FATTOHHON.COM

« Все новости

CАРДОР РАҲИМХОН: “БОМБЕЙ” КЛИПИ ҲАҚИДА БАТАФСИЛ... 06.07.2013 09:33

foto(3)_147.jpg

Сардор Раҳимҳон: - “Бомбей” клипи икки кун давомида суратга олинди. Клип ғояси Муҳаммадали Искандаровга тегишли. Бошида бу қўшиқни синов тариқасида ёзгандим ва унга клип олиш ниятим йўқ эди. Кейинчалик радиостанциялардаги бошловчилар ва ўзимнинг ҳамкасбларим “бу қўшиққа албатта клип суратга олдириш керак” дейишгандан кейин, ўзимда ҳам ишонч пайдо бўлди.

Кейин шартта таваккал қилиб қўшиқни Муҳаммадали Искандаровга олиб бориб бердим. Қўшиқ Муҳаммадалига ёқди шекилли, унга бир кун ичида ғоя келди. “Нима қилиб бўлса ҳам, бу клипни суратга олишимиз керак” деб, менга ғояни айтиб берганида, унинг ғояси менга ёқмади! Рози бўлмадим. Чунки, унинг ғояси бўйича мен клипда кутилмаган кўринишларда, бошқача бир имиджларда чиқишим, рақсга тушишим керак эди. Қолаверса, клипмейкер Наримон Султонхўжаевнинг устидан ҳам пародия қилинган жойлари бор эди. Нозик тарафлари кўп эди, уни кимдир тушуниб, кимдир тушунмаслиги ҳам мумкин эди! Яна гап-сўз кўпаядими, десам, Муҳаммадали, яхшилаб ўйлаб кўришни маслаҳат берди.

Шундан сўнг, мен бу ғоя бўйича, оилам, устозларим ва дўстларим, ҳамкасбларим билан маслаҳатлашиб кўрдим. Ҳамма, нима гап-сўз бўлишидан қатъий назар, бир овоздан бу клипни суратга олиш керак, дейишди. Шундан сўнг, таваккал қилиб, клипни суратга олдик! Якуний натижа мени қувонтириб, ўзим кутганимдан ҳам зиёда бўлди!

foto_1181.jpg

Клип давомида мен учун энг қийини, бу рақсга тушиш бўлди! Чунки, шу пайтгача саҳнада ҳам, клипда ҳам рақсга тушмаган эдим. Бу мен учун илк тажриба бўлди!

Клип бюджети 15 миллион сўм.

Клипда суратга тушган ҳиндлар, чиндан ҳам ростдан ҳинд миллатига мансуб инсонлар, чинакам ҳиндлар! Уларни Худонинг ўзи етқазди, дейишим мумкин. Биз бир кун олдин, суратга олаётган кунимиз, суратга олиш ишлари Лаъл Баҳодир Шастри ҳайкалининг орт тарафида бўлаётган эди. Айнан, Муҳаммадисо Абдулхаировнинг офисидаги саҳна суратга олинаётганди. Одатда барча ҳиндлар Ўзбекистонга келишганида, албатта Шастри ҳайкалини зиёрат қилишар экан. Ҳиндистондан келган сайёҳлар ҳам, тўрт-беш автобус бўлиб, зиёратга келишди. Биз ҳам уларга мурожаат қилиб, эртага съёмкамиз бор, клип мавзуси Ҳиндистон ҳақида, деб тушунтиргандик, рози бўлишди, телефон рақамларини олиб қолдик. Эртаси куни эса, ҳаммалари келиб, съёмкага тушиб беришди!

foto(1)_189.jpg

Клипдаги рақсни эса, мен ярим соатда ўрганганман! Чунки, бошида мен учун тайёрлаб келинган рақс, мен учун жуда ҳам қийин бўлди! Улар профессионал бўлганлари учун ҳам, улар ўзларининг дунёқарашидан келиб чиқиб, рақс тайёрлашган. Қийин ҳаракатлар билан қилинган рақс бўлгани учун ҳам, менга қийин бўлди. Уни кўрган томошабин ҳам ёдлаб олиши қийин бўларди. Мен эса, оддий ва осон рақс бўлсин, уни ҳар қандай томошабин кўриб, бемалол такрорлай олсин, ўша рақс ҳам инсонларнинг ёдида қолсин, дедим. Шундан сўнг, ярим соатнинг ўзида ўша ерда рақс ўйлаб топдик! Ўзим ҳам ўша рақсни яратиш жараёнида қатнашганим учун ҳам, ярим соат ичида ёдлаб олишим осон бўлди!

“Бомбей” қўшиғининг яратилиш тарихи ҳам жуда қизиқ бўлган. Мен бутунлай бошқача қўшиқ ёздираман, деб бастакор Отабек Қамбаралиевга мурожаат қилгандим. У “бутунлай бошқача бир йўналишда қўшиқ бор, лекин сизнинг йўналишингизга тўғри келмайди” деди. “Қўйинг, тинглаб кўрай” дедим. Қўшиқни биринчи тинглаганимдаёқ юрагим жизиллаб, нима бўлса ҳам, шу қўшиқни айтаман, дедим. Қўшиқнинг шу “Бомбей-Бомбей” деган жойлари Отабек Қамбаралиевга тегишли, қолган жойлари ва қўшиқ, мусиқаси Элдор Қаюмовга тегишли! Чунки, бошланиш кўриниши бошқача бўлган. Бу қўшиқни биринчи вариантини NTT телеканалининг янги йил базмида биринчи марта куйлаб чиққанман! У ерда “Баччан” сўзлари йўқ эди! Кейин, бошқатдан қайта ишлаб, бошқача қилдик ва қайта яратилган иккинчи варианти, мана шу клип суратга олинган вариантидир! Биринчи вариантидан кўнглим тўлмаган, чунки, “Бомбей-Бомбей” деган жойидан бошқа сўзини тушуниб бўлмасди. Нима ҳақида куйлаётганимни ҳам билиш қийин эди. Мана энди иккинчи вариантида эсда қоладиган, томошабинни қизиқтирадиган жиҳатлари ҳам бор.

“Нима учун Баччан?” (самимий кулиб) Бу саволни бастакор Элдор Қаюмовга бериш керак. Мен ҳам, биринчи марта шу саволни берганимда, Элдор Қаюмов “яхшимасми, шуниси билан эсда қолади” деган! Қолаверса, “Бомбей”деганида биринчи навбатда кўз олдимга Баччанлар келади” деганди! Ўзи Ҳиндистон деганда, биринчи кинони тасаввур қиласиз, кино деганда эса, биринчи бўлиб, кўз олдингизга Амитабх Баччан, Айшварья Рай, Шохруххон келади. Шунинг учун ҳам, “Баччан” кўз олдига келиб, шу сўз қўйилган. Биринчи бўлиб, шу ҳам бастакорни илҳомлантирган. Мени ўзимга ҳам ёқди!

Бу клип ғоясини биринчи марта эшитганимда, албатта менга хонанда Улуғбек Раҳматуллаевнинг “Бемор” қўшиғинининг клипини эслатди. Бу клипни суратга олдиришни истамаганимнинг яна бир сабаби ҳам шу эди... Яна Улуғбек Раҳматуллаев билан мени гапиришадими, дегандим. Ўзи гап-сўзлар жонимга текканди, яна бошланадими, дегандим. Лекин, Муҳаммадали Искандаров охири мени кўндирди.  “Нима бўлганда ҳам, бу клипни суратга олдиринг! Бундай гап-сўзларга эътибор берманг, деди. “Бемор” клипининг ўзи ҳам Энрике Иглесиаснинг клипидан олинган экан. Чунки, Муҳаммадалининг ўзи ўша клипнинг режиссёри. Ўзи ўша клипда роль ижро қилган. Биз эса, “Бомбей” клипида ундан кўчирганимиз йўқ, биз қайсидир маънода унга пародия қилиб, ўша билан боғлаган ҳолатда, Нурилло образини, ўша ерда ўйнаган Наримоннинг устози қилиб кўрсатяпмиз. “Нурилло яна менинг ғояларимни ўғирлаяпсанми?” деган жойи бор-ку. Лекин, нима бўлганида ҳам, мени бу клипни суратга олишга кўндиришди ва томошабинлардан клип ҳақида яхши фикрлар эшитмоқдаман. Бу клип Улуғбек Раҳматуллаевнинг клипидан кўчирилмаган, аслига олиб қарасак, Энрике Иглесиаснинг бир клипини ғояси шунга яқин, унда ҳам худди шундай режиссёрнинг ёнига келади, режиссёрга клип буюртма қилишади, ичкарига кириб кетишади, хаёлида клип суратга олинади, кейин битта қайтиб киради, сценарий, деярли шундай. Лекин, ғоя, клип ичидаги ҳаракатлар бошқача. Нима бўлган тақдирда ҳам, мени Муҳаммадали кўндирди ва “Улуғбекни клипини ҳам, сизнинг клипингизни ҳам режиссёри менман-ку” деди. “Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳамма гап менга келади”, деди.

Клипда актёр Муҳаммадисо Абдулхаиров билан роль ижро қилиш, мен учун жуда катта воқеа бўлди. Чунки, бу актёрни жуда ҳам ҳурмат қиламан! Истеъдодли актёрлардан бири, шу инсон билан бирга партнёр бўлиб, битта кадрда роль ижро қилиш, мен учун қизиқарли ва эсда қоларли бўлди! Бу актёрни яна бир бор ўзим учун кашф қилдим!

foto(4)_130.jpg

Яна бир эсда қоларли жиҳати, Ҳиндистонликлар билан бирга съёмкага тушганимиз бўлди. Улар ўз тилида гапиришяпти, мен ўз тилимда гапиряпман, лекин нима қилиб бўлса ҳам, бир-биримизни тушуна олдик!

Иккала куни ҳам, суратга олиш ишлари жуда кеч бошланди! Ҳеч қайси клипимда бундай бўлмаганди. Биринчи куни, эрталаб соат 09.00 бошланиши керак бўлган суратга олиш ишлари, кечки вақт соат 16.00 да бошланди. Эртаси куни эса, эрталаб соат 11.00 да бошланиши керак бўлган съёмка, кечки вақт соат 19.00 да бошланди! Кутавериб, чарчаб толиқиб ҳам қолдим. Сабаби, жуда ҳам иш кўп эди! Клип катта масштабда суратга олинди! Клипда суратга тушаётганлар, образлар, кийимлар ҳам кўп эди! Ҳаракатлар ва воқеалар ҳам жуда кўп. Буларнинг ҳаммасини эплаб олиш учун жуда катта гуруҳ керак эди, бизда эса ижодий гуруҳ унчалик катта эмасди. 15-20 кишидан иборат эдик. Улгуриб бўлмади. Ҳоҳласак-ҳоҳламасак, бир-биримизга боғлиқ бўлгани учун ҳам, бир-биримизни кутдик. Ҳамма нарсани бир жойга йиғиш учун жуда ҳам кўп вақт керак бўлди. Шу жиҳатлари билан ҳам эсда қолди!

Саида Вахобова ёзиб олди

foto(2)_167.jpg