FATTOHHON.COM
« Все новости
РАЙҲОННИНГ ЯНА БИР ЯНГИ "ЮРАГИМДАСАН" КЛИПИНИ СУРАТГА ОЛИШ ЖАРАЁНИДАН! БАТАФСИЛ! 26.01.2013 13:30

Хонанда Райҳон ўзининг навбатдаги янги “Юрагимдасан” қўшиғига янги видеоклип суратга олдиришни бошлади. Клип режиссёри Жасур Шаметов. Мазкур клип, Райҳоннинг бошқа клипларидан тамомила фарқ қилиши кутилмоқда. Буни клипни суратга олиш жараёнидаги илк кадрларданоқ сезиш мумкин. Клипда қандайдир бир ўзгача жозиба, сирлилик бордек. Клип трэк йўналишида бўлса ҳам, унда бир неча қаҳрамонлар бор, улардан энг асосийси Самурай ролини Райҳоннинг турмуш ўртоғи Йигитали ижро қилмоқда. Шунингдек, клипда бир неча капалаклар образлари ҳам бор.

Клипни суратга олиш ишларининг биринчи куни, фақат Йигитали ва


капалаклар суратга олинди. Лекин, Райҳон ҳам суратга олиш жараёнларида қатнашди.
Райҳон: - “Юрагимдасан” деб номланган янги қўшиғим яратилаётганда, тасодифан, нима учундир, қўшиқ куйида япон мусиқа асбобининг товушини ҳам қўшишга қарор қилдик. У мусиқа созини шарқона оҳанги маъқул бўлганди, лекин айни вақтнинг ўзида у шарқона ҳам эмасдек. У мусиқа созидан аввал ҳеч қаерда фойданилмаган. Билмадим, тажриба қилиб кўриш қизиқарли бўлди. Айни вақтда томошабинлар буни қанчалик қабул қила оладилар, билмадим. У соз ўзбек мусиқа асбобларидан сатога ўхшаш. Биз бироз япон фалсафасига эътибор қаратиб, умрнинг гўёки лаҳзалик эканлигини клипда, капалак орқали акс эттиришга қарор қилдик. Чунки, капалак фақат бир кунгина яшайди. Бизнинг ҳаётимиз ҳам, абадийлик билан солиштирганда, бир лаҳза холос. Қўшиқ дилдан севиб қолган ва ўша севгилисини соғинаётган қиз ҳақида. Қўшиқ мусиқасини ўзим ёздим, қўшиқ сўзлари Бобур Умаровга, аранжеровка эса Зафар Қодировга тегишли. Клипда оз бўлса ҳам, япон фалсафасини кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Тўғрисини айтсам, бу клипимни 100 фоиз японча клип бўлиб қолишини ҳоҳламайман, албатта. Мен клипда япон фалсафасининг айрим жиҳатларига, бироз урғу бермоқчиман, холос. Яъни, клипга бироз япон фалсафаси руҳиятини бермоқчиман. Лекин, бутунлай японча клип бўлсин, демайман. Клипда компьютер графикасидан фойдаланилади. Клип апрель ойида тайёр бўлиб, телеэфирларга чиқади. Клип режиссёри Жасур Шаметов билан аввал ҳам кўп марта ижодий ҳамкорлик қилганмиз. У “Ҳеч айрилма”, “Ёдингдами”, “Ёнимда бўлсанг” каби кўплаб клипларимни суратга олган. Лекин, ижодий ҳамкорлик борасида, орада бироз вақт танаффус бўлиб қолган эди...
Бу клипдан умидларим катта ва бу клипни суратга олишда иштирок этаётган барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Булар хореограф Эля Мулюкова, стилист Жамолиддин Шарофутдинов, визажист Зуҳра ва бошқалар.

Клипдаги бош роль, Самурай ролини турмуш ўртоғим актёр Йигитали ижро қилмоқда. У бу ролга мос тушди, қолаверса, агар клипларимда менга партнёр керак бўлса, албатта бу бошқа биров бўлишини ҳоҳламайди. Бу клипимизда бошқа иштирокчилар ҳам бор. Масалан, хореограф Эля Мулюкованинг ўзи, абстракт образда намоён бўлади. Шунингдек, 2 та ҳақиқий балерина қизларни ҳам таклиф қилдик, клипда уларнинг рақсларини ҳам кўриш мумкин. Эля, билан биз анча вақтдан буён ижодий ҳамкорликдамиз, масалан, концертлар борасида, мен бирор ғоя айтсам, Эля уни бойитади. Мана ҳозир ҳам, у билан янги концертни режалаштирмоқдамиз.

Жасур Шаметов клип режиссёри: - Клипни икки кун давомида суратга олишни режалаштирганмиз. (самимий) Райҳон билан бир неча йил мобайнида бирга клип ижод қилмаган эдик. Мана ҳозир орадан 4 йил ўтиб, янги клипни суратга оляпмиз. Аҳил ижодий гуруҳимиз билан бирга, ҳаммамиз биргаликда меҳнат қиляпмиз. Клип мазмуни ҳақида гапириб, унинг барча сирларини очиб ташламоқчи эмасман. Лекин, шуни айтишим керак, бу ғоят қизиқарли, бутунлай янги кўринишдаги видеоклип бўлади! Бу оддий стандарт клиплардан фарқ қилади! Клипда япон маданияти элементлари бор, умуман клипларда лаҳзаларни акс эттиришга ҳаракат қилганмиз. Қандай лаҳзалар эканлигини клип тайёр бўлгач, кўриб билиб олишингиз мумкин! Лекин, мавзу глобал, ҳамда фалсафий! Клип ҳар қандай ёшдаги томошабинларга мўлжалланган. Райҳон бизнинг оилавий дўстимиз! Биз ҳар доим яхши муносабатда бўлганмиз. Райҳон жуда ҳам самимий, оқкўнгил, ажойиб инсон. Биз у билан ҳеч қачон бирор конфликтга бормаганмиз. Ўйлайманки, дўстлигимиз узоқ йиллар давом этади.


Клипда актёр Йигиталининг роли ҳақида сўз юритсам, шуни айтишим керакки, бу ролни бошқа бирор актёр ижро қилиши ҳам мумкин эмасди, назаримда. Чунки, Йигиталида мазкур роль учун керакли ҳамма жиҳатлар бор, масалан, моделлардек ташқи қиёфа, актёрлик маҳорати. У керакли спорт формасида! Ҳозирги кунда кўпларда бу жиҳатни учратиш бироз қийинроқ, чунки кўпчилик ўзининг ташқи қиёфасига аҳамият бермайди. Лекин, баъзи ёшларни мунтазам спорт билан шуғулланишлари одатга айланаётганлиги қувонарли ҳол. Клипда Йигитали жуда ҳам мураккаб ҳолатларни сўзсиз ифода қилиб бериши керак.

Клипни суратга олиш жараёнларида, Райҳоннинг синглиси Насиба клипдаги ҳолатларни суратга тушириш билан машғул бўлди. Шунингдек, клип суратга олиш жараёнларида актёр Азиз Раметовни учратдик. Маълум бўлишича, актёр Жасур Шаметов билан ижодий ҳамкорликда экан.
Клипни суратга олиш ишлари тонгга қадар давом этди. Жасур Шаметовнинг клипдаги ҳар бир деталга катта аҳамият билан, жиддий ёндошаётганлигини, иштирокчилар ҳам ўз ролларини маҳорат билан ижро қилаётганларини кўриб, клипнинг муваффақиятли чиқишига шубҳа йўқ эди.
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова