FATTOHHON.COM
« Все новостиЖонли ижрода куйлаш халқимизнинг, ўзбек санъатининг азалий анъаналаридан биридир. Мазкур анъанага амал қилган ҳолда, ҳозирда ёш хонандалар ҳам, жонли ижрода куйлаб, ўз истеъдодларини ва устозларга, миллий қадриятларимизга бўлган чексиз ҳурматларини намойиш қилмоқдалар.
Муҳтарам Президетимиз томонидан, миллий эстрада санъатини янада ривожлантириш, эстрада йўналишида ижод қилаётган санъаткорларни, айниқса, ёш истеъдодли хонандаларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш борасида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан, Ўзбекистон Давлат Консерваторияси ва “Terra Group” компанияси билан ҳамкорликда, 2011 йилдан буён мунтазам, “Марди майдон!”- жонли ижродаги қўшиқлар фестивали ўтказилиб келинмоқда!
Шу кунга қадар, фестиваль доирасида 9 та концерт ташкил қилинди ва мазкур концертларда кўплаб томошабинлар қатнашиб, мазкур фестиваль ёшлар ва жамоатчилик, томошабинлар орасида оммалашиб кетди. Ҳозирда ҳар гал “Марди майдон” фестивали ҳақида сўз кетганида, томошабинлар орасида, “келгуси сафар қачон ўтказилади?” деган савол бўлади.
25 июнь куни Ўзбекистон Давлат Консерваториясида ўтказилган “Марди майдон” - жонли ижродаги қўшиқлар фестивали, энг улуғ ва энг азиз байрамимиз Ўзбекистонимиз Мустақиллигининг 22 йиллик айёмига бағишланди.
Мазкур концерт дастурида, бу гал 10 нафар ёш истеъдодлар ўз ижодий ижрочилик маҳоратларини намойиш қилдилар.
Дастурни Фарҳод Абдуллаев бошчилигидаги “Истиқлол” оркестри “Бахтиёр кунлар” композицияси билан очиб берди.
Сўнг, дастур бошловчиси Анвар Тожибоев,
саҳнага “Марди майдон” жонли ижродаги қўшиқлар фестивали ташкилотчиларидан бири, ёшларнинг жонкуяр устози, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаровни таклиф қилди.
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бош директори Азамат Ҳайдаров: - Бугунги фестиваль мамлакатимизнинг Энг улуғ ва энг азиз байрами бўлган Мустақиллик байрамига ёшларимизнинг туҳфаси, деб ўйлайман. Фестивалдан асосий мақсадимиз, истеъдодли ёшларни излаб топиш, уларни санъатда ўз ўрниларини топа олишлари учун қўллаб-қувватлашдир. Чинакам мардлар майдонда синалади. Бугунги ёш истеъдодларимиз ҳам ўз ижрочилик маҳоратларини намойиш қилмоқдалар. Бугун саҳнага чиққан ёшларимизнинг ижодига ривож тилайман!
Навбат ёш хонандаларга берилди.
Ойбек Мирзаев – “Ватан” қўшиғи (Олимжон Мирзаев мусиқаси, Мирпўлат Мирзо сўзи)
Искандар Бахтиёров – “Кўзлар” қўшиғи (Алишер Расулов мусиқаси, Пўлат Мўмин сўзи)
Муқаддас Жўраева – “Сени севаман” қўшиғи (Отабек Қамбаралиев мусиқаси, Гулбаҳор Мўминова сўзи)
Иброҳим Мамадалиев – “Сайдинг қўябер сайёд” қўшиғи (Ҳ.Ниёзий мусиқаси, Фурқат ғазали)
Фахриддин Дархонбоев – “Ўзбекистоним” қўшиғи (Фахриддин Дархонбоев мусиқаси, Зоҳиджон Обидов сўзи)
Азиза Муҳамедова – “Шамоллар” қўшиғи (Наргиза Собирова сўзи ва мусиқаси)
Жаъфарбек Мадаминов – “Топмадим” қўшиғи (Фаттоххон Мамадалиев мусиқаси, Ғайратий сўзи)
Акмал Ибодов – “Гўзал қиз” (Ботир Отамуродов мусиқаси, Ҳамидабегим сўзи)
Наврўза Аббосова – “Парирўйим” (Сайфи Жалил мусиқаси, Фурқат ғазали), “Не бўлди” қўшиқлари (Жавлон Қиличов мусиқаси, Бобур ғазали)
Рашод Аъзамов – “Фарғона тонг отгунча” қўшиғи (Мухторжон Муртазоев мусиқаси, Ҳазиний ғазали)
Шунингдек, хонанда Абдурашид Йўлдошев,
ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилноза Исмияминова дастур меҳмонлари бўлишди.
Абдурашид Йўлдошев “Кўнгил учун” қўшиғини (Мусахон Нурматов мусиқаси, Вали Бобомурод сўзи), Дилноза Исмияминова эса, “Обод элим” қўшиғини (Жалолиддин Неъматжонов мусиқаси, Низомиддин Маматқулов сўзи) ижро қилишди.
Дастурнинг асосий шартига кўра, барча ижрочилар ва меҳмонлар жонли ижрода куйладилар.
Дастур давомида, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазири Минҳожиддин Ҳожиматов ҳам сўзга чиқди.
Маданият ва спорт ишлари вазири Минҳожиддин Ҳожиматов: - Биз ёшларимизнинг бутун иқтидорини, истеъдодини рўёбга чиқариш учун, уларга қанот бўлишимиз керак. Ёшларимизга қанот бўладиган қанчадан қанча таълим муассасалари, мусиқий билим даргоҳлари ҳам бор. Бугунгидай ажойиб танловлар ташкил қилинмоқда. Таълим китобларини варақлаганимда, бир маълумотга кўзим тушганди. Самарқанд яқинидаги қишлоқлардан биридан уч ярим минг йиллик тарихга эга бўлган най топилибди. Уч ярим минг йил аввал най чалинган экан. Най яратган, мусиқани яратган ота-боболаримиз, неча минг йиллик йўлни босиб ўтган. Бу бизнинг мусиқа санъатимизнинг илдизлари неча минг йилликларга бориб тақалишини кўрсатади. Шунинг учун ҳам, миллий меросимизни ардоқлаш, миллий эстрадамизни ривожлантиришда бугунги каби танловларнинг ўрни катта, деб ўйлайман. Қачон гўзал қўшиқ яратилади? Қачонки чиройли сўз ва унга мос мусиқа, иккисини қалбнинг гулзорида уйғунлаштириб, тилга чиқара олинганда. Бир дўстимиз, мен тилимизнинг нақадар чиройлилигини, устоз санъаткор Ботир Зокировнинг қўшиқларини тинглаганда ҳис қилганман, деганди. Биз ҳам, бугун бу майдонга устозларнинг йўлидан юриб, далил, қатъият билан кириб келаётган ҳар битта ёш истеъдодга омад тилаймиз!
Дастур давомида ёш хонандаларнинг ижроларини тинглар экансиз, ўзбек санъатининг келажаги янада мукаммал бўлишига амин бўласиз. Ёшлардаги кучли интилиш, фақат жонли ижрода куйлаш, истеъдодни кўриб, уларни келажакда яхши санъаткор бўлишларига ишонч билдириш мумкин.
Уларни шу катта саҳнага чиқиб, жонли ижрода куйлаганликларининг ўзи мардлик, назаримизда. Албатта, уларнинг ижросида хато ва камчиликлар ҳам мавжуд, масалан, мусиқа баландлиги ҳисобига қўшиқ давомида баъзи сўзларнинг аниқ эшитилмаслиги, хонандаларнинг ўзлари томонидан баъзи сўзларни аниқ талаффуз қилинмай, баъзи ҳарфларни “еб” айтилиши, ҳаттоки, баъзи бир хонандаларда, “микрофонни олиб қочиш” ҳолати, ҳаттоки, дастур давомида 2 та қўшиқ сўзларининг енгиллиги, яъни бир қўшиқда, жиддий фестивалда ёш аёл хонанданинг “мен сеники” деб куйлаши, энг ҳайрон қолдиргани эса, яна бир қўшиқ сўзларида, эндигина саҳнага чиққан ёш хонанда қиз томонидан “Ёқмаяпти ҳеч нарса, чарчаб кетдим!” деб норозилик оҳангида куйланиши, ўша қўшиқдаги тушкунлик руҳи (ваҳоланки ўша хонанданинг ижро маҳорати ва овози кучли, муносиб қўшиқлар ижро қилиши мумкин)ни мисол келтириш мумкин, деб ўйлаймиз.
Аммо, ҳар қандай хато ва камчиликлар вақт ўтиб тўғриланиши, сайқалланиши мумкин, албатта.
Мазкур “Марди майдон!”-жонли ижродаги қўшиқлар фестивали, Ватанимизнинг энг улуғ ва энг азиз байрамига бағишланганлиги, ва мазкур улуғ байрам арафасида ўтказилиши, ёш истеъдодларни янада руҳлантириб, уларни азиз Ватанимизга муносиб, ҳақиқий санъаткорлар бўлиб, етишишлари учун имконият эшикларини очади, деган фикрдамиз. Ёш истеъдодлар сафи янада кенгайишига тилакдошмиз!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова