FATTOHHON.COM

« Все новости

ОТАБЕК МУТАЛХЎЖАЕВ: МАҲОРАТ БЎЛМАСА ОМАД ҲАМ КЕЛМАЙДИ!  16.07.2013 12:27

foto(29)_29.jpg

Шоубизнесда бир неча йўналишни биргаликда олиб бораётганлар саноқли бўлиб, бир йўла бир неча ишнинг уддасидан чиқиш қийин, албатта. Отабек Муталхўжаев бир йўла уч йўналиш, хонандалик, актёрлик ва телебошловчиликда ўзини намоён қила олган ижодкор. Унинг қўшиқлари ва клиплари ўзига хослиги билан ажралиб туради. У эндиликда санъатнинг яна қайси йўналишида ўзини синаб кўриш ниятида?

 foto(32)_26.jpg

- Ҳозирги кунда ижодингиз бир маромда сокинликда давом этаётгандек. Яъни, мухлислар кутган улкан портлаш бўлмаётгандек. Бунинг устига янги чиқарган клипингиз, “Йиғламагин азизам” ҳам маҳзун клип бўлди. Бундай сокинлик сабаби? Чунки, “Ўзга сайёралик”дан кейин шу сокинлик юз берди.

- Кичик хонанда Ширин билан куйлаган “Ўзга сайёралик” клипимиз шоу бизнесда янгилик бўлди! Шундан сўнг, сокин қўшиқ чиқариш керак, деб ўйладик ва “Йиғламагин азизам” тақдим қилинди. Энди эса, ҳозир ҳақиқатдан кўп қўшиқлар ёзяпман, уларни чиқарсам, катта портлаш бўлади, деб умид қиламан. Ҳозир уларнинг қайси биридан бошласак экан, деб ўйлаяпмиз.

 

- Актриса Шаҳзода Муҳамедова билан тўйингиз бўлди, деган 1 апрелга бағишланган, нашрлардан бирида чиққан хабар шов-шув бўлиб кетди. Бу ғоя кимдан чиққан эди? Ҳамма ҳам бундай хабар уюштирилишига рози бўлишга журъат қила олмайди. Яна айнан уйланмаган хонанда! Бу хабарни чин деб қабул қилишлари ва рейтингингиз тушиши мумкинлигидан чўчимадингизми?

- Бу хабар маҳаллий нашрлардан бирининг ғояси эди. Улар ҳар 1 апрелда шундай ҳазиломуз хабарлар бериб боришади. Менга бу таклиф берилганида, “1 апрель ҳазили” дейишгани учун рози бўлдим. Албатта, ўйлаб кўрдим, лекин ҳазил, деб берилади, дейишди.  Ким билан дейишиб, бир неча актрисалар вариантлари ўйлаб кўрилди. Сўнг, Шаҳзода Муҳамедовада тўхталди. Бизни тўй либослари салонида, бир фонда бир неча хил суратларга олишди. Шундан сўнг, газета 1 апрелдан 3 кун олдин чиқди ва қарасак, суратлар кесиб олиниб ҳар хил фонларга қўйилган. Мақола берилган ва мақола тагига ёзилган “3 кундан кейин қандай байрамлигини биласиз” дейилган. Аниқ қилиб, бу 1 апрель ҳазили эди, дейилмаган! Балки, ёзилганда ҳам менимча, кўпчилик бунга эътибор бермасди. Натижада, ҳамма бу хабарни рост деб ўйлади! Ҳалигача, кўпчилик “Шаҳзодага уйланибсиз, табриклаймиз, бахтли бўлинглар!” деб табриклашяпти! (самимий кулади) Ўша мақола чиққач, бир ҳафта ўтгач, ўша газетада “1 апрель ҳазили эди” деб ҳам берилди, лекин барибир ҳалигача табриклар тингани йўқ. Масалан, бошқа давлатларда яшайдиган ҳамюртларимизга газета етиб бормайди-ку, натижада уларга ҳам ижтимоий тармоқлардан хабар етиб бориб, кўплари шу ижтимоий тармоқлар орқали табриклаб саволлар беришяпти! Матбуот орқали, мухлислар билан кўришганда, бу хабарни ҳазил эканлигини тушунтиришга ҳаракат қиляпман! 

 foto(34)_25.jpg

- Ҳаётда ҳам актрисага уйланишингиз мумкинми?

- Бу ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман. Билмадим, олдиндан бир нарса дейиш қийин. Менимча, агар севиб қолсам, юрак жиз этса, касби аҳамията эга эмас! У актриса бўладими, мухлисам бўладими, ёки бошқа касб эгаси бўладими? Муҳими, уни учратганимда, бу ўша, мен излаган инсон бўлса, бўлди.

 

- Қачонларга оила қуришни мўлжаллаяпсиз?

- Билмадим. (самимий кулиб) Қачон насиб этса, ўшанда. Анчадан буён уйланишим учун уйимдагилар ҳам қиз қидиришяпти. Ўзим ҳам изланишдаман. Ҳали бир кўрганимда “вой, шу қиз меники, бўлди, фақат шунга уйланаман” деган фикр бўлмади. Қандайдир инсон бир-бирига мос тушиб қоладию, “бўлди, топдим” дейсиз. Шунақаси ҳали учрагани йўқ!

 

- Демак, ҳаётингиздаги кутилган севги ҳали ҳамон келмаган?

- (самимий) Йўқ, нега энди? Ҳаётимда севги келган, лекин у севги армонли бўлиб қолган.

 

- Демак, ўша армонли муҳаббатни босиб кетадиган даражадаги муҳаббат бўлиши керак?

- Жуда бир ўша армонни босиб кетадиган даражадаги муҳаббат эмас, билмадим. Инсонга буюк муҳаббат ҳадеб, берилавермас экан! Ўзи ҳаётда шундай бўлар экан, сиз уни севсангиз, у сизни севмайди. Ёки сизни севган инсонни сиз сева олмайсиз! Мисол, шундай нарса бўлар экан, сизни кўп инсонлар яхши кўриши мумкин, севги изҳор қилишлари мумкин, керак бўлса, сизга жонини берадиган бўлиши ҳам мумкин. Лекин, сиз ўша инсонни кўрганда, ҳаётингизни ўша инсон билан боғлиқ эмаслигини ич-ичингиздан ҳис қиласиз! Нимадир сизни ушлаб туради. Лекин, шундай ҳолат ҳам бўлади. Сизни ҳамма яхши кўради. Сиз ҳам бир инсонни севиб қолишингиз мумкин. Лекин, ўша инсон, сизни худди бошқа сизни севганларга нисбатан кўнглингизда қандай нарса бўлса, шундай муносабатда бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам, иккита инсон бир-бирини чиндан ҳам севиши камдан кам бўлар экан... Агар шундай ҳолат бўлса, унда бу ҳаётдаги энг чиройли ва бахтли ҳодиса, деб ўйлайман! Бирор нарсадан кўнгил хижил бўлиб, “йўқ, энди мажбурман, шу қизга уйланиб кетаман. Бошқаси топилмаяптию, ёки майли шунга уйлана қолай” деган фикр билан оила қуриб бўлмайди! Юрагингизда озгина бўлса ҳам, кичик бир хижиллик, ёки кўнгил тўлмаслиги қолиб кетса, кейинчалик қандайдир ачиниб қолишингиз мумкин. Бир хиллар эса, “йўқ, инсон турмуш қурганидан кейин барибир бир-бирини ёқтириб, мослашиб кетади” дейишади. Балки, шундай бўлиши ҳам мумкин. (самимий кулиб) Лекин, ҳақиқатдан ҳам умр йўлдоши топиш, қийин иш экан.

 foto(30)_28.jpg foto(31)_27.jpg

- Унда совчи билан оила қуришдан кўрса, севги-муҳаббат билан оила қурган афзалроқ, деган фикрдамисиз?

- Йўқ, мен ундай деб ажратмайман. Меники, ҳам масалан, совчи орқали бўлиши ҳам мумкин. Сабаби, уйдагилар ҳам қиз қидиришяпти. Лекин, ўша қиз авваламбор, менга ёқиши керак-ку! Масалан, ўлдим-қолдим, деган бир севги бўлмаса ҳам, қандайдир ёқиши керак, унга кўнгил бўлиши керак, деб ўйлайман.

 

- Пиарга муносабатингиз?

- Шоу бизнесда пиар ҳам керак, деб ўйлайман. Масалан, хориж шоу бизнесида санъаткорларнинг ўз пиар менежерлари бўлади. Айнан, ҳар хил пиарларни ўйлаб чиқаришади. Бизда ҳам пиар қилиш керагу лекин маромида қилиниши, жуда бир ошиб кетмаслиги керак, деб ўйлайман.

 foto(23)_36.jpg foto(22)_39.jpg

- Хонандаликдан ташқари, актёр ҳамсиз. Актёр сифатида қандай ролни умуман ижро қилмасдингиз?

- Албатта, салбий ролни! Тўғри, салбий роль ижро қилганман, бу “Сирли сиртмоқ” фильм эди. Лекин, салбий роль ижро қилсангиз, томошабинлар, сизни ҳаётда худди шундай инсон сифатида кўриб қолишади. Энди агар фақат актёр бўлсангиз ва бу сизнинг доимий ишингиз бўлса, бу мумкиндир? Лекин, сиз хонанда бўлсангиз, салбий роль ижро қилсангиз, қўшиқчилик каръерангизга ҳам таъсир қилади, деб ўйлайман! Чунки, мухлислар сизни қандай бўлсангиз, шундай қабул қилишлари, яхши инсон бўлса, шундай салбий ролни қандай қилиб ижро қилди, ўзи ҳам ҳаётда шундай инсон эмасмикан, деган фикрларга бориб қолишлари мумкин. Мана, Шаҳзода Муҳамедова билан боғлиқ ҳазилни қандай қабул қилишган бўлса, шундай қабул қилиб қолишлари ҳам мумкин.

 

- Клипларингизда биз кўпинча танилган актрисаларни кўра бошладик. Бунинг сабаби, ўзи қўшиқларингиз эътиборда бўлса ҳам, танилган актрисалар сабаб, яна ҳам эътиборни оширишми? 

- Танилган актрисаларни клипларимизга энди ола бошладик. Аввал, танилмаган актрисаларни ҳам олганмиз, улар шу клиплар туфайли машҳур бўлиб, танилишган. Танилган актрисаларни ола бошлаганимизни эса, бошқа бир сабаби бор. Ўша клиплардаги роллар учун, янги, ёш актрисаларни олсак, ролнинг драматик жиҳатларини очиб бера олишмаган бўларди. Режиссёрлар қийналмаслиги ва ўша клипдаги ролнинг моҳиятини яхшироқ очиб бериш учун, бир неча клипларга атайлаб, тажрибали актрисаларни жалб этганмиз. Улар ўз ролларига жиддий ёндошадилар, чунки бу клипдаги роль бўлса ҳам, келгусидаги каръерасига таъсир кўрсатиши мумкин. Қолаверса, улар ҳам кўр-кўрона таклифга розилик бераверишмайди, агар қўшиқ маъқул бўлмаса, таъсир қилмаса, улар ҳам клипда суратга тушишга рози бўлишмасди, деб ўйлайман.

 foto(27)_29.jpg

- “25 кадр” кино кўрсатуви бошловчисисиз. Ўзингизнинг бугунги кун фильмларига бўлган муносабатингиз?

- Бугунги кунда ёш ижодкорлар кўп ҳаракат ва меҳнат қилишмоқда. Албатта, ёшларга ёрдам бериш керак. Чунки, ёшлар астойдил ҳаракат қилишмоқда. Ёшлар учун катта имкониятлар яратилган. Тўғри, енгил-елпи фильмлар ҳам йўқ эмас, лекин хато ва камчиликлар тўғриланиб, фильмлар савияси яхшиланмоқда, деб ўйлайман. Фильмлар кўпаймоқда ва деярли ҳар ҳафта янги фильмлар премьералари бўлиб ўтмоқда! Булар ичидан томошабинлар, ўзлари учун керакли фильмларни танлаб оладилар. Савиясиз фильмлар эса, бир-икки ҳафта ичида кинотеатрдаги намойишдан чиқиб кетяпти, назаримда. Шундай фильм қилган ижодкорлар эса, келгуси сафар бундай хатога йўл қўйишмайди. Табиийки, инқирозга учрашни исташмайди, танқидга қолишни ҳам ҳоҳлашмайди. Ҳозирги кунда “Олтин гепард” кинофоруми барча киноижодкорларга кенг имкониятлар бермоқда. Мазкур кинофестиваль сабаб, кўплаб хорижлик кино усталари билан ҳамкорликлар йўлга хам қўйилмоқда. Ривожланишлар катта.

 

- Ўзингиз ҳозирги кунда ўзбек киносига нима етишмаяпти, деб ўйлайсиз?

- Менимча, ҳозирда яхши сценарийлар етишмаяпти. Чунки, менинг ўзимга ҳам актёр сифатида суратга тушиш учун, кўплаб фильмларга таклифлар бўляпти. Лекин, сценарийси саёз, шунинг учун ҳам, суратга тушишга иккиланиб, розилик бера олмаяпман!

 foto(26)_30.jpg

- Дейлик, сизга мутлақо ёқмайдиган бирор актриса, сизга фильм ёки клипда мос партнёр бўляпти. Сиз уни ролга олинишига қаршисиз, лекин ҳамма, режиссёр ва сизни продюсерингиз ҳам, уни ролга олинишини ва у билан роль ижро қилишингиз кераклигини, таъкидлашяпти. Сиз эса, у билан севишган инсоннинг ролини ўйнашингиз керак. Қандай йўл тутган бўлардингиз?

- Актёр ҳамма нарсага тайёр бўлиши керак, деб ўйлайман. У яхши кўрадими, йўқми ҳамма нарсани чиқариб бера олиши керак. Бу санъат, партнёр танландими, у билан бирга ишлаш керак. Тўғри ёқтирмаган инсонингиз билан гаплашгингиз ҳам келмаслиги мумкин. Лекин, актёр менимча, унинг ўрнида ўзи ёқтирган инсонни тасаввур қилиб кўриши керак. Аммо, бошқа тарафдан бу балки ўша ёқтирмаган инсонингиз билан ярашиб, у билан дўст бўлиб кетиш учун ҳам имкониятдир. Лекин, мен ҳаётда ундай бировни ёқтирмай, гаплашмай юрадиган инсон эмасман.

 

- Кино ёки клипда ўзингизга партнёрингиздан оладиган жиҳатларингиз? Ижро маҳорати, импровизация, пластика?

- Уччаласи ҳам бўлиши керак, деб ўйлайман. Кўпроқ ижро маҳоратини олишга ҳаракат қиламан. Пластикаси ҳам қўл келади. Лекин, импровизация ўзимда ҳам бор. Ўзим ҳам импровизация қила оламан.

 foto(20)_43.jpg

- Ўзингизни қандай хонандалар сафига киритасиз? Омадли ёки маҳоратли?

- Албатта, омадли! Лекин, маҳорат бўлмаса омад ҳам келмайди! Омад учун, маҳорат ва меҳнат керак!

 

- Ўзингизга кунига қанча вақт ажратасиз?

- Биласизми, асосий вақт ижодга кетади. Ҳамма қилинадиган ишлар ижод учун, деб ўйлайман. Масалан, қўшиқ куйлаш, спорт зал, суратга олиш ишлари каби ишларга, кўп вақт кетади. Баъзида яқинлар учун вақт етмай қолади.

 foto(16)_57_0.jpg

- Кўп хонандалар ўз продюсерлари билан тез уришиб қолиб, алоҳида бўлишга интиладилар. Сизларда эса, кўз тегмасин продюсерингиз Феруза Нодирова билан анчадан буён биргаликда ижод қиляпсизлар. Аҳил-иноқлигингизнинг сири?

- Аҳил ва иноқликнинг сири, бир-биримизга бўлган меҳрда, эътибор ва ўзаро ҳурматда! Асосийси, моддий манфаатни биринчи ўринга қўймаслик! Агар моддий манфаат биринчи ўринда бўлса, кўп ҳолларда шу туфайли ҳаттоки яқин дўстлар ўртасидаги муносабатлар ҳам бузилиб кетиши мумкин. Бизда эса, биринчи ўринда инсонийлик бор.

 

- Журналистларнинг сизга энг кўп берадиган саволи?

- Қачон уйланасиз?

foto(24)_34.jpg foto(25)_33.jpg

- Туғилган кунингизда нимани ҳис қиласиз?

- Ёшим катта бўлаётганини ва яна ҳам ёшаришга ҳаракат қилишим кераклигини ҳис қиламан. Чунки, ёшим катта бўлди, деб тўхтаб қолиш  керак эмас, деб ўйлайман. Янада яшаришга ҳаракат қилиш керак.

 

- Суҳбатдошингизнинг биринчи навбатда нимасига аҳамият берасиз?

- Биринчи навбатда кўзларига қарайман ва у инсоннинг қандай инсон эканлигини билиб оламан. Ўша инсонни ўзига мос гаплар гапиришга ҳаракат қиламан. Масалан, кўнгли бўшроқ инсон бўлса, унга мос гапириш керак, сал қаттиқроқ гапирсангиз хафа бўлиши мумкин. Қўпол инсон билан, баъзида ўта қўполлик қилса, сиз ҳам қўполроқ гапиришингизга тўғри келади. Ҳаммани характерига мослашишга ҳаракат қиламан.

 foto(21)_40.jpg

- Вақт тушунчасини қандай изоҳлайсиз?

- Вақт, бу менимча учар ўқ! Масалан, бугун спорт залида машқ қиляпман. Кўзим эса, шу бинонинг ортида турган боғчага тушяпти. Бир пайтлар ўша боғчада болалигим ўтган. Спорт зали эса, бу боғчанинг ёнига яқинда қурилган. Спорт залда машқ қилаётганимда ўша боғча кўриниб туради. Боғчага қарасам, болалигим кўз олдимга келяпти. У ердаги сокинлик, ўша вақтларни эслаяпман, ўша вақтдаги мусиқалар, болаларнинг гаплари эшитилгандек. Ўша боғчага “бормайман” деб тўполон қилганларим, у ерда ўртоқларим билан шўхлик қилиб югуриб юрганларимиз, кечагина бола эдик. Орадан шунча йиллар ўтибди. Бу ўтган йиллар худди ухлаб, уйғониб кўз очгандек, жуда тез ўтгандек. Шундан хулосага келдимки, демак вақт бу учар ўқ экан.

 

- Машҳурлик сизни ўзгартира олдими?

- Тўғри, машҳурлик инсонни ўзгартиради, дейишади. Лекин, инсон барибир ўзлигича қолиши керак, деб ўйлайман. Инсон ўзгариши керакмас! Инсон ўзгарса, ўзидан кимдир ясаб олса, ўзлигини йўқотади, сохталикка ўтади, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам, мен ўзгармайман.

 foto(17)_58.jpg

- Санъат сизга нималарни ўргатди, дея оласиз?

- Кўп нарсани ўргатди. Масалан, инсон доим ҳаракатда бўлиши кераклиги, меҳнат қилиши кераклиги, бир жойда тўхтамаслик, яхши ва ёмонни ажратиш, инсонларга яхшилик қилишни ўргатди! Керак бўлса, мен ўз оилам ва қариндошларимга вақт ажрата олмаслигим мумкин. Лекин, бегона бир инсонга керак бўлса, вақт ажратаман, кўнглини кўтариб, хурсандчилик бера олсам, ўзим ҳам хурсанд бўламан. Инсон ҳаммага яхшилик қилиши керак, деб ўйлайман. Қанча яхшилик қилсангиз, ўзингизга ҳам шунча яхшилик қайтади.

 

- Сизни энг ўйлантирган мавзу?

- Қўшиқлар мавзуси кўп ўйлантиради. Ҳамиша қандай мавзуда қўшиқ яратсам экан, деб ўйлайман.

 foto(18)_51.jpg

- Онангизни касбингизга муносабатлари ва сизни масалан, ишга кузатганда энг кўп айтадиган сўзлари?

- Онамнинг касбимга муносабатлари яхши, касбимни, иш туфайли уйга кеч келишларимни тўғри тушуниб келганлар. Доим “Яхши бориб келгин” деб ишга кузатадилар.

 

- Ўз дардингиздан ҳосил бўлган қўшиқларингиз ҳам борми?

- О... (самимий) “Нетайин”, “Йилларим”, деярли ҳамма дардли қўшиқларим!

 foto(7)_119.jpg foto(6)_124.jpg

- Имиджингизга қанчалик эътиборлисиз? Сизни креатив имидж эгаси, дейишади.

- Тўғри, менимча ҳар бир ижодкор ўз имиджига эътиборли бўлиши керак, деб ўйлайман. Мен ҳам керагича вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Модага эътибор қилишга интиламан. 

 

- Ўз ижодингизни четдан танқид қила оласизми?

- (ҳазил билан) Отабек Муталхўжаевни танқид қилмаган бўлардим! Чунки, мен ҳеч кимни танқид қила олмайман. (самимий кулади, сўнг жиддийлашиб самимий) Менимча, инсон ўзидаги камчиликларни ўзи билиши ва доим тўғрилаб бориши керак. Танқидни ҳам тўғри қабул қилиши керак. Аммо, ўзимни танқид қилсам, тўғриси жуда ҳам қайсарман! Ўзимга ва ижодимга жуда ҳам талабчанман! Дейлик, бирор қўшиқни бирор жойи ўхшамаса, мени кўнглим тинч бўлмайди! Ҳар қандай нарсага ҳам рози бўлавермайман. 

 foto(19)_48.jpg

- Инсон қадри сизнинг фикрингиз-ча нима билан ўлчанади?

- Инсон қадри унинг меҳнатида, фидоийлиги, одамийлиги ва ширинсўзлигида, ҳамма яхши ижобий фазилатлар эгаси бўлишидадир. Менимча, энг асосийси меҳнатда бўлса керак. Инсон меҳнат орқали қадр топади. Агар дангаса бўлса, меҳнат қилмаса, қадри тушиб кетаверади. Уйда ишламай ўтирадиган инсонни керак бўлса, ота ва онаси ҳам танқид қилишади.

 

- Санъатда яна қайси йўналишни ўзлаштира олган бўлардингиз? Хонанда, актёр ва телебошловчиси, яна-чи?

- Дубляжда овоз беришни ҳоҳлайман. Бир марта ўзимни синаб ҳам кўрдим. “25 кадр” кўрсатувининг байрам сонида ва бир реклама ролигида овоз бердим. Дубляж студиясида, характерни топиб, мослаб овоз бергим келяпти. Келажакда ўзимни мультфильм ва бадиий фильмларда ҳам турли қаҳрамонларга овоз беришда синаб кўрмоқчиман. Масалан, ҳинд актёри Саиф Али Хонга овоз берган бўлардим. Чунки, кўплар ташқи қиёфа тарафлама, бизни ўхшаш, дейишади.

 foto(15)_64.jpg

- Агар севгингизга оилангиздагилар қарши бўлишса?

- Албатта, курашган бўлардим. Лекин, мени оиламдагилар қаршилик билдиришмайди! Аксинча, “қачон севиб қоласан?” дейишяпти. Айниқса, ойимлар “севиб қолсанг бўлмайдими, мени шунча овора қилмаган бўлардинг” деяптилар. (кулади)

 

- Сизни қандай мусиқа таъсирлантиради?

- Романтик ва шарқона мусиқалар. Тунда сокин мусиқа тинглашни ҳам яхши кўраман. Табиат ва денгизни эслатадиган мусиқалар ёқади. Чунки, ўзим ҳам романтикман!

 foto(16)_63.jpg

-  Вилоятлар бўйлаб ҳам, гастрол сафарларига чиқасизми?

- Албатта, апрелда Сурхондарё бўйлаб концертлар бердик! Майда эса, вилоятлар бўйлаб 10 кун стадионларда гастрол концертлари бўлди! Мухлисларимизга манзур бўлди, деб ўйлайман. Яхши кутиб олишди. Яна режада Қашқадарё ва Самарқандда концертлар бериш мўлжалланган. Шунингдек, ҳозирда Мустақилликка хам янги қўшиқ яратяпмиз!

 

Саида Вахобова

foto(10)_87.jpg

foto(1)_205.jpg

foto(4)_142.jpg