FATTOHHON.COM
« Все новости16 январь куни “Мiran Internasional” меҳмонхонасининг кичик мажлислар залида хонанда Манзуранинг концерт олди матбуот анжумани бўлиб ўтди ва унда хонанда билан биргаликда
концерт ташкилотчиси “Kabulov Group” МЧЖ раҳбари Даврон Кабулов
ва концерт режиссёрларидан бири, бош хореограф Наримон Григорян ҳам иштирок этишди.
Матбуот анжумани бошида Даврон Кабулов концерт билан боғлиқ барча саволларга жавоб беришларини, бу Манзуранинг “Истиқлол” санъат саройидаги илк яккахон катта концерт дастури эканлигини, аввал фақат 2004 йил “Туркистон” саройининг ёзги саройида концерт берганлигини, аммо у концертдан бу концерт чинакамига фарқ қиладиган ҳақиқий концерт бўлишини айтиб ўтди. Саволларнинг баъзиларига Манзура жавоб берса, баъзиларига Наримон Григорян ёки Даврон Кабулов жавоб беришди.
Матбуот анжумани давомида кўплаб саволлар берилди.
Концерт ҳақида:
- Концерт қандай шаклда бўлади? Қандайдир тарафлари билан бошқа концерт дастурларидан ажралиб тура оладими?
Манзура: - Буни вақт кўрсатади, албатта. Даврон Кабулов ва Наримон билан биргаликда бошидан ҳаракат қиляпмиз. Агар ҳамма сирларни очсак, қизиқарли жиҳати қолмаслиги мумкин.
Наримон Григорян:-Манзуранинг шунча йиллик ижоди давомида унинг деярли ҳар бир қўшиғи хитга айланган ва биз хонанданинг 18 йиллик ижодидан энг хит қўшиқларни концерт учун ажратиб олдик. Бу ҳам концертнинг асосий жиҳатларидан бири. Биз кимгадир нимадир исботламоқчи эмасмиз! Биз ўз олдимизга концерт дастурини ўзига хос, юқори даражада ўтказишни мақсад қилиб қўйдик ва буни Манзуранинг ўз услубида ўтказамиз. Чунки, Манзурани шоу бизнесда ўзига хос услуби, ўзига хос имижи бор, концерт шунга асосланган! Концертда албатта, ўзига хос костюмлар, рақслар бўлади, аммо бу томошабинлар доимо кўришга ўрганиб қолган услубда бўлмайди. Ҳаммаси ўзгача ва ноодатий бўлади!
- Нима учун шунча узоқ вақтдан сўнг концерт беряпсиз? Қолаверса, бунинг натижасида томошабинлар сиздан қандайдир бутунлай ўзгача нарса кутаётганлиги учун ҳам чуқур масъулият “юк”ини ҳис этяпсизми?
Манзура: - Энди бунга айрим сабаблар бўлган. Барибир насиб қилган куни бўлса керак. Бошидан Даврон билан концерт сценарийсини ёзганимизда асосан хит қўшиқларга эътибор қаратдик. Хит қўшиқларим кўп, мендан 2007 йилдан буён концерт қўйишимни сўрашади, аммо баъзи сабабларга кўра концерт қўйилмади. Биз шунча йиллик хит қўшиқларни саралаб олдик, қўшиқлар шунчалик кўпки, насиб бўлса, келгуси йилдаги концертимизга ҳам қўшамиз. Ўзи шундоғам дастур жуда катта бўлиб кетяпти.
Даврон Кабулов: - Концертга тайёргарлик кўриш жараёнида, қўшиқларни саралаганда, тўғриси, Манзуранинг шунча хит қўшиқлари бор, деб ўзим ҳам ўйламагандим! “Қулоққа яқин, тингловчи бу қўшиқлар эслайди” деб саралаганнинг ўзида 47 та! Агар фақат хит тароналарнинг ўзи билан ўтказилади, дейилганда ҳам бемалол 2 та концерт дастурига етадиган материал бор! Лекин, бу биринчи концерт ва биринчи концерт “ташриф қоғози”га айлана оладиган даражада бўлиши керак! Қолаверса, ҳозирда Манзура юқори савияда концерт ўтказа олишини исботлашимиз керак! Имтиҳон арафасидамиз! Бу жиҳатдан олганда, қўшиқлар борасида муаммо йўқ! Биз ҳозир аксинча, янги қўшиқларни концерт дастурига киргазиш масаласида бироз қийналяпмиз.
- Савол Наримон Григорянга: Манзура билан ишлаш қийин эмасми?
Наримон Григорян:-Биринчи навбатда, ҳар бир артист, ижодкор, бу ўз характерига, дидига эга бўлган шахс! Манзура ҳам бундан мустасно эмас, албатта. Лекин, у билан ишлаш қийин эмас, у билан тил топишиш, бемалол фикрлашиб бир тўхтамга келиш мумкин. Ҳозир биз бир мақсад сари ҳаракат қиляпмиз, яъни концерт чиройли, сифатли ва ўзига хос услубда бўлиши, томошабинларни қувонтириши керак!
Даврон Кабулов: (кулиб)- Тўғрисини айтганда, Наримон билан ишлаш қийинроқ!
- Нима учун концерт номсиз?
Даврон Кабулов:-Концерт номсиз эмас, номи бор “Асра бахтимизни”, деб номланади. Баннерларда, реклама қилишда концерт номига урғу берилмади, чунки 18 йиллик ижод давомида, хонанданинг биттагина хит қўшиғи бўлган тақдирда ҳам, фақат битта таронани биринчи планга олиб чиқиб қўйиш, менимча, тўғри бўлмаса керак.
- Концертга қўшиқлар танлаш борасида охирги нуқтани ким қўймоқда? Сиз ёки ташкилотчилар?
Манзура: - Охирги нуқтани ҳаммамиз биргалашиб қўймоқдамиз! Мен ҳам, Даврон ҳам, Наримон ҳам.
Наримон: - Баъзи дастурда йўқ, аммо мени ўзимга ёққан қўшиқларни дастурга киритишга ундадим. Чунки, ўша қўшиқлар менга жуда ёқади!
Даврон Кабулов: - (кулиб) Охири биз Наримонга алоҳида концерт қўйиб беришга қарор қилдик.
- Ҳозирги кунда концертларнинг репертуари тўйникидан фарқ қилмаяпти. Унда концерт беришдан хонандага нима наф? Ахир тўйда ҳам ўша тақир-туқур, концертда ҳам ўша бўлиб қолаётгандек.
Манзура: - Нокамтарликка йўйманг, лекин мени ўзимнинг муаллифлик қўшиқларим бор! Студияда соатлаб ўтириб, уларни ҳар-хил манераларда куйлаб, изланамиз. Қўрқмай айтишим мумкин, ўз композицияларимни баъзиларини ўзим басталайман, баъзиларини Бобур Умаров. Нокамтарлик бўлса ҳам, қўрқмай айтишим мумкин, фақатгина тўй учун ишламайман. Тўғри репертуаримда, тўйда ҳам яхши қабул қилишадиган қўшиқлар ҳам бор! Лекин, уларни ҳам, тўйдаги каби эмас, чиройли бир асардек тақдим қиламиз, бу Наримоннинг вазифаси.
Даврон Кабулов: - Ҳозирдан кафолат беришим мумкин, концерт тўй вариантида бўлмайди! Ҳозир концерт 3 та инсоннинг атрофида қурилаётган бўлса, шу 3 инсон ҳам ўз фикрини бермоқда, умумий ишда бундан фақат ютиш мумкин. Ҳозир, масалан, кимдандир концертни тўй вариантида ўтказиш фикри чиқса, қолган 2 та инсон фикри билан бу ғоя йўққа чиқади! Ижодкор биринчи навбатда концерт билан тўйни ажратиб ололмаса, концертга келган томошабинлар ҳам, бу нарсани ажрата олмай қийналади. Биз ҳозир умуман, тўй вариантига яқинлашмасликка ҳаракат қиляпмиз! Баъзи қўшиқларни, масалан, томошабинлар тинглаб ўрганган вариантда эмас, умуман аввалгисидан фарқли вариантда тинглашлари мумкин бўлади.
- Концертда либосларингиз устида қайси дизайнер ишламоқда ва нима учун айнан ўша дизайнерни танладингиз? Ёки сиз ҳам Ҳилола Шер билан ишлаяпсизми?
Манзура: - Стилистлар жуда ҳам кўп. Қолаверса, Ҳилола Шер ҳамма билан ҳам ишламайди. Бундан ташқари, мен Зулфия Султон билан ҳам ишлаганман. Ҳамма санъаткор ўз аранжеровкачисини топгандек, Ҳилола Шер ҳам, ўзи билан ишлайдиган санъаткорни топади, яъни ким унинг имиджига мос тушади, тушунади, ички дунёсини кўрсатиб бера олади. Мана шу икки дизайнер Ҳилола Шер ва Зулфия Султон менинг ички дунёйимни кўрсатиб бера олишади. Мен саҳнага Манзура бўлиб чиқишим керак, бошқа инсон бўлиб чиқишим керак эмас. Мен ўзимни топишим керак, шунда менга шу инсонлар ёрдам беришади. Ҳар бир концерт ҳам, ҳар бир қўшиқ каби эксперимент! Доим изланишда бўламиз! Ҳилола Шер жуда ҳам билимли, у қайси клипда ишлаган бўлса, композиция томонлама тўғри, ҳаммаси уйғунлашган. Унда тажриба базаси ҳам катта, отаси ҳам рассом. Ўзи ҳам, доим малакасини ошириб боради. Унинг ишлари стандартларга мос келади. Унинг ишларини ҳаттоки, хориждаги дўстларим ҳам юқори баҳолашган. Шунинг учун ҳам, у билан ишлайман. Зулфия Султон билан эса, аввалги узун қора либослардаги фотосессиям вақтида бирга ишлаганмиз.
-Концертда қандай янгиликлар бор?
Даврон Кабулов: -Бир учини очишга ҳаракат қиламан, концерт давомида декорация ўзгариши мумкин. Бир марта эмас!
- Концертдаги қўшиқлар сони?
Даврон Кабулов: - Тахминан 23 тадан 25 тагача бўлади.
-Концертда дуэтлар бўладими?
Даврон Кабулов: - Режада 5 та дуэт бор. Улуғбек Раҳматуллаев, Мавлуда Асалхўжаева, “Элдидо” гуруҳи билан куйланган дуэтлар. Қолган 2 та дуэт масаласида эса, 4 тадан 2 тасини танлаш керак. Насиб қилса, Манзуранинг кейинги йилги концертини ҳам ҳозирдан режалаштиряпмиз. У концерт учун ҳам олиб қўйилган қўшиқлар бор!
-Концерт фишкаларидан ҳеч бўлмаса биттаси?
Манзура: - Ҳозиргина кичик сирлардан бири, саҳна ўзгариши очилди. Яна кўплаб янгиликлар бор, янги композицион кўринишлар, раққосалар кўринишида ҳам янгиликлар бор. Масалан, тўйбоп қўшиқларимиздан “Лезгинка”ни ҳам ўзгача композицион кўриниш билан тақдим этамиз! Ҳамма фишкаларни ҳозир айтолмайман, чунки қизиғи қолмайди.
Наримон Григорян: - Концертда фишкалар ҳар бир нарсада бор, саҳна, костюмлар, рақслар. Аниқ қайси бирилигини санаб ўтмоқчи эмасман. Чунки, томошабинлар учун айнан нима фишка бўлишини билмайман!
Жонли ижро борасида:
- Концертда неччи фоиз жонли ижро бўлади?
Манзура: - Энди, бу биринчи концерт, сал ваҳимаси бор. Жуда ҳам ҳаяжонли, ўзига хос имтиҳон! Лекин, ўзи биринчи концертми, йигирманчи концертми, барибир ҳаяжон бўлади. Чунки, ҳар сафар ўзингизни қидирасиз, фикрлар бўлади. Лекин, алдамоқчи эмасман, бу биринчи концертим фонограмма бўлади.
Даврон Кабулов: - Аслида концерт ғояси ўртага ташланганида, Манзура 4-6 та қўшиқни жонли куйлайман, деганда мен уни тўхтатдим. Чунки, барибир биринчи концерт “юк”и оғир! Лекин, жонли ижрода концерт бераётган бошқа ҳамкасбларнинг ишлаш жараёнини кўргандан кейин, бу биринчи концерт давомида Манзурага бу босимни ташлаш керак эмас, деган фикрдаман! Лекин, концертда кутилмаган ўзгаришлар бўлиши мумкин!
-Барибир ҳар битта мухлис ўз севган санъаткорини концертига келганда бир-икки қўшиғини жонли ижрода эшитгиси келади. Масалан, концертга боришимдан шахсан менинг мақсадим, шу ижрочининг жонли ижрода куйлаганини тинглаш, дейлик.
Даврон Кабулов: - Шахсан сизнинг мақсадингизни амалга оширишга ҳаракат қиламиз! Жонли ижрода куйлаб, концерт берадиганлардан масалан, Жаҳонгир Отажоновни олсак, репертуаридан асосан, бир жойда туриб айтиладиган қўшиқлар жой олган! Тўғри, ерга ётиб қўшиқ айтишлари ҳам мумкин! Энди Манзуранинг ижодига аҳамият берсангиз, 2 хил типдаги тароналари хитга айланган. Сокин ва клуб йўналишидаги қўшиқлар. Уларнинг ҳаммаси саҳнада ҳаракатни талаб қиладиган қўшиқлар. Сокин қўшиқларда унга қуриладиган композициялар бор. Лекин, биз концертда жонли ижрога мурожаат қилишга ҳаракат қиламиз. Чунки, бу иккинчи концертга ўзига хос репетиция вазифасини ҳам бажариши мумкин. Тўғри, “хориждагилар ҳаракатда ҳам жонли куйлашадию” деган фикрга шундай жавоб бераман, хориждаги техника бу талабга жавоб беради.
Манзура: - Баъзи бир саундлар жонли ижрода бутунлай бошқача бўлиши ва томошабинларга ёқмаслиги ҳам мумкин. Баъзида ҳаттоки, тўйларда “нега жонли айтди, умуман маза қилмадим” деган ҳолатлар ҳам бўлади, чунки ўша студияда ёздирилган қўшиқлар мусиқаси, ўша руҳиятни, ҳолатни беради, жонли куйлаганда эса, бошқача бўлиб қолади.
Даврон Кабулов: - Жонли ижро борасида битта нарсани қўшимча қилмоқчиман. “Жонли ижро” деб, баннерга ёзиб қўйгани билан ҳамма ҳам қойил қилаётгани йўқ, назаримда. “Истиқлол” санъат саройининг ижара пулидан қутилиш учун жонли ижрода концерт бериб, қўполроқ қилиб айтганда, эплай олмаётган хонандалар ҳам бор, назаримда. Концерт фишкаси нима? Баъзида ёмон, савиясиз ўтган концертда ҳам бир-икки фишка чиқиб қолади. Биз эса, концертни фишкасиз ўтказишга ҳаракат қиляпмиз. Чунки, бошқача қилиб айтганда концерт фақат фишкалардан иборат бўлмоқда! Концертга келган инсон, парда очилгандан то ёпилгунга қадар, ташқаридаги муаммолар ҳақида ўйламаслигини ҳоҳлардим. 2 соат давомида Манзуранинг ижоди билан яшашини истардим. Шунинг учун ҳам, кирган инсон биринчи навбатда яхлит шоу кўришини ҳоҳлаймиз.
Ҳамкасбларининг концертлари ҳақида:
- Ўзингиздан кейин бўладиган қайси ҳамкасбингизнинг концертига томошабин сифатида тушган бўлардингиз?
- Шохруххоннинг концертига тушаман, ният бор! Унинг концертларига ҳар йили тушаман, ўйлайманки, тенгдошларимиздан у ижод тарафлама “ўзини топа олган”! Шунча йиллик ижодим давомида кузатиб келаман, жуда чиройли, равон куйлайдиганлар бор, ҳамда ўзини топа олганлар бор. Тўғри, Шохруххондан рейтинг тарафлама юқорироқ хонандалар ҳам бор, чиройли куйлашади, аммо ўзини топа олмаган. Айнан ижод тарафлама, Шохруххонни жуда ҳурмат қиламан. У концертида қандайдир декорациялар билан “портлаш” қилмаса ҳам, шундоқ туриб куйласа ҳам, саундида, ўша мусиқа ва овозида ички дунёси акс этади. Уни қўшиқларини тинглаб, хаёлан бошқа оламга “учиб кетасиз”!
- Сизнинг концерт дастурингиздан кейин бир қатор концертлар бор. Рақобат барибир бўлади. Сиз рақобатдан қўрқмаяпсизми?
Манзура: - Албатта, рақобатдан ҳамма қўрқиши керак. Чунки, барибир концерт бераётганларнинг ҳаммаси халқимиз севган санъаткорлар, баъзилари билан йўналишимиз ҳам жуда яқин. Йўналишимиз бошқа бўлса ҳам, лекин Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитованинг ижодини жуда яхши кўраман! Яна Шохруххон, Райҳон бор, уларнинг ҳам мухлислари жуда кўп! Шахсан ўзим Шохруххонни маза қилиб эшитаман, концертларига бораман. Лекин, рақобат бор, рақобат бўлмаса, қизиқарли ҳам бўлмайди! Рақобат, ҳамиша бўлиши керак!
Пиар ҳақида:
- Шунча йил ичидаги биринчи концерт ва рекламалари ҳам кеч бошланди, баъзи бир сабабларга кўра, каналлар фаолиятини ҳам аввалгидек баҳолаб бўлмайди. Концерт олди пиар компаниялар бизга жаҳон эстрадасидан кириб келди ва бунга анча бўлди. Уни қандай бўлишини ташкилотчилар жуда ҳам яхши билишади. Манзуранинг эса, концерт олди пиар компанияси унчалик юқори эмас... Афсуски, Райҳон Ғаниеванинг оилавий можароларини унинг концерт олди пиар компанияси билан боғлаётганлар ҳам йўқ эмас. Манзура бу борада қандай фикрда ва Манзурага пиар керакми? Шахсий фикр ва ташкилотчилар фикри?
Манзура:- Энди мен билан ишлаётган ташкилотчилар “бошқа стратегия билан кетамиз”, дейишмоқда. Ҳамма одам ҳар хил йўл билан кетади. Балки, буларнинг ҳам кетаётган йўли, тўғридир? Буни вақт кўрсатади.
Даврон Кабулов: - Пиар масаласида, сунъий нарсани, барибир бугунми, эртами сунъийлиги билинади. Мен Райҳон ва Йигиталининг оилавий муносабатларини концерт билан боғлаётганларни тўғри ўйлашга чақирган бўлардим! Уни айнан концерт билан боғлаш, менимча тўғри бўлмаса керак! Лекин, пиарнинг ўзи дунё амалиётида бор нарса. Аммо, ким бундан қандай фойдаланади ва нима ютади? Менимча, ижодкорнинг ўзи ютмайди! Ижодкор, майли, биринчи концертида қийналган тақдирда ҳам, маҳоратини концертнинг ўзида зўр қилиб исботлаб бериши керак! Шунда кейинги концертида ҳеч қандай пиар ҳам, шов-шув ҳам керак бўлмасин! Номини айтмайман, аммо сизлар биладиган бир гуруҳнинг концертини ташкиллаштирганимда, жуда қийналганмиз. Ҳаттоки, кечаси ухламай плакат ёпиштирган ҳолатлар ҳам бўлган... Лекин, иккинчи концертда биз ҳаттоки кассага бориб хабар ҳам олмаганмиз. Ҳозир биринчи ўриндаги мақсадимиз, фақат яхши концерт қилиш! Ҳозирча Манзурани ким биландир суньий қовуштириб, кейин концерт ўтгач, “йўқ, бу унақа эмас эди. Бу биз кутгандек бўлиб чиқмади” деб, ажратиб олиш эмас. Менимча, Манзурани ижодкор сифатида ҳурмат қилиш керак! Чунки, 18 йилдан буён ижод қилаётган хонанда бунга арзийди! Хонанданинг ўзи томонидан айтилган бир гап бор, лекин ҳозир ёдида ҳам бўлмаса керак. Аммо, менга жуда ҳам ёққан! “Ҳамма шов-шувлар қолиб кетади! Репутация қолади!” Шов-шувлар ўзини йўлига, кутилмаган сенсациялар, бошқа нарсалар, булар ҳаммаси муайян давр учун мўлжалланган нарсалар. Уларнинг ҳаммаси ўтади-кетади, кейин 3 йил ўтгандан сўнг, ҳамма устидан кулиши ҳам мумкин. Лекин, репутация, яъни сизнинг шаънингиз, бу биринчи даражали нарса! Аммо, мен бу билан Манзура “оппоғойлар, яқинда қанот чиқарадилар” деётганим йўқ! Ҳаммамизни ўзимизга яраша камчилигимиз бор! Лекин, инсон ўзига тўғри бўлса, меҳнат қилса, бир кунмас бир кун юзага чиқади!
-Йигитали Райҳон билан турмуш қуришдан аввал сизнинг клипингизда суратга тушганди, ажрашишдан аввал ҳам сизнинг клипингизда суратга тушди...
Манзура:- Йигиталини ҳам ҳурмат қиламиз, жуда ҳам истеъдодли актёр, у суратга тушган ўша бокс тасвирланган клипим, унинг ижодида энг ёрқин клиплардан бўлса керак. Яқинда “Борсан” клипимда ҳам, жуда ҳам бошқача ролда чиққан! Ҳақиқатдан ҳам, катта истеъдодга эга инсон. Лекин, менимча, сиз айтган ҳолат тасодиф бўлди!
Янги фотосессияси ҳақида:
- Янги фотосессиянгизда сизга аёл киши ҳамроҳлик қилган. Бу нима учун?
Манзура: - Суратга тушган аёл, бу модель Азиза, ўзимизнинг синглимиз. Фотосессиядан мақсад, янгилик қилиш эди. Азиза билан фархланамиз ҳам, чунки ўзбек бўлиб туриб, Малайзияда ўзига яраша машҳурликка эга бўлган топ-модель, Малайзияда ўз мухлисларига эга. У билан қандайдир образ яратиш фикри келди. Энди бу фотосессияда образ ҳали тўлиқ эмас, ҳали яна бу фотосессия устида “Канаки” да ишланмоқда! Фақат клип орқали эмас, фотосессия орқали ҳам янгилик қилмоқчи бўлдик! Бу ижод! Ижоднинг эса, умуман чегараси йўқ! Гўзалликнинг тагида бир маъно ётиши шарт эмас, деб ўйлайман. Гўзалликнинг ўзи ҳам бир санъат! Ҳилола Шернинг костюмларидан фойдаланилган. Тўғри, инстаграмда баъзи бир гаплар ёзишди. Аммо, ўйлайманки, биз ундай фикрлашдан ўсишимиз керак. Нимага? Артистлар билан стилистлар бирга ишлайди! Стилистлар ўз соҳаси бўйича ўқув юртларини тамомлашган, масалан, Ҳилола Шер малака ошириш учун Прагага боради, бошқа стилистлар Лондонга боришади. Ёки Зулфия Султон Миланга борди. Ҳаттоки, ўша ёзганлар айтгандек кўринишда бўлса ҳам, бу гўзал бўлса, демак, санъат! Стилистлар тарихни, либослар тарихини ўрганишади. Бу гапларни мен инстаграмда ҳам ёздим. Баъзи ёшлар ўйламасдан оғзига келган гапни гапиришади. Лекин, бизнинг стилистлар рассом, улар Беньков номидаги ўқув юртини ҳам битиришган ва тўғри йўналишда ишлашади. Улар стилист бўлиши учун, бугунги кунга етиб келиш учун, қанча китоб ўқишади, қанча либослар тарихини ўрганишади ва кейин бу образ чиқарилади. Масалан, мен ўзим ҳам, “бу тўғри келадими?” деб сўрайман. Мисол учун, “қайсидир асрда мана бундай либослар кийишган, уни мана бундай либослар билан уйғунлаштирамиз, мана бундай бўлади”, деб тушунтириб беришади. Ундан кейин биз ўша либосда фотосессия чиқарамиз. Ўзимиздан ўзимиз бирор нарсани боғлаб олиб, чиқармаймиз! Шунинг учун, илтимос, нимадир деганда аввал ўйлаш керак, инсон бунинг устида қанча ишлайди. Стилистлар суратга олиш майдончасида кўпинча кечаси билан ухламай ишлашади. Бу фотосессиядаги либослар устида ишлаган Ҳилола Шер ҳам клипларда кўп ишлайди, “Ўнгимда кўрай”, “Севги синови” клипларимда ҳам у билан ишлаганмиз.
Ҳамкасблар ҳақида:
- Маълумки аёл санъаткорлар орасида, учлик бор эди. Яъни, Юлдуз Усмонова, Насиба Абдуллаева, Мавлуда Асалхўжаева. Давр алмашинуви мобайнида, уларнинг ўрнини бугунги кунгача, Шахзода, Райҳон, Манзура эгаллаганди. Уччалови бир вақтда ижод бошлагандилар. Ҳозир бугунги кунда шу учлик бузилиб кетгандек, назаримда. Ўзингиз шу учликни қандай кўрасиз ва бугунги кунда шу учликка кимларни киритган бўлардингиз?
Манзура: - Энди, ҳозир йўналишлар кўп! Нафақат учлик, балки ўнлик ҳам бўлиши мумкин! Агар учлик бўлса, у ҳар куни ўзгаради! Муҳими, ўшаларни борлиги, бўлсин, у ерда борманми шукур қиламан, чиқиб кетдимми, яна кириш учун ҳаракат қиламан! Ҳозир масалан, бир йўналиш модага кирса, эртага модадан чиқиб кетади. Баъзида санъаткорда “ижодий кризис” ҳам бўлади. Масалан, ўзим ҳам шунча йиллик ижодим давомида бундай “ижодий кризис”ларга жуда кўп учраганман. 2005-2006 йилларда менда сокинлик бўлган. 2007 йилда эса, “концерт беринг”, дейишган. Фильмларда ўйнаганман, кейин яна сокинлик. Бундай ҳолатлар кўп бўлган. Ҳозирги чиқаётган баъзи ёшлар эса, 2-3 йил машҳурлик келса, буни абадий, деб ўйлашади. Йўқ, бу худди модага ўхшайди, бугун модадасан, эртага йўқ! Мана шундай жараёндан ўтиб олиш керак! Илҳом келмай қолади, сени йўналишинг “емай” қолади. Мана шу нарсалардан ўтиб олиш керак! Ҳозирги ёшларга маслаҳатим, бугунги кун билан яшаш керак эмас! Бугун хит яратсанг, эртани ҳам ўйлаш керак! Масалан, йил бошида “Аламларим” қўшиғим чиқди! 5-6 ой рейтингни ушлади. Аммо, қарабсизки, йил якунига келиб, саралашда, “Манзура бу йил ишламади”! “Сохта туйғу” декабрда чиқди, февралгача хит бўлди. Аммо, йил якунига келиб, “Манзура бу йил ишламади” дейишди! Кечаги ғалабалар ҳеч кимни қизиқтирмайди!
- Сизнинг ўз шахсий учлигингиз?
Манзура: - Мени учлигим йўқ! Масалан, менга Шахзоданинг қўшиқлари ёқади! Лоланинг концертлари ёқади! Муниса Ризаеванинг қўшиқлари ёқади! Нилуфар Усмонованинг ижоди ёқади! Улуғбек Раҳматуллаев, Шохруххоннинг қўшиқларини эшитаман! Ҳаммада санъат яшайди! Мен учун ҳамма ижодкор!
-Ўтган йили декабрь ойида “Ниҳол” мукофоти совриндорларининг концерти бўлди. Унда бирга дуэт куйлаб чиққанингизда Райҳондан хафа эканлигингиз билинди. Шуни томошабинларга кўрсатиш шартмиди?
Манзура:- Энди, ростини айтсам, мени қайси бир санъаткор билан муносабатим ёмон бўлса, буни ошкор қилмайман. Тўғри, мендан кўп сўрашади, сизникига ўхшаш саволлар жуда ҳам кўп бўлади. Агар “Ниҳол”даги ҳолат мухлисларга ёқмаган бўлса, узр сўрайман! Бировни ёмонлаш фикридан йироқман ва бу тўғри ҳам бўлмайди, яхши иш ҳам бўлмайди! Бировнинг дилини оғритиб бўлмайди! Мен шундай деб, ҳисоблайман! Мени ўз фикрим бор, бировни ёмонламайман! Бугун ёмон бўлса, балки эртага яхши бўлиб қолар?
- Муниса Ризаева сизни концертига таклиф қилганда бормагансиз. Сиз ҳам кимларни концертингизга таклиф қилмоқчи эмассиз? Буни “интрига”, деб тушунманг!
Манзура - Ҳозирда бу ҳақида ўйлаганим йўқ ва ҳозир кимнидир ўйлашга, аразлашга, эслашга вақтимиз ҳам йўқ.
Даврон Кабуловдан концерт ҳақидаги маълумотлар: - Иложи борича, концерт билетларини нарх бўйича қулай бўлишига ҳаракат қилдик! Бизни, яъни “Kabulov Group”нинг стратегияси, азалдан томошабинга нархлар масаласида қулайлик яратишдан иборат. Биз концерт орқали бойиб кетишни ҳеч қачон ният қилмаганмиз. Масалан, концертга билет сотиб олиш учун кассага келганлар ҳам нархларни кўриб, ҳаттоки ҳайрон қолишиб, хурсанд бўлишмоқда. Чунки, талаба ҳам кассага келиб, бемалол 2 кишилик билет харид қилиши мумкин. Манзура хонанда сифатида кўп нарсани исботлай олган. Аммо, концерт масаласида ҳали кўп нарсани исботламасдан туриб, аввалги ижоднинг ҳурмати билан бир дона билетни 200 минг сўмдан қилиб қўйиш ниятимиз йўқ! Концерт савияси, даражаси билет нархидан баланд бўлишига ҳаракат қиламиз! Бу билан кейинги концертларда 3 баравар нарх қўямиз, дегани эмас! Биринчисида томошабинлар учун исботламоқчимиз, чунки бу концерт Манзура учун биринчи яккахон концерт бўлса, бизнинг компаниямиз учун эстрада йўналишидаги биринчи концерт ва биз учун ҳам қизиқ! Тўғри биринчи концерт бўлганлиги учун, ташкилотчилик ёки саҳнанинг ўзида бевосита қанақадур камчиликлар бўлиши мумкин. Лекин, биз мукаммалликка интиляпмиз, ҳаракат қиляпмиз.
Манзура: - Биз бу энг зўр концерт бўлади, деб айтмоқчи эмасмиз. Биз ҳаракат қиламиз! Чунки, чин баҳони ҳам мухлислар, томошабинлар беришади! Янада изланамиз ва ишончни оқлашга интиламиз!
Концертда Манзуранинг фан-клуби ҳақида ҳам савол бўлди ва хонанда бу саволга жавобан яқинда фан-клубининг ишлари ҳақида маълумотлар бўлишини билдирди.
Матбуот анжумани қувноқ дўстона муҳитда ва кўтаринки руҳда ўтди. Хонанда саволларнинг барчасига самимий жавоб қайтарди ва самимий ҳазиллар билан барчанинг кайфиятини янада кўтарди.
Манзуранинг илк яккахон концерти муваффақиятли ўтишига тилакдошмиз!
Саида Вахобова
Матбуот анжуманидаги фотолар учун Козимжон Курбановга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз