FATTOHHON.COM

« Все новости

ЖАҲОНГИР ОТАЖОНОВ: ҲАЁТИМНИ ИЖОДИМГА АЛОҚАСИ ЙЎҚ! 08.07.2013 08:30

foto(20)_42.jpg

Томошабинлар наздида “Жонли ижро” рамзига айланиб қолган хонанда бу Жаҳонгир Отажоновдир. Хонандани мухлислари билан муносабатда ҳам самимий инсон бўлиб, кўпинча мухлислари билан интернет тармоқлари орқали ҳам суҳбатлашишини яширмайди.

 foto(17)_57.jpg foto_1185.jpg

- Ҳаётдаги Жаҳонгир Отажонов билан саҳнадаги Жаҳонгир Отажоновнинг фарқи?

- Энди ҳаётда ҳам, ундай алоҳида бир инсон эмасман. Асосан, тўғри бўлишга ҳаракат қиламан! Саҳнада эса, ўз касбимни намойиш қиламан. Лекин, ҳеч қачон менинг ҳаётимни, ижодимга алоқаси йўқ.

 

- Бу билан ҳаётда бошқача, саҳнада бошқасиз, тўғрими?

- Ҳаёт, бу барибир ҳаёт, оила! Ҳозир 30 ёшдан кейин, асосан юрадиган йўналишинг, иш ва уй бўлиб қолар экан. Иш, уй, хизмат, уй, яна гастроллар ва уй. Репетициядан ҳам уйга келасан. Кеча ҳам шуни ўйлагандим, ҳолбуки 10 йил олдин, куним кўчада ҳам ўтиб кетарди. Масалан, оғайнилар билан ўтиришлар, дегандек. Ҳозир эса, асосан бор кучимизни халқ мусиқасининг ривожига қаратяпмиз! Иш ва оила, эл қатори.

 

- Ижод нуқтаи назаридан олиб қаралганда, йиллар Жаҳонгир Отажоновни қай даражада ўзгартира олди?

- Вақт  ўтган сайин ҳар бир нарсани сайқалланиши ортиб, ярқираши ошганидек, бизнинг ҳам ижодимизда, йиллар мобайнида қилаётган меҳнатларимиз, бизга берилган истеъдоднинг янги-янги қирраларининг ошишига сабабчи бўлади. Яъни, ўсишимизга, ишонч билан ишлашимизга сабаб бўлди, қўрқмасдан саҳнага чиқиб, жонли ижрода мухлисларимиз билан юзма-юз концерт ўтказишимиз мумкин! Билимимиз ҳам ошди, мактабда, Консерваторияда олган билимларимиздан фойдаланмоқдамиз. Билмадим, характер тарафлама олганда эса, мен доим шундай бўлганман. Фикрларимни ишонч билан энди-энди чиқаришни бошлаганман. Чунки, бошида озгина фикрларим тўғримикан, деган ҳадик ҳам бўлади. Лекин, эндиликда бирга ишлаган созандалар ҳам фикрларимни профессионал даражада қабул қилгандан кейин, демак, тўғри экан, деган мақсадда, бемалол фикрлаб, қўрқмай, ижод қилиш даражам ўсган, деб ўйлайман.

 foto(22)_38.jpg

- Ўзингизга четдан танқидий назар билан қарасангиз, ўзингизни қайси камчиликларингизни ўзингиз очиқ айта оласиз?

- Керакмас вақтида бирдан асабийлашиб кетишдек, камчилигим бор. Кейин ўйлаб қарасам, ўша нарсани асабийлашмасдан ҳам ҳал қилса бўлар экан. Яъни, ижод борасида! Чунки, қаттиқроқ гапиргандан кўра, юмшоқроқ гапирсанг ҳам тушунишади-ку. Бундай нарсаларни, ўзимни камчиликларимни кейинги ҳаётим давомида тан олиб кетяпман. Ҳозирги кундаги ҳаёт темпига тўғрилигим унчалик тўғри келмаслигини ҳам тан оламан.

 

- Тўғрисўзлигингизни назарда тутяпсизми?

- Тўғрисўзлик ҳам бир қисми. Вужудан, виждонан ва руҳан тўғри бўлиш ҳам қийин.

 

- Асаб сиз учун?

- (самимий) Мен учун жуда ҳам қимматли нарса!

 foto(15)_63.jpg

- Баъзи бир ҳамкасбларингизнинг ҳам камчиликларини баъзи вақтда тўғрисўзлик қилиб очиқ-ойдин айтиб ташлайсиз. Бу сизга кейинчалик қийинчилик туғдирмайдими?

- Менга қийинчилик туғдирадиган нарса, аслида бу уларнинг мени нотўғри тушуниши! Яъни, ўйлаши ҳам мумкин, мени кўра олмаяпти, деб. Чунки, тўғри, орасида рейтинги ўзимдан анча юқори санъаткорлар ҳақида ҳам гапирганман. Ёш бўлишига қарамай, рекламалар ҳисобига, рейтинги биздан баланд бўлган санъаткорлар ҳақида ҳам гапирганман. (самимий) Мен буни, уларни инсон сифатида ёмон кўриб гапирмаганман! Мен фақат, санъатга фидоий сифатида қараб, фикр билдирганманки, санъатга жиддийроқ ёндошайлик, деганман! Яъни, халқимизга асл меҳнатимизни, асл санъатимизни кўрсатайлик! Барибир, шу касбнинг ортидан маблағ топяпмиз, орзу-ҳавасларимизга ҳам эришяпмиз. Агар тўғри қабул қилинса, менинг гапим ҳам зарар қилмайди, деб ўйлайман. 

 

- Ўша санъаткорлар билан салом-алигингиз борми? Ёки...

- Энди, орасида саломлашмайдиганлари ҳам бор. Ҳамманинг ўз ҳоҳиши, мен бунинг учун хафа ҳам бўлмайман. Мен билан саломлашишни ҳоҳламаслиги, ўз ҳоҳиши, ўз табиати албатта. Тўғри тушунганлари, саломлашдиганлари ҳам бор. Лекин, биласизми, кимдир саломлашади, ундай саломлашганидан, умуман саломлашмаганини кўпроқ ҳурмат қилардим. Чунки, ўша саломлашмайдиган, очиқчасига мени ёмон кўради. Уни танқид қилганим учун! Ўзини  мард қилиб кўрсатиш учун саломлашиш, бу жуда ҳам пастликка киради. Кўзидан билиниб турибди-ку, сезиб турибман. Баъзилар сўрашмайди, аслида шундай очиқ-ойдин бўлган ҳам яхши, ёлғондан сўрашиб, ёмон кўришини сездириб тургандан кўра. Очиқ ёмон кўриш, ёмон кўришини тан олиш ҳам, бир мардлик! Дейлик, мени ёмон кўряпти, бунга унинг ҳуқуқи бор! У ҳақми, ноҳақми, мени ёмон ёки яхши кўришга ҳар кимни ҳуқуқи бор. Инсон шу жиҳатидан ҳам самимий бўлгани яхши, деб ўйлайман.

 foto(21)_39.jpg

- Ўзингиз рекламага қанчалик эътиборлисиз?

- Рекламага ҳеч қандай эътибор қаратмайман. Клипларимни ҳам чиқармайман. Атайлаб, шундай қиламан. Сабаби, кўпчиликнинг рўйхатида бўлишни ҳоҳламайман. Омма барибир катта, ҳаммага ёқаман, деб ҳам айта олмайман.

 

- “Мен арслонман” қўшиғингиз ва клипингиз билан нима демоқчи бўлдингиз?

- Шоир Муҳаммад Юсуфнинг ўз ички дунёсидан келиб чиқиб ёзган шеъри! Бу қўшиқ ҳақида кўпчилик нотўғри тушунди.. Ўзи аслида, эгилганга эгил, деган маънода ёзилган шеър. Лекин, баъзилар нотўғри таъриф ҳам беришди. “Ҳаётда синмайман” демоқчи бўлинган. Ҳаётда синиш керак эмас, бу қўшиқда қандайдир бир оптимизм бор!  Ҳар ким ўз табиати бўйича баҳо беради. Мен фақат шоирнинг ёзган шеърини, бор нарсани, ўз мусиқам орқали таърифладим. Кейин билсам, бу шеърга бошқалар ҳам қўшиқ айтишган экан... Лекин, бу ерда шоир билан менинг ғоямни уйғунлашгани, оммалашишига сабаб бўлди, деб ўйлайман. Балки, бу нарса раҳматли Муҳаммад Юсуф ҳаёт бўлганларида, уларга ҳам ёқармиди?

 foto(23)_35.jpg

- Умр йўлингизга назар солиб, ўзингиз фахрланган онларингиз?

- Билмадим, балки ўзимга ортиқча баҳо бериб юбораётгандирман, лекин ҳозирда мухлисларимнинг менга бўлган ҳурмати кучли, интернет тармоқларда яхши тарафга муҳокамалар қилишади. Тўғри, баъзи бир сал маданиятга тўғри келмайдиган сўзларни ёзадиганлари ҳам бор, улар билан тенг бўлиб ўтирмайман, жавоб ҳам ёзмайман. Шунчалик ўзини паст билиб, шундай паст сўзларни ёзибдими, демак, унга тенг бўлиш керак эмас, деб ўйлайман.

 

- Ўтган йили “Одноклассники”дан шеъри юборилган қўшиғингиз, анча шов-шувларга сабаб бўлганди.

- Шундан сўнг ҳам кўп шеърлар юборишди. Лекин, уларга ўзимда мусиқа келмади. Ўша ўтган йилги “Мен сени ҳеч кимдан сўрамай севдим” қўшиғимнинг шеърини эгаси ҳанузгача топилгани йўқ. Концерт дискига “Халқ сўзи” деб ёзиб юборишибди. Ўзим эса, “Одноклассники”дан деб ёзинглар, дегандим. Чунки, барибир муаллиф даъво қилиши мумкин. Аммо, аллақачон бу шеър ижтимоий тармоқларга чиқиб, тарқалиб бўлган.

 foto(16)_62.jpg

- Нима деб ўйлайсиз, “Оқ кабутарлар”ни қайси қўшиғингиз босиб кета олади?

- (самимий кулиб) “Оқ кабутарлар” биринчи чиққан-де... Шунинг ҳисобига у инсонларнинг юрагида қолган. Албатта, кўпчилик ўша қўшиғимни яхши кўришади, тўғри. Лекин, яхши назар билан синчиклаб эшитилса, кўп қўшиқларимизнинг адабиёти яхши, яхши шоирларнинг шеърлари олинган. Мусиқадан ҳам аввал, менимча шеър катта роль ўйнайди! Уни фақат тўғри куйга солиш керак. Шунинг учун, кўпчилик қўшиқларимнинг ўзига яраша ўрни бор. Бу йил профессионал саҳнага чиққанимга 15 йил бўлди. Шунинг учун ҳам, бу йилги концертимда фалсафий қўшиқларга кўпроқ эътибор қаратдим, назаримда.

 foto(6)_117.jpg

- Жонли ижрода куйлаганда, саҳнада фикрингизни йиға олмай қолган, қўшиқ сўзларини унутиб қўйган вақтингиз ҳам бўладими?

- Бўлади, кейинги қатордаги сўзларга ўтиб кетавераман! Мусиқа янграяпти, тўхтаб бўлмайди-ку. Бошқа иложи йўқ.

 

- Ўзингиз ҳақингиздаги миш-мишларга муносабатингиз?

- Эътибор бермайман. Асосан, нотўғри бўлиб чиқади. Лекин, бу ҳам менга қайсидир маънода плюс ва реклама.

 foto(19)_47.jpg

- Ўтган йили концертингизда қариндошингиз Ортиқ Отажоновнинг меҳмон сифатида иштирок этиши, гап-cўзларга сабаб бўлди. Сизни қариндош-уруғларингиз билан боғлиқ келишмовчиликларингиз ҳақида аввал чиққан гап-cўзларни бундан сўнг, ғирт пиар дейишди. Муносабатингиз?

- Менда умуман пиар йўқ! Очиғи амакимлар Ортиқ Отажоновнинг концертимга меҳмон бўлиб келишларига ишонганим ҳам йўқ эди. Чунки, аввалги йил келмаганлар. Мен ўзи доим таклиф қиламан. Энди ўзларининг ҳоҳишлари, албатта. Улуғбек Отажоновни ҳам аввалдан таклиф қиламан, келмаган. Ундан хафа бўлмайман, балки бошқа иши бордир? Энди таклиф қилиш менинг бурчим, келиш-келмаслик эса, уларнинг ҳоҳиши. Олдинги йили келишди, хурсанд бўлдим. Устозларимни ҳам доим таклиф қиламан, Маҳмуд ака Тожибоевни, Муяссар Раззоқовани... Бунда ҳеч қандай пиар йўқ! Мен ижодкорман, агар ўлган ота ҳақида қўшиқ айтсам, бу ҳолат ўз ҳаётимда юз берган бўлиши керак эмас-ку. Шунинг учун ҳам, концертда отамлардан узр сўрадим, шунда амаким ҳам табрикладилар. Ўзи отам мени кўп танқид қиладилар.

 

- Отангиз ҳам санъаткормилар?

- Ҳаваскор хонанда бўлганлар. Ҳозирги кунда нафақадалар.

 foto(12)_72.jpg

- Қўшиқларим қайси жиҳати билан мухлисларга ёқади, деб ўйлайсиз?

- Адабиёти, адабий жиҳатлари билан. Кўпчилик, сени ўз йўлинг бор, бировга ўхшамайди, дейишади. Агар кимгадир ўхшасам, ўша инсонни бошқаларга мендан кўра кўпроқ ёқишига ақлим етади. Шунинг учун ҳам, фақат  ўз фикримни айтгим келади.

 

- Сиз ҳам кинода роль ижро қилишингиз мумкинми?

- Бир пайтлар қилганман ҳам. Номи ҳам эсимда йўқ! Лекин, ҳозир бундай қилмайман! Импровизация қила оламан. Лекин, менимча, роль ўйнаш қобилиятидан менга 100 фоиз берилмаган. Нима қиламан, кинони булғаб?

 foto(18)_50.jpg

- Санъат сиз учун?

- Мен учун санъат, бу мухлисларимнинг ҳис-туйғуларини эътиборга олиб, ўзимнинг ижодим орқали уларнинг руҳиятларига қандайдир бир озуқа бериш, назаримда. Ўзимнинг ўзлигимни саҳнада кўрсата олиб, қилаётган ҳаракатларимнинг ва айтилаётган нарсаларнинг йиғиндиси, бу санъат!

 

- Бугунги кундаги ўзбек санъати ҳақидаги фикрингиз?

- Ўзбек санъати бу буюк санъат! Бу санъатни ҳозирги кундаги баъзи бир ҳолатлар билан, мавқейи тушиб қолмайди! Ҳозирги кунда назаримда, санъатга кризис бўляпти, лекин кризисга учратаётганларга кризис бўлмаяпти. Улар ўз ҳисобига яхши кўрсаткичларга эришишмоқда, лекин санъатни ўйлашмаяпти. Яхши ижод қилиш керак, деб ўйлайман. Ахир шунинг ортидан маблағ топяпсанми, уй-жой қиляпсанми, машҳур бўляпсанми, орзулар амалга ошяптими, демак, шунга яраша, янада яхши ижод қилиш керак, деб ўйлайман.

 foto(11)_77.jpg

- Жаҳонгир Отажонов бўлишингизда кимнинг ҳиссаси катта?

- (самимий) Ўзимни. Мен фақат ўзимнинг айтганимни қилганман. Ижод масаласида биров фикримга қарши чиқса, айтганини қилмаганман. Чунки, бу менинг ишим. Ҳамма ютуқларимга ҳам, ютқазганларимга ҳам ўзим сабабчиман. Бошқа ким сабабчи бўлиши мумкин? Инсон, ўз бошига келадиган барча бахтсиз ва бахтли ҳодисаларга фақат ўзи сабабчи бўлади!

 

-  Шогирдларингиз ҳам борми?

- Шогирдларим кўп жуда ҳам. Бир хилларини ўзим ҳам билмайман. Мени бир бахтли томоним бор. Ҳаммаси мени “уста” дейишади. Лекин, улар учун ортиқча хизмат қилмаганман, улар устоз деб юришади, лекин мен уларга ҳеч нарса ўргатмаганман. Чунки, мен ўзим аниқ бировга шогирд тушмаганман. Лекин, пул тўлаб ўқиганман.

 foto(13)_69.jpg

- Қачон илк марта машҳурликни ҳис қилгансиз?

- (самимий) Энди ҳис қилсам керак. Ҳамма машҳур бўлиши мумкин. Ҳозир машҳур бўлиш осон, агар шу сўз билан таърифласа. Машҳур сўзи ўзи, бошқача сўз. Таниқли билан машҳурни келиштириб бўлмайди, бир-биридан анча узоқ сўзлар. Машҳур сўзининг маъноси кенг. Танилган эса, масалан, кимдир савдогар бўлиб танилган, ҳозирги тил билан айтганда санъаткор деб бўлмайди-да ҳаммасини, назаримда.

 

- Ўзингизни таниқлилар сафига қўшасизми, ёки машҳурлар?

- Мен тўғрисини айтсам, шу касбнинг ортидан ҳурматли инсон бўлишни истайман. Сени ҳурмат қилишяптими, демак сен танилган ва машҳур инсон бўласан! Шунинг учун ҳам, касбим ортидан ҳурматга сазовор инсон бўлишни орзу қиламан. Кимларнидир орасида ҳурматим бор, лекин қай даражада эканлигини билмайман.

 foto(10)_84.jpg

- Ҳурматлилик ёки таниқлилик сизни қай даражада ўзгартирди?

- Ҳеч қандай ўзгартиргани йўқ.

 

- Концертингизда кўпинча мухлислар кучли олқишлашади...  

- Мухлислар олқишларининг ўзи биз учун, катта нарса. Томошабинлардан қарсак олиш ҳам, осон эмас. Саҳнадан нима келса, улардан ҳам шу нарса қайтади.

 

- Гастрол сафарларида кўп бўласиз. Ўзга юртда Ўзбекистон сўзини эшитганда, нималарни ҳис қиласиз?

- Қаерда бўлсам ҳам, ўз юртимнинг обрўсини олиб кетаман. Худога шукур билимим бор. Ўзбекистондан келган санъаткор, дейишганда, Ўзбекистонда ҳам кадрлар борлигини кўрсатиб келаман. Ҳар қандай жойда узоғи билан 5 кундан кейин уйингни, юртингни соғинасан, ўз юртингга кетгинг келади. Она юрт бу! Сўз билан таърифлаб бўлмайди! Ҳар қандай жойда, ҳам “она юртимга, Тошкентга кетгим келяпти” деб юборасан. 

 foto(14)_65.jpg

- Қайси созни чала оласиз?

- Кўп нарса чаламан, керакли даражада бўлмаса ҳам, у бу кимга тушунтириш бера оламан. Асосан, чет давлатларга ҳам мусиқа асбоблари олиш учун бораман. Бизда жонли ижро жуда ҳам ривожланмаганлиги учун ҳам, мусиқий асбоблари топиш қийин. Уларни буюртма қилсангиз ҳам бўлади, лекин буюртма қилган одамим менга нима кераклигини билмаслиги мумкин. Ўзим овозини эшитиб, ёки чалиб кўриб, олишим керак. Мусиқа асбобларининг қийин тарафи шунда. Бундан ташқари, ўзим ҳам Германияда олий мусиқа мактабида малака оширганман.

 

- Сизни “исёнкор ижодкор” дейишади.

- Тўғри тарафлари ҳам бор бўлса керак, бекорга айтишмади-ку. Ҳақиқий ижодкорни ҳеч қачон, ҳеч ким 100 фоиз тушуниб ета олмайди. Чунки, кейинги йил у бошқача йўлга ўтиб олиши мумкин. Масалан, мухлислар 10 йил бўлса ҳам, “Оқ булутлар, оқ кабутарлар”ни 10 марталаб эшитиши мумкин. Лекин, мен 10 минг марта айтиб юборган бўлишим мумкин. Шунинг учун ҳам, менинг меъдамга тегиб қолиши мумкин. Шунинг учун, бошқача йўл қиламан, бошқа йўналишда куйлашим мумкин.

 foto(1)_193.jpg foto(3)_150.jpg

- Агар сизни ижодингизни бировники билан таққослаб солиштиришса?

- Бу ўша солиштирган инсонларнинг фикри. Агар уларнинг фикрига қарши чиққаним билан улар ҳеч қачон ўзининг фикридан қолмайди.

 

- Оилангиз ҳақида?

- Оилам бор, икки фарзандим бор. Қизим Мумтоза 6 ёшда, ўғлим Муҳаммад 5 ёшда. Фарзандларим ҳар йили концертимга ҳам келишади. Мана бу йил қизим Мумтоза келганида уни саҳнадан пастда томошабинларга таништириб ҳам ўтдим. (самимий кулиб) Лекин, қизим, баъзида “дада, баъзи бир қўшиқларингиз менга ёқмайди” деб ҳам айтади.

 foto(8)_103.jpg

- Агар фарзандларингиз санъаткор бўлишни исташса рухсат берасизми?

- Агар санъатни булғамаса, майли. Лекин, менинг фарзандларим зўр санъаткор бўлади, деб ҳеч ким кафолат бермайди. Зўр бўлса, мендан сўрамаса ҳам, бўла олади. Агар чала-чулпа бўлса, ундайлар шундоғам кўп, нима кераги бор, деб ўйлайман.

 

- Фонограмма куйлаганмисиз?

- Олдин гала-концертда мажбур бўлганман. Чунки, у ерда чиндан ҳам техникани созлашга кўп вақт кетади. Шунинг учун ҳам, ҳозир гала-концертларга бормай қўйганман. Аммо, тадбирларда қатнашаман. Ўзимнинг концертимда эса, мутлақо фонограммадан фойдаланмайман!

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

foto(9)_89.jpg foto(4)_133.jpg

 

foto(7)_112.jpg

 

foto(2)_170.jpg