломуз тарзда ҳикоя қилиб берди.
Баҳодир Мағдиев эса, фурсатдан фойдаланиб, Нафиса Сафарова, Даврон Азизов, Жаҳонгир Мақсудов, Абдумалик Тўйчибоев, Аброр Мирзо, Ботирхон Имомхўжаев, Нажот Нурга миннатдорчилик билдирди.
Саидолимхон Турдибоев одатда “Олам 60 сония ичида” эфирга кетишдан олдин соат чиқиллашидан сўнг, бир гал радиобошловчи эфирга чиқмай қолганлиги, сўнг кутилмаганда “60 сония ичида ҳеч нарса содир бўлмабди” деган гап янграганлиги билан боғлиқ воқеани ҳам айтиб берди.
Албатта, ҳеч ким ўзини кулгидан тўхтата олмади!)))))
Баҳодир Мағдиев ҳам, “Рамазон фонуси” билан боғлиқ қизиқ ҳодисани айтиб берди. Одатга кўра, навбатчиликда қолган радио ходими “Рамазон фонуси”ни маълум бир вақтда эфирга қўйиб туриши керак экан. Ирода Абдулазиз ва Афзал Рафиқов эса уни ҳар гал ёзиб ташлаб кетишар экан. Бир куни радиобошловчилардан Санжар навбатчиликда қолиб, Баҳодир Мағдиевдан “мусиқий занжир кетма-кетлиги қўйилганлиги” ни сўраб олган. Баҳодир ака ҳам, ҳаммасини жойига қўйиб, фақат соат 04.30 дан 05.00 гача “Рамазон фонуси”га жой ташлаб кетган. Радиобошловчи Санжарнинг эса, “Рамазон фонуси”ни эфирга бериш ёдидан чиқиб қолган! Натижада, соат 04.30, 04.40 да «Рамазон фонуси» ўрнига соат чиқиллашию, “Ориат донода аниқ вақт соат 05.00” деган сўз янграган!))))
Акмал Мирзо: - Зўри бор! Мени “Ориат доно”да фаолият олиб бораётганимга 10 кун бўлган, тахминан 2006 йил апрель ойига яқин, уйда радиони онамлар билан тинглаб ўтирибмиз, “кун сарҳисоби” деган нарса бор эди, яъни тингловчига куннинг исталган бирор вақтида “Ориат доно”да нима бўлганлиги ҳақида савол берилади ва тингловчи жавоб бериши керак. Баҳодир Мағдиев эфирда, онамлар уларни “бу жуда зўр бошловчи, ширинсухан бошловчи, пурмаъно гапларни гапиради” деб роса мақтадилар. Радиода эса, Баҳодир Мағдиев сўзларидан сўнг қўшиқ янгради, у киши эса, микрофонни ўчирмаганлар. Микрофон ёқиқ ҳолда ва у киши эфир ортида тингловчи билан гаплашаётганлиги эшитила бошлади! (импровизация билан ҳолатга кириб) “Алло, нима гап? Йўқ, у нарсадан хабарим йўқ, кейин” деб, телефонни жойига қўйиб, ўзларига ўзлари гапира бошладилар. “Оббо, буни бошқа қиладиган иши йўқмикан?” Бу гапларни эфирда эшитиб турибман, дарров уларга вазиятни айтиш учун телефон қилдим. Телефон номерим у кишини телефон аппаратида сақланган, ваҳоланки, иш бошлаганимга энди 10 кунча бўлган. Микрофон ёқиқ, у киши бўлса, ҳамон эфирда, ўзлари бундан бехабар, мени номерим телефонда чиққанини кўриб, “Оббо, янги келган бола телефон қилаётган экан! Ҳозир нима деб ақл ўргатади, энди? Алло! Нима? Микрофон ёқиқ қолиб кетибди? Мен атайлабдан ёқиб қўйдим, Баҳодир Мағдиев эфир ортида қандай ўтирганлигини ҳамма эшитиб қўйсин!” деганлар. Мана сизга топқирлик!
Баҳодир Мағдиев: - Албатта, бу импровизация! Жараённи тўғри олиб кетганман! Буни яширадиган жойим йўқ! Буни кўп жойда ўзим ҳам гапириб берганман!
Шундай гаплар билан бўлиб, ҳаттоки эфирда реклама берилиши кераклиги ҳам ёддан чиқишига сал қолди!
Сўнг, Баҳодир ака Мағдиев сайтимиз ва биз ҳақимизда ўзларининг самимий фикрларини билдириб, шоубизнесда бўлиб ўтган баъзи ҳодисаларни бизнинг сайтимиздан билиб олишларини, сайтимизни маълумотларга холислик билан ёндошишини айтиб ўтдилар.
Самимий фикрлар учун ташаккур!
Сайт Раҳбари Феруза Фаттохова ҳам, ўз навбатда Баҳодир Мағдиевнинг жуда синчков бошловчи эканликларини, мақолалар ёқса, ўз фикрларини билдиришларини айтиб ўтди.
Сўнг, эфирда табриклар ёғилиши давом этди!
Продюсер, журналист, кинотанқидчи Феруза Нодирова, хонандалар “Ниҳол” мукофоти совриндори Достон Убайдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошев, хонанда Абдулла Раҳимжонов, “Юнус Ражабий” номидаги маданият маркази раҳбари Рустам Ражабий ва бошқалар ўз самимий тилакларини билдирдилар.
Эфир давомида Дилором Отахонова “Ориат доно” радиоси раҳбари Бахтиёр Усмонов ҳақида самимий фикрлар билдириб, ҳозирда “Ориат доно” радиосини қаддини тиклаб олганлигида, асосан у кишининг хизматлари катта эканлигини айтиб, уларга ҳам миннатдорчилик билдириб ўтди.
Саидолим Турдибоев ҳам, ўз навбатида радиога ўз самимий тилакларини билдириб, “насиб этса, ҳар бир кунида, ҳар бир байрамида бирга бўламиз”, деб айтиб ўтди.
Баҳодир Мағдиевнинг садоқатли шогирди Жамшид Умрзоқов ҳам табрик йўллади. Шунингдек, Ўзбекистон Халқ ҳофизи Оролмирзо Сафаров ҳам табриклагани учун Баҳодир Мағдиев миннатдорчилик билдирди.
Эфир давомида Дилором Отахонованинг ижтимоий тармоқлардаги фаолияти ҳақида тингловчилар томонидан ҳам саволлар бўлди ва Дилором Отахонова саволларга мазмунли жавоб қайтарди. Шунингдек, Дилором Отахонова дубляжда фаолият юритиш нияти борлигини ҳам айтиб ўтди.
Сўнг, радиобошловчилик ва телевидениеда фаолият юритишнинг фарқи, мураккаб тарафлари ҳақида фикрлашилди.
Феруза Фаттохова ижтимоий тармоқ орқали Баҳодир Мағдиевга, Рустам Мағдиев деган мухлиси алангали салом йўлланганлигини маълум қилди. Баҳодир Мағдиев ҳам, ўз навбатида Рустам Мағдиев деган ажойиб мухлиси борлигини, у кишини тўйларида ҳам иштирок этганлигини, фамилиядошлигини, ҳамда ўғилли бўлганида, “майлими, исмини Баҳодир қўйсам, шунда менинг ҳам уйимда Баҳодир Мағдиев пайдо бўлади”, деб ўғлининг исмини Баҳодир қўйганлигигача сўзлаб берди, ҳамда Рустамжонга ўз самимий тилакларини билдирди.
Баҳодир Мағдиев Дилором Отахонованинг таклифига кўра, кекса қария овозида гапирди. Шунда ҳаттоки, бир тингловчи адашиб, бошқа жойга тушдим, шекилли, деб боғланганда гўшакни қўйиб ҳам қўйди.))))
Баҳодир Мағдиев ҳазил аралаш Fattohhon гўзаллик салони ҳақида ҳам ўз самимий фикрларини айтдилар.
Эфир давомида табриклар жуда кўп бўлди!
Эфир давомида табрик йўллаган устоз санъаткорлар, сўз усталарига ҳам миннатдорчиликлар билдирилди.
Биз ҳам яна бир бор “Ориат доно” радиосини самимий табриклаймиз! Ҳар доим “Ориат доно” жўшқин эфирлари билан ажралиб турсин! Радио раҳбарияти ва ижодкорларига ҳамиша омад, муваффақият ёр бўлсин!
Саида Вахобова