FATTOHHON.COM
« Все новостиЖорий йилнинг 20 январь куни Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков Туркия давлатига хизмат сафари билан жўнаб кетди.
Ташриф доирасида, Озодбек Назарбеков ўзбек кино мухлислари томонидан севиб томоша қилинаётган “Эртуғрул” (Дирилиш) сериали продюсери ва сценарий муаллифи Меҳмет Бўздағ билан учрашди. Меҳмет Бўздағ фахрий меҳмон билан тушган суратни ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштираркан, ушбу изоҳни ёзиб қолдирди:
"Сериалимизнинг мухлиси, турк дунёсининг қадрли хонандаси, қийматли дўстим, Ўзбекистон Маданият вазири ўринбосари ва делегациясини тасвирга олиш майдончасида қабул этдик".
Айтиш керакки, мазкур суратга олиш майдончасига таниқли шахслар, давлат ва жамоат арбоблари, санъат ва спорт юлдузлари ташриф буюриши анъанага айланган. Бугунгача, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Парламент раиси Бинали Йилдирим, спортчи Ҳабиб Нурмуҳаммедов ва кўплаб давлат арбоблари ушбу суратга олиш майдончаси меҳмони бўлишган.
Айтиш керакки, 2014 йилнинг 10 декабридан TRT телеканали орқали эфирга узатилиб келинаётган “Тирилиш. Эртуғрул” сериалида бир неча бор Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ҳақида сўз боради. Унда фильм қаҳрамонлари Самарқанд ва Бухорони “муқаддас шаҳарлар” деб атаб, Чингизхон бу шаҳарларни ёқиб кул қилгани айтилади. Дунёнинг турк, инглиз, рус, француз, япон, немис, хитой, корейс тили каби 50 га яқин тилларга таржима қилинган ушбу сериал бир неча ойдирки, ўзбек киноихлосмандларининг ҳам севимли сериаллари қаторидан жой олди.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча ой аввал, сериал режиссёри Меҳмет Бўздағ Маданият вазирлиги таклифига биноан, Жалолиддин Мангуберди ҳақида тарихий фильм суратга олиш ишлари борасидаги музокараларни бошлаш учун Ўзбекистонга келган эди.
Ташриф давомида бу борадаги музокаралар давом эттирилиши режалаштирилган.
Шунингдек, сафар давомида Стратегик тафаккур институтида “Ўзбекистон —маданиятлар бешиги” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ташриф доирасида Озодбек Назарбеков Туркиянинг Туризм ва маданият вазирининг биринчи ўринбосари Ахмад Халук Турсун билан музокара олиб бориши белгиланган. Суҳбат давомида Туркияда Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда, Ўзбекистонда туркия маданияти кунларини ўтказиш, шунингдек, ҳар икки давлатда ҳам маданият марказлари ташкил этиш, маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилади.