FATTOHHON.COM

« Все новости

ФАРҲОД ВА ШИРИН: ҲАММА, БАЛКИ ШУНДАЙ БЎЛИШИНИ ҲОҲЛАЁТГАНДИР? ЛЕКИН, БИЗ ЭМАС. 29.06.2013 17:56

farhodshirin(12).jpg

Ҳозирги кунда ўзбек эстрадасига кириб келаётган кўплаб ёш хонандаларнинг саноқлиларигина санъатда ўз ўрнини топиб, томошабинлар меҳрини қозона олмоқдалар. Гуруҳлар ёки дуэтларнинг муваффақият қозониши эса, ундан ҳам кам учрайдиган ҳолат. Ана шундай омад кулиб боққан, продюсер Бобур Бобомурод устозлигида ижод қилаётган ёш хонандалар дуэти Фарҳод ва Шириндир.

 farhodshirin.jpg

Хонандалар ўзлари ҳақида:

Ширин: - 1991 йил 27 февралда Самарқандда туғилганман. Лекин, адажоним Бухоролик. Онажоним эса Самарқандлик. Ҳозирги кунда Тошкент Давлат Концерваториясининг 4 босқичида ўқийман. Оилада 2 та фарзандмиз. Каттаси мен, укам бор.

 

Фарҳод: - 1991 йил 28 августда Бухоро шаҳрида туғилганман. Тошкент Давлат Консерваториясининг 2 босқичида ўқийман. Оилада 5 та фарзандмиз, 4 та опам бор, мен энг кенжасиман.

 

Улар 2011 йилдан Фарҳод ва Ширин бўлиб ижод бошлашган. Шоир Бобур Бобомурод уларнинг продюсер ва устози.

 

farhodshirin(14).jpg 

- Фарҳод ва Ширин бўлиб ижодни бошлаш кимнинг ғояси бўлган?

Фарҳод ва Ширин:- Ҳаммамиз биргаликда ўйлаганмиз. Лекин, бошида сал ишонч бўлмаган.

 

- Сизлар кейинчалик алоҳида ҳам ижод қилишингиз мумкинми? Яъни, яккахон тарзда.

Ширин: - Йўқ. Лекин, мен бу нарса ҳақида ўйлаганим йўқ.

Фарҳод: - Бу ҳақида ўйламаганмиз. Лекин, вақт кўрсатар.

 

- Шундай ҳолат барибир бўлиши мумкинми?

Ширин: - Энди эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Лекин, бизларнинг мақсадимизда ва режаларимизда бундай нарса йўқ.

Фарҳод: - Фарҳод ва Ширин дуэти, ўзимиз учун омадли бўлди деб ўйлаймиз. Лекин халқ қандай қабул қилади, буни билмаймиз. Ўзимиз учун омадли деб ҳисоблаймиз, шу сабабли ҳали анча йиллар давомида биргаликда ижодни давом эттириш ниятидамиз.

 

- Ширин сиз Фарҳодгача яккахон тарзда куйлардингиз, адашмасам?

Ширин:- Ҳа мени ижодга кириб келганимга, 5 йил бўлди. Бобур аканинг ёнларига келганман. Биргаликда ишлаганмиз. Фарҳод ва Ширин бўлиб ишлаётганимизга эса, бир йил бўлди.

 farhodshirin(16).jpg

- Қайси қўшиғингизни ўзингизнинг ташриф қоғозимиз деб биласизлар?

Ширин: - “Ёшликда берган кўнгил”, қисқача номи “Варрак” (кулади). Қўшиқ ғояси ҳам шеҳри ҳам Бобур акага тегишли.

Фарҳод: - Бу қўшиқни бизларга Бобур ака тавсия қилганлар.

 

- Энди кўпчиликни қизиқтираётган савол Фарҳод ва Ширин биргаликда оила қуришлари мумкинми?

Фарҳод: - (кулиб) Йўқ. Ҳамма, балки шундай бўлишини ҳоҳлаётгандир? Лекин, биз эмас. Биз яхши дўстмиз! Бизлар бир-биримизни жуда яхши тушунамиз. Жуда ҳурмат қиламиз. Бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз.

Ширин: - Бу саволни бизга кўп беришди. Бизни ҳаттоки турмуш қурдириб, болалик ҳам қилиб юборишди. (кулади) Бизда эса фақат дўстона муҳаббат бўлиши мумкин. Муҳаббатни ҳар хил тушуниш мумкин. Бирга ишлаганлар, албатта турмуш қуришлари шарт эмас (кулади).

 

- Унда ҳаётингизда кутилган севги келганми?

Фарҳод: - Бўлган, лекин ҳозир йўқ.

Ширин: - Йўқ!

 farhodshirin(13).jpg

- Фарҳод нега? Изҳор қила олмаганмисиз?

Фарҳод (ўйланиб): - Уларни оиласи ҳоҳламаган.

 

- Бир умрлик севги ҳақидаги фикрингиз?

Фарҳод: - Менимча, йўқ нарса...

Ширин: - Бор нарса. Ишонаман! (кулади).

 

- Унда қандай тасаввур қиласизлар?

Ширин (ишонч билан): - Бу оила!

Фарҳод (ўйланиброқ): - Биласизми, мен севгига ишонмайман. Лекин, улуғ туйғу бор, бу оила. Мен мисол учун, шу нарсани севиб, бутун умрим ардоқлаб, ҳурмат қилиб, яшайман. Лекин, ундай ўлдим-куйдим, ёндим, деган нарсалар менинг хаёлимда йўқ.

 farhodshirin(15).jpg

- Сизлар оила қуриш учун танлайдиган инсонингиз қандай бўлишини ҳоҳлардингиз?

Ширин: - Тассавуримиздаги инсон йўқ-де…Унақаси йўқ. (самимий кулади) Ҳазиллашдим! Бир - бирини тушунадиган ҳурмат қиладиган, инсон бўлишини истайман.

Фарҳод: - Энг муҳими болаларимизга тўғри ва яхши тарбия бера оладиган бўлишини ҳоҳлардим. Худди шундай менинг ота-онамни ҳам ҳурмат қиладиган ва ўз ота-онасидек кўра оладиган бўлсин. Ўзимни ҳам ҳурмат қиладиган бўлса, лекин ўзим охирги ўринда. Нимагаки, мен учун ота-онам биринчи ўринда! Уларни севиб, меҳр билан ҳурмат қилиши керак.

 

- Фарҳод ва Ширин, Ойбек ва Нигорага тақлид эмасми?

Ширин: - Йўқ! Асло!

 

- Ойбек ва Нигора билан қандай муносабатдасизлар?

Ширин (самимий): - Жуда ҳам яхши. Санъатга биздан аввал кириб келишган.

Фарҳод: - Дўстмиз. Муносабатларимиз ҳам яхши.

 

- Мухлислар ўхшатишига қанақа қарайсизлар?

Ширин: - Мухлислар нима учун ўхшатишлари мумкин? Фақат уларда ҳам, битта йигит ва қиз бўлгани учун!

Фарҳод: - Улар билан бизларда ижрода ва услубда фарқ бор. Мухлислар дуэтда йигит ва қиз бўлгани учун ҳам ўхшатишади.

 farhodshirin(9).jpg

- Продюсерсиз ҳам фаолият юритишингиз мумкинми?

Ширин: - Йўқ, Бобур акасиз фаолият юритишимиз мумкин эмас!

 

- Умрингизни охиригача Бобур ака Бобомурл билан фаолият юритмоқчимисизлар?

Ширин (самимий): - Албатта.

Фарҳод (самимий): - Биласизми, агар шундай инсон (Бобур акани назарда тутиб) ёнингизда бўлса, инсон ўзини жуда эркин хис қилади! Қўллаб қувватланганлигини ҳис қилади ва ёнида меҳрибон инсони борлигини сезади.

 

- Дейлик, вақт ўтиб фикрингиз ўзгариши мумкинми? Ахир бу шоубизнес!

Фарҳод ва Ширин (ишонч билан): - Йўқ ўзгармайди! Чунки, бизлар Бобур акани фақат продюсер сифатида эмас, устоз ва инсон сифатида ҳам яхши кўрамиз, ҳурмат қиламиз!

 farhodshirin(10).jpg

- Кўп янги чиқаётган хонандалар ҳам бошида ўз продюсерини мақтайди. Биз уларни кузатамиз, 2-3 йилдан сўнг эса, улар ўртасида келишмовчиликлар бўлиб ўтган ва бир- бирини ёмонлашни бошлашади...

Фарҳод (самимий): - Бизнинг устозимиз бизларни ўсишимизни ҳоҳлайдилар. Бизлар ҳам шогирдлар чиқаришимизни истайдилар. Бизни битта жойда қолиб кетишимизни истамайдилар. Бизлар ҳам шахсий фикр билан ижод қилсак, бир нарса яратсак, улар шундай нарсаларга эришишимизни ҳоҳлайдилар. Муносабатлар ўз йўлига. Лекин, бундай инсонни йўқотиш гуноҳ. Ўйлайманки, бизда худо ҳоҳласа ёмон ҳолатлар бўлмайди.

 

- Санъатга қадам қўйганингизда шоу бизнес ҳақида фикринглар қандай эди? Ҳозир қандай?

Фарҳод (самимий): - Менда умуман ҳеч қандай тасаввурлар йўқ эди! Бўлгани, тушунганим, бу аранжеровка қилиш, қўшиқ ёзиш, клип олиш ва уни айлантириш бўлган. Лекин, кейин билдимки, у ерда қанча мен билмайдиган нарсалар бор экан! Мен буни шоубизнеснинг ичига кириб, устозим билан ижод бошлагач билиб олдим (кулади).

Ширин (самимий): - Мен кичкиналигимда телевизор кўриб ўтирганимда, ўша устозларимизни кўриб ўтирганимда, дилдан ҳавас қилардим, мен ҳам шундай бўлсам дердим. Шоу бизнеснинг ичига киришни жуда ҳам ҳоҳлаганман. Мана кириб ҳам келдим. Қийинчиликлари кўп, лекин қийинчиликлари жуда кўп бўлса ҳам, ёқимли тарафлари ҳам кўп. Менга ёқади.

Фарҳод: - Бизда санъат бор эди. Санъат менда ҳам, Ширинда ҳам бўлган. Қўшиқ айтганмиз, мусиқа мактабида ўқиганмиз. Мусиқа нималигини тўлиқ тушунганмиз. Лекин, бу томон, шоубизнес бошқа нарса экан (кулади). Бу ерда қанчалик кўп иш қилиниши кераклигини кейин тушундим.

 

- Оилангиздагиларни касбингизга муносабати? Қаршиликлар бўлганми?

Ширин: -Йўқ.

Фарҳод: - Менга 100 фоиз рози бўлишган. Мени оиламдагилар ўзлари буни ҳоҳлашган. Мени шунга тайёрлаб келишган! Дадам Аҳад ака Сулаймонов Тошкентда Театр институтини тугатганлар. Бухорода кинодраматург, актёр.

 farhodshirin(11).jpg

- Жонли ижрога муносабатингиз?

Фарҳод: - Жонли ижро бу ҳақииқий меҳнат. Нимагадир боғланиш эмас. Жонли ижро, тўлиқ бу эркинлик.

 

- Жонли ижро фестевалига қатнашиш ниятингиз борми?

Ширин: - Бор албатта. Лекин, қачонлигини билмаймиз. Таклифлар бўлди. Вақтимиз етишмаяпти.

 

- Кунига нечa соат вокал билан шуғулланасизлар?

Фарҳод: - 3 соат, ёки 1 соат. Вақтга қараб.

 farhodshirin(6).jpg

- Ўзингизни четдан кузатиб, танқид қила оласизларми?

Фарҳод: - Четдан эмас-ку, мана шу ижод ичида туриб ҳам танқид қилиб турамиз.

Ширин: - Инсон ўзини ўзи танқид қилиб турса, ўсиш бўлади. Тўғри танқидга, биз ҳам тўғри қараймиз.

 

- Ўзингизни камчилигингиз нимада деб ўйлайсизлар?

Ширин: - Айтмаймиз! (самимий кулади). Ўзимиз билиб, ўзимиз тузатиб оламиз (кулади).

 

- Биринчи концерт дастури ҳақида ўйлаб кўриш вақти келмадимикан?

Ширин: - Албатта кўп ўйлаяпмиз.  Ҳозирча ҳали эрта, вақти келиб аниқланади. Ўшанда тайёр бўламиз, мухлислар ҳам.

 farhodshirin(7).jpg

- Кинода роль ижро этиш?

Фарҳод (самимий): - О, бу бизни энг катта орзуимиз!

Ширин: - Мен аввал “Ўғлон” ва “Ёз ёмғири” фильмларида роль ўйнаганман.

Фарҳод: - Биз ўз фильмимизда роль ўйнашни ҳоҳлаймиз.

- Бунга тайёргарлик бошладингизларми?

Ширин: - Лекин, ҳали бунга киришганимиз йўқ. Ўйлаб юрибмиз.

Фарҳод: - Ҳозир биз биринчи навбатда қўшиқчимиз. Биз шу тарафимизни охиригача олиб борсак, кейин у ҳақида ўйлаб кўрамиз.

 farhodshirin(4).jpg

- Дуэтда ким лидер? Кимни гапи ҳал қилувчи аҳамиятга эга?

Ширин: - Иккаламизни ҳам. Кимга қандай тўғри келиб қолса, шунинг гапи ҳал қилувчи бўлиши мумкин!

 

- Плагиатга муносабатингиз?

Ширин: - Агар ўшани ўхшатиб, оргинал ижрочидан ҳам ўтказиб, ижро қила олса, деган фикрдаман.

Фарҳод: - Энг муҳими менимча, халққа ёқса!

 

- Плагиат тарафдоридексизлар....

Ширин (самимий): - Бу бир умр бўлган нарса ахир, плагиат фақат ҳозир бўлмаяпти. У қачондир, аввалги замонларда ҳам бўлган.

Фарҳод: - У плагиатда олиш бор, кўчириш бор, ўғирлаш бор-да. Мисол учун, сиз озгина нарсасини олиб, уни аранжровкачи билан ўтириб, ишлаб умуман бошқачароқ, ўзгартириб ташласангиз, у сизники бўлади. Менимча, унда плагиат ҳам бўлмайди. Ғоя олиш бўлади. Бизда фақат шундай ғоя олиш бўлган. Ўзимиз тан оламиз, биттагина “Кулиб туриб” қўшиғимиз олинган. Чунки, у қўшиқ бизнинг ўзимизга жуда ҳам ёққан. Ўша қўшиққа юрагимиз жиз этгани учунгина олиб куйлаганмиз.

 farhodshirin(8).jpg

- Бундан кейин ҳам шундай ҳолат бўлиши мумкинми?

Ширин: - Бўлиши мумкиндир... Олдин айтилган қўшиқларни, янги аранжеровкада айтилса, у плагиатга кирмаса керак...

Фарҳод: - Яъни, ўтган устозларнинг қўшиқларига мурожат қилишимиз мумкин. Янги кўринишда, янги аранжеровкада ижро этишимиз мумкин.

 

- Вақти келиб санъатни тарк этиш деган сўзга муносабатингиз?

Ширин:- Йўқ!

 

- Саҳнадаги ва ҳаётдаги фарқингиз?

Фарҳод: - Мен кузатганман ва бу менга ёқмайди. Мен масалан, ҳаётда жуда қувноқман. Ҳар доим кулиб юраман. Лекин, негадир саҳнага чиққанимда, кулишим жуда қийин. Шу нарса менга ёқмайди. Инсон сал кулиб туриши керак. Халққа яхши кайфият бериши керак! Лекин, мен негадир саҳнада оғир босиқман. Ҳаётда эса қувноқ. Фарқим шунда.

Ширин: - Мени ўзи ичимда икки хил инсон яшайди (самимий кулади). Мисол учун, бир томоним Юлдуз Усмонова бўлса, бир томоним Насиба Абдуллаева. Иккаласини аралашгани мени ичимда бор. Бир тарафдан Юлдуз Усмоновадек шўхлик, шижоат бўлса, иккинчи тарафдан Насиба Абдуллаевадек оғир ва босиқлик ҳам бор.

 

Шу вақт иш билан хонага кирган устозлардан бири ҳам суҳбатга қўшилади...

 

Устоз:- Мен буларни махсус фандан устозиман. 4 йилдан бери ўқишади.  Булар ҳам ўз услубини топишган. Масалан, ўзбек бастакорларини, чет эл бастакорларинининг қўшиқларини куйлаб, ўзига хос мактабини олиб, келмоқдалар. Булар маълумотли эстрада хонандалари.

 

(суҳбатга қайтдик)

farhodshirin(5).jpg

- Илк саҳнага чиққан кунингиз нимани ҳис қилгансиз ва ҳаяжон ҳозир ҳам борми?

Фарҳод:- Ўшанда 3 ярим ёшда бўлганман. Бу биринчи марта саҳнага чиқишим эди, адашмасам театрда эди. Кейин “Ўзбекистон Ватаним маним” кўрик-танловида саҳнага чиққанман. Лекин, яхши эслай олмайман. Ҳаяжон жуда кучли бўлган. Лекин, “Фарҳод ва ширин” дуэтига қадар ўзим яккахон тарзда хонанда бўлиб чиқмаганман. Ижодга қизиқишим баланд эди, айниқса Европа санъатига. Шу сабабдан бўлса керак, шансонлар куйлаганман. Стас Михайлов ва Григорий Лепс менинг кумирларим.

Ширин: - Биринчи саҳнага чиққанимда хурсандчилик бўлган, ҳаяжон бўлмаган. Бир неча қўшиқлар айтганман, лекин ўша вақтдан ҳозирда жуда катта фарқ бор, деб ўйлайман. Ҳозир масъулият ҳисси кучли.

 farhodshirin(1).jpg

- Ижодда қўшиқлар танлаш?

Фарҳод  ва Ширин:- Асосан, продюсеримиз Бобур ака билан биргаликда танлаймиз.

 

- Шу кунгача, ҳаётда ўз олдингизга қўйган талабларингизни қанчасига эриша олдингизлар?

Фарҳод: -Буни санъаткорнинг ўзи билса, кейин белгилай олса керак. Биз ҳозирча изланишдамиз. Ҳозир фоиз ҳақида гапириш керак эмас, менимча. Ҳали кўп бор!

Ширин: - Ҳали ҳеч қанчасига эришганимиз йўқ.

 farhodshirin(2).jpg

 - Мактабни битирган вақтдан деб олсак-чи?

Ширин:-Мени ўқишни битириб олганим, билим тарафлама эришган ютуғим, деб ҳисоблайман.

Фарҳод: - Коллежда ўқиб юрган вақтларим, катта саҳнани орзу қилганман. Орзунинг бир қисми амалга ошди, катта саҳнани кўрдим, қадам босдим. Бу дегани, Ширин иккимиз ҳам нимадир қила олдик.

 

- Санъатдан ҳеч қачон кетиш йўқ, дедингиз. Лекин, оила қургач-чи?

Ширин: - Менимча, оилага жиддий қараш ва касбингизни тушунадиган инсон топиш керак. Фарҳодга эса, бу нарса қийинмас.

 

-Тўғри, йигит кишининг иши осонроқ. Лекин, Ширин сизда бўлажак турмуш ўртоғингиз “Фарҳод ва Ширин” дуэтининг давом этишини ҳоҳламаса нима қиласиз? Ўзбекчиликда рашк деган нарса бор...

Ширин:- Биласизми, барибир совчилар дегандек, қиз болада кўп бўладию, орасидан танлаб олишга ҳаракат қиламан. Муҳими, касбимни тушунишини ва давом эттиришга рухсат берадиган инсон бўлсин!

 

- Машҳур инсоннинг ажратиши қийин бўлади. Қандай қилиб, шундай инсонни ажратиб оласизлар?

Фарҳод (кулиб, ҳазил билан):- “Қани, бир қадам олдинга чиқишсин-чи!”, дейман.

Ширин (жиддий):- Мен бу ҳақида олдиндан бир нарса дея олмайман. Барибир, катталар, ота-она, оиладагилар ҳал қилишади.

 farhodshirin(3).jpg

- Сизлар учун совчи орқали турмуш қурган яхшими ёки ўзингиз севиб, ёқтириб?

Ширин (самимий):- Кимдир совчи орқали бахтли бўлиб кетиши мумкин, кимдир эса, ўзи севиб, севилиб. Бу тақдирга боғлиқ, деб ўйлайман.

Фарҳод (кулиб): - Севиб юришга сал вақт йўқроқ, шунинг учун ойимларни жўнатиб юбораман. Лекин, менга ҳам ёқиши керак, албаттта. Барибир кўриб. Ўйлаб кўрамиз.

Ширин (самимий):- Тўғриси, ўша вақт келсин, қандай бўлганини ўзимиз айтамиз!

Фарҳод: - Ҳозирда ижод билан бандмиз, ҳали севги ва оила қуришга вақтли, деб ҳисоблайман. Ҳали вақт бор.  2 йилдан кейин бу ҳақида жиддий ўйлаб кўрамиз.

Ширин: - Мухлисларимизга ҳам айтар сўзимиз, вақтлидан ёш турмуш қуришмасин, ўқиб билим олишсин, ишлашсин. Ўз орзуларига эришишсин! Ундан сўнг, турмуш қуриб, бахтли бўлиб яшашсин!

 

- Шоубизнес сизларни нималарга ўргатди?

Ширин:- Беш қўл баробар эмас ва инсонлар ҳам ҳар хил бўлади. Бобур акани учратгач, уларга шогирд бўлиб ижод қилгач, турли инсонларни кўриб, муомала, маданият, умуман сўзлашиш, ҳар томонлама инсон ўсади. Чунки, ҳар хил инсонларни кўрасиз, чиройли характерга эга, билимли устозларни кўрасиз, улар билан суҳбатлашасиз. Нафақат саҳнада, балки ҳаётда ҳам ўзингизни тутишларни кўриб, умуман бошқача инсонга айланасиз. Ҳар тарафлама қирралаб, тўғрилайди.

Фарҳод:-Шоубизнесни заргарлик устахонаси дейиш мумкин. Инсоннинг маданиятини ҳам, санъатини ҳам, қирралаб, идеал даражага етказиб қўяди. Гастрол сафарларида кўп бўламиз, кўп инсонларни кўрамиз. Фақат яхши тарафларини олиб, ўзимизга кераклисини олиб қолган ҳолда ўсамиз.

 

- Ҳозирда қиз ва йигит муносабатларида, қайси тарафлама қизни ва қайси тарафлама йигитнинг иши нотўғри, ноўрин, деб ўйлайсизлар?

Ширин: - Мен коллеж талабалалари, ёши биздан кичик сингилларимизни кўпроқ китоб ўқишларини истардим, кўп вақтларини фақат телефонда сарфлашларини ҳоҳламасдим. Энг асосийси, қизлар йигитларга телефон қилишмасин! Аксинча, йигитлар қизларга ялиниб телефон қилишсин! Йигитлар қизларнинг йўлларига зор бўлишсин, аксинча бўлмасин.

Фарҳод (самимий):- Ўзбекона миллий урфу одатларимиз, анъаналаримиз хаёлимга келади. Олдин йигитлар қизларни чимилдиқда кўришган, дейишади. Телефон қилишлар бўлмаса, йигитлар қизларнинг телефонини осон топа олмаса, висол куни бир-бирларини кўриб, бахтли бўлиб, оила қуриб кетсалар. Ҳозир эса, телефон, интернет ва ҳар хил алоқалар жуда ҳам ривожланиб кетган. Бу бир тарафлама яхши. Лекин, қиз ва йигит муносабатларига келганда, ҳақиқий муҳаббат қадрсизланиб кетмоқда, назаримда.

Ширин: - Қизларнинг ҳозирги гаплашишлари, умуман йигитлар билан эмас, қизбола ўртоғи билан ҳам гаплашиш маданияти ҳам, ҳавас қилгулик эмас!

 

- Консерваторияда ўқир экансизлар. Қайсидир мусиқа асбобини ўзингиз чала оласизларми?

Фарҳод: - Скрипка ва фортопиано!

 

- Санъаткорлар орасида дўстлик бўладими?

Ширин: - Нега энди? Дўстлик бўлади. Мен ўзимни кўнглим тоза, деб ўйлайман. Кўнгли тоза ижодкорлар билан биз ҳам келишиб, дўстлашиб кетамиз.

Фарҳод:-Устозим Бобур ака билан шу нарсани кўп гаплашамиз! Мен ўзим шоубизнесга кириб келишимдан олдин, дўстларим билан тез-тез кўришиб турардик. Бирга ўтиришлар ва қалин дўстлик бор эди. Лекин, шоубизнесга кирган ҳар қандай хонанданинг бўш вақти умуман бўлмас экан! Улар ўтиришга чақирган вақтда, сизни бошқа муҳим ишингиз бўлади. Қарабсизки, ўз-ўзидан бошқа ташқаридаги дўстларингиз сиздан хафа бўла бошлайди. Тушунтирасиз, айтасиз, лекин тушунадигани ҳам, тушунмайдигани ҳам бор! Қарабсизки, ўз-ўзидан улардан ажрала бошлайсиз. Бунга сиз ҳам, улар ҳам айбдор эмас. Бу вазият, вақт етишмаслиги. Лекин, доим қайси дўстим қаерда бўлса ҳам, бирор ёрдам сўраса, вақт ажратишга, ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Аммо, кўп дўстларим Бухорода.  

Ширин: - Менинг дўстларим, бу устозим, Фарҳод, ўзимга энг яқинларим. Лекин, бошқа бир дугонам ёки яқин дўстим йўқ.

 

- Ижод сизлар учун?

Фарҳод:- Биз ижодни севамиз. Мухлисларимиз бизни ижодимизни шунчалик қадрлашганидан миннатдормиз.

Ширин:- Улар учун янгидан янги қўшиқлар куйламоқдамиз.

 

- Сизларни кўпинча Фонд Форум тадбирларида учратамиз?

Фарҳод  ва Ширин:- Фонд Форумни ҳозирги кунда ёшларнинг ҳаётида муҳим аҳамият касб этгувчи энг фаол ташкилот, деб ўйлаймиз. Бу ташкилотнинг юртимиздаги ҳар бир инсонга мос келадиган лойиҳалари бор. Уларда фаол иштирок этиш мумкин. Айнан, мазкур ташкилот юртимизнинг чекка қишлоқларидаги инсонларни ўзлари эгаллаган касбда муваффақият қозонишларига, юзага чиқишларига имконият беради. Масалан, санъат, ҳунарманлчилик, ҳар қандай соҳада ўзингни синаб кўришинг учун имкониятлар бор. Масалан, “Ҳаёт учун!” лойиҳасини олайлик, ёшларимиз ўз ҳоҳишлари билан беморларга ёрдам кўрсатмоқдалар. Фонд Форум ана шу меҳрибонликни, ёшларимизга сингдира олган, ташаббус кўрсатган. Бу ғоят хайрли лойиҳа! Айнан шу лойиҳа туфайли, кўплаб беморлар шифо топмоқдалар. Биз ҳам бу ташкилотнинг ана шундай хайрли лойиҳаларига ҳамиша ўз ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз.

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова