FATTOHHON.COM
« Все новости
Улуғбек Акбаров 1988 йил 5 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. Оилада 3 фарзанднинг кенжаси, акаси ва опаси бор. Болалигидан санъатга қизиққан ва бу қизиқиш уни актёрлик сари етаклаган. Онаси Хонзода Акбарова ҳам, зиёли аёл бўлиб, фарзандидаги санъатга бўлган қизиқишни кўриб, уни орзусига эришиш учун йўналтирган ва керакли шароитларни яратиб беришга ҳаракат қилган. Турли кастинглардан муваффақиятли ўтган Улуғбек ўсмирлик вақтларидан бошлаб, Республикамизнинг турли вилоятларида бўлиб ўтган “Мустақиллик”, “Наврўз” байрам тадбирларида қатнашган.
16 ёшларида Улуғбек актёрлик бўйича янада жиддий таълим олиши кераклигини тушунган ҳолда, маҳоратли педагог ва актриса Мунаварра Абдуллаевадан алоҳида таҳсил олади.
2012 йил Улуғбек Акбаров учун омадли келди. Режиссёр Шуҳрат Мавлонов билан ҳамкорлик унинг ижодида ҳақиқий бурилиш бўлди.
У Шуҳрат Мавлонов суратга олган хонанда Ёдгор Мирзажоновнинг “Салом, эй ишқ” клипида куёв йигит ролини ижро этди.
Шундан сўнг, унга бўлган қизиқиш ва бошқа клипларда ҳам суратга тушишга таклифлар бўла бошлади. Ғанишер Абдуллаевнинг “Билмам”, Акмал Саъдихоновнинг “Армон”, клипларида суратга тушди.
Улуғбек Акбаров: - Мен фақат клиплар билан чекланиб қолмай, кинода суратга тушиш ниятим ҳам бор эди. Кастингдан муваффақиятли ўтиб, “Сабр” фильмида суратга тушдим ва бу фильм 5 апрелда катта экранларда премьера қилинди. У ерда мен ука ролини ижро этдим ва бу илк ролим салбийроқ характерга эга эди.
- Нима учун айнан салбий роль? Салбий роль томошабиннинг тезроқ назарига тушиш учун эмасми?
Улуғбек Акбаров: - (самимий кулиб) Йўқ! Ҳамма гап менинг ташқи қиёфам, яъни типажимда! Қиёфам билан салбий қаҳрамон ролига мос келдим. Агар ўзим тезроқ кўринишни истаганимда, бу соҳага жиддий киришиб, Мунаввара Абдуллаевага шогирд тушиб, шунча вақт дарс олмаган бўлардим! “Сабр” фильмидаги ролимга албатта, ўзим баҳо бера олмайман! Лекин, фильмни кўрган бир неча тажрибали ижодкорлар, “бошланиши учун яхши” дейишди. Аммо, мен янада ижод борасида тинимсиз изланишга ҳаракат қиляпман.
- Яна қайси фильмларда суратга тушдингиз?
Улуғбек Акбаров: - Режиссёр Саид Мухторовнинг “Кўча” фильмида ҳам салбий роль ижро қилдим. Ҳозирги кунда эса, яна бир янги фильмда роль ижро қиламан. Лекин, бу ҳам салбий роль!
- Сизнинг-ча, салбий ролни ижро қилиш осонми?
Улуғбек Акбаров: - Йўқ, осон эмас! Актёр учун ҳар қандай ролнинг ўзига яраша қийинчилиги ва юки бўлади. Ҳамма гап, менинг типажим ҳозирда фақат салбий ролга мос тушаётганлиги учун шундай бўлмоқда.
- Битта амплуага тушиб қолишдан қўрқмайсизми?
Улуғбек Акбаров:- Йўқ, секин-секин амплуани ўзгартиришга ҳаракат қиламан. Клипларда ҳам айнан шунинг учун суратга тушяпман. Чунки, кинода салбий бўлса, клипларда ижобий қаҳрамонларни ижро қиляпман. Ҳозирча роль танлаётганим йўқ.
- Салбий роллар ҳам, жиҳатлари билан бир-биридан фарқ қилади. Сиз учун, энг ўзингизга қайсидир жиҳати билан маъқул бўлган роль?
Улуғбек Акбаров:- “Кўча” фильмидаги ролим, чунки у ердаги гиёҳванд ролини ижро этдим. Ўз ролим билан ёшларга бу иллатнинг қанчалик зарарли эканлигини, унинг домига тушмаслик зарурлигини кўрсатиб бермоқчи бўлдим. Тарбиявий аҳамиятга эга роль.
- Типажингиз салбий ролга мос тушибди, ижро қиляпсиз. Лекин, кўпчилик томошабинлар уни ҳаётда ҳам, салбий инсон деб ўйлаб, ёмон кўриб қолишларидан чўчиб, салбий ролларни ижро қилмасликка ҳаракат қилишади. Сиз томошабинлар сизни илк қадамларингизданоқ салбий деб, ёмон кўриб қолишларидан чўчимаганмисиз?
Улуғбек Акбаров:- Йўқ! Агар ўз ролингизни маҳорат билан ижро қилсангиз, томошабин сизни ёмон кўра бошласа, демак ўз ролингизни яхши ижро қилган бўласиз. Қолаверса, баъзи таниқли актёрлар ҳам, аввал салбий роль ижро қилишиб, кейинчалик ижобий қаҳрамонларни ҳам яратишган.
- Агар ижобий роль ижро қилганингизда, қандай ролни ижро қилишини истардингиз?
Улуғбек Акбаров:- Жиддий ижобий бўлишини истардим, чунки, менимча, комедик роль ижро қила олмасам керак. Балки, ижро қила оларман, лекин, типажим мос тушмайди, деб ўйлайман.
- Ташқи қиёфангиздан ҳаётда спорт билан шуғулланадиганга ўхшайсиз.
Улуғбек Акбаров:- Ҳа, албатта. Спортнинг кикбоксинг тури билан шуғулланаман.
- Унда “Кўча” фильмидаги гиёҳванд ролини ишонарли ижро қилиш учун қандай омиллардан фойдаландингиз? Ўзингиз ҳаётда гиёҳвандларни кузатганмисиз? Ким ёки нима сизни бу ролга тайёрланиш учун ёрдам берди?
Улуғбек Акбаров:- Биринчи навбатда, устозим Мунаварра Абдуллаевадан маслаҳат олдим, тайёрландим. Сўнг, Гиёҳвандларни даволаш муассасасига бориб, уларнинг ҳолатини кузатдим. Қай ҳолатда бўлади? Кўзлари қандай қарайди? Ўша “ломка” вақти қандай бўлади? Жаҳли чиққандаги ва хотиржамликдаги ҳолатларгача кузатдим. Бир ҳафта давомида бориб, кузатиб, билиб, ўзимда машқ қилиб, тайёрланиб, кейин ўз ролимни ижро этдим.
- Келажакда қайси режиссёрлар билан ишлашни орзу қиласиз?
Улуғбек Акбаров:- Жаҳонгир Аҳмедов.
- Лекин, боягина комик роллар ижро қила олмасам керак, дедингиз. Аммо, режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов кўпинча комедик фильмлар суратга олади.
Улуғбек Акбаров:- Аммо, комедик фильмларда ҳам, ижобий жиддий роль бўлади.
- Ҳозирда қайси режиссёрлар билан ижодий ҳамкорликдасиз?
Улуғбек Акбаров:- Шуҳрат Мавлонов билан ижодий ҳамкорликдамиз, У киши билан 3 йиллик шартнома тузганмиз. Унга кўра, бошқа ижодкорлар клип ва фильмларда суратга тушишга таклиф қилса, бирров у киши билан маслаҳатлашиб чиқаман. Чунки, Шуҳрат ака, мени ижод тарафлама нолдан кўтарган инсон, менинг продюсерим.
- Келажакда режиссурага қўл уриш ниятингиз борми?
Улуғбек Акбаров:- Албатта. Лекин, бунинг учун режиссуранинг ҳам сиру асрорларини яхшилаб ўрганиш керак. Бу йил Санъат ва маданият институтига режиссура йўналиши бўйича ўқишга топширмоқчи эдим, лекин суратга олиш ишлари билан бўлиб, улгура олмадим. Аммо, келгуси йил албатта, режиссурага ўқишга кираман.
- Ролларингиз бўйича ҳам, умуман олганда ҳам айни муҳаббат ёшидасиз. Ҳаётингизга муҳаббат кириб келганми?
Улуғбек Акбаров:- Ҳали йўқ. Албатта, ҳозирча ижод билан бандман. Насиб қилгани бўлади, ҳаммасини вақт кўрсатади. Келажакда уйланадиган бўлсам, албатта уйим-жойим дейдиган, оилани устун биладиган, яхши қизга уйланишни орзу қиламан. Касби аҳамиятга эга эмас.
- Актёрлардан ўзингиз кимнинг ижодини ҳурмат қиласиз ва мунтазам кузатиб борасиз?
Улуғбек Акбаров:- Актёр Адиз Ражабовни! Ижро этаётган характерли роллари, ижро маҳорати юқори. Унинг ролларини кўриб, мен ҳам шу даражага етишишни орзу қиламан. Адиз Ражабов ҳам бошида салбий ролларни ижро қилган. Масалан, “Бўрилар” фильмидаги роли ўта салбий роль.
- Сиз учун бугунги давр қаҳрамони ким? Агар бугунги кун қаҳрамонини гавдалантириш керак бўлса, кимни ролини ижро қилардингиз?
Улуғбек Акбаров:- Менимча, жиддий ва зиёли инсонни!
- Сиз учун бахт нима?
Улуғбек Акбаров:- Қилган орзуларимга эришмоқдаман! Буни албатта, бахт деб биламан. Бахт тушунчаси кенг, бахт деганда кўп нарсани тушуниш мумкин. Бахтли оила, ота-онангни доимо соғ-саломат бўлиши, қолаверса, асосийси Мустақил ва обод, фаровон юртда яшаётганлигим катта бахт!
- Суратга тушган вақтингизда то шу бугунгача ҳали ҳам, камера олдида ҳаяжонланасизми?
Улуғбек Акбаров:- Бошида, илк ролимда ҳаяжон бўлган! Биринчи марта суратга олиш майдонидаман, ҳамма қараб турибди. Дарс олган вақтимда, унчалик қийинмасдек туюларди. Келиб, ўз ролимни ижро этиб кета оламан, деб ўйлардим. Суратга олиш майдонига чиққач қарасам, бошқа муҳит, инсон ўзи бошқача бўлиб қолар экан. Кўпчилик қараб турибди, роль ижро этишим керак. Ўз-ўзидан ҳаяжон босиб, қийинлигини тушуниб етдим. Сўнг орадан, 5-6 ўтиб, 3-4 клипларда суратга тушгач, бемалол камерани ҳис қилишни бошладим, ҳаяжонлар ҳам камайди.
Саида Вахобова