FATTOHHON.COM
« Все новостиНилуфар Сотиболдиева 1982 йил 21 май куни Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. Онаси шифокор, отаси Ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритган. Отаси 3 ёшида вафот этган. Оилада уч киши онаси ва синглиси, ўзи. Синглиси Нодира Шарқшунослик институтининг турк филологиясини, Педагогика университетининг магистратура бўлимини тамомлаб, ҳозирда болалар боғчасида руҳшунос-психолог бўлиб ишлайди.
Нилуфар Сотиболдиева Жаҳон Тиллари университетини тугатган. Ҳозирда Форум ТВ телеканалида бошловчи ва журналист. Оилали, турмуш ўртоғи Fайрат тадбиркор.
- Журналистика соҳасини танлашингизга нима сабаб бўлган?
- Мен ёшлигимдан телевидение соҳасида ишлашни орзу қилардим, лекин журналист бўлиб эмас, телебошловчи сифатида! Лекин, мен ўқиган мактабда инглиз тили фани чуқур ўргатиларди ва мен ҳам бу тил келажакда ҳаётимнинг бир ажралмас қисми бўлиши мумкинлигини ҳис қилган ҳолда, мактабни тугатгач, Жаҳон тиллари университетининг инглиз филологияси факультетига ҳужжатларимни топширганман. Битирувчи курсда ўқиётган вақтимда Телевидениега амалиёт ўташ учун юборилдим. У вақтда, яъни 2004 йил “Халқаро телеканал” ўрнида, “Спорт” телеканали энди ташкил этилган эди. Мени шу “Спорт” телеканалига ишга қабул қилишди ва мен маълум бир муддат мухбир сифатида фаолият юритишимга тўғри келди. Чунки, дарҳол эфирга чиқаришмайди ва бунга маълум бир тайёргарлик керак бўлади. Мен эса, ҳали бу соҳада ишламаган ва ҳеч қандай тажрибам ҳам йўқ эди. Шунинг учун ҳам, маълум бир муддат давомида суратга олиш жараёнларида қатнашиб, лавҳалар тайёрлаганман. Бора-бора бу соҳага менда қизиқиш уйғонган. Нафақат бошловчилик, балки мухбирлик ҳам жуда қизиқарли эканлигини ҳис қилиб, бошловчи бўлганимдан сўнг ҳам, мухбирликни параллел равишда олиб борганман!
- Шу йили турмушга чиққанлигингиз ҳақида хабарлар тарқалди. Дунёқарашингизда ва иш фаолиятингизда ҳам қандай ўзгаришлар юз берди?
- 2013 йил январь ойида турмушга чиқдим. Дунёқарашимда деярли ўзгариш юз бергани йўқ. Чунки, мен жуда ҳам ёш турмушга чиққаним йўқ. Бундан ташқари, касбим туфайли ҳамиша инсонлар орасида бўлганлигим учун, ҳаётда инсонлар орасидаги муносабатларни кўриб, қолаверса таниш-билишларим кўплиги сабаб, оилавий ҳаёт нимадан иборатлигини ташқаридан кузатиб келганлигим учун ҳам, ўйлайманки, дунёқарашим ва фикрларда кўп ўзгариш бўлгани йўқ. Лекин, албатта ҳаётингиз ўзгариши табиий. Масалан, аввал “мен” деган бўлсангиз, энди “биз” дейишингиз керак. Чунки, бу оила, янги оила аъзолари, янги қариндошлар, янги вазифалар, масъулият. Қолаверса, турмуш ўртоғим касбимни тушунадилар ва ишлашимга рухсат берганлар.
- Баъзилар севги орқали бахтини топади, баъзилар эса совчи орқали. Сизда қандай бўлди?
- (самимий кулиб) Севги-муҳаббат. Бир-биримизни билиб, синаб, севиб турмуш қурдик.
- Сизнингча, севиб турмуш қурган яхшими ёки совчи орқали?
- Бу ҳамманинг ўзига боғлиқ. Мен севги орқали турмуш қуриб ҳам, совчи орқали оила қуриб ҳам бахтли яшаётган оилаларни биламан. Масалан, баъзилар севгини унчалик ҳам тўғри тушунмайди, қандайдир ҳою ҳавас, бирламчи ёқтиришни севги, деб ўйлашади. Шу туйғулар асносида оила қуришади ва вақт ўтгандан кейин оила бу фақат, севги, қўл ушлашиб юриш, бир-бирига “комплимент”лар айтишданги иборат эмас, балки оилавий ҳаётнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари, пасту баландликлари бўлишини тушунадилар. Ҳозирги вақтда кўп ёшлар айнан, мана шунга дош бера олмаяптилар, деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам, бу ҳамманинг ўзига боғлиқ. Бизнинг ўзбек менталитетимизда кўпинча, совчи орқали турмуш қуриб, кейинчалик эру хотин орасида севги пайдо бўлади. Лекин, севги-муҳаббат билан оила қуриб, бахтли ҳаёт кечираётганлар ҳам бор. Умид қиламанки, менинг оилам ҳам шундай бахтли оилалардан бўлади.
- Севги муҳаббатни қандай таърифлайсиз?
- Муҳаббат бу вақт давомида синалган туйғу. Муҳаббатни ҳамма ҳар хил тушунади. Бу чиндан муҳаббатми, уни вақт кўрсатади. У шундай туйғуки, вақт ўтиб, оилада ўзаро ҳурматга уланиб кетади. Кейинчалик фарзандли бўлганингиздан кейин, меҳрингиз фарзандга ҳам кўчади. Бу туйғулар оилани ўзаро боғлаб туради ва рўй бераётган қийинчиликларни енгишга ёрдам беради, деб ўйлайман.
- Кўринишингиздан жиддий ва қатъиятлисиз. Аслида-чи?
- (самимий) Аслида ҳам шундай. Мен “Эгизаклар” буржи остида туғилганман ва шунинг учун бўлса керак, кўп танишларим кайфиятимнинг тез-тез ўзгариб туришини айтишади. Баъзида жуда ҳам қувноқ, ҳамма билан тез киришимли, баъзида эса, жиддий қиёфага кираман. Барчаси кайфият ва вазиятга боғлиқ.
- Бошловчи сифатида кўплаб тадбирларни олиб борасиз. Уч тилда ҳам равон сўзлашингизга кўпчилик ҳавас қилади. Ҳеч адашган ёки, хато қилган вақтингиз ҳам бўлганми?
- Албатта, бўлиб туради. Масалан, яқинда Сармишсой дарасида, “Асрлар садоси” миллий фестивалида шундай бўлди. “Асрлар садоси” фестивали доим бизнинг тарихий, қадимий жойларимизда ўтказилади, мақсад хорижлик меҳмонлар ва аҳолига ҳам, ўзимизнинг қадимий тарихий жойларимиз, миллий анъаналаримизни кўрсатиш, таништириш, буларнинг барини ёш авлодга етказишдир. Шунда Сармишсой дарасида ўтказилган катта гала концертга бошловчилик қилганимда, кечки вақт шамол эди. Сочлар, кийимлар, ҳамма нарса учяпти. Ҳозирги ёшлар Ipad билан ишлашга ўрганишган. Лекин, мен ҳеч шунга ўрганолмадим. Менга эса ўзим ўқийлдиган матнларни оддий қоғозга ёзганим қулайроқ. Ўша куни ҳам, концерт дастурини 3 тилда олиб боришим кераклиги боис, жуда кўп қоғозлар қўлимда турган эди. Бир пайт шамол кўтарилиб, қоғозларим қўлимдан учиб кетди! (самимий кулади) Беш сония (секунд)ча саҳнада сукут сақладим. Ўзим учун кутилмаган вазият бўлди, нима қилишимни билмай қолдим. Ҳеч ким менга у қоғозларни олиб бермайди, ўзим ҳам энгашиб олишим ноқулай бўлди. Шунда, ҳеч ким менга ёрдам бермаслигини сезгач, реакциянинг тезлигини қаранг-ки, шартта билганимча матндаги сўзларни айтиб кетдим.
- Имиджингиз устида ким ишлайди?
- Имиджим устида стилист Беҳзод Саидов ишлайди. 3 йилдан буён ижодий ҳамкорликдамиз. Бундан ташқари, ўзим ва менга кўп ёрдам берадиган маслаҳатдошим синглим Нодира билан кийим танлашда маслаҳатлашамиз.
- Сиз учун гўзаллик? Ўз гўзаллигингизни асраш учун қандай йўл тутасиз? Маълум бир парҳезга риоя қиласизми?
- Тўғриси, мен ўзимни унчалик гўзал деб, ҳам билмайман! Биласизми, бир воқеа ёдимга тушиб кетди. Илк бор телеведениега ишга келганимда, бир чироқчи уста “сиз нега телеведениега ишга келдингиз?” деган. Мен “бошловчи бўлмоқчиман” десам, у киши “Сиздан бошловчи чиқмайди, сиз эса чиройли эмассиз! Бошловчилар чиройли бўлиши керак! Сиз ёқимтой бўлишингиз мумкин, лекин чиройли эмассиз!” деганди. (самимий кулади) Ўшанда “чиройли бўлмасам ҳам, барибир бошловчи бўламан” дегандим. Биласизми, ҳар бир инсон ўзига хос яратилган. Балки, мен эски ва баландпарвоз гапларни айтаётгандирман, лекин гўзаллик деганда, мен учун биринчи навбатда ички гўзаллик муҳим. Ташқи гўзаллик ўткинчи ва қолаверса, инсон гўзал бўлсаю ички дунёси тарафлама жирканч ва қабиҳ инсон бўлса, у ҳеч қачон гўзал бўла олмайди, деб ўйлайман. Инсон ўзини ўзи тарбиялай билиши керак, назаримда. Масалан, жуда кўп инсонларни кўрасиз, ниҳоятда гўзал, лекин улар билан бир-икки дақиқа гаплашсангиз, қандай юраги тоза эмаслигини ҳис қиласиз. Ундайларни гўзал деб ҳам бўлмайди.
Кейинги саволингизга келсак, йўқ, мен ҳеч қандай парҳезга риоя қилмайман. Ҳоҳлаган вақтим, ҳоҳлаган овқатимни ейман. Мен ҳамиша ҳар бир аёл киши ўзига қараб юриши керак, деб ҳисоблайман. Шу боис ҳам, имкон қадар ўзимга вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Касбим туфайли ҳам, кунимнинг ярми ташқи кўринишга кетади. Чунки, баъзидан эрталабдан гўзаллик салонига борасиз, макияж қилдирасиз, сочингизни турмаклатасиз. Лекин, энг асосийси соғлом турмуш тарзи, деб ўйлайман. Олдин бу нарсани кўп айтишарди, лекин олдин бунга кўп аҳамият бермасдик. Ҳозир эса, фарзанд кутяпмиз ва шу сабабли ҳам соғлом турмуш тарзига риоя қилишга мажбурман. Яъни, бу вақтида овқатланиш, витаминлар, сайр қилиш ва ҳоказо. Чунки, мен нафақат ўз соғлиғим, балки бўлажак фарзандимнинг ҳам соғлиғини ўйлашим керак. Ҳақиқатдан ҳам, соғлом турмуш тарзига риоя қилсангиз, бу яхши кайфият, ўзингизни формада ушлашга ва ҳақиқатдан ҳам гўзалликни сақлаб қолишга эришасиз. Танангиз куч-қувватга тўла бўлишига ёрдам беради.
- Ижодингизда бир хиллик юзага келмаслиги учун сиз қандай йўл тутасиз?
- Ижодда бир хиллик юзага келмаслиги учун ҳар бир ижодкор вақти-вақти билан танаффусга ҳам чиқиб туриши керак, деб ўйлайман. Чунки, “Спорт” телеканалида ишлаганимда, телеканал директори Давлат Турдиалиев менга бир яхши гап айтган эди: “Инсон ғор эмас!” Шу гап ёдимда қолган. Ҳақиқатдан ҳам, инсоннинг потенциали ғор эмас, уни вақти-вақти билан тўлдириб туриш керак. Потенциалингиз ниҳоясига етаётганини сезяпсизми, демак қандайдир муддат танаффус олишингиз керак. Танаффус олганингиздан кейин қандайдир янги ғоялар ўйлайсиз, янги куч-қувват билан ишга киришасиз. Автоматик равишда ҳар куни би ишни қилаверсангиз, унда бу ёғи ижод эмас, ҳар куни бўладиган конвейерга ўхшаб қоласиз. Ҳар куни битта ишни қиласиз ва ўйлаш, ижод, изланишга вақтингиз қолмайди. Шу боисдан ҳам, вақти-вақти билан танаффус олиб туриш керак, деб ўйлайман. Тўғри, кўпчилик ҳозир даврим келди, даромад келмоқда, тўхтамаслигим керак, ҳам дейди. Лекин, барибир бироз муддат танаффус ҳам керак ва шундагина мухлисларингизга янгиликлар ҳам тақдим эта оласиз.
Ҳамкасби Ойбек Рихсибеков билан тадбирдан
- Кўпчилик телебошловчилар, журналистлар фильмларда ҳам суратга тушишади. Сиз ҳам фильмларда суратга тушишингиз мумкинми?
- Менга ҳам бу борада таклифлар бўлган, бир-икки ўзимни синаб ҳам кўрганман. Лекин, шуни тушуниб етганманки, мендан актриса чиқмайди! Менда актёрлик маҳорати, афсуски йўқ, деб ўйлайман.
- Ўзингизни қанчалик ишга бахш эта оласиз?
- Буни назаримда ҳамма билади. Ўзимни ишга тўлиқ бахш этгандим. Буни менга кўпчилик айтишган, турмуш қургунимга қадар кўпчилик, “нега ўзингни бунчалик ишга бахш этгансан, ҳаёт ўтиб кетяпти-ку, ишдан бошқа нарсани ўйламайсан” ҳам дейишарди. Ҳозир турмуш қурганимдан сўнг ҳам, ишимни давом эттиряпман. Чунки, ишимни яхши кўраман.
- Қайси бирини кўпроқ маъқул кўрасиз, қувноқ дўстлар давраси ёки сокинлик?
- Бу ҳам кайфиятимга боғлиқ. Биз ишимиз туфайли доим қувноқ давраларда бўламиз, тадбирлар, кечалар, санъаткорлар давраси. Шунинг учун ҳам, кўпинча ўзимга қолганда, мен сокинликни маъқул кўраман. Лекин, сокин жойлардан ҳам баъзида чарчайсиз. Шунда баъзида қувноқ давраларни ҳам соғиниб қоламан. Ҳаммаси кайфиятга боғлиқ.
- Сизнинг-ча, аёл кишининг энг яхши дўсти ким?
- Аёл кишининг энг яқин дўсти, бу онаси.
- Ҳаётдаги ва ишдаги принципларингиз нималардан иборат?
- Жуда ҳам бир принципларга эгаман, деб айтолмайман. Лекин, бир марта ваъдасининг устидан чиқмаган инсонларга кейинчалик ишонмайман! Мени алдаган ёки ваъдасини бажармаган инсонларга нисбатан ишончим қолмайди.
- Аёл кишининг кучи нимада, деб ўйлайсиз?
- Аёл кишининг кучи, унинг ожизлигида. Агар жуфтликлар ўртасидаги муносабатлар жиҳатидан олсак, эркак киши рақиблари орасида, ўзининг энг яхши тарафларини намойиш қилган ҳолда, ютиши ғолиб бўлиши керак. Аёл киши эса, ютқаза туриб, ютади. Кўпинча дўстлар билан гаплашганда ҳам, эшитиб қоламиз. Ҳозирги кун аёллари аксинча кучли бўлиб кетишмоқда. Бу бир тарафдан яхши ҳамдир. Лекин, ҳозирги кунда нега бир сўзли, қатъиятли эркаклар камайиб кетмоқда, -дейишади. Аммо, бунга қайсидир маънода аёлларнинг ўзлари ҳам сабабчи бўлаётганликларини унутиб қўйишади. Шунинг учун ҳам, эркак кишига имконият яратиб бериш керак. Сиз ўзингизнинг кучсиз эканлигингизни кўрсатсангиз, эркак иши сизни ҳимоя қилгиси келади. Ана шундагина аёл киши ютиб чиқа олади.
Ҳамкасби Ойбек Рихсибеков билан тадбирдан
- Масъулиятли тадбирларга бошловчи қиласиз. Ҳаяжонни қандай енгасиз?
- Ҳалигача ҳаяжонни енгишни ўрганмадим. Чунки, ҳаяжон ҳамиша бор ва бўлади. Ўзбекистон Телерадиокомпаниясининг машҳур диктори Галина Мельникова бизнинг устозимиз, бир гап айтганлар: “Фақатгина ўлган инсон ҳаяжонланмайди! Ҳаяжонланяпсанми, демак сен ўз ишингга масъулият билан ёндошяпсан! Қолаверса, ҳаяжон сенга мухлислар олдида қуруқ савлатингни эмас, ички дунёйингни кўрсатишга ёрдам беради!”
- Бахт сиз учун?
- Бахт, бу яқинларимнинг ҳамиша соғ-омон бўлиши, мен учун бахт!
- Оила аҳил ва иноқлигининг сири?
- Бу эру хотин бир-бирини тушунишида, деб ўйлайман. Масалан, ўз оилам тимсолида айтадиган бўлсам, оилада эркак киши энг каттасими ёки аёл киши, деган саволни кўп беришади. Мен айтмоқчиманки, бизда партнёрлик муносабати, дейишим мумкин. Мен, менинг эрим мендан устун туради, менга айтган ишини қилдиради, ёки мен унга айтганимни қилдираман, дея олмайман. Биз ўзаро маслаҳатлашиб, келишиб, иш кўрамиз. Шу боисдан ҳам, шу ҳамжиҳатлик бизнинг аҳил яшашимизга сабаб бўлади.
- Оилада қандай келин ва рафиқасиз?
- Ҳар куни эрталаб туриб ҳовли супурадиган, кунига 3 маҳалдан овқат тайёрлаб, ҳамиша уй юмушлари билан банд бўладиган бека эмасман. (самимий) Лекин, имкон қадар уй ишларига ҳам улгуришга ҳаракат қиламан! Чунки, бу ёқда ишим ҳам бор. Худога шукурки, мен келин бўлиб тушган оиламдагилар мени тушунишади. Биз турмуш ўртоғим билан бирга, қайнона ва қайнотамиздан алоҳида яшаймиз. Турмуш ўртоғим ҳам касбимни тушунадилар, ўзлари кўриб билиб, рози бўлиб менга уйланганлар. Доим бир-биримизни тушунамиз ва бир-биримизга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.
- Ошхонада қандай бекасиз?
- (самимий кулиб) Ёмон бекаман! Лекин, ҳамма таомларни тайёрлашни биламан, тайёрлайман ҳам. Агар бирор нарса ёдимда бўлмаса, рецепт орқали тайёрлашим мумкин. Қанчалик яхши тайёрлайман, билмадим, лекин оила аъзоларим ҳалигача шикоят қилишмаган. Маза қилиб ейишади ва раҳмат, дейишади. Ёмон бекаман, деганимни сабаби, иш туфайли баъзида кеч келиб таом тайёрлашга кечикишим мумкин. Бундай вақтларда, турмуш ўртоғим тушунадилар ва баъзида иш билан бўлиб, уйга кечиксам, ўзлари ҳам таом тайёрлашлари мумкин.
- Турмуш ўртоғингиздаги қайси хислатларни қадрлайсиз?
- Турмуш ўртоғим жуда ҳам меҳрибон инсон. Узоқни кўра биладиган инсон, олдига бир мақсад қўйдими, албатта амалга оширади. Жуда ҳам кашфиётчи инсон! Мен ўйламаган нарсаларни амалга оширади. Масалан, тўйимиз ҳам Ўзбекистонда эмас, Шарқий Осиё давлатларининг бирида жойлашган оролда бўлди. Бу мен учун ҳам, кутилмаган сюрприз бўлган!
- Турмуш ўртоғингиз оила қураётганингизда, сизга қандай талаблар қўйдилар?
- Йўқ, ҳеч қандай талаблар қўйганлари йўқ. Фақат ҳозирги ҳолатимдан келиб чиқиб, фарзанд кутаётганлигимиз учун, меҳрибонлик билан “ўзингни кўпроқ асрагин,” дейдилар.
- Келин либосини кийганингизда кўнглингиздан нималар кечди?
- Тўғрисини айтсам, келинлик либосини кийгунимча бўлган туйғулар ўзгача бўлди, чунки сиз шу нарсани кутасиз! Албатта, касбим туфайли жуда кўп марталаб либос алмаштираман, гардеробим жуда ҳам катта. Шунинг учун ҳам, бирор янги либосни кийиш мен учун янгилик эмас, аммо келин либосини кийиш барибир ўзгача бўлди! Келинлик либосини кийгунга қадар бўлган туйғулар ўзчага бўлди, қандайдир бир бошқа нарсани кутганман! Оппоқ келинлик либоси ҳар бир қизнинг орзуси! Ҳаётингизни ҳақиқатдан ҳам ўзгараётганлигини белгилаб берувчи либос, бўлади. Лекин, тўйимиз оролда бўлганлиги учун, узун этакли келинлик либоси менга бироз халақит берган. (самимий кулиб, қўл телефонига ёзиб олинган тўй кунидан видеолавҳаларни ва фотосуратларни кўрсатади) Тўй пляжда бўлганлиги учун ҳам, у ерда узун келинлик либосида бироз қийналганман! Либосимнинг этаклари билан қумда юриш, бироз ноқулай бўлган! (самимий кулади)
- Машҳурлик, танилиш сизни қанчалик ўзгартирди?
- (самимий) Ўзимга ўзим қандай баҳо беришим мумкин? Атрофдагилар ўзгартирди, ҳам дейишади. Билмадим, энди, менимча, танилгач, машҳур бўлгач, барибир қайсидир даражада ўзгарасиз. Яъни, қайси маънода, биринчидан аввал ўзингизга рухсат берган ишларни, танилгач қила олмайсиз. Чунки, сизни таниб қолишлари мумкин. Натижада, баъзи нарсалардан ўзингизни тийишингизга тўғри келади. Бу билан ёмон ишларни назарда тутаётганим йўқ! Масалан, қаергадир бориб, дугоналарингиз билан қувноқ давраларда ўтиришлар. Ҳамма сизга бошқача қарайди. Чунки, сиз улар учун, ўша телевизорда кўринган жиддий, қатъиятли бошловчисиз. Лекин, мен ҳаётда оддий инсонман ва оддий инсонлар сингари дам олишга, вақт ўтказишга ҳаққим бор. Буни эса, афсуски, мухлислар кўпинча тўғри қабул қилишмайди. Машҳурлик, танилиш инсонни шу тарафлардан ўзгартиради, деб ўйлайман.
- Ҳаётдаги энг катта ютуғим, нимада деб ўйлайсиз?
- (самимий) Ҳаётдаги энг катта ютуғимга ҳали эришмадим, деб ўйлайман. Ҳаётдаги энг катта ютуғим, ҳали олдинда, деб ўйлайман.
- Журналистликдан ташқари, яна қайси касбни биргаликда олиб боришингиз мумкин? Яна қайси касбга қизиқасиз?
- Телебошловчиликка болаликдан қизиққанман. Ҳозирда журналистлик ва бошловчилик менга Оллоҳ томонидан берилган касб, деб биламан. Ўз касбимни жуда ҳам яхши кўраман. Лекин, ёшлигимда онам шифокор бўлганликлари учун, шифокор ҳам, шунингдек ўқитувчи ҳам бўлмоқчи бўлганман. Институтга киришимдан олдин, педагогик коллежни битирганман ва ўқитувчилик, репетиторлик ҳам қилганман. Лекин, бу касбларни танлаганимда, улардан тез зерикиб, узоқ ишлолмаган бўлардим, деб ўйлайман.
- Каръера учун нимадандир воз кечганмисиз?
- Жуда бир айтарли нарсадан воз кечмаганману, лекин кўпинча оила аъзоларим учун ажратишим керак бўлган вақтдан воз кечишимга тўғри келган. Масалан, яқинларимнинг туғилган кунларида иштирок эта олмаган, қариндошларимнинг тўй-ҳашамларида иштирок эта олмаган вақтларим бўлган! Шундан вақтларда қариндошларнинг мендан хафа бўлишган вақтлари ҳам бўлган. Лекин, ўша вақтларда, тадбир ёки суратга олиш ишлари бўлган. Бундан бошқа айтарли воз кечишлар бўлмаган.
- Журналистлик этикаси, деган қоидага бугунги кун журналистлари қанчалик риоя қилмоқдалар, деб ўйлайсиз?
- Тўғри савол! Афсуски, бизда бу тушунча ривожланмаганми, ёки билишмайдими, билмадим. Ўзим профессионал журналистика соҳасида ишламаганлигим учун, бу нарсага журналист сифатида эмас, оддий бир мухлис, томошабин сифатида баҳо берсам, афсуски, кўпчилик журналистлар бу қоидага риоя қилишмайди. Ҳаммаси эмас, айрим кўпчилиги, тасдиқланмаган хабар ёки маълумотларни, шов-шув қилиш учун ёзиб юборишади. Инсонларнинг хурсандчилиги, эришган ютуқларини эмас, қандайдир ҳаётининг қоронғи тарафларини очиб беришга ҳаракат қилишадими, билмадим. Балки, бу нарса бизга Европадан кириб келаяптими? Уларда бу нарса жуда ҳам оммалашган! Ҳаттоки, баъзи бир шоу бизнес вакиллари атайлаб ҳам, шов-шувли нарсалар уюштириб, ўзларини антиреклама қилишни жуда яхши кўришади. Лекин, нима бўлган тақдирда ҳам, менинг шахсий фикрим, бизнинг менталитетга кўра, бировнинг шахсий ҳаётига суқилиб киришга ва шахсий ҳаётига дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, деб ўйлайман!
Саида Вахобова