FATTOHHON.COM
« Все новостиЎзбекистон маданияти ва санъати форуми жамғармаси Васийлик Кенгаши раиси Гулнора Каримова Фарғона водийси, Қўқон шаҳрига сафар қилди. Сафар давомида эса, йўл-йўлакай у гувоҳи бўлган айрим манзараларни оққа тушириб бориб, ўзининг wordpress даги саҳифасида чоп этди:
Хўжа Насриддин саёҳатларию, Радищевнинг машҳур хотира битиклари ўтмиш уммонига ғарқ бўлиб кетганига қарамай, йўл кундаликларини ёзиш урфдан қолганича йўқҳали… Кўпинча саёҳатлар кишида “ўчмас” таассуротлар қолдирадики, уларни ичингда сақлаб юролмайсан… Бу таассуротларни кимлар биландир бўлишгинг келади, уларни кимгадир гапириб бериш истаги сени тинч қўймайди. Айниқса, ҳозирги юқори технологиялар ривожланган замонда нафақат бошқаларга ҳикоя қилиб бериш, балки ўзаро фикр алмашишга ҳам умид қилса бўлади…
Тез-тез вилоятларда бўлиб, пойтахт ҳаёти ва чекка ҳудудлардаги турмуш тарзидаги фарқларни тушуниб етасан, лекин жуда кўп нарсалар борки, кундалик юмушларимиз орасида кўринмай кетади… ва орадаги фарқларга эътибор бермаймиз ҳам…
Қамчиқ довони узра Тошкентдан Фарғона водийсига элтувчи йўлдан тоғларга кўтарилар экансан, сени шундай ҳислар чулғаб оладики, барча сени безовта қилган нарсалар пастда, булутлар остида қолиб кетгандек, сен эса муаммолар устида парвоз қилаётгандек гўё;
Ажойиб манзаралар ҳайратга солади, денгиз сатҳидан 2200 метрдан ҳам баландроқда доим хукмронлик қилаётган салқин шабода, қорли чўққилар ва чиройли табиат июль ойининг энг жазирама кунларида бироз дам олиш имконини беради.
Кўпни кўрган саёҳатчини ажаблантириши мумкин бўлган ягона нарса, бу бутун дунёда қабул қилинган, ўзида овқатланиш жойлари, ҳожатхона, дорихона ва бошқа ҳаёт учун зарур бўлган нарсаларни мужассам этган инфратузилманинг йўқлигидир.
Албатта, йўл ёқасидаги баъзи қишлоқларда шашликхоналар
ва бензин қуйиш шаҳобчалари бор. Бу шаҳобчаларда одамлар тўхтамаса ҳам керак, чунки ҳозир деярли ҳаммаси газда…
Қўқоннинг ўзида бутун водий биладиган АГҚШ мавжуд. У ерда ҳатто навбатни сотиб олиш ҳам мумкин, боиси йўлдан келгудек бўлсангиз, навбатда юзинчи бўлишингиз турган гап.
У ердаги савдо доим қизғин, бу довондан ўтувчи таксичилар ва бошқа йўловчиларнинг кўплиги билан ҳам боғлиқ. Тоғ остидан ўтказилган асосий туннелдан ўтар экансан, Сени жонажон армиянг Ҳимоя қилаётганини тушуниб етасан.
Турли чегаралар ва “ҳар хил сўқмоқлар” кесишадиган, етиб бориш қийин бўлган жойларда, қанчадан-қанча ёшлар ва профессионал кадрлар хизмат қилиши ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмаймиз. Балки, бизнинг тинч ва осуда ҳаётимизга улар қандай катта ҳисса қўшаётганини биров сезмас ҳам. Аслида ўйлаб қаралса, мусаффо осмонимиз – замонавий дунёдаги энг катта бойликдир. Улар олдидан ўтаётиб, “хизматингиз учун раҳмат” дейишни жуда-жуда ҳам истайсан…
Водийга шундоққина тушиб боришингиз билан машиналарнинг жуда катта тўхташ жойи ва айни пайтда довондан нарига ўтувчилар учун йиғилиб, келишиб олинадиган жойни кесиб ўтасиз. Қўқонга кираверишдаги катта йўлда, ана шу йўлдаги биринчи ва охирги светофорга дуч келасиз. Ҳар бир ҳайдовчи бу ерда ўзини камида Шумахердек ҳис қилади, ҳаммага маълумки, бундай уста ҳайдовчи учун қоидаларнинг ўзи йўқ ;)
Шаҳарга энди келганлар ёҳуд тўхтаб ўтишга қарор қилган йўловчилар шундоққина кўзга ташланади. Баъзи пайтларда 5 йил аввалги хитой воқелиги ёдингга тушади: бу йўллардан биринчи марта ўтаётганларни ҳайрон қолдириб, сўрилар четида хотиржам бош эгиб ўтирган эркаклар эътиборингизни тортади… аммо уларнинг аксарияти ўзларини телефон билан овутишга ўрганиб олишган…) Кичкинагина йўлда ҳам машинангизни кескин тўхтатиш ёки буриш учун қилган ҳар қандай ҳаракатингиз натижасида, Нексиянгиз “доимий Нексиялар сафига” қўшилган ҳолда кўзга ташланади ва шу тариқа Сиз дархол маҳаллий аҳолининг самимий қизиқиш объектига айланасиз.
Водийнинг катта шаҳарларини бир-бири билан боғлаб турувчи катта йўл бўйлаб 15 дақиқа ичида Қўқонни кезиб ўтиш мумкин.
Шаҳарга киришингиз билан биринчи бўлиб эътиборингизни тортадиган нарса, бу бир-бирига қарама-қарши қад кўтарган иккита баланд бино. Улардан бири – тонг соат 6-7 ларда олдида бир тўда аёллар йиғиладиган Алоқа Банк – ўзига хос биржа…
Қўқонда аёллар бу алоҳида табақа! Ҳар бир “ўзини ҳурмат қилган” Тошкентда яшовчи оиланинг қўқонлик “ойижон” ёки “холажон”иси бор ва уларнинг гапи эркакларга ҳам ўтади. Асосий роль аёллар қўлида бўлган Қўқондаги тилла бозорининг эски анъанаси бор. Гап шундаки, тилла – бу бой оилалар ўз пулларини сақлайдиган валюта. Келин-саломда келинга тилла узук ва турли тақинчоқлар берилиши маҳаллий тўйларнинг асосий жиҳатларидандир, зебу-зийнатларни санаш эса “маҳалла маслаҳатчилари”нинг иши.
Яна озроқ юрилса, бугун иш топиш ниятига етолмай, бу ердаги вақт ҳисоби бўйича, “кечки” пайтда “мардикор бозори”дан тарқалаётган эркакларни учратиш мумкин. Бозор қаршисидаги қуйма Гозган мармаридан тикланган, ўйланмаган ҳолда ҳашамат билан безалган ойналари бор, деярли янги бино шокка солади.
Замонавий архитектуранинг бу мўъжизаси, бир кунга иш қидириб мардикор бозорга чиққан одамлар рўпарасида нокамтар чиройи билан кишини ажаблантиради.
Бу ерда бундай “ажойибот” қандай пайдо бўлган ва нима учун керак?! Буни тушуниш учун бироз фурсат талаб этилади.
Бироқ, бир қарашда оддий ва одатий кўринган Қўқон “шаҳарча”си, аксарият ҳолларда ички маҳаллалар ёки четроқда жойлашган ҳудудларда турли кўринишда дид билан қурилган ажойиб уйлари билан кишини ҳайратда қолдиради.
Реклама лавҳалари ва осилган эълонларни кўриб, савдо шаҳарчасига келиб қолганингни тушунасан. Ўн йиллардан бери осилиб турган постер ва билбордлар мамлакатдаги мини/макроиқтисодиёт ва молиянинг супер назоратчиси томонидан акциз ва бошқа супер чекловлар қўйилгунга қадар бу ерларда савдо гуллаб-яшнаганини ёдга солади.
Ҳозир кўпгина эски магазинлар ёпилган, янги қурилган савдо қаторлари эса ҳинд бозорларини эслатади. Лекин, бизнинг кашфиётчи халқимиз умидсизликка тушмайди ва машҳур “Коппон бозори” ҳали ҳам бутун водий аҳли учун нарсалар сотиладиган ва сотиб олинадиган энг катта марказ ҳисобланади.
Агар Қўқонда тўхтаган бўлсангиз, Сизга албатта маҳаллий палов ва “ширинлик” - ёнғоқли ва ёнғоқсиз ширин ҳолва еб кетишингизни таклиф қилишади…) Уларни тайёрлаш алоҳида меҳнатни талаб этади, айниқса узлуксиз газ ва электр таъминоти ўзига хос дабдаба саналиши инобатга олинса.
Ёзнинг жазирамасида бу ёдда қоладиган жиҳат, чунки кам сонли вентилятор ва эски кондиционерлар бир кунда 5 соатдан ортиқ ишламайди…
Лекин, шундай шароитда ҳам ҳовлига сув сепишни ўрганасан ва шаҳар марказида крандан том маънода томчилаб оқаётган сувнинг қадрига ета бошлайсан. Бироқ, ёмонликсиз яхшилик ҳам бўлмайди деганларидек, яқин жойлардаги ер ости сувлари аҳолининг катта қисмига жамоа бўлиб, ёки алоҳида тарзда водийдаги тоза ва ширин артизиан сувини ўзлаштириш имконини яратган.
Қишда, қорли-қировли кунларда эса кўпчиликни йўл ёқасида кўп миқдорда реклама қилинадиган анъанавий кўмир қутқариб қолади.
Қўқон ҳавосининг ҳар доим мусаффолиги бор, айниқса, йилнинг аксарият қисмида бўладиган шамолли кунларда. Ҳатто, ёзнинг энг иссиқ кунларида ҳам шаҳар бўйлаб бехос шамол эсиб туради… Қўқоннинг энг очиқ ҳудуди, машҳур Худоёрхон саройи олдидаги майдон эса ҳар доим одамлар билан гавжум. Турли атракционлар мавжуд бу “шаҳар боғи”да маҳаллий аҳоли сайр қилишни ёқтиради.
Юртимизнинг бошқа меҳмонсевар шаҳарларида бўлганидек Қўқонда ҳам, Сизни ҳар доим очиқ юз билан кутиб олишади ҳамда ёпган нон ва бир пиёла чой таклиф қилишади. Балки ана шу жиҳати билан ҳам, бир-биридан узоқ ерларда жойлашган ва ҳар бири ўзига ҳос бўлган шаҳарларимиз ўхшашдир ва уларда бўлган ҳар бир киши учун жуда яқин… Жаҳонни кезиб, ҳилма-ҳил нарсаларни кўриб бу жиҳатни янада кўпроқ қадрлашни бошлайсан. Дунёнинг ҳеч бир курорти ва фешенебель отели тандирдан янги узилган нон ва эндигина тўрғалган райҳон ҳиди уфуриб турган ҳовлида, “ўзингникилар” даврасида дам олишнинг ўрнини босолмайди ;)