FATTOHHON.COM
« Все новостиҲар тўрт йилда Айтматов Халқаро Клуби ва Чингиз Айтматов Халқаро жамоат Академияси томонидан адабиёт, маданият, санъат ҳамда илмий йўналишда Академик даражаси ва Чингиз Айтматов номидаги Халқаро мукофот ғолиблари аниқланади.
Бу йил 2014-2018 йил учун мукофотланганлар орасида ҳамюртларимиз педагог ва таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоев ҳамда, Ўзбекистон Халқ артисти Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали драма театри раҳбари Мирза Азизов ҳам борлиги қувончли ҳодиса бўлди. Педагог ва таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоев мазкур Академиянинг Академиги деб, эътироф этилган бўлса, Ўзбекистон Халқ артисти Мирза Азизов, Чингиз Айтматов номидаги Халқаро мукофотга, бир неча йил давомида Чингиз Айтматов асарларини театр саҳнасида муваффақиятли саҳналаштирганлиги учун сазовор бўлди.
Мукофот ғолибларга 20 январь куни топширилади.
Ўзбекистон Халқ артисти Мирза Азизов: - Ўзбек ва Қирғиз халқлари азал-азалдан меҳмондўстлик, ўзаро биродарлик, яқин қўшничилик сингари инсоний хислатлар соҳибларидир. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев билан Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Шарипович Жээнбековнинг икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасидаги олиб бораётган изчил сиёсат дастури туфайли кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 31 майда “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” ги Қарорида, қўшни мамлакат ва чет элларда Ўзбек Театр санъатини намойиш қилиш муҳимлиги таъкидланган эди. Мазкур Қарорга кўра, 2017 йил 6 июнда, 30 йил давомида биринчи марта Қирғизистоннинг Ўш вилоятига гастроль сафари билан бориб, ҳамма туманларида маънавият соатлари ўтказиб, спектакллар намойиш этдик. Бизни жуда катта ҳаяжон билан кутиб олишди! Муҳтарам Президентимизга раҳмат, дейишди. Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг яна дўстлик ришталари боғланишидан мамнун эканликларини билдиришди.
Шундан сўнг, шу йилнинг ўзида 11 сентябрдан 17 сентябргача Қирғизистонда бўлиб ўтадиган “АRT-ORDO” 6 халқаро театр фестивалида Қўчқор Норқобил асари, Сарвар Юсупов мусиқаси асосида, “Дилдаги доғ” асари билан иштирок этдик ва биринчи ўринни олиб, “Энг яхши спектакль учун” юксак мукофот ва дипломи билан тақдирландик. Театр жамоамиздан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров “Энг яхши эркак роли” номинацияси бўйича ғолиб бўлиб мукофотланди. Шунингдек, санъатшунослик фанлари докторлари Дилфуза Раҳматуллаева, Олтиной Тожибоева ва камина Мирза Азизовни Қирғизистон театр арбоблари уюшмасининг театр санъати Бадиий Академиясининг Академиклари қилиб сайлашди, ҳамда бизга махсус дипломларни топширилди. 2018 йил октябрь ойида эса биз, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазиринин биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков топшириғи билан Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига бориб, бир ҳафта давомида “Жайдари келин” спектакли билан катта гастроль сафарида бўлдик. Қирғизистонликлар бизни жуда яхши кутиб олишди! Унгача ўтган йилда Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг доценти, режиссёр педагог Рамзиддин Қодиров билан икки режиссёр биргаликда, Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигига бағишлаб, адибнинг “Сарвқомат дилбарим” асари асосида шу номли мусиқали драмани саҳналаштирдик. Тошкентда Қирғизистон Республикаси маданият ва маънавият ишлари бўйича Давлат маслаҳатчиси, Қирғизистон Республикаси халқ ёзувчиси Султан Раев бошчилигида Қирғизистоннинг Норин вилояти Академик мусиқали театри вакилларидан иборат 25 кишилик делегация пойтахтимизда ижодий сафарда бўлиб, Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театрида меҳмон ижодий жамоа тантанали қарши олинди. Ўзаро дўстлик ришталари янада мустаҳкамланди.
Шу воқеалардан сўнг, 2018 йилнинг 28 декабрь санасида эрталаб, Султон Раевдан менга Чингиз Айтматов номидаги Халқаро мукофот соҳиби бўлдинг” деган хабар келди. Бу кутилмаган ҳаяжонли, қувончли хабар бўлди! Бу Нобелдан сўнг, иккинчи ўринда турадиган Халқаро мукофот экан! Жуда хурсанд бўлдим! Бугундан интернет тармоқларида бу хушхабар тарқалди, ҳамда Қирғизистондаги ўзбек ва қирғиз дўстларимиз табриклашни бошлаб юборишди! Жуда ҳам қувончли бўлди! Янги йил қувончли воқеа билан бошланди! Мазкур мукофот, албатта катта масъулият! Келгусида ҳам Чингиз Айтматов асарлари асосида яна кўплаб спектакллар саҳналаштириш ниятимиз бор. Бундан кейин ҳам қирғиз ва ўзбек дўстлигини мустаҳкамлашга ўз ҳиссамизни қўшишда давом этамиз!
Саида Вахобова