FATTOHHON.COM

« Все новости

“ЎЗБЕККОНЦЕРТ” ДМ НИНГ АСОСИЙ МАҚСАДИ... БОСҚИЧМА –БОСҚИЧ 100 ФОИЗ ЖОНЛИ ИЖРОГА ЎТИЛИШИ КУТИЛМОҚДА! 09.02.2019 02:56

logo-uz

8 февраль куни  Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида “Миллий эстрада санъатининг аҳволи, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришдаги ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги Матбуот анжумани бўлиб ўтди.

photo_14_61

Матбуот анжуманида “Ўзбекконцерт” Давлат Муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров:

-  “Мамлакатимиз   янгиланиш ва туб ислоҳотлар жараёнларини бошидан кечирмоқда. Бу жараён барча соҳалар қатори маданий, маънавий ва маърифий соҳаларда ҳам амалга оширилаётган бир қатор ижобий ўзгаришларда ҳам ўзини намоён этмоқда ва шу билан бирга  бу  ислоҳотлар ва кенг жамоатчиликнинг  эътибори, ижод аҳли зиммасига янада юксак масъулият юклаб,  янги талаблар қўймоқда. Ана шу талаб ва вазифалардан келиб чиқиб, 2018 йил мобайнида “Ўзбекконцерт” Давлат Муассасаси томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 270-сонли қарорига асосан, Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомга ўзгартиришлар киритилиб, лицензиялашда бир қатор пенсионер, ногирон ва талабаларга имтиёзлар белгилаб берилган.

2018 йил  якунида Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи йиғилиши 20 маротаба ўтказилиб, 3598та лицензия талабгори ҳужжат топширди, жами концерт-томоша фаолияти учун лицензиялар сони 3433 донани ташкил этди. Кенгаш хулосалари асосида малака ва мезон талабларига жавоб бермаганлиги учун 165 нафар лицензия талабгорига рад жавоби берилди. 2018 йил якунида нафақадаги устоз санъаткорларнинг самарали меҳнатларини, Ўзбекистон халқ артистлари, ногиронларни моддий қўллаб-қувватлаш, ёш истеъдодли хонандаларнинг касбий ва маънавий камол топишига имкон яратиш мақсадида жами 60 нафар санъаткорларга 405 млн сўмлик бепул имтиёзли лицензия берилди.

Халқимизнинг руҳий маънавий оламини, дунёқарашини, дидини,  тафаккурини бойитиш, бадиий жиҳатдан пухта ва мазмунан теран қўшиқлар тақдим этиш, ёшларимиз қалбида меҳр, муҳаббат ҳиссини уйғотиш, уларни оммавий маданият таъсиридан асраб авайлаш  мақсадида, 2018 йилнинг 1 февралидан бошлаб, ҳар ойда икки маротаба  Муассасада санъаткорларнинг қўшиқларига ишланган  видеоклиплар савиясини баҳолаш  Бадиий кенгаши ташкил этилди.  Бадиий кенгаш томонидан 2018 йилнинг якунига қадар 18 маротаба Кенгаш йиғилиши ўтказилиб, санъаткорлар томонидан 185 та  видеоклиплар тақдим этилди.  Шундан  75 та видеоклиплар тасвирида  баъзи жузъий камчиликлар учрагани сабабли қайта тўғирлаш учун тавсия этилди. 48 та видеоклиплар умуман талабларга жавоб бермаганлари учун рад этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 май “Давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш ва уларни моддий рағбатлантиришни кучайтириш тўғрисида”ги қарорининг 4-бандида “2018 йил  1 июндан ягона солиқ тўлови ставкаси 30 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилди.

2018 йил ҳолатига жами 43 маротаба Эксперт комиссияси ўтказилган бўлиб, концерт-томоша тадбирларини ўтказиш юзасидан 803 маротаба мурожаат этилган. Шундан концерт ташкилотчиларига жами 757 та бир марталик рухсатнома берилди. Эксперт комиссияси томонидан белгиланган талабларга жавоб бермаганлиги боис 46 нафари рад этилди.

“Ўзбекконцерт” Давлат муассасаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллигини нишонлаш олдидан илк бор жонли ижрода Муассаса томонидан “Янги истеъдодлар” деб номланган танлов эълон қилиниб, танлов шартига мувофиқ ҳар бир  ҳудуддан битта жонли ижрода куйлай оладиган ёш истеъдод кашф этилса, ушбу вилоят ҳудудий бўлим раҳбарини 5 миллион сўм миқдорида моддий рағбатлантириш йўлга қўйилиб, Танловда Республикамизнинг турли вилоятларидан  жами 100 нафар  ёш ва янги овозлар эшитиб кўрилди ва 16 нафар ижрочилар саралаб олинди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллиги муносабати билан ўтказилган давлат тадбирида ушбу ёш хонандалар жонли ижродаги концерт дастурида иштирок этишига муваффақ бўлишди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах вилояти, Наманган, Фарғона ва Сурхондарё вилоятлари бўлимлари томонидан икки нафардан ёш истеъдодли ёшлар кашф этилди. Ушбу 5 нафар вилоят раҳбарлари 50 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирландилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”  2018 йил 29 мартдаги ПФ-5386-сонли Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2018 йил 26 апрель куни “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш мақсадида  “Ўзбекконцерт” Давлат муассасаси ҳудудий бўлимлари ҳисоб рақамлари орқали “Обод қишлоқ” лойиҳаси учун Жиззах вилоятидаги Манас қишлоғини ривожлантириш лойиҳаси юзасидан вилоятларда ўтказилган концерт дастурларидан жами 1 060 650 000 (бир миллиард олтмиш миллион олти юз эллик минг сўм) маблағ жамғарилиб ҳайрия  сифатида йўналтирилди. 2019 йилда ҳам “Обод қишлоқ” дастури лойиҳаси асосида 2 миллиард сўм миқдорида маблағ ҳайрия сифатида ўтказилиши режалаштирилмоқда.

2018 йил давомида  ижодий учрашувлар, “Маҳорат дарс”лари ўтказилди. “Халқ билан бўл” лойиҳаси асосида ташкиллаштирилган ижодий учрашув ва гала концертларда таниқли ва ёш хонандалар иштирок этиб, республикамизнинг чекка туман қишлоқларида    ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар ҳузурида  бўлиб қайтишди. Ушбу лойиҳа бу йилда Республикамиз бўйлаб давом эттирилади.

«Ўзбекконцерт» Давлат Муассасаси ҳузуридаги «Ўзбекистон халқ артистлари клуби» аъзолари ва таниқли санъаткорлар иштирокида 14 та ҳудудда “Маҳорат дарслари»ни мунтазам ўтказилиши йўлга қўйилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, “Ўзбекконцерт”  давлат муассасаси ташаббуси билан мамлакатимиз бўйлаб меҳрибонлик ва мурувват уйларида ижодий учрашув ва гала-концертлар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳамда, “Ўзбекконцерт” Давлат муассасаси томонидан 2018 йилнинг 25 январь куни Республикада илк маротаба “Зувола” асл қўшиқлар миллий танлови ташкил этилди. Танловда ғолиб бўлганлар диплом ва 20 миллион сўм миқдорида пул мукофоти билан тақдирланишди” дея йил давомида амалга оширилган ишлар бўйича маълумот бериб ўтди.

Бундан ташқари, 2019 йилдан Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида лицензия талабгорларига енгиллик яратиш мақсадида, Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳининг сайёр йиғилишларини ташкил этиш, 2019 йилда концерт-томоша фаолиятини лицензиялашни табақалаштириш ишлари такомиллаштирилади ҳамда, лицензия ва  бир марталик рухсатнома берилиши онлайн тизимга ўтказилади. Келгусида хонандалар иштирокида ўтказиладиган концерт дастурлари ҳам, 30% жонли ижрода бўлиши кўзда тутилган бўлиб,  ҳозирда  Қарор лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани ҳамда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018  йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4038-сонли Қарорида 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни бажариш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани ва бундан ташқари яна кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқчи эканлигини таъкидлади.

Шунингдек, Бадиий кенгаш ҳақида сўз кетганда, “Ўзбекконцерт” ДМ директори Одилжон Абдуқаҳҳоров жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг “Қадди баланд” қўшиғига эътироз аслида қўшиқ матнига эмас, хонанданинг клипдаги ҳатти-ҳаракатларига нисбатан бўлганлиги ва камчиликлар тузатилгач қайта кўришга тавсия қилинганлигини айтиб ўтди.

Хонанда Жаҳонгир Позилжоновнинг “Президентим билан селфи” қўшиғига ҳам муносабатини билдириб, бу қўшиқ “Зўр Тв” телеканали билан ҳамкорликда тайёрланган лойиҳа сифатида эфирга берилиб, Бадиий кенгашга топширилмаганлигини таъкидлади. Қўшиққа нисбатан қўшиқ айтсин, ёки айтмасин деган ҳеч қандай эътироз йўқлиги, лекин, бир нарсани тўғри тушуниш зарурлиги, яъни Президентимиз санъаткорларнинг рекламасига муҳтож эмаслигини айтиб ўтди. Ундан кўра, Ватан учун, халқ учун хизмат қилиш, бугун олиб борилаётган ислоҳотларга оз бўлса ҳам ҳисса қўшиш кераклигини билдирди.

Шунингдек, концерти кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган “Браво” жамоаси ҳақида ҳам тўхталиб, жамоанинг сўнгги концерти Бадиий кенгашга тақдим қилинганда, эътироз билдирилган қисмлар сценарийдан олиб ташланганлиги, аммо  концертнинг биринчи куни айнан ўша таъқиқланган қисмлар саҳнага олиб чиқилганлиги, кейин эса, огоҳлантиришдан кейин жамоа тўғри тушунган ҳолда, у саҳналар сценарийдан олиб ташланиб, қайта намойиш қилинмаганлиги ва афсуски, ўша биринчи кундаги концерт ёзиб олиниб тарқалиб кетганлигини айтиб ўтди.

«Ўзбекконцерт» Давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳҳоров “Ўзбекконцерт” ДМ инсон организмидаги жигар вазифасини бажаришини, жигар инсон организмида қонни тозалаганидек, “Ўзбекконцерт” ДМ нинг асосий мақсади ҳам, санъатимизни ҳар хил ташқи ёт ғоялар ва оммавий маданият ҳолатларидан тозалаш эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.