FATTOHHON.COM
« Все новостиЮртимизда илк бор ўтказилаётган “Йил қўшиғи” тақдирлаш маросими ва ундаги номзодлар ҳақида сайтимизда аввал ҳам маълумот берган эдик. Маълумотга ўтиш!
29 январь куни мазкур тақдирлаш маросимининг биринчи қисми, “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтди!
Бу кун ижод аҳли учун ҳақиқий байрамга айланиб кетди, десак адашмаймиз. Чунки, бу куни нафақат хонандалар балки, хит қўшиқларнинг муаллифлари яъни, шоир ва бастакорлар ҳам тақдирланишди.
Саҳна декорацияси ҳам ўзига хос бўлиб, мукофот статуэткаси, ҳамда нота белгиси билан безатилган эди.
Тақдирлаш маросими бошланишида интро билан бошланди. Умидахон,
Жасур Умиров, “Тантана” болалар гуруҳининг чиқишлари, Тоҳир Усмонов,
Зиёда,
“Дурдона” гуруҳи, ҳамда бир қатор ёш хонандаларнинг чиқишлари, ҳаммаси уйғунлашиб, бир яхлитликни ташкил этди.
“Тантана” гуруҳи иштирокчилари ижросидаги ўзбек фильмларидан ижро қилинган қўшиқлар, унга мос саҳна кўринишлари, томошабинларни бефарқ қолдирмади.
Концерт дастури аввалида 6 та бошловчи яъни Баҳодир Мағдиев, Акмал Мирзо, Зиёвуддин Аҳмаджонов, Жамшид Умрзоқов, Машҳурбек Раимжонов ва Шахзода Муҳамедова дастурни навбатма навбат олиб боришди. Сўнг, Баҳодир Мағдиев ва Акмал Мирзо “Тантана” гуруҳига “гуруҳлардан кимларни танишлари” ҳақида савол билан мурожаат қилишди.
Улар томонидан “Афруз” гуруҳи тилга олингач, гуруҳ хонандалари чиқиб, “Лола” қўшиғини ижро қилишди.
Айнан шу қўшиқ учун “Йил қўшиғи-2014” мукофотини қўлга киритишди. Матн муаллифи Элдор Қаюмов, бастакор Жасур Бадалбоев бўлиб, мукофотни ҳам айнан хонанда Лола топширди.
Шундан сўнг, бошловчилар Лолани саҳнадан кетказишмади ва Лола DJ Piligrim билан бирга куйлаган “Юлдуз” дуэтини ижро этди!
Бу қўшиқ сўзлари Dj Piligrim га, мусиқаси Жасур Бадалбоевга тегишли бўлиб, мукофотни Ўзбекистон Халқ шоири Иқбол Мирзо топширди.
Сўнг, хонанда Сардор Мамадалиев “Ажралишдик” қўшиғини куйлади, қўшиқ сўзи Исмоил Тўхташев, мусиқа эса, хонанданинг ўзига тегишли бўлиб, мукофотни Ўзбекистон Халқ артисти Зулайҳо Бойхонова тақдим этди.
Зулайҳо Бойхонова “Гиря” миллий қўшиғини ўзига хос оҳангда куйлади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдурашид Йўлдошевнинг “Ёнар кўзларинг” қўшиғи янгради, Ботир Эргашев шеъри ва Мусаҳон Нурматов мусиқаси. Бу қўшиқ учун мукофотни Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов тақдим этди.
Сўнг, Ғуломжон Ёқубов “Ёр экансиз ўйласам” қўшиғини куйлади.
Бошловчилар Машҳурбек ва Шахзода Муҳамедова ўзига хос ҳазил саҳна кўриниши тақдим этишди, ҳамда навбатни Гуласал Абдуллаевага беришди.
Хонанда “Тақ-туқ” қўшиғи учун тақдирланди ва мукофотни хонанда Адҳам Солиев топширди. Қўшиқ сўзи Рислиғой Ҳотамова, мусиқаси Насиба Усмоновага тегишли.
Сўнг, Адҳам Солиевдан “Якху Ях” қўшиғи янгради.
Яқиндагина “Эътироф-2014” мукофотига сазовор бўлган Улуғбек Раҳматуллаев “Кабутарлар” қўшиғини куйлади. Қўшиқ сўзи ва мусиқаси Алишер Тайрга тегишли.
Мукофотни бу қўшиқ учун бастакор Шуҳрат Зокиров топширди. Шу куни Улуғбек Раҳматуллаевнинг туғилган куни эди ва мукофот хонандага яна бир совға бўлди.
Уни саҳнада Шуҳрат Зокиров ҳам табриклади ва роялда “Бир кам дунё” қўшиғи мусиқасини чалиб, туҳфа этди. Машҳурбек ва Шахзода Муҳамедова қўшиқ сўзларини жонли импровизация тарзида айтишди, уларга томошабинлар ҳам қўшилди.
Сўнг, “Ниҳол” мукофоти совриндори Умидахон “Кел ярашайлик” қўшиғи учун тақдирланди. Қўшиқ сўзи Элдор Қаюмов, мусиқа Жасур Бадалбоев. Мукофотни Шуҳрат Воҳидов топширди ва сўнг ўзи “Нозлана” қўшиғини куйлади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон Бобур Бобомурод шеъри, Аҳмаджон Ҳожиматов мусиқаси билан ўтган йил давомида анчагина шов-шувларга сабаб бўлган, “Маликам энди қара” қўшиғини куйлади ва бу қўшиқ учун тақдирланди.
Мукофотни унга “Эътироф-2014” мукофоти эгаси Муниса Ризаева топширди.
Сардор Раҳимхон эса, саҳнага Аҳмад Ҳожиматовни чақириб, устозим, деб таништириб, миннатдорчилик билдирди.
Муниса Ризаева ҳам, “Ёрим” қўшиғини куйлади ҳамда, бу қўшиқ учун тақдирланди. Қўшиқ сўзи ва мусиқаси Элдор Қаюмовга тегишли бўлиб, мукофотни Муниса Ризаевага Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков топширди.
Сўнг, Озодбек Назарбеков янги қўшиқларидан “Ҳай, майли” қўшиғини куйлади.
Озодбек Назарбеков репертуаридан “Жаноним” деб номланган Қорақалпоқ тилидаги қўшиқни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Махсет Утемуратов ижро этди.
Мансурхон Нурматовнинг “Жамолинг зиёси” қўшиғи учун мукофотни Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитова топширди. Қўшиқ сўзи шоир Азиз Жўрабоев, мусиқаси бастакор Азиз Ҳолмуродовга тегишли бўлиб, тақдимотга кела олмаган хонанда учун мукофотни ҳам улар қабул қилиб олишди.
Шундан сўнг, Гулсанам Мамазоитова “Ўсмалар қўйсам қошимга”, “Ажаб-ажаб” қўшиқларини куйлади, ҳамда унга томошабинлар жўр бўлишди.
“Йил қўшиғи” мадҳияси янгради ва барча совриндорлар саҳнага чиқиб келишди.
“Эътироф” мукофоти совриндори Зиёда “Ўзбекистон” қўшиғини куйлади.
Тақдирлаш маросимининг биринчи куни кўтаринки кайфиятда ўз ниҳоясига етди.
Тақдирлаш маросими режиссёри Рустам Шамсутдинов, дастурни тузишда боғланувчи динамик кетма-кетлик яратганлиги дастурнинг ўзига хослигини таъминлади, деб ўйлаймиз.
Тақдирлаш маросимидан умумий ёрқин лаҳзалар (саҳна ва саҳна орти) эртага!
Бугун Тақдирлаш маросимининг 2 кунида кўришгунча!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Сулхон Ниёзов Weddingtime.uz. SD Studio га алоҳида миннатдорчилик билдирамиз