FATTOHHON.COM
« Все новостиЎЗБЕКИСТОНДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН АРТИСТ АЛИШЕР ФАЙЗ
2014 йил аъло даражада ўтди! Кириб келган Янги йилдан ҳам ниятларимиз жуда ҳам катта! Нафақат ўзимиз учун, балки Ватанимиз учун, юртдошларимиз учун ҳам, ҳамма кўнглида эзгу тилаги бўлган инсонлар учун Янги йил яхши ва омадли бўлишини тилайман! Одатда мен сарҳисобни кўпроқ ўзим билан ўзим қилишни яхши кўраман! Ўтган йилда ижод тарафлама кўпроқ юртдошларимизга маъқул келадиган тароналар тайёрладик! Янги концерт дастури ўтказдим. Ютуқлар ҳам янгидан янги бўлганидек, уларга қараб, янгидан янги камчиликларингизни ҳам ўзингиз учун сезасиз! Шунга яраша камчилик ҳам, хурсанд бўлган томонларимиз ҳам кўп бўлди!
(самимий кулиб) Ҳеч қачон Янги йилда Қорбобо бўлмаганман! Одатда, олдин Янги йил киришидан аввал ухлаб қолардим! Ойнаи жаҳонда чиқишни бошлаганимдан кейин эса, амаллаб уйқуни енгиб ўтириб, кўришга ҳаракат қиладиган бўлдим! Аксарият байрамлар, тўғрисини айтиш керак, бир хил ўтади, дейиш мумкин. Кўпчилик оила даврасида, яқинлари билан ўтириб байрам қилади. Улар ишдан чарчаб, алоҳида кун ажратиб байрам қилади. Биз эса, ҳамма дам оладиган вақтда меҳнат қилишимизга тўғри келади. Шунинг учун ҳам, тўғрисини айтаман, баъзида қандай қилиб Янги йил кириб келганлигини ҳам билмай қоламан! Менимча, камида 50 фоиз санъаткор шундай бўлса керак! Баъзида кунларнинг ҳам фарқига бормай қоласиз! Негаки, шукур ҳар куни хурсандчилик, ҳар куни байрам!
“НИҲОЛ” МУКОФОТИ СОВРИНДОРИ ЁДГОР МИРЗАЖОНОВ
2014 йилда кўпдан кўп қўшиқлар яратдим! Янги мусиқий альбом устида ишладим. Лекин, бироз улгура олмадим ва уни Янги 2015 йилда мухлислар эътиборига ҳавола этаман! Мусиқий альбом “Сен билан” деб номланади. Ҳозир ҳам 2 та қўшиқ тайёр бўлиш арафасида, бири оналар ҳақида, иккинчиси эса, ёшларбоп қўшиқ!
Янги йил ўзгача байрам! Янги йилда бир марта Қорбобо бўлганман! Бундан 8-9 йил олдин, раҳматли Мўмин Орипов бир имконияти чекланган мухлисим борлигини айтиб, унинг учун Қорбобо бўлиб, бориб йўқлаш таклифини берганда, рози бўлиб, Қорбобо бўлганман! Қорбобо кийимини кийиб бориб, табриклаганман! Ўша ҳолат ҳеч эсимдан чиқмайди! Бошқа Қорбобо бўлмаганман, негадир вазият бўлмаган! Ҳаттоки, болаликда ҳам Янги йил байрамларида Қорбобо бўлмаганман, аскар ёки мушкетёр бўлардим!
Янги йил ҳар доимгидек оила даврасида кутиб олишга ҳаракат қиламан! Лекин, кўчада кутиб олган вақтларим ҳам бўлган! Хизматларда, табриклаш учун бир жойдан иккинчи жойга югуриб, Янги йил ўтиб кетган вақтлар ҳам бўлган! Шундай вақтларда Янги йилни йўлда кутиб олганман!
ХОНАНДА САРДОР МАМАДАЛИЕВ
2014 йил унумли ва баракали йил бўлди! Ижод тарафлама оладиган бўлсак, шу йил биринчи марта сюжет йўналишида “Ажралишдик” қўшиғига клип суратга олдирдим. Менинг ижодимда бир бурилиш ясади. Аввалги ҳамма қўшиқларимга трек йўналишида клип суратга олинганди. Умуман, 2014 йилдан сюжетли клиплар суратга олдиришни бошладим. “Истиқлол” санъат саройида яна бир янги яккахон концерт дастуримни ўтказдим! Умуман, бу йил мен учун жуда ҳам омадли келди. “Эътироф 2014” мукофотига номзодим қўйилди! Бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим. Номзодим қўйилганлигининг ўзидан хурсандман! 2015 йилдан ҳам катта мақсадлар, ниятлар бор! Янги йил ажойиб байрам, уни ўзгача кутиб олиш керак, деб ўйлайман. Лекин, ҳар доим оила даврасида кутиб олганман. Ўтган йили масалан, Янги йил йўлда ўтиб кетган. Бунақаси ҳам бўлган!
Cаида Вахобова