FATTOHHON.COM

« Все новости

БАЙРАМ ТАДБИРЛАРИ... 01.01.2015 04:14

 

photo (2)

Янги йил байрами арафасида пойтахтимиз кўчалари ҳар қачонгидан ўзгача чирой очди. Турли воситаларга жойланган ранг-баранг чироқлару  ёрқин қор парчалари, безатилган арчалар ҳамда юртдошларимизнинг жўшқин кайфияти, Тошкент кўчаларини янада байрамона файзга тўлдирди. Байрам тадбирлари янада мазмунли ўтиши учун, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмаси, Ўзбекистон бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Тошшаҳарнур” давлат унитар корхонаси вакиллари сидқидилдан хизмат қилмоқдалар.

photo (3)

Пойтахтимиздаги бу йилги байрам томошалари мамлакатимиз юраги бўлган – Мустақиллик майдонида, шунингдек, цирк ҳудудида, “Алгоритм” даҳасида, Яшнобод тумани “Марказий офицерлар уйи”да, Юнусобод тумани Аҳмад Дониш кўчасида кенг миқёсда ўтказилмоқда.

photo (1)

Мустақиллик майдонидаги улкан саҳнада Ўзбек Миллий академик драма театри актёрлари ижросида “Янги йил саргузаштлари” номли театрлаштирилган томоша намойиш этилмоқда. Бадиий жамоалар ижодий бирлашмаси, Академик ва халқ бадиий жамоалари дирекциясининг ансамбль ва хонандалари, театр ва цирк санъати усталари, таниқли санъаткорлар, ёш ижрочилар, Ўзбекистон санъат ва маданият институти, Ўзбекистон давлат консерваториясининг талабалари ўзларининг ранг-баранг мусиқий дастурларини тақдим қилмоқда. Насриддин Афанди, Шум бола, Эгри ва Тўғри, сеҳрли шамчироқ эгаси Оловиддин, меҳнатсевар Зумрад ва эрка Қиммат иштирокидаги томошалар болаларга бир олам қувонч, унутилмас таассурот улашмоқда. Бундай байрамона тадбирлар юртимизнинг барча вилоят ва туманларида ташкил этилган.

Мазкур тадбирлар юртдошларимизнинг байрамни янада юқори кайфиятда ўтказишлари учун амалга оширилмоқда.