FATTOHHON.COM
« Все новости
Ўз якунига етган 2014 йил Ватанимиз учун унутилмас воқеаларга бой бўлди! Шиддат билан юксалаётган юртимизда кўплаб ўзгаришлар, янгиликлар юз берди. Янги иншоотлар қад ростлади, янги йўллар қурилди ва юртдошларимиз учун кўплаб қулайликлар яратилди. “Йилдан йил яхши” сўзлари айнан бизнинг юртимиз ҳақида айтилгандек, назаримизда.
Жумладан, санъат соҳасида, айнан “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасида ҳам, катта ўзгаришлар бўлди. Янги раҳбарнинг ташаббуси, шижоати билан кўплаб эътиборга молик янгиликлар юз бериб, санъат соҳасида янада такомиллашув, ўзига хос ўсиш, санъаткорлар орасида эса, самимий ҳамжиҳатлик юзага келди. Эсда қоларли муваффақиятларга ҳам эришилди. Жумладан, концерт-томоша фаолияти ҳуқуқини берувчи махсус рухсатнома – лицензия олиш истагида бўлганларга, Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи олдида, жонли ижрода ўз имкониятларини намоён этиш талаби қўйилди. Бу жараён санъатга шунчаки ҳавас билан қарайдиганлардан, ўзига хос овозга эга хонандаларни осонгина ажратиб олиш имконини берди. Бирлашма раҳбариятининг мазкур ташаббуси янги йилда янада такомиллаштирилиб, аксарият санъаткорлар Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи йиғилишида ўз қўшиқларини жонли ижро этганларидан кейингина, концерт-томоша фаолиятини давом эттирадилар.
2014 йилда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан чинакам санъаткорлар учун яратилган имкониятлардан бири сифатида, жонли ижро асосида концерт беришни истаган хонандалар, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз!
Йил давомида Бирлашма ходимлари ҳамда, машҳур эстрада хонандалари, юртимиздаги деярли барча мусиқа ва санъат мактабларига бириктирилиб, ҳар ойда маҳорат дарслари ташкил этиб борилди.
“Ўзбекнаво” хонандалари мамлакатимиздаги ҳар йилги катта байрамларимиздан ташқари, “Шарқ мутафаккирларининг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни” Халқаро конференцияси қабул маросимида, Ўзбекистон халқ шоири Мухаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан ўтказилган назм ва наво кечаларида, “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида уюштирилган фестивалларда, Наманган вилоятида ташкил этилган “Баркамол авлод” спорт ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимларида, мамлакатимиз Темир йўл ходимлари байрамида, Ўзбек миллий академик драма театрининг 100 йиллик тантаналарида ва пахта йиғим-терими мавсумида жойларда ўтказилган маданий тадбирларда ҳам, фаол иштирок этдилар.
Айниқса, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Фарғона вилоятида бунёд этилган Янги санъат саройининг очилиши, ҳамда Маданият, санъат, спорт, телевидение, радио каби соҳаларда, ютуқ ва муваффақиятларга эришиб келаётган энг фаол ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, юртимизда ташкил қилинган “Эътироф 2014” тақдирлаш маросими, ҳаммада унутилмас таассуротлар қолдирди.
Ишонамизки, Янги 2015 “Кексаларни эъзозлаш йили” йилида ҳам, Бирлашма томонидан қатор хайрли ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, Бирлашма ҳамда, санъаткорлар ҳамжиҳатликда, ўзбек санъатининг ривожи, келажаги учун кўплаб янги ғояларни, режаларни амалга оширадилар, деган умиддамиз.
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ва санъаткорлар фаолиятига нафақат Янги йилда, балки ҳамиша янгидан-янги омад ва муваффақиятлар ёр бўлсин!