FATTOHHON.COM
« Все новостиТинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр-мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан юрт тинчлигининг самарасидир. Агар мустақиллигимизнинг ўтган йигирма саккиз йилига назар ташласак, пойтахтимиз, вилоятлар марказлари, шаҳар, қишлоқларимиз, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам катта ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги хотиржамлик ва барқарорлик туфайли хонадонларда тўю томошалар, байраму шодиёналар бир-бирига уланиб кетмоқда. Шу сабабли, бу неъматларга чин маънода шукрона қилиш, уларнинг қадрига етиш ва кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу юртда яшаётган каттаю кичикнинг олий мақсадига айланмоғи керак.
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ижодкор ёшлар билан ишлаш ва оммавий маданий тадбирларни ташкил этиш бошқармаси томонидан жорий йил февраль ойидан бошлаб, Тошкент шаҳридаги олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида “Ватан мадҳи - юксак қадрият” шиори остида таниқли шоир ва ёзувчилар, театр ва кино актёрлари, эстрада хонандалари иштирокида маданий-маърифий тарғибот тадбирлари бошланди:
- 8 февраль куни пойтахтимиздаги Тошкент тиббиёт академияси қошидаги академик лицей ҳамда 169-сонли умумтаълим мактабида;
- 15 февраль куни Тошкент давлат иқтисодиёт универститети қошидаги академик лицей ҳамда 224-сонли умумтаълим мактабида ўтказилди.
Тадбирлар давомида санъат ва маданият вакиллари ҳамда масъул ходимлар томонидан сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар, янгидан янги иншоотларнинг, таълим муассасаларининг қад кўтараётгани, мамлакатимизда тинчлик ва осойишталик хукм сураётгани, келажак ёшларга кўп имкониятлар эшигини очаётгани хақида фикрлар билдирилмоқда. Тадбирнинг “Ватан мадҳи-юксак қадрият” шиори остида ташкил этилиши бежиз эмаслиги, эртаю кеч ватанпарварлик ҳисси билан яшаш, юрт равнақи учун хизмат қилиш барчанинг бурчи эканлиги алоҳида таъкидланмоқда.
Шунингдек, тадбирга кўтаринки кайфият ва ўзгача файз бағишлаш мақсадида ташриф буюрган меҳмон санъаткорлар ва ижодкорлар томонидан турли спектакллардан монологлар, адабий парчалар, шеър ва ғазаллар ҳамда гўзал куй-қўшиқлар ижро этилмоқда.
Тарғибот тадбирлари ёш авлод вакиллари томонидан илиқ кутиб олиниб, уларда самимий таассурот қолдираётгани барчанинг юз-кўзларидан билиниб турибди.
Ҳар бир тадбирда ўртача ҳисобда 200 нафар ўқувчи-талабалар қамраб олинмоқда.
Мазкур тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича вазирлик томонидан Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги билан ҳамкорликда махсус режа жадвали ишлаб чиқилган бўлиб, унга асосан тадбирлар Республикамизнинг барча ҳудудларидаги олий ва ўрта махсус таълим муаассасаларида йил давомида ҳафтанинг ҳар жума куни мунтазам равишда ўтказилиши режалаштирилган.