FATTOHHON.COM
« Все новостиРайҳоннинг “Қани” клипининг суратга олиш жараёнлари, барчада бирдек қизиқиш уйғотганлиги аниқ! Ахир ҳар куни ҳам бундай ажойиб қўшиққа, юлдузлар жамланган ажойиб клип суратга олинавермайди.
Клипни суратга олиш жараёнида кўплаб қизиқарли ва бироз мураккаб ҳолатлар ҳам бўлди. Айниқса, клипдаги Райҳон ва унинг турмуш ўртоғи Йигитали билан боғлиқ романтик саҳналарни олиш жараёни, очиқ ҳавода суратга олинган вақти, ҳаво жуда ҳам совуқ эди.
Райҳон эса, енгилроқ кийимда суратга тушиши керак. Табиийки, Райҳон клип учун совуққа бардош беришига ҳам тўғри келди!
Лекин, ижодий жараён жуда қизғин бўлиб, барчанинг кайфияти аъло даражада бўлди! Клип суратга олиш қувноқ муҳитда ўтди.
Клипда кўплаб машҳурлар суратга тушганлиги ва кўп объектлардан фойдаланилганлиги учун, суратга олиш гуруҳи 2 кун давомида, кўплаб жойларда суратга олиш ишларига улгуришларига тўғри келди.
Клипмейкер Нозим Жумаев: - Мазкур клипга Янги йил кирган кундан 20 кундан буён тайёргарлик қилиб келяпмиз. Клип ғоясига келсак, ҳар доим Райҳоннинг клипларини суратга олаётганимизда, авваламбор бош ғояни ўзлари берадилар. Кейин эса, биз оператор ва рассомлар билан маслаҳатлашиб, бир фикрга келамиз. Тайёргарликлардан сўнг, мана клипни суратга олдик. Хонанда Райҳонни аввал ҳам бир неча клипларни суратга олгандик. Райҳоннинг ўзлари суратга олдирмоқчи бўлган клипларини, ўзлари тасаввур қила олишлари, менга энг маъқул жиҳатларидан бири.
Янги “Қани” клипини икки кунда давомида суратга олдик. 10 дан ортиқ объектдан фойдаланилди. Кўплаб машҳурлар суратга тушишди. Нима учун бу қадар кўп машҳурлар? Буниси эса, сир, клипни кўриб билиб олишингиз мумкин.
Райҳон: - “Қани” қўшиғининг мусиқаси ўзимга тегишли, аранжеровка Зафар Қодировники. Қўшиқнинг сўзлари билан эса, жуда ҳайрон қоларли бир ҳолат содир бўлди. Шоирга қўшиқ сўзларини ёзиш учун жуда кўп вақт кетди, “бироз кутиб турсангиз, менга вақт беринг” деб, бир неча бор қўшиқ сўзлари ўзгартирилди ҳам. Аммо, ҳеч мен кутган нарса чиқмади. Қўшиқни эртаси куни ёзишимиз керак, студияда вақт белгиланган. Лекин, қўшиқ матни ҳали ҳам тайёр эмас ва ниҳоят тунги 01.00 да у қўшиқ матнини юборди. Аммо, тасаввур қиляпсизми, умуман бошқа ғоя! Мутлақо мен ҳоҳлаган ғоя эмас! Мени жуда ҳам хафа бўлиб кетдим. “Эртага бу қўшиқни қандай ёзаман? Ахир бу мен ҳоҳлаган нарса эмас-ку!” дедим. Нима қилиш мумкин, деб ўйлаб, охири фан клубимни бошлиғига мурожаат қилдим. Шундан сўнг, кечаси билан ҳамма фан клубим аъзолари, қўшиқ матнини ёзишга ҳаракат қилишди. Улардан бирининг ёзган матни менга жуда ҳам маъқул бўлди ва мен ўшани куйладим.
Клипга келсак, мен унда иштирок этаётганларнинг барчасидан миннатдорман! Бу шунчаки менинг клипимда иштирок этиш эмас, мени самимий қўллаб-қувватлаётганларини ва шундай самимий муносабатда бўлаётганликларини жуда ҳам қадрлайман! Тўғриси, мен клипимга ҳаммалари шунчалик эътибор билан ёндошадилар, деб ўйламагандим. Ҳаттоки, ҳеч ким кеч қолгани йўқ, ҳамма ўз ишига масъулият билан ёндошмоқда! Бу жуда ҳам кутилмаган даражада ёқимли! Ахир шоубизнесда дўстлашиб бўлмайди, деган фикр ҳам бор. (самимий) Лекин, актёрлар билан дўстлашиш мумкин экан!
Клип ғояси ҳақида айтсам, мен кутилмаган ва ўзим жуда ҳам кам кўринадиган клип суратга олишни ҳоҳлагандим! Бу клипга ҳамма иштирокчилар қандайдир тўлдиришлар қўшишди. Масалан, Нозим Жумаев ўз фикрини айтди. Турмуш ўртоғим Йигитали ҳам, баъзи қўшимчалар киритиб, фикрларини билдирди. Умумий қилиб айтганда, ҳамма оз-оздан ўз ҳиссаларини қўшишди. Менга энг маъқул бўлгани, клипда суратга тушган ҳар бир ижодкор, ҳаттоки кадрда бир неча киши бўлганида ҳам, ўзига хос индивидуаллигини кўрсата олди. Энг, муҳими клипда улар ўзларини қандай бўлсалар, шундайликларича кўрсата олдилар. Одатда, фильмларда актёрлар, режиссёр яратган образни ижро қиладилар. Бу ерда эса, улар ўзлари ўйлаган ҳолатни табиий ижро қилиб бердилар. Клип импровизацияга қурилган, дейиш мумкин. Тўғриси, ҳозир ўзимни клипимда ўзим шунчалик кам иштирок этаётганлигимдан ҳайратланяпман ҳам. Биринчи марта бундай бўлиши. Клипда қувноқ ва жуда қизиқарли вазиятлар ҳам бор. Ҳаттоки, оператор ҳам суратга олиш чоғида кулиб юборяпти. Жуда ҳам позитив клип бўлмоқда ва бу биз клип орқали, шундай позитив кайфият беришни ҳоҳлаймиз! Бу клипни кўрганларнинг ҳаммаси табассум қилишларини ҳоҳлардим. Бу жуда ҳам табиий клип ва унда ҳаммаси ҳақиқий! Ҳозирча, клипни бир ҳафтада тайёрлаб беришга ваъда беришмоқда!
Самандар Ҳамроқулов: - Бу сафар хонанда Райҳоннинг учинчи клипида суратга тушишим. Ҳар сафар клип ғояси Райҳоннинг ўзидан чиқади. Райҳон дўстим бўлганлиги учун, у билан биргаликда ишлаш мени ўзимга ҳам ўзига яраша завқли. Бу янги клипида суратга тушишга ўйлаб ҳам ўтирмай рози бўлдим! Бу клипда кўпчилик ҳамкасбларимиз иштирок этишяпти, улар қаторида мен ҳам таклиф қилинганлигимдан хурсандман. Ҳозир бажонидил қўлимдан келганча, берилган вазифаларни бажаришга ҳаракат қиляпман.
Алишер Узоқов: - Авваламбор, Райҳоннинг янги қўшиғи жуда ҳам яхши чиққан. Битта эшитгандаёқ қулоққа ўтирадиган қўшиқ бўлган! Райҳоннинг бошқа қўшиқлари каби хит бўлади, деган фикрдаман. Ҳозир клипнинг умумий ғоясидан бехабарман. Ҳозир актёр Мурод ака Ражабов билан бир эпизодда суратга тушдик. Қизиқарли чиқди, деб ўйлайман. (суратга олиш жараёнини кузатиб, самимий кулиб) Мана ҳозир Мурод ака Ражабов билан боғлиқ яна бир кадр суратга олинмоқда! Жуда ҳам қизиқарли чиқмоқда!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
ВИДЕОЛАР КЕЧҚУРУН!