FATTOHHON.COM

« Все новости

“ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАР-ПОРЛОҚ КЕЛАЖАГИМИЗ” МАВЗУСИДА... 29.01.2015 20:01

 

Ўзбекистонда Миллий Паралимпия ассоциацияси 2007 йил 27 февралда ташкил топган бўлиб, шу бугунга келиб, ассоциация Марказий Осиёда энг фаол Паралимпия ташкилотига айланди. Осиё Паралимпия қўмитасининг 2010 йил Гуанчжоуда бўлиб ўтган Бош ассамблеясида мамлакатимиз паралимпия уюшмаси Марказий Осиёдаги энг фаол ва ривожланган уюшма, деб топилган.

Муҳтарам Президентимизнинг 2013 йил 25 февралда “2016 йилда Рио-де-Жанейро (Бразилия)да бўлиб ўтадиган ХХХI ёзги Олимпия ва XV Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги 1923-сонли ҳамда, 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорларида белгиланган чора-тадбирларни бажарилиши борасидаги ишларда, Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциациясининг алоҳида ўрни бор.

photo (4)

Жумладан, Республикамизда паралимпия спортини янада ривожлантириш, паралимпия спортчиларини Халқаро мусобақалар олди қўллаб-қувватлаш мақсадида, Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Олимпия Қўмитаси билан ҳамкорликда 29 январь куни Алишер Навоий номидаги Давлат кутубхонасида  “Иқтидорли ёшлар-порлоқ келажагимиз” мавзусида матбуот анжуманини ўтказди. Мазкур матбуот анжуманида, Пара Осиё ўйинларида қатнашган ва 31 медални қўлга киритган паралимпия спортчилари, Ўзбекистон Паралимпия Ассосиацияси Бош котиби Омон Гафуров, Ўзбекистон Паралимпия Ассосиацияси ижрочи директори Наргиза Юлдашева, актёр Матёқуб Матчонов, хонандалар  Сардор Раҳимхон, “Божалар” Жаҳонгир Позилжонов, Муниса Ризаева, ҳамда спортчи Миран Сахатов иштирок этишди.

photo (3)

Матбуот анжуманини бошловчи ва хонанда Ойхон Ифорзода олиб борди.

Матбуот анжуманида биринчи бўлиб, Паралимпия Ассоциацияси Бош котиби Омон Гафуров сўзга чиқиб, Давлатимиз томонидан ёшларга кўрсатилаётган эътибор, ҳамда ёшларнинг спорт ва санъатдаги ўрни ҳақида фикрларини баён этди.

Сўнг, Ўзбекистон Паралимпия Ассоциацияси ижрочи директори Наргиза Юлдашева, ҳам Ўзбекистонда Паралимпия спортининг ривожланиши ҳақида фикрлар билдирди.

Шундан сўнг, спортчиларнинг муваффақиятли фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи видеоролик ҳамда, кўплаб таниқли инсонларнинг спортчиларга аталган табрик ва дилсўзлари видеоролик орқали намойиш этилди.

photo (2)

Актёр Матёқуб Матчонов сўзга чиқиб, Пара Осиё ўйинлари, спортчиларимизнинг матонати ҳақидаги таассуротларини айтиб ўтди.

Шундан сўнг, хонандалар Сардор Раҳимхон, “Божалар” Жаҳонгир Позилжонов, Муниса Ризаева, ҳамда спортчи Миран Сахатов сўзга чиқиб, ўз фикрларини билдириб ўтишди. Матбуот анжумани давомида уларга, қайси спорт тури билан шуғулланишлари, қизиқишлари ҳақида бир қатор саволлар бўлди. Ўз навбатида хонандалардан Муниса Ризаева яқинда спорт ҳақида қўшиқ айтиб, унга клип суратга олдираётганлигини, матбуот анжуманида иштирок этаётган спортчилардан ҳоҳлаганлар унда суратга тушишлари мумкинлигини, Сардор Раҳимхон эса, янги “Тушларимга киринг отажон” қўшиғига суратга олдираётган клипида бош қаҳрамон спортчи бўлишини ҳам айтиб ўтишди.

photo (1)

Шунингдек, талабларга биноан, аввал спортчи Миран Сахатов жонли ижрода қўшиқ ҳам куйлаб, нафақат спорт, балки санъатда ҳам иқтидори борлигини намойиш этди. Унга матбуот анжуманида иштирок этаётган хонандалар ҳам қўшилиб, ҳар бири жонли ижрода ўз қўшиқларидан куйлаб беришди.

Матбуот анжумани якунида, хонандалар спортчиларга дилдан омад тилаб, Ватанимиз довруғини оламга ёйишда, янада олдинга интилишга ундашди.

Матбуот анжумани якунида, иштирокчилар футбол тўплари совға қилинди.

Саида Вахобова

Феруза Фаттохова