FATTOHHON.COM

« Все новости

ЯНГИ ЙИЛ! ШОУ БИЗНЕС ВАКИЛЛАРИ ҲАЁТИДА... 05.01.2015 14:27

 004A7941_новый размер

ХОНАНДА, АКТЁР ВА РЕЖИССЁР ЖАҲОНГИР ПОЗИЛЖОНОВ

Ўтган 2014 йил давомида хорижга ижодий сафар қилдим, бир неча янги қўшиқлар чиқардим, янги клиплар суратга олдирдик. Улардан “Бақалоқ” клипим, ундаги бошқача қиёфада чиққаним янгилик бўлди, деб ўйлайман. Бундан ташқари, мана шу йил якунида ҳам яна 2 та янги қўшиқ қилишга улгурдик ва уларни клипи билан тақдим қилдик. Биринчиси, “Ҳеч ким ўхшамас сенга” ҳақиқий муҳаббат ҳақидаги қўшиқ ва иккинчиси шўх тарона, номи “Жамшид” кўнгли тоза, содда, ким яхши гапирса хизматини қилиб кетаверадиган йигит ҳақида!

Янги йил ажойиб байрам, олдинлари ёшликда Қорбобо бўлиб кийиниб, қариндошларникига байрам билан табриклагани борганмиз. (самимий кулиб) Сюрприз қилганмиз! Қорбобони аввалига танимай, кейин таниб қолишлари жуда завқли бўлган! Эндиликда эса, Янги йилни тўғриси ҳар йили ҳар хил кутамиз, чунки уйда кутмаймиз! Чунки, ўша куни эл-юрт хизматида бўламиз! Бир Янги йилда ҳеч ёдимдан чиқмайди, машинамизни алмаштириш учун сотиб, ҳали янги олмаган вақтимиз эди. Жуда ҳам совуқ, Янги йилда хизматга борганмиз, хизматлар тугагач, чиқиб, уйга қайтамиз, десак, кўчада бирорта ҳам такси йўқ! Янги йил куни такси бўлмаслиги, ҳамма янги йил кутиши мумкинлиги хаёлда ҳам йўқ эди. Ўзимизча, “хизматдан сўнг, такси ушлаб кетаверамиз”, деганмизда... У пайтда такси компаниялари ҳали йўқ эди, такси чақиртиришнинг ҳам имкони йўқ! Кўча қор, жуда совуқ, яхмалак, бундай ҳолатда кўпчилик машина ҳайдамайди, таксилар ҳам юрмайди, “бундай ҳавода дам ола қолай, янги йил бўлса”, деб одатдаги таксилар ҳам чиқмаган. Биз ҳам бу ёғини ўйламаганмиз. Хуллас, ўша совуқ, қорда уйга пиёда кетганмиз!

foto_(1)_254

РЕЖИССЁР ВА АКТЁР ЖАВЛОН ШОДМОНОВ

Ўтган 2014 йил яхши, муваффақиятли кечди! Янги фильм суратга олдик, ҳозирда яна бир янги фильм устида ишлаяпмиз. Уни Янги йилга тақдим этиш ниятидамиз. Янги йил ўзига хос байрам, талабалик вақтимда бир Янги йилда қизиқарли ҳодиса юз берган. Ҳалигача ёдимда. (самимий кулиб) Менда Қорбобонинг кийими бор эди. Бир дўстим билан келишиб, ўзимизча, Янги йил куни пул ишламоқчи бўлдик. Хуллас, дўстим Қорқиз кийимини топиб, Қорқиз бўлди, мен эса ўзимдаги кийим билан Қорбобо бўлдим. Икковимиз, кеч соат 18.00 да кўчага чиқдик. Мен соат 23.00 гача Қорбобо кийимида айланиб, кейин, совғалар билан уйга қайтиб, Янги йили киришига яқин, уйдагиларни Қорбобо қиёфасида қувонтирмоқчи бўлдим. Лекин, бекатга чиқишимиз билан, қарангки, бизга талаб ошиб кетди. “Бизникига юринг, болаларимизни табриклайсиз” деганларнинг саноғи йўқ. Хуллас, бу ишга қизиқиб кетиб, юраверибмиз. Ҳам моддий тарафлама фойда, ҳам завқли иш. Бир пайт, соат 23.00 бўлиб қолибди. Бу пайтда, бир ресторанга бориб, ичкарига кириб улгургандик. Қарасак, у ерда давра олиб борувчи Қорбобо келмаган экан! “Ана! Энди ўрнига сиз олиб борасиз! Зўр бўлди келганингиз!” дейишди. Мен уйга кетишим кераклигини тушунтирмоқчи бўлдим. Лекин, улар давра олиб борувчи Қорбобо келмаганига вазиятдан қутқаришимни сўраб, туриб олишди. Хуллас, ўша ерда давра олиб бориб қолиб кетдик ва Янги йилни ўзим учун ҳам мутлақо кутилмаган тарзда, бегона даврада, ресторанда ва Қорбобо қиёфасида кутиб олганман!

 Foto_(2)_57

 АКТРИСА ЗУҲРА СОЛИЕВА

2014 йил ҳам бир неча фильмларда роль ижро қилдим, ижод билан шуғулландим. Янги йилда юз берган ўзгача бир воқеага келсак, у вақтларда ёлғиз яшардим. Тошкентда квартирада битта ўзим турардим. Ҳаттоки, телевизорим ҳам йўқ эди. Янги йил куни, Янги йил киришига яқин, йиғлаб-йиғлаб ухлаб қолибман. Туш кўрибман. Тушимга раҳматли Фотимам кирибди. “Зуҳра, йиғлама, мен сенга концерт қўйиб бераман” деб, хонандаларни олиб келиб, тушимда менга тонггача концерт қўйиб берибди! Уйғониб кетдим, қарасам, Янги йилнинг биринчи тонги ҳам отиб қолган экан. Лекин, ўша Янги йилдан кейин, ҳаётим яхши тарафга ўзгарган!

Янги йилда яхши ниятлар албатта амалга ошади. Масалан, мен астойдил ишониб, “танилай” деб ният қилганман. Амалга ошди! Кейин эса, “оилали бўлай, турмушга чиқай” дедим, бу орзуйим ҳам амалга ошди!