FATTOHHON.COM

« Все новости

"ҲАЁТ УЧУН!" ФУТБОЛ ЎЙИНИГА ТАЙЁРГАРЛИК! 25.01.2013 13:15

foto17.jpg
“Ҳаёт учун!” хайрия форум марафони “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасининг энг хайрли лойиҳаларидан биридир. Форум-марафоннинг асосий мақсади – кўкрак бези саратонига қарши кураш борасидаги долзарб муаммоларни бартараф этиш, асосан, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида аёллар учун тиббий текширув акцияларини ўтказиш, касалликни даволаш учун дори-дармонлар ҳарид қилиш мақсадида маблағ тўплашдан иборат бўлиб, мазкур марафон хасталикка чалинган беморлар учун келажакка умид тимсолидир. Форум-марафонни ўтказишдан тушган маблағ эвазига ҳар бир вилоятда тиббий текширувлар ўтказилади, мутахассислар саратон касалликларининг олдини олиш мақсадида ҳар йили тиббий текширувдан ўтиш кераклиги ҳақида аёлларни огоҳлантирадилар, бепул маммография ва онкологик текширувлари, УТТ-диагностикаси ўтказилади, беморлар зарур дори-дармонлар билан таъминланадилар. 2010 йилда мазкур марафон иштирокчилари сони 5000 дан ошган бўлса, 2011 йилда эса хайрия марафонлари мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятида ташкил этилди ва иштирокчиларнинг сони 33 000 кишидан ошди. Уларнинг сафида имконияти чекланганлар ҳам бўлиб, Хайрия форум-марафонидан тушган маблағнинг бир қисми уларга ёрдам учун ҳам сарфланади. 2012 йилда эса, “Ҳаёт учун!” хайрия форум марафонида 60000 киши қатнашиб, улардан 20000 киши Тошкент шаҳар босқичи иштирокчилари эди! Жами 3 йил мобайнида, умумий 100000 дан ортиқ инсонлар “Ҳаёт учун!” марафон иштирокчиси бўлдилар. Ҳозирда мазкур марафон нафақат Фонд Форум учун, балки барча учун, ҳақиқий анъанага айланиб бормоқда! Бундай катта қамровдаги тадбирлар, кўкрак бези саратонига қарши кураш масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш имкониятини беради.
foto-10_6.jpg
Ҳозирда мазкур лойиҳа доирасида ўтказиладиган тадбирлар кўпайиб бормоқда ва улардан энг катта қизиқишларга сабаб бўлганларидан бири, ўтган 2012 йилнинг 23 апрель куни, илк маротаба ўзбек эстрада ва кино юлдузлари ҳамда “Келажак овози” ЁТМ фаоллари иштирокида, “Жар” стадионида ўтказилган “Ҳаёт учун!” хайрия футбол учрашуви бўлиб, бу ўйин 10 мингдан ортиқ томошабинни жамлаган эди.
“Ҳаёт учун!” хайрия футбол ўйини барча томошабинларга маъқул бўлди, ундаги қизиқарли вазиятлар, моҳирона голлар ва актёрлар, хонандаларнинг футболчилик борасидаги маҳоратлари, ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Бу ёрқин ўйин барчанинг эътиборини қозониб, бундай футбол ўйини яна ўтказиладими? деган савол ҳаттоки, 2012 йилнинг 20 декабрь куни Фонд Форумнинг Ҳисобот online анжумани чоғида ҳам берилган энг кўп саволлардан бири бўлди! Бу саволга эса, ташкилотчилар ва иштирокчилар  бир овоздан “ҳа” деб жавоб қайтаришди.
Эндиликда эса, мазкур ўйинга тайёргарлик ишлари аллақачон бошлаб юборилган ва Хайрия футболи “Ҳаёт учун!” хайрия форум-марафони арафасида, апрель ойида бўлиб ўтади! Шу кунларда ўйинда иштирок этадиган жамоалар таркиби шаклланмоқда, телевидение учун анонс роликлари ҳам тайёрланиб, баъзи анонс роликлар телеэфирда ҳам намойиш қилинмоқда, шунингдек ўйинчилар машғулотларда ўзларининг маҳоратларини оширмоқдалар.
foto-5_13.jpg
foto_41.jpg
foto-1_26.jpg
foto-16_4.jpg
Бу гал ҳам, футбол ўйини иштирокчилари орасида Алишер Узоқов, Жаҳонгир Позилжонов, Валижон Шамсиев, Шукрулло Исроилов, Озодбек Назарбеков, Рашид Ҳолиқов, Улуғбек Раҳматуллаев, Алишер Файз, Отабек Муталхўжаев, Даврон Қобулов, "Зарба», «Сахро», «Уммон» гуруҳлари каби ўзбек эстрада ва кино юлдузлари бор. Албатта, бу йил ҳам, томошабинлар улар иштирокида бетакрор футбол ўйининг гувоҳи бўлишлари шубҳасиз. Шунингдек, томошабинларни бу йилги ўйинда, ким ҳакамлик қилишию, жамоалар мураббийлари кимлар бўлиши ҳам қизиқтирмоқда! Буларнинг барчасига эса, апрель ойида ўтказиладиган “Ҳаёт учун” хайрия футбол учрашувида гувоҳ бўлишлари мумкин.
foto-8_9.jpg
Эслатиб ўтамиз, 2012 йилги ўйинда ФИФА рефериси, Осиёнинг энг яхши ҳаками Равшан Эрматов ҳакамлик қилган ва унга Абдуҳамидулло Расулов ва Рафаэль Илёсовлар ёрдам беришган. Ўйин 2 таймдан иборат бўлиб, биринчи таймда “Келажак овози” ЁТМ жамоаси ва “Бирровчилар”, яъни мусиқа олами вакилларидан иборат жамоа билан куч синашган ва ҳисоб “Келажак овози” фойдасига ҳал бўлган, яъни 4:1. Иккинчи таймда эса, “Бирровчилар” билан, театр ва кино юлдузларидан иборат “Xижолат” гуруҳи майдонда беллашган ва ҳисоб 2:1, яъни, театр ва кино юлдузларидан иборат “Xижолат” гуруҳи фойдасига якунланган.
foto-14_6.jpg
Бу ўйинда енгилган жамоа йўқ эди. Чунки, уларнинг барчасини бир мақсад – кўкрак бези саратони билан оғриган аёлларни қўллаб-қувватлаш бирлаштирган.
foto-13_6.jpg
Эстрада ва кино юлдузлари, футбол матчларида иштирок этишдан ташқари шифокорлар, мураббийлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи вакиллари сифатида ҳам қатнашишган.
foto-11_7.jpg
Ўйинни футбол шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ва халқимизнинг севимли актёри, режиссёри Мурод Ражабов шарҳлаб боришган.
foto-12_6.jpg
Таниқли созанда Абдуҳошим Исмоилов шифокор, “Сато” гуруҳи Тоир Қўзиев эса, милиция ходими,
foto-7_8.jpg
актёр Муҳаммадисо Абдулхаиров Кино ва театр юлдузларидан иборат “Хижолат” жамоасининг мураббийси,
foto-4_17.jpg
“Шахзод” гуруҳи солисти Рашид Ҳолиқов мусиқа олами вакилларидан иборат жамоа “Бирровчилар” мураббийси бўлган.
2012 йилда марафондан тушган маблағ 216 млн. сўмни ташкил этиб, уларнинг бир қисми футбол ўйинига сотилган чипталардан келиб тушган.  Бу спорт учрашувларидан тушган маблағлар ҳам, аёллардаги саратон хасталигини барвақт аниқлаш, ташхис  қўйиш, даволаш, ушбу дардга чалинганларни дори-дармонлар билан таъминлаш, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, онколог-шифокорлар малакасини ошириш ҳамда турли хайрия акция ва лойиҳаларини ўтказишга йўналтирилган.
Бу йил ҳам “Ҳаёт учун!” футбол ўйини томошабинлари нафақат, ёрқин футбол ўйинига гувоҳ бўлишлари, балки кўкрак бези саратони хасталигига чалинган аёлларни қўллаб-қувватлаш, мазкур касалликни даволаш ва олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшишлари мумкин бўлади.

 

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова

foto-6_9.jpg

 

 

 

 

foto-9_9.jpg

 

 

 

 

foto-2_21.jpg