FATTOHHON.COM
« Все новости
17 июль куни соат 15.00 да «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси, Мажлислар залида, “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” мавзусида суҳбат бўлиб ўтди.
Суҳбатга “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори Азамат Ҳайдаров раислик қилди. Суҳбатда эстрада хонандалари, продюсерлар, иш юритувчилар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Жумладан, хонандалар Равшан Комилов, Маҳмуд Намозов, Дилфуза Раҳимова, Гулсанам Мамазоитова, Манзура, Абдували Ражабов, Иззатилла Ибрагимов, Достон Убайдуллаев, Улуғбек Раҳматуллаев, Райҳон, Алишер Файз, Отабек Муталхўжаев, Самандар Ҳамроқулов, Акбар Атамуҳамедов, “Уммон” гуруҳи, Умидахон, журналист, киношунос ва продюсер Феруза Нодирова ва бошқалар...
Суҳбатнинг асосий мавзуси, Муҳтарам Президентимизнинг 2013 йил 12 июнь “Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-1984-сон Қарорлари мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, янги қўшиқлар тайёрлаш тўғрисида, ҳамда “Ягонасан, муқаддас Ватан!” Республика кўрик-танлови ва Мустақиллик байрами арафасида ташкил тарғибот-ташвиқот тадбирларида фаол иштирок этиш лозимлиги хусусида бўлди.
Шунингдек, суҳбат давомида турли масалалар ҳам кўриб чиқилди.
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Бош директори Азамат Ҳайдаров сўзга чиқиб, ҳозирги кунда хонандаларнинг Ўзбекистон Давлат Мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлиги, қандай қўшиқлар тайёрлаётганликлари ҳақида сўз юритди. Шунингдек, ҳозирги кунда хонандалар, санъаткор деган номга муносиб бўлишлари кераклиги, “қўшиқ айтаман”, деб номақбул қўшиқлар айтиб, қолганларнинг номларига доғ туширмаслик кераклиги ҳақида, қолаверса, ҳозирги кунда ёш хонандалар учун яратилаётган имкониятлар ва улардан унумли фойдаланиш кераклиги, бугунги кундаги қўшиқлар савияси, кенгашда кўриб чиқилаётган қўшиқлар, уларнинг камчиликлари ва тўғрилаш, хонандалар қўшиқ мазмунига эътибор қилишлари кераклиги, масалан, Бобур, Навоий, Машраб ғазалларидан мазмунли қўшиқлар қилишлари мумкинлиги, огоҳлантириш олган хонандалар ўз хатоларини тушунган ҳолда, янги қўшиқлар тайёрлаганликлари ҳақида, ўз фикрларини билдирди.
Янги қўшиқларни қабул қилиб олиш муддати 9 августгача деб белгиланди.
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси тасарруфида жами 177 нафар хонанда, 8 нафар Ўзбекистон Халқ артисти, 34 нафар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар 3 нафар, 30 нафар “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, 4 нафари “Ягонасан муқаддас Ватан” кўрик танловининг ғолиблари, 18 нафар Эстрада жамоалари борлиги ҳам, санаб ўтилди.
Бундан ташқари, Азамат Ҳайдаров ҳозирги кундаги нохуш ҳолатлар, яъни Whatsapp орқали тарқалаётган ва маънавиятимизга зид бўлган фотосуратлар ҳақида, эстрада хонандаси деб аталадиган, лекин бу номни оқлай олмаётган баъзи хонандаларнинг “қилиқлари”, тарбиясизлик, санъаткор номига муносиб бўлмаган иш эканлигини айтиб ўтди ва Ўзбекистон Республикаси жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғридасигаи кодексига киритилган айрим ўзгариш ва қўшимчаларни маълум қилди.
Шунингдек, ҳозир ахборот замони эканлиги, ҳар бир янгилик жуда ҳам тез фурсатда тарқалишини ва шунинг учун ҳам, санъаткор доим ўзини идора қилиши кераклигини таъкидлади.
Суҳбат давомида, видеоклиплари умуман, омма эътиборига ҳавола этишга муносиб бўлмаган бир неча ёш хонандаларнинг клиплари тилга олиниб, улардан видеолавҳалар овозсиз ҳолатда намойиш қилинди.
Азамат Ҳайдаров баъзи хонандаларнинг ташқи кўринишларини, санъаткорга муносиб бўлмаган қиёфаларда юришларини, тилга олиб ўтди. Шунингдек, аввал рисоладагидек қўшиқлар куйлаган баъзи хонандалар ҳам, бугунги кунда мақсадсиз ва маъносиз қўшиқлар куйлашга ўтиб олганликлари ҳақида куюниб сўзлади. Шу билан бирга бугунги кундаги муваффақиятлар, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан кўрсатилаётган имкониятларни ҳам тилга олди. Хонанда ўз истеъдодини асраши ва яхшиликка хизмат қилдириши кераклигини ҳам, айтиб ўтди. Бугунги кунда эстрадага бўлган кучли эътибор, эстрада хонандалари учун янада кучли масъулият эканлигини таъкидлади. Барчани бу масалалар юзасидан яхшилаб ўйлаб кўришга, ўзаро бир-бирига тўғри йўл кўрсатишга, одобсизлик, аҳлоқсизлик ва тарбиясизликка, биргаликда чек қўйишга чақирди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Равшан Комилов ҳам сўзга чиқиб, суҳбатда ўринли фикрлар билдирилганлигини айтиб, ҳозирги кундаги санъаткорларга яратилган шароитлар учун “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, санъаткорлар бир хилликдан қочиши кераклиги, энг улуғ байрамимиз Мустақиллик байрамига тайёргарлик, ёшларнинг ҳамжиҳатликда ижод қилишлари кераклиги ҳақида айтиб ўтди.
“МаркаЗ” гуруҳидан Дилшод сўзга чиқиб, бугунги кундаги клиплар, уларнинг баъзида экранда намойишга лойиқ бўлмаганлари ҳам, бадиий кенгашдн ўтиб экранга чиқиши, кейин эса, эътирозларга кўра олиб ташланиши ҳақиза сўз юритиб, бу борада ҳам, назоратни йўлга қўйиш, яъни клипларни аввал “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси бадиий кенгашидан ўтказиб, кейин Телевидениега бериш таклифини билдирди.
Феруза Нодирова журналист, киношунос, продюсер: - Санъат бу бир оила. Ҳаммамиз шу оиланинг вакилларимиз. Шунинг учун ҳам, биттамизнинг ютуғимиз, ҳаммамизнинг ютуғимиз, биттамизнинг камчилигимиз, ҳамммамизнинг камчилигимиз. Шунинг учун ҳам, бундай салбий ҳолатларнинг юзага келиши бу ҳаммамизнинг камчилигимиз, деб ўйлайман. Ҳамжиҳатликда ҳаммамиз бу каби камчиликларни бартараф этишимиз мумкин. Авваламбор, санъаткор ўз масъулиятини унутмаслиги керак. Бу халқ олдидаги, мухлислари ва оиласи олдидаги, ҳамда ўз ҳамкасблари олдидаги масъулиятдир. Мухлислар санъаткорга доим тақлид қиладилар. Оиласи, ҳамкасблари, мухлислари олдидаги масъулиятни ҳис қилган санъаткор ҳеч қачон ёмон йўлга юрмайди. Шунинг учун ҳам, бундай масалалар фикрлашиб, биргаликда ҳал қилинади. Қўшиқ бу маънавий бойлик. Санъатда, ҳаётда ва оилада ҳам санъаткор ҳамиша ўз масъулиятини ҳис қилиб, меъёрни сақласа, ўйлайманки, албатта ўз олдига қўйган мақсадларига эришади ва ижодда ҳам маълум бир поғонага эриша олади.
Хонанда Самандар Ҳамроқулов бугунги кундаги фаолияти учун “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасига ўз миннатдорчилигини билдиргач, бугунги кундаги интернет тармоқлари ҳақида сўз юритди.
Хонанда Самандар Ҳамроқулов: - Бугунги кундаги интернет тармоқлари ҳақида айтадиган бўлсак, масалан, хорижда ҳам интернет орқали ҳоҳлаган инсон ўзининг видеоматериалларини, ўз ижодини, фотосуратларини, ҳоҳлаган клипи, кино ёки ўзининг бор ҳоҳишларини съёмка қилиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирса бўлади. Хорижда буни табиий ҳолдек тўғри тушунишади. Лекин, бизда менталитет бор. Бизнинг ўзимизга, ўзбек миллатимизга хос бўлган маънавиятимиз, маданиятимиз бор, ҳамда буни маданиятимизга тўғри келмайдиган тарафлари ҳам бор. Баъзи замонавий йўналишдаги қўшиқларни биз улардан ўрганганмиз ва улардан ўрганган нарса билан уларнинг ўзини ҳайратда қолдира олмаймиз. Биз уларни қачон ҳайратда қолдиришимиз мумкин? Қачонки, ўз миллий қўшиқларимиз, фольклор қўшиқларимизни куйласак, улар учун ҳам ҳайратланарли бўлади. Афсуски, ёшлар ичида тарихимиздан бехабар хонандалар ҳам учраб туради. Санъатнинг асосий вазифаси, бу тарбия, деб ўйлайман. Санъатга ҳам тарбия нуқтаи назаридан қарасак, яхши бўлади назаримда. Масалан, мухлислар бизга қараб кийиниб, ёки рақсларимиз, ҳаракатларимизни ўрганишга ҳам ҳаракат қилишади. Шунинг учун ҳам, санъаткор, ўзи тарбияли, намунали бўлиши керак.
Суҳбат якунида, 17 юль куни ўз таваллуд кунини нишонлаётган журналист Жасур Ҳамроевга “Ўзбекнаво” раҳбарияти томонидан совға тақдим қилиниб, туғилган куни билан табрикланди!
Отабек Муталхўжаев: - Бугунги суҳбатдаги барча фикрлар ўринли, деб ҳисоблайман. Бугунги суҳбатда ҳам кўплаб санъаткорлар иштирок этишди ва барча ўз вазифасига масъулият билан ёндошмоқда. Бундай суҳбат ва йиғилишлар кўпроқ бўлиб турса, мақсадга мувофиқ бўларди, чунки бу санъаткор одоби, маданиятини, масъулиятини янада ҳис қилишга имкон беради. Санъаткор инсон, ҳамиша маданиятли, намунали бўлиши керак, деб биламан. Чунки, ўзбек халқи ўз маданияти ва одоби билан ҳамиша ажралиб туради. Шунинг учун ҳам, ўзбек санъаткори барчага ибрат бўлиши керак, деб ўйлайман. Одобимизни, маданиятимизни йўқотиб қўймайлик, билиб қадам босайлик. Айнан, мана шу одобимиз, маънавиятимиз ва маданиятимиз билан ҳурматга лойиқ бўлайлик!
Улуғбек Раҳматуллаев: - Бугунгидагидек суҳбатлар кўплаб бўлиб туришининг тарафдориман. Бундай суҳбатлар, тарбиявий жиҳатдан санъаткорлар ижодининг янада ривожланишига сабаб бўлади. Биз ўзбек халқининг ўз миллий маънавий қадриятларимиз, маданиятимиз бор. Устоз санъаткорларимиз ҳамиша ўз одоби, камтарлиги билан халқимиз эъзозидадирлар. Бугунги кундаги санъаткорлар ҳам одоб ва маданият борасида, устозлардан ибрат олишлари, ўзларини назорат қилишлари, санъаткор одобига риоя қилишлари керак, деб ўйлайман. Ахир санъаткор эл назаридаги инсон ва биргина хато билан мана шу назардан қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Халқ, мухлислар кўпинча санъаткорлардан ибрат олишади, мана шу ибратга ва ҳурматга лойиқ, муносиб бўлиш керак, деб ўйлайман.
Манзура хонанда: - Ҳозиргидек тадбирлар доимий равишда ўтказилиб борилса, жуда ҳам яхши бўлар эди. Мана ҳозир журналист Феруза Нодирова ва бошқа кўплаб инсонлар яхши фикрлар билдириб ўтишди. Ундан ташқари, ҳозирги кунда Whatsapp ларда тарқалаётган маълумотлар ҳақида ҳам сўз борди. Бундан биз ўзимиз учун керакли хулосалар чиқардик. Тўғри айтилади, бизлардан ёшлар ўрнак олади. Уларга фақат яхши ўрнак бўлишга, ҳаракат қилиш керак! Улар бизлардан фақат яхши маданият ўрганишлари зарур. Умуман олиб айтганда, ўзимизни тутишимиз билан уларга намуна бўлишимиз керак. “Ўзбекнаво” ҳар доим бизларни қўллаб-қувватлаб, тўғри йўлга солишади. Лицензия борасида ҳам, улар ўз-ўзидан шартта олиб қўймайди, балки тарбиявий ишлар олиб боришади. Мана шундан келиб чиқиб, биз ҳам ўзимизни тартибга солиб оламиз. Аҳамият беряпман, неччи йилдан бери биз йиғиламиз, натижада яхши тарафга ўзгаришлар бор. Тўғри баъзилар билиб- билмай хатоликларга йўл қўйиб қўйган бўлиши мумкин. Аммо, барибир яхши тарафга ўзгаришлар бор. “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, масалан кўпгина тадбирлардан олдин қўшиқлар ёзиб беришади, ҳатто либосларимизгача тайёрлаб беришади. Умуман олганда, моддий тарафларини ҳам бўйнига олишади. Биз шундай шароитларнинг қадрига етиб, фақат ишлашимиз керак. Яқинда ҳам кўплаб тадбирлар бўлди, Хоразм, Фарғона, Бухоро ва яна бир нечта жойларга бориб, кўплаб тадбирларга қатнашдик. Ҳар бир вилоятда 3-4 кун бўлдик. Биз бундан жуда ҳам хурсандмиз, негаки биз халққа хизмат қилдик.
Суҳбатдаги мавзулар ва масалалар ўринли бўлди. Лекин, негадир, ўша суратлари Whatsappда тарқаган ва беодоблик қилган хонандалар суҳбатда иштирок этишмади! Одатда, кўпинча шундай суҳбатларда, шундай суҳбат уюштирилишининг асосий сабабчилари бўлаётган, мазмунсиз қўшиқлар куйлайдиган ва шундай ноўрин суратлари ҳар қаерда тарқаб, ўзлари одобни унутиб қўйган санъаткорлар иштирок этишмайди, назаримда. Юқоридаги каби ҳолатларни содир этаётган хонандаларни олиб келиб, уларга танбеҳ бериб, ёки тушунтирилиб, суҳбат ўтказилганда, балки мақсадга мувофиқ бўлармиди, деб ўйлайман. Лекин, афсуски, ҳар сафар, улар ўрнига, тартибли, мунтазам равишда ижод қилиб келаётган намунали санъаткорлар келиб, суҳбатдаги фикрларни тинглаб кетишади... Балки, бу сўзларимдан кейин мени, бундай давра суҳбатларига бошқа таклиф этмасликлари ҳам мумкиндир, аммо, ҳақиқатдан кўз юммаган ҳолда, юқоридаги ҳолатларга нисбатан шахсий фикрларимни билдиришни лозим топдим. (Гўёки бир оилада, тарбиясиз болалар бир четда қолиб кетиб, оила бошлиғи тарбияли ва намунали болаларини койиб, жазолагандек ҳолат юзага келмоқда, назаримда.)
Феруза Фаттохова