FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун “Ниҳол” давлат мукофоти, истеъдодли ёшларнинг жамиятимиз маънавий ҳаётини юксалтиришдаги муҳим ўрнини инобатга олиб, ўзининг эстрада, мусиқа, мумтоз қўшиқ, рақс ва опера санъати ижрочилиги соҳасидаги маҳорати билан тингловчиларнинг юрагига етиб борадиган, ёшларни эзгуликка чорлайдиган, уларни маънавий баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга хизмат қиладиган асарлар яратишда фаоллик кўрсатаётган 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган иқтидорли ёшларни мунтазам рағбатлантириб бориш мақсадида берилади.
2000 йилда таъсис этилган “Ниҳол” мукофотига саралаш, 2006 йилдан буён 3 босқичли тизимда ўтказилиб келинмоқда. Бундан кўзланган мақсад, Республиканинг чекка ҳудудларида яшаб ижод қилаётган истеъдод эгаларининг меҳнат самарасини кенг жамоатчилик ҳукмига ҳавола этиш, уларнинг ижодини тарғиб қилишдан иборатдир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 3 ноябрдаги 295-сонли “Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш истеъдодлар учун “Ниҳол” мукофоти танловини ташкиллаштириш ишларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди ва унга кўра танлов ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилиши белгилаб қўйилди.
“Ниҳол” мукофоти совриндорлари ўз йўналиши бўйича олий ўқув юртига имтиҳонсиз ва тест синовларисиз давлат гранти асосида ўқишга кириш имконияти, “Ниҳол” рамзи акс эттирилган соврин ва энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари миқдоридаги пул мукофотига эга бўладилар.
29 август куни Пойтахтимизда жойлашган “Халқлар дўстлиги” саройида “Ниҳол” мукофотининг 2019 йил ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мазкур тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева сўзга чиқди.
“Ниҳол” мукофотини ғолибларга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Халқ артисти Рамз Усмонов,
Ўзбекистон Халқ артисти Замира Суюнова,
устоз санъаткор Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов ва
бошқа ўзбек санъатининг ёрқин намоёндалари топширишди.
Тадбир давомида 6 Давлат Халқ артисти Фаррух Зокиров, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон Халқ артисти Замира Суюнова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов, хонанда Ҳожиакбар Ҳайдаров ва бошқа санъаткорлар томонидан куй-қўшиқлар ижро қилинди.
Мазкур мукофот истеъдодли ёш йигит-қизларни санъат йўлида янада улкан чўққиларга интилиши учун ўзига хос рағбат бўлиб, мусиқа санъати йўналишларида ижод қилиб келаётган ёшларнинг ижодини янада ривожлантириш, ҳамда уларни халқимизга танитиш, улардан келгусида иқтидорли санъаткорлар етишиб чиқишида муҳим ўрин тутади. “Ниҳол” мукофотининг аввалги йиллардаги ғолибларидан кўплари, ҳозирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон Халқ артисти каби юксак унвонлар билан тақдирланишган.
Мазкур мукофот юртимизнинг иқтидорли ёшларини янада ўз ижоди устида ишлаш, мақсадлар сари олға интилишга ундайди! Совриндорларга билдирилган юксак ишонч, келгусидаги улкан муваффақиятларга қанот бағишлайди. Келажакда, мазкур ёш ниҳоллардан, санъатимиз чинорлари етишиб чиқади, деган фикрдамиз. “Ниҳол” мукофоти, бу юртимизда ёшларга кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг яққол намоён этилишидир!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар: Достонбек Махмадиев
“НИҲОЛ” МУКОФОТИНИНГ 2019 ЙИЛДАГИ ҒОЛИБЛАРИ
РЎЙХАТИ
1. Торебеков Мухамед – Мумтоз қўшиқ йўналишида Қорақалпоғистон Республикаси
2. Бахтибаев Адилбек – Мумтоз қўшиқ йўналишида Қорақалпоғистон Республикаси
3. Исламова Диёрабону – Мусиқа ижрочилиги йўналишида, Андижон вилояти
4. Боходиров Бахтиёр – Опера ижрочилиги йўналишида, Бухоро вилояти
5. Тохиров Достон – Мумтоз қўшиқ йўналишида, Жиззах вилояти
6. Хушвақтов Аҳрор – Мумтоз қўшиқ (бахши) йўналишида Қашқадарё вилояти
7. Очилов Улуғбек – Рақс санъати йўналишида Навоий вилояти
8. Назаров Анатолий – Эстрада санъати йўналишида, Навоий вилояти
9. Мирзаева Дилнозахон – Рақс санъати йўналишида, Наманган вилояти
10. Мирзаев Анваржон – Эстрада санъати йўналишида, Самарқанд вилояти
11. Зиёева Ситора – Рақс санъати йўналишида, Сурхондарё вилояти
12. Турабова Мухлиса – Мусиқа ижрочилиги йўналишида, Сирдарё вилояти
13. Мансурова Нодира – Мумтоз қўшиқ йўналишида, Тошкент вилояти
14. Найпак Василиса – Мусиқа ижрочилиги йўналишида, Фарғона вилояти
15. Аҳаджонов Асилбек – Мусиқа ижрочилиги йўналишида, Фарғона вилояти
16. Ҳасанова Ёқутхон – Рақс санъати йўналишида, Фарғона вилояти
17. Шохназаров Рўзибой – Опера ижрочилиги йўналишида, Хоразм вилояти
18. Имамназарова Хадича – Опера ижрочилиги йўналишида, Тошкент шаҳри
19. Асқаров Тоҳиржон – Мусиқа ижрочилиги йўналишида, Тошкент шаҳри
20. Музаффарова Муштарий – Эстрада санъати йўналишида, Тошкент шаҳри