FATTOHHON.COM

« Все новости

МУАЛЛИФЛАР ВА ИЖРОЧИЛАР ГИЛЬДИЯСИ ҚОШИДА ЖАМОАВИЙ КЕНГАШ... ВА ГИЛЬДИЯНИНГ ЯНА БИР ЯНГИ МУҲИМ ВАЗИФАСИ... 10.07.2013 05:36

foto_1190.jpg

9 июль куни соат 15.00 да, Муаллифлар ва ижрочилар Гильдиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

foto(8)_104.jpg

Йиғилишда, Муаллифлар ва ижрочилар Гильдияси Бош директори Илҳом Ҳамидов, шунингдек бошқарув кенгаши аъзоларидан шоир ва бастакор Иброҳим Жиянов, шоир Бобур Бобомурод, бастакор Дониёр Агзамов, хонандалар Муножат Йўлчиева, Райҳон, Сардор Раҳимхон ва бошқалар, шунингдек, кинодраматурглар ҳам иштирок этишди.

 

Кун тартибида қуйидаги асосий масалалар кўриб чиқилди:

1. “Ўзбекистон Муаллифлар ва ижрочилар Гильдияси” қошида, Ижтимоий масъулиятли фуқаролар форуми, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги билан ҳамкорликда, Киноматография масалари бўйича Жамоавий кенгаш тузилиши масаласи.

2. Муаллифлар ва ижрочилар Гильдиясининг янги қўшимча фаолияти сифатида, муаллифлик асарларини сақлаш учун, рўйхатдан ўтказиш масаласи. (Депонирование )

3. Муаллифлик асарларини сақлаш учун, рўйхатдан ўтказиш бўйича аризалар тузиш тартиби, топширилиши ва кўриб чиқилиб, тасдиқланиши масаласи.

4. Муаллифлик асарларини сақлаш учун, рўйхатдан ўтказишда белгиланган тўлов миқдорини тасдиқлаш.

5. Муаллифлар ва ижрочилар Гильдиясининг 2013 йилнинг биринчи ярим йилликдаги фаолияти борасидаги ҳисоботи;

 foto(5)_126.jpg

Йиғилишни “Ўзбекистон Муаллифлар ва ижрочилар Гильдияси” Бош директори Илҳом Ҳамидов кун тартибидаги масалаларни таништириш билан очиб берди.

Биринчи бўлиб, кўриб чиқилган масала, “Ўзбекистон Муаллифлар ва ижрочилар Гильдияси” қошида, Ижтимоий масъулиятли фуқаролар форуми, ҳамда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги билан ҳамкорликда, Киноматография масалари бўйича умумий кенгаш тузилиши масаласи бўлиб, Илҳом Ҳамидов бундан аввал, “Ўзбеккино”да бўлиб ўтган аввалги мажлисларда киноижодкорлар ва “Ўзбеккино” орасида ўзаро алоқа йўқлигини эътиборга олган ҳолда, киноижодкорлардан иборат Жамоавий кенгаш тузиш зарурлиги ҳақида бир тўхтамга келинганлигини, мазкур кенгаш мустақил экспертлар сифатида, киносценарийлар ва тайёр фильмларга хулоса ва маслаҳатлар беришларини, шундан сўнг, фильмлар “Ўзбеккино”га бадиий кенгашдан ўтиш учун тавсия қилиниши мумкинлиги ҳақида фикр билдириб, кун тартибидаги биринчи масала бўйича, Фонд Форум вакили Хуршид Қурбоновга сўз берди.

 foto(7)_113.jpg

Хуршид Қурбонов ҳозирги кунда “Ўзбеккино” бадиий кенгаши томонидан фильмларни кўриб чиқилиш тартибига ўзгартириш киритилганлиги ва эндиликда, фильмларга фақат сценарийга қараб, маълум бир тавсиялар берилиши ҳақида маълум қилди.  У “Ўзбекистон Муаллифлар ва ижрочилар Гильдияси” қошида, Киноматография масалари бўйича Жамоавий кенгаш тузилишидан асосий асосий мақсад, сценарийларнинг савияси ва сифатини оширишлигини таъкидлаб ўтди. “Ўзбеккино” Миллий агентлигида сценарий бўйича иккита муҳаррири бўлиб, уларни бугунги кунда топширилаётган кўплаб киносценарийларни кўриб ва ўқиб чиқишга улгура олмасликларини ва шундай ҳолатларда, киноижодкорлар ўз сценарийларини Жамоавий кенгашга топшириб, объектив хулоса олиш имкониятига эга бўлишларини, шунингдек, “Ўзбеккино” Миллий агентлигига олиб боришдан аввал ҳам, мазкур кенгашга мурожаат қилиб, киносценарийлар борасида хулоса олиш мумкинлигини, ҳамда Жамоавий кенгашга топширилган сценарийлар, “маълум бир қонун-қоидаларга риоя қилинган, фильм суратга олиш мумкин”, деган мазмунда хат билан, “Ўзбеккино” Миллий агентлигига йўлланиши ҳам мумкиндлигини билдирди.

Мазкур масала бўйича, иштирокчилар томонидан бир неча зарурий саволлар берилди ва уларга ҳам атрофлича жавоб қайтарилди.

 foto(6)_119.jpg

Мазкур кенгашда кимлар фаолият юритади?

Илҳом Ҳамидов: - Жамоавий кенгашда, таниқли киноижодкорлар, профессионаллар, кино соҳасининг етук намоёндалари, киношунослар қатнашишади. Мазкур кенгашнинг 8 аъзоси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бадиий кенгашида ҳам иштирок этишади. Мазкур кенгаш аъзолари кўнгилли бўлиб, мазкур кенгаш учун ҳеч қандай сарф-харажатлар қилинмайди. Жамоавий кенгашни иш учун зарурий воситалар билан эса, Муаллифлар ва ижрочилар Гильдияси таъминлайди. Кенгаш аъзолари ҳеч қандай қарор қабул қилишмайди, улар тавсиялар ва маслаҳатлар беришади. Улар “Ўзбеккино”даги бадиий кенгашда иштирок этганда ҳам, ўз фикрларини билдиришади. Асосий мақсад,  киносценарийлар ва фильмлар савиясини кўтаришдан иборат.

 

Мазкур масала овозга қўйилди ва бир овоздан Жамоавий кенгаш тузиш масаласи қўллаб-қувватланди.

 foto(9)_90.jpg

Иккинчи бўлиб, муаллифлик асарларини сақлаш учун, рўйхатдан ўтказиш масаласи (Депонирование) кўриб чиқилди. Мазкур масала юзасидан, Интеллектуал мулк агентлиги вакили Элёр Сатторов фикрларини баён қилди. Элёр Сатторов аввал Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги мавжуд бўлиб, рўйхатга олиш билан мазкур агентлик шуғулланиб келганлигини, сўнг, 2001 йилда Интеллектуал мулк агентлиги ташкил қилингач, бу ҳуқуқ мазкур агентликка ўтганлигини, лекин, эндиликда бевосита бу функцияни Муаллифлар ва ижрочилар Гильдиясига топширишини маълум қилди. Олдин муаллифлар ўзлари яратган асар, қўшиқ ва шу каби қонунда кўрсатилган объектларга бўлган ҳуқуқларини тасдиқлатиб қўйиш мақсадида, гувоҳнома берилганлигини, бугунги кунда ҳам қонунчиликда, “асарларни сақлаш учун топшириш” деган 22-модда борлиги, унда асарни сақлаш учун бирор бир депозитарийга топшириш, деган ҳолат назарда тутилганлиги, ҳамда, бугунги кунда мазкур масала юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилаётганлиги, жумладан, норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланаётганлиги ва асарларни сақлаш учун топшириш масаласи бўйича, Вазирлар Маҳкамаси қарори ишлаб чиқилаётганлигини, мазкур қарор лойиҳаси, 1 августгача қабул қилинишини билдирди.

 

 

Мазкур масала бўйича ҳам, иштирокчилар томонидан бир неча зарурий саволлар берилди.

 

Жумладан, мазкур вазифа билан Гильдия шуғулланар экан, бу борада Гильдияда штат ташкил этиладими ва бюджет ажратиш масаласи ҳам кўриб чиқилганми?

Илҳом Ҳамидов: - Албатта, барчаси ҳисобга олинган. Бунинг учун штатга бир ходим ишга қабул қилинади ва унга ойлик маош белгиланади. Банк хизматлари йўлга қўйилади. Бюджет ҳисобидан зарурий воситалар билан таъминланади. Бухгалтерия томонидан ҳисобланиб, бир йиллик харажат 15 миллион сўм, деб белгиланган. Буни қоплаш учун эса, асарларни рўйхатдан ўтказиш учун маълум бир маблағ тўланиши йўлга қўйилади. Ҳозирча, рўйхатдан ўтиш суммаси тахминан 40 минг сўм белгиланмоқда. Агар маблағ ортиб қолса, ортган маблағни Гильдия ўзида олиб қолмайди ва мазкур жараённи ривожлантириш учун сарф этилади.

 

Агар бирор асар сақлаш учун, рўйхатдан ўтказилса ва гувоҳнома олинса, кейинчалик бу асардан бошқалар ноқонуний фойдаланишса, асар эгаси уларни мана шу гувоҳномага асосланган, таянган ҳолатда судга бериши мумкинми? Гувоҳнома асар уники эканлиги ва унга муаллифлик ҳуқуқи борлигини тасдиқлайдими?

Илҳом Ҳамидов: - Депонирование, яъни сақлаш учун рўйхатдан ўтказиш, фақат санани тасдиқлайди. Мазкур санада, мазкур асар шу ерга топширилган, сейфда сақланмоқда, деган маънода.

Элёр Сатторов: - Асар сақлаш учун рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома судда фойда бериши мумкин. Исботловчи далил сифатида судда фойдаланилиши мумкин. Аммо, асос бўла олмайди. Яъни, агар сиз асарингизни 2 нусхада топширсангиз, бир нусхаси Гильдияда қолади, бир нусхасини тасдиқлатиб бўлгач, ўзингиз олиб кетасиз. Сизга мазкур асарингиз рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақида гувоҳнома берилади. Агар вақти келиб, кимдир сизнинг асарингиздан фойдаланса, кўчирса, судга мурожаат қилсангиз, сиз ва ўша кўчирган инсоннинг асари кўриб чиқилади. Қанча фоиз ўхшашлик бор? Шунда, сизнинг гувоҳномангиз асқотиши мумкин.

 foto(1)_196.jpg

Муаллифлар ва ижрочилар Гильдиясининг янги қўшимча фаолияти сифатида, муаллифлик асарларини сақлаш учун, рўйхатдан ўтказиш масаласи. (Депонирование); Муаллифлик асарларини сақлаш учун, рўйхатдан ўтказиш бўйича аризалар тузиш тартиби, топширилиши ва кўриб чиқилиб, тасдиқланиши масаласи; Муаллифлик асарларини сақлаш учун, рўйхатдан ўтказишда белгиланган тўлов миқдорини тасдиқлаш масалалари, иштирокчилар томонидан баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Мазкур масалалар, ҳал этилса, ижодкорлар исталган йўналишдаги ижод намуналарини, масалан, сценарий, шеър, бадиий асарлар, дизайн, ҳаттоки тахаллусгача муаллифлик ҳуқуқини сақлаш учун рўйхатдан ўтказишлари мумкинлигини таъкидланди. Мазкур масалалар юзасидан кўплаб фикрлар билдирилди. Илҳом Ҳамидов рўйхатдан ўтказишнинг тартиб-қоидалари, рўйхатдан ўтиш учун, тўланадиган маблағ ва ҳозирда Халқ банки билан келишувлар олиб борилаётганлиги, рўйхатдан ўтиш учун ариза ёзилгач, Халқ банкида кассага белгиланган маблағни тўлаб, сўнг чек олиб келинса, бир-икки кунда рўйхатдан ўтказилишини айтиб ўтди.

 

Мазкур масалалар ҳам овозга қўйилди ва бир овоздан қўллаб-қувватланди. Эндиликда, муаллифлар асарларни сақлашга рўйхатдан ўтказиш учун, август ойи бошидан Муаллифлар ва ижрочилар Гильдиясига мурожаат қилишлари мумкинлиги маълум қилинди.

 

Шундан сўнг, Муаллифлар ва ижрочилар Гильдиясининг 2013 йилнинг биринчи ярим йилликдаги фаолияти борасидаги ҳисоботи масаласи ҳам кўриб чиқилди ва Илҳом Ҳамидов томонидан кўрсаткичлар олдинда эканлиги, сарф-харажатлар борасида иқтисод қилиниб, даромад кўрилаётганлигини айтиб ўтди.

 

Йиғилиш давомида, фильмларнинг мусиқаси борасида ҳам эътирозли фикрлар билдирилди. Яъни, плагиат масаласи ҳам кўтарилди, ҳамда Муаллифлар ва ижрочилар Гильдияси қошида тузилаётган Киноматография масалалари билан шуғулланувчи Жамоавий кенгаш томонидан келажакда бу масала ҳам, инобатга олинган ҳолда, кўриб чиқилиши маълум қилинди.  

 foto(2)_174.jpg

Шунингдек, йиғилишда шу кунларда катта шов-шувларга сабаб бўлган Youtube.сom масаласи ҳам тилга олиб ўтилди. Илҳом Ҳамидов Муаллифлар ва ижрочилар Гильдияси, Youtube.сom нинг расмий ҳамкори эканлигини, расмий ҳамкорлик бошланганидан буён, Youtube.сom да жойлашган, норасмий каналлардан 170 дан ортиғининг фаолияти тўхтатилганлиги, асосий мақсад, интернетни “қароқчилик” каналлари ва сайтларидан тозалаш эканлигини маълум қилди. “Қароқчилик” сайтларининг кўплари, Youtube.сomга норасмий равишда, ўзбекча клип ва киноларни чиқариб, ундан олинган даромадга ўз сайтларини юргазишганлигини ва норасмий каналлар ёпилгандан сўнг, бундай сайтлар сустлашиб қолганларини ҳам айтиб ўтди. Шунингдек, ҳозирда Муаллифлар ва ижрочилар Гильдиясининг учта расмий канали борлигини эълон қилди!

 1. Фақат ўзбек кинолари бўйича, UzbekFilmsHD канали

2. Ўзбек клиплари бўйича Gildiya Uz

3. Ўзбек клиплари бўйича  Riza Nova Uz.

Шу билан бир қаторда, ҳозирда 5 та студия билан шартнома тузилиб, 90 та фильм бўйича ҳуқуқлар олинганлигини, ҳамда ҳозирда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги билан ҳамкорлик борасида келишувлар олиб борилаётганлигини билдирди. Ҳар қандай контентда, дунёнинг қайси мамлакатида бўлишдан қатъий назар, Youtube.сomга кириб, юқорида номи тилга олинган каналларни топиш мумкинлиги ва улардаги “просмотр”нинг ўсиб бораётганлигини, статистик маълумотларга кўра, 2 ой ичида 1000000 та кўрилганлигини, ҳар куни эса 20 минг талаб кўрилаётганлигини ва ҳар куни бу каналлар маблағ келтираётганлигини маълум қилди. Бундан ташқари, ҳозирда «Tarona Records» ўзига Youtube.сom дан канал очганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, 2-3 ой ичида барча норасмий каналлар ўчириб ташланиши, назорат услубини йўлга қўйилиши ва унга кўра, қўйилаётган норасмий клиплар бутун Youtube.сom бўйича изланиши, топилгач, ўчирилишини билдирди. Агар ҳамкорлар ўша клипларни ўз сайтига жойламоқчи бўлишса, юқорида номлари айтиб ўтилган каналлардан ссылка олиб, жойлаштиришлари ва у каналларга ҳам ссылка қўйишлари мумкинлигини айтиб ўтди.

Ўтказилган йиғилишдан шуни хулоса қилиш мумкинки, Муаллифлар ва ижрочилар Гильдияси, ташкил қилинганлигига у қадар кўп фурсат бўлмаган бўлса ҳам, ижрочилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни ўзларига тегишли бўлган маблағларни қийинчиликларсиз қўлга киритишлари учун, барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Эндиликда эса, Муаллифлар ва ижрочилар Гильдиясининг вазифаларига яна икки муҳим вазифа қўшилди, 1. Гильдия қошида Киноматография масалари бўйича Жамоавий кенгаш тузилади, ҳамда 2. Жорий йилнинг август ойидан бошлаб, Гильдияга асарларни сақлаш учун рўйхатдан ўтказиш масаласи билан ҳам мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

foto13.jpg

Бобур Бобомурод шоир: - Бугунги йиғилишимизнинг асосий мақсади, баъзи муаммолар ва янги таклифлар борасида маслаҳатлашиб олинди. Youtube.com  масаласи анча шов-шувларга сабаб бўлган эди. Эндиликда ҳаммаси қонуний равишда тартибга солиниб, изга тушиб келмоқда. Бу ҳам айнан, ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қилинаётган ишдир. Бунинг асосида, Youtube.com га видеоклиплар жойлаштиришда нормал ижобий бир жараён юзага келди! Асарларни сақлаш (Депонироваение)  масаласига келсак, бизда ҳақиқатда эгаси топилмаётган ёки, кўплаб яратилган асарларни, кимдир қаердадир асраши керак. Чунки, у келажак учун ҳам, муаллифнинг ўзи учун ҳам керак. Шунингдек, киносценарийларни ҳам айнан Гильдияда, янги тузиладиган Жамоавий кенгаш томонидан кўриб чиқилиши, айнан кино бўйича бизда бўлаётган кўпгина муаммоларни ечимини топгандек бўлмоқда. Чунки, фильм суратга олиниб, бадиий кенгашга олиб борилгандан кейин кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда. Бунинг олдини олиш мақсадида, Жамоавий кенгаш тузилилиши мақсадга мувофиқ. Шунда маълум бир тартиб йўлга қўйиларди ва оз бўлса ҳам сифатли, мазмунли фильмлар суратга олинарди, назаримда.

 foto(4)_135.jpg

Иброҳим Жиянов: - Бир неча йилдан буён Муаллифлар ва ижрочилар Гильдияси бошқарув кенгаши аъзосиман. Бугунги мажлисда зарурий масалалар кўтарилиб, аниқ бир фактлар билан ишланди. Кўпроқ киноларнинг сифати ҳақида сўз юритилди. Сифат, нимадан келиб чиқади? Айнан, ўша муаллифлар ўша суратга олган фильмидан моддий манфаат кўргач, янада меҳнат қилиб, сифатли даражада ишлашга тушади. Масалан, нима учун хонандалик борасида яхши асарлар кўп? Чунки, кўпинча муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланади ва ўз меҳнатига яраша маблағ ҳам олади. Нима учун кинода ижодкорлар ва актёрлар ҳам кўп эмас, яъни тор доирада? Чунки, меҳнат қилса ҳам, меҳнатига яраша ҳақ ола олмайди. Шунинг учун ҳам, кўплар қўл уришмайди. Эндиликда, Муаллифлар ва ижрочилар Гильдияси кино билан ишлашни бошласа, ижодкорлар ҳам ўз меҳнатига яраша ҳақ олиб, киноижодкорлар сафи кўпаяди. Натижада рақобат ҳам кўпайиб, кинонинг сифати ошса керак, деб ўйлайман. Шунингдек, агар интернетдан маблағ ишлашни бошласак, бу ҳам қувонарли ҳолдир. Авваллари, масалан, сотилган билетнинг нархидан муаллифларга маблағ ажратиларди. Лекин, концерт заллари саноқли ва қолаверса, эндиликда кўпчилик хонандалар қўшиқ сўзлари, мусиқасигача ўзлари яратмоқдалар. Шунинг учун ҳам, Муаллифлар ва ижрочилар Гильдиясининг саъй-ҳаракатлари билан интернетдан муаллифларга маблағ келтириш масаласи, мақсадга мувофиқ бўлиб, биз учун кенг имкониятлар яратади, назаримда.

foto(10)_85.jpg foto(12)_73.jpg

 

foto_1190.jpg

 

foto(11)_78.jpg