FATTOHHON.COM
« Все новостиУлуғбек Раҳматуллаев Озарбайжондаги концерти давомида Турал исмли Озарбайжонлик хонанда йигитни саҳнага чақириб, у билан бирга “Қирмизи олма” қўшиғини дуэт тарзида куйлади. Сабаб, “Қирмизи олма”ни бир саҳнада Улуғбек Раҳматуллаев билан биргаликда куйлаш, унинг бир умрлик энг катта орзуси экан!
Шундан сўнг, мазкур воқеа юзасидан, Улуғбек Раҳматуллаев билан боғландим. Маълум бўлишича, Санъаткор Озарбайжонда концерт беришидан бир қанча муддат олдин, унга мана шу Озарбайжонлик хонанда йигит Турал, мухлис эканлигини интернет орқали ёзиб, унинг дунё кезаётган “Қирмизи олма” қўшиғини куйлашга рухсат сўраган. Табиийки, ҳеч кимдан қўшиқ қизғанмайдиган санъаткор бунга розилик билдирган. Турал “Қирмизи олма”ни куйлагач эса, афсуски, бу қўшиқнинг муаллифлик ҳуқуқи Улуғбек Раҳматуллаевда бўлганлиги учун, қўшиғи Yutube да блок қилинган. Шундан сўнг, Турал интернет орқали яна Санъаткор билан боғланиб, вазиятни, ҳамда ҳозирда ўз ҳаётида фарзанди билан боғлиқ муаммони ҳам баён қилган. Маълум бўлишича, Туралнинг фарзанди оғир бетоб бўлиб, ҳар куни қиммат дорилар қабул қилиши керак, ҳамда Турал моддий тарафлама фарзанди учун ҳам жон куйдириши зарур бўлиб, муаммоли вазиятда экан! Улуғбек Раҳматуллаев дарҳол Yutube даги блокни очдириб, унга “Қирмизи олма”ни куйлашига яна қонуний рухсат берган.
Орадан маълум бир вақт ўтгач, Санъаткорнинг Озарбайжонда концерт бериши маълум бўлгач, Турал яна интернет орқали боғланиб, бу концертга албатта боришини, Улуғбек Раҳматуллаев билан “Қирмизи олма”ни бир саҳнада куйлаш унинг учун катта бахт, амалга ошмас орзу эканлигини, унинг бу орзуси амалга ошишига ҳаттоки, ҳеч ким ишонмаслигини ҳам ёзган...
Улуғбек Раҳматуллаев эса, Озарбайжонга етиб келгач, концерт залга кирган заҳотиёқ шу йигит ҳақида эслаган ва залдаги томошабинларга у ҳақида айтиб, бирга куйлаш учун уни саҳнага чақириб, “агар шу залда мухлисим хонанда Турал бўлса, саҳнага чиқсин” дея, мурожаат қилган. Табиийки, концертга келган бўлса ҳам, Турал Санъаткордан бу қадар самимийликни, уни кўп санъаткорлар куйлашни ният қилган Озарбайжондаги энг муҳташам Ҳайдар Алиев санъат саройи саҳнасига чақириб, у билан бирга дуэт куйлашини асло кутмаган экан!!!
Озарбайжонлик хонанда Турал Улуғбек Раҳматуллаев туфайли орзуси амалга ошгач, концертдан сўнг, совғалар билан меҳмонхонага Санъаткорни излаб келиб, оиласи, яқинлари, айниқса, бемор фарзанди олдида юзини ёруғ қилиб, энг катта орзусини амалга оширганлиги учун, кўзида ёш билан Санъаткорга самимий миннатдорчилик билдирди. Ўз навбатида Улуғбек Раҳматуллаев ҳам, самимийлик билан бу қадар миннатдорчилик даражасида катта иш қилмагани, фақат ўз қўлидан келган имкониятни унга тақдим этганини ва албатта унинг бемор фарзандига шифо тилаб, уни ўзига дўст деб, самимий сўзлар билан ҳар бир инсон, бу каби қувонч, хурсандчиликларни бошқаларга ҳам улашиши лозимлигини айтиб ўтди.
Дарҳақиқат, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий айтганидек,
“Кимки бир кўнгли бузуқни хотирин шод айлагай,
Онча борким Каъба вайрон бўлса обод айлагай.”
Ўз навбатида мен ҳам, Улуғбек Раҳматуллаевнинг эндиликда самимий дўсти бўлган мухлиси Озарбайжонлик хонанда Турални ижодига омад, бемор фарзандининг дардига шифо тилаб қоламан!
Ҳамиша бир-биримизга қувонч ва яхшиликларни илинайлик, азизлар!
Феруза Фаттохова