FATTOHHON.COM

« Все новости

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ ГУЛСАНАМ МАМАЗОИТОВАНИНГ КОНЦЕРТ ОЛДИ МАТБУОТ АНЖУМАНИДАН! САНЪАТКОР САҲНАГА ЧИҚСА, ОТА ЁКИ ФАРЗАНД ТЕСКАРИ ҚАРАШИ КЕРАК ЭМАС!  04.02.2015 17:35

photo (1)

Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитова 9 февралдан 14 февралга қадар “Истиқлол” санъат саройида жонли ижрода янги яккахон концерт дастурини тақдим этмоқда. У ҳозирда репетиция жараёнлари билан банд бўлса-да, 3 феврал кунини журналистларга бағишлаб, матбуот анжумани ўтказди.

photo (13)

Гулсанам Мамазоитованинг шогирд-сингилларидан “Ниҳол” мукофоти совриндорлари Малика Эгамбердиева ва  Сайёраи Жаҳон ҳам шу ерда эдилар. Гулсанам Мамазоитованинг умр йўлдоши Санжарбек ҳам ташкилий ишлар билан банд.

Гулсанам Мамазоитованинг берилаётган саволларнинг барчасига мазмунли жавоблар қайтарди. Матбуот анжумани давомида кўплаб саволлар "Бекажон" газетаси мухбири Дилбар Аралова томонидан берилди.

photo (2)

- Баъзиларнинг назарида димоғдордек кўринасизу, лекин қайсидир маънода водийнинг беғуборлиги сақланиб қолган. Шунча йиллар мобайнида, шаҳарнинг тошбағирликлари сизни қанчалик мағлуб эта олди?

-Мағлуб этишда эмас гап, шаҳар кўп нарсага ўргатди. 18 ёшимда келган бўлсам, то ёшим улғайиб мустақил ҳаётга қадам қўйгунимча, ўзимни англашимгача бўлган вақтда, кўп нарсаларни ўргандим. Дўстлар, ҳамкасблар орттирдим. Вақт ўтиши билан инсон кўп нарсани ўзига раво кўрмай қолар экан. Бу ҳолат, ҳаммада ҳар хил кечар экан. Кимдир ёши катта бўлса ҳам, бачкана қилиқлар қилишга уялмайди. Шарттаки, дангал бўлади. Лекин, мен ҳали ёшим унчалик катта бўлмаса ҳам, ўзимни кўп нарсадан тортиб юраман. Унвонлар олгандан кейин, айтадиган қўшиғимгача ўйлаб айтадиган бўлиб қолганман. Гапираётган гапим, кияётган кийимим, муносабатим ҳамма-ҳаммасини ўзим назорат қиламан. Олдин ҳам мен ҳақимда бирор ножўя гап чиқмаган ёки бирортаси билан уришган жойим ҳам йўқ. Ҳамма билан бирдек муомалада бўлганман, лекин ҳозир янада эҳтиёткор бўлиб қолганман.

 

- Охирги айтган қўшиқларингиз, клипларингизда қўштирноқ ичида айтганда “ҳувиллаган қалб” кўринади. Нимадандир зарба олгандек... Нима учун? Ёшсиз, сиздан шўх қўшиқлар кутишади. Тўғри, шўх қўшиқларингиз ҳам бор. Аммо, кетма-кет 2 сокин қўшиқ тақдим қилдингиз.

- Энди, биринчиси “Тановар” бўлса, мен бу қўшиқни болалигимдан яхши кўраман. Бир мен эмас, бутун халқимиз яхши кўради! Қардош халқлар ҳам бор, “Тановар”ни тинглайдиган. Бу қўшиқни куйлаганимнинг сабаби, биринчи навбатда куйлаб ўзим қалбан маза қилдим. Қолаверса, сингилларим (шогирдларини назарда тутиб), халқимизга манзур бўлди. Халқимизнинг олдида ҳам унутилиб кетмасин, дедим. Тўғри, бошқа санъаткорлар ҳам куйлашади. Фақат, классик қўшиқ, деганда биз ёши катта инсонлар куйлашига ўрганиб қолганмиз-да. Ҳаётнинг маълум бир поғонасини босиб ўтган, лекин бастакорлар, шоирлар шундай қўшиқлар ёзишадики, шуни бизга илинишади. Мен мана шу яратган нарсамни сиз айтишингизни ҳоҳлайман, дейишади. Эътибор берган бўлсангиз, саундтрекларим шундай бўлган, куйлаган тароналаримнинг аксарияти шундай. Улар менга шу нарсани яхши ният билан илинибди, мен ҳам куйлаганман. Улар ўйлагандек яхши бўлиб чиқди ва халққа манзур бўлди. Охирги 2 та тарона ҳам, биттаси ўз ҳоҳишим билан куйлаганман, ўзим ҳоҳлаб клип ҳам суратга олдириб, эфирга бердим. Иккинчиси,  айнан бастакорнинг ижодидан, ўзлари ҳоҳлаб, менга шу нарсани эшиттирдилар. Менга маъқул келди ва куйладим.

 

- Буни руҳиятингиз билан боғлиқлик жойлари ҳам борми?

- Боғлиқ жойлари йўқ, ўзимдан ўтказиб айтдим. Сабаби, табиий бўлиши, мухлисга ҳам етиб бориши учун!

 photo (3)

- Биринчи эфирга чиқишларингизни кўрганмиз. Нозима Воҳидованинг кўрсатувларидан бошлаган эдингиз. Қўшиқларингизни ҳам тинглаганмиз. Ўшанда ташқи кўриниш сиз учун аҳамиятсиз эди. Овозингизга ишониб, шунга таяниб ҳаракат қилгансиз. Лекин, вақт ўтиб, бу нарса ҳам керак эканлигини англадингиз, шекилли. Бу шоу бизнеснинг ёзилмаган қоидалари, бунга қанчалик асир бўлиб қолди Гулсанам Мамазоитова?

- Гулсанам, шу пайтгача асир бўлмаган бу нарсага! Ташқи кўринишим табиий, сочимни бўяшга келсак, бу нарса озгина мухлисларим учун, ўзим учун янгилик бўлиши учун қилинди.

 

- Эътиборда бўлганингиз учун, шу нарсаларни қиласизми?

- Ҳа, лекин, асир эмасман! Яқинлар, дўстлар, ҳаммаси билишади, кўпинча бўянмай юраман! Ортича ўзимга зеб беришни ёмон кўраман. Ижодкор ташқи қиёфага унчалик аҳамият бермайди, муҳими қалб гўзаллиги биринчи ўринда туради!

 

- Лекин, сизга қараб кийинадиган, ҳаракат қиладиган ёшлар бор...

- Шогирдларим, қизлар, кўйлак олишса ҳам, маслаҳат сўрашади, “очиқ кийиниб чиқманглар” дейман. Бизни оилада, менталитетимизда бор, ота билан фарзанд ўтирибдими, санъаткор саҳнага чиқса,  ота ёки фарзанд тескари қараши керак эмас! Оила даврасида кўра олиши керак! Айтаётган қўшиғи ҳам, худди шундай бўлиши керак! Биз ҳам зиё тарқатувчилар ҳисобланамиз.

 

- Ҳеч ким ҳаётда суғурталанмаган! Бир куни Гулсанам Мамазоитова овозини йўқотиб қўйса? Келажакка бошқа пойдеворингиз борми?

- Келажакка пойдевор бор! Масалан, овозимни йўқотиб қўйсам, мен дарс беришим мумкин. Чунки, Консерваторияда ҳам таҳсил олганман.

 photo (4)

- Гулсанам Мамазоитовани нима чарчатиши мумкин? Қачон чарчаши мумкин?

- Билмадим. Баъзида бир соат иш қилмасам ҳам чарчаб қолишим мумкин. Баъзида эса, кун шунчалик баракали бўладики, чарчаганингизни ҳам билмайсиз. Ёқмаган инсон билан гаплашсам, бирор қитмирроқ журналист бўлса, “тезроқ вақт ўтиб кетсаю, шундан чарчадим” дейман. (кулади)

 

- Ҳозир чарчамаяпсизми?

- (кулади) Йўқ, ҳозир маза қиляпман!

 

- Масалан, оилада ҳам нималардир чарчатиши мумкинми?

- Йўқ, оилада хўжайиним иккимиз ҳам, кўпроқ фарзандлар тарбияси билан банд бўламиз, уларнинг кўнглига қарашга ҳаракат қиламиз. Баъзида ишлардан ортиб, уйга келсак, уларнинг ғалваси чарчатиб қўйиши ҳам мумкин. Ҳаммамизда бор, ширин ташвиш-да. Бу нарсани мен яшириб, «йўқ, болаларимга ўта меҳрибонман» деб алдай олмайман. Баъзида уй юмушлари оз-моз чарчатиши мумкин, болаларнинг инжиқликларими, бу ҳаммада бўладиган ҳолат.

 photo (11)

- Турмуш ўртоғингиз-чи?

- Йўқ, турмуш ўртоғим инжиқлик қилмай қўйганлар, бошида қилардилар, ҳозир йўқ. (кулади)

 

- Кимларнидир назарида бойсиз, қўлини қаерга узатса етадигандек таассурот қолдирасиз. Лекин, сизда ҳам орзу бўлади, етиша олмаган нималардир бўлиши мумкин. Нимангиз ёки кимингиз бўлишини орзу қиласиз?

- Мен унақа даражада бой эмасман. Кимлардир шундай ўйлаши мумкиндир, лекин мен учун асосий бойлик, бу инсоннинг олган билими, маданияти, ўзининг маънавий бойлигини бойлик, деб ҳисоблайман! Лекин, ҳозир бир нарсам бўлишини истайман, десам, бу ношукурлик бўлиши мумкин. Ҳозирда шукур, ҳамма нарсам бор. Халқ назаридаман, қўшиқларим бор, “ташриф қоғозим”гача бор, Гулсанам, деса билишмаса ҳам, “Ажаб-ажаб” деса билишади! Хонанданинг энг катта бахти ҳам шу!

 

- Йўқчилик ва тўқчилик, ҳеч кимга бегона эмас! Бу ҳамманинг бошидан ўтган нарса ва нималаргадир ўргатиб кетади. Сиз ҳам бу нарсалардан ўтгансиз. Йўқчилик ва тўқчилик нималарга ўргата оларкан?

- Борида қадрига етишни ўргатади! Соғликка ҳам ўргатади. Масалан, “мана шу ишни қилмаслигим керак эди, музқаймоқ емаслигим керак эди, ёки бошни ювиб кўчага чиқмаслигим керак эди”, дейсизу, худди шундай нарса! Ўша нарсани йўқотилгандан кейин қадрига етасиз! Қадрлашни бошлайсиз, яқинларни, дўстларни, орамиздан айрилганлар, уларни ҳам ҳисоблайман-да. Кенг тушунча бу.

 

- Анча йиллардан буён ижоддасиз, лекин онангизнинг олдида оддий фарзандсиз, акангиз ёнида оддий сингилсиз. Улардан эшитган даккиларингизнинг энг ёмони?

- Мен ҳар доим назорат остидаман! 30 ёшдан ошган бўлсам ҳам, онам учун ҳали ҳам фарзандман, акам учун ҳали ҳам сингилман. Халқ учун севимли санъаткор, Ўзбекистон Халқ артистидурман, лекин уйдагиларим учун мени ҳар бир чиқишим танқид, “мана бу ерда мана бундай қилдинг, бундай қилишинг керак эди, сендан шу нарсани кутгандик, шу ишни иккинчи қайтарма” деган гаплар бўлади. Бу гапларга мана шу ерда гувоҳлар ҳам бор! Шу нарсага хурсандман! Чунки, кўпинча атрофингдагилар жуда қўллаб-қувватлашса ҳам, яхшиликка олиб келмаслигини ҳам кўрганман! Шунинг учун, яқинлардан танқид эшитиб юрганим ҳам яхши. 

 photo (5)

- Отабек акангизнинг рафиқаси, сизга келинойи, улар билан қандай муносабатдасиз? Опа-сингилдекмиз, дея оласизми?

- Келинойим келин бўлиб тушганларида, 17 ёшда эдилар, ҳали паспорт ҳам олмагандилар. Овқат қилишни ҳам билмасдилар, лекин озгина тикишдан хабари бор эди. Онам ўзлари пишириқ курсларида ўқитдилар. Ўшанда фарзандлари бир ёшга ҳам тўлмаганди. Ҳозир келинойим овқатларни биздан зўр тайёрлайдилар, биз билмаган нарсаларни улар тайёрлайдилар. Соғ бўлсинлар!

 

- Фарзандларингизни фақат ўзингизга тегишли бўлган қандайдир бошқача сўзлар билан эркалатасизми?

- Албатта! (кулади) Шошганда, оғизга тўғри келган ширин сўзлар билан, баъзида “Моҳи” деб ҳам юбораман. У эса, “йўқ, мени Моҳижаҳонбегим денглар”, дейди. “Хўп, Моҳи” деймиз. Боғчасидагилар ҳам “Моҳи” дейишади. Абдуғаффорни нима деб, эркалашимни айтмаймизу, кўпроқ Абдуғаффор, деб айтамиз. Хосиятли исм, шунинг учун бўлиб чақирмаймиз.

 

- Онангиз билан сиз ҳам, бир-бирингизни эркалаб, қандайдир сўзлар ишлатасизми?

- Мен “аяжон” дейман, улар “Гулсанам” деб чақирадилар. Онам бизни ортиқча эркаламай катта қилганлар. Мен ўзим ҳам шундай бўлишга, болаларимни онамдек тарбия қилишга ҳаракат қиламан! Худди катта одамларга қандай муносабатда бўлсалар, шундай гапириб, муносабатда бўладилар. Баъзи оналар боласини тили чучук пайтида, шундай гапириб эркалатишадию, онам ундай қилмаганлар! Онамга телефон қилиб, “аяжон мени соғиндингизми?” десам, ҳаттоки кўзларида ёш турган бўлса ҳам, “ҳечам соғинмадим” дейдилар, шундай аёл!

 

- Балки, сизни изтиробга солишни ҳоҳламаслар?

- Балки, шуни ҳоҳламаслар! Балки, шундай қилиб, тўғри тарбия бергандирлар? Шундай, деб ўйлайман.

 photo (6)

- Сир бўлмаса, турмуш ўртоғингизни ҳам, нимадир, деб эркалаб чақирасизми?

- “Санчо” деб чақираман! Мени қадрдоним Санчо! Хўжайинимни жуда ҳам яхши кўраман, соғ бўлсинлар!

 

- Сочи узун қизларни ақли калта бўлади, дейишади. Нима деб, ўйлайсиз, сочи калта қизларни ақли узун бўлармикан?

- Бу фақат гап, бекорчиликда тўқиб қўйилган гап! Сочи узун қизларнинг ҳам ичида ақллилари кўп бўлади! Биттаси мен! (самимий кулади) Битта бекорчи тўқиб қўйган-да!

 

- Кўп ўқиган одамни сочи тўкилишига неча фоиз ишонасиз?

- Ўқимайдиган одамни ҳам сочи тўкилади! Ҳозир соч тўкилиши мода-ку!

 photo (7)

- Кун келиб, Гулсанам Мамазоитова опера куйлаши мумкинми?

- Мумкин, мен ўзим ҳам шу санъат турига жуда қизиқаман. Жуда мураккаб санъат тури ҳисобланади. Озодбек ака билан “Ватан қадри” қўшиғини куйлардик. (хиргойи қилади) “Дунёда Ватандин азизроқ не бор?” Шуни Ўзбекистон Халқ артисти Муяссар опа Раззоқова эшитган эканлар. “Мен сенга авжини қандай ушлаб туришни ўргатаман, шундай айтсанг, сенда ўхшайди” деганлар. Демак, мен айтсам бўлар экан, буни билганимдан кейин қизиқдим, тўғриси. Мураккаблигини ҳам биламан.  

 

- Энг кўп ишлатадиган иборангиз?

- Буни ҳамма билади, “Нима гаплар?” дейман. (кулади) Онамларга ҳам шу гапни айтаман. Улар эса, “болам, шу кунларда ҳамма гап сенда! Бизда ҳеч гап йўқ!” дейдилар.

 

- Ёшсиз, лекин анча муваффақиятларга эришдингиз. Эстрадада ҳам, анча муваффақиятларга эришиб келаётган қизлар бор. Шахзода, Лола, Райҳон, Муниса Ризаева, Манзура, Зиёда, ҳозирги кунда тилга тушганлар, уларнинг қайси бири билан дуэт айтишни ҳоҳлардингиз? Қайси бирининг қайси қўшиғи чиройли чиқади, деб ҳисоблайсиз?

- Бирини айтсам, бошқаси хафа бўлиб қолиши мумкин. Ҳаммасини ижоди ёқади. Ҳаммасида ҳар-хиллик бор! Ҳаммасини ўз услуби бор, шунинг учун ҳам ҳаммасини ижодини ҳурмат қиламан. Агар насиб этса, умримиз давомида ҳаммасидан таклиф тушса, ҳаммаси билан дуэт айтишимиз мумкин. Чунки, ҳаммасини ҳурмат қиламан, ижодига қараб юраман. Янгиликлар қилишяпти, концертларига тушаман.

 

- Нималардир оласизми, ўрганасизми?

- Йўқ, мен кўпроқ устоз санъаткорлардан ўрганаман. Классик қўшиқларни яхши кўраман! Мураккаброқ услубдаги қўшиқлар ёқади!

 

- Ўзингизни қийнашни яхши кўраркансиз-да?

- Ҳа, мана ҳар куни шу ерда ишлаяпмиз. Эртага масалан, совуқда грипп бўлиб қолсак ҳам ҳеч гапмас, лекин шунда ҳам, жонли ижрода айта олиш учун нозик томонлари бўлади.

 photo (8)

- Акангиз Отабек Муҳаммад Зоҳид билан биргаликда ижодий тандем яратиш ниятингиз йўқми?

- Бу кутилмаганда бўлиб қолиши мумкин. “Ўзбекистоним бор менинг” деган қўшиғимиз бор эди. 2015 йил мана шу қўшиққа 20 йил бўлади. Биринчи “Ўзбекистон Ватаним маним” қўшиқлар танлови бошланганда, шу қўшиқни Фарғонада айтганмиз. Мен мактаблараро танловда ғолиб бўлганман, акам шаҳарда тайёрлаб, вилоятга чиққанмиз. Чунки, иккаламиз ҳам танловдан ўтганмиз ва битта номер қилиб, тайёрлаб чиққанмиз. Мана шу қўшиқни яқинда ёздик, уларни концертларида ижро ҳам қилдик, ёқди. Энди мана шуни аудиодискка ҳам чиқариш ниятимиз бор. Кейинчалик ҳам, бирорта бир мавзуга асосланиб куйлаш ниятимиз бор! Кутилмаганда бўлиб қолиши мумкин! Чунки, ҳали ундай мавзу топа олмадик, бўлиб қолса, айтиб юборишимиз мумкин. Дуэт тайёрламайсизларми, деган саволни кўпчилик беради. Ўзини вақти соати бордир, балки?

 

- Хонандаларни китоб ўқишга вақти йўқ, дейишади. Сизни ўзингизни севимли асарларингиз борми? Қаҳрамонларингиз-чи?

-Охирги вақтда Эргаш Очиловнинг “Умрбоқий қўшиқлар” деган китоби, қўшиқ бўлган шеърлар, ғазаллардан иборат тўпламини ўқияпман. Ҳозир концерт дастурида ҳам, шу китобдан фойдаланяпман. Навоийни, Бобурни, Бобораҳим Машрабни, ҳаммаларини ғазаллари бор. Консерваторияда ўқиган вақтимда ўрганганман, лекин кейинчалик сўзлари ёддан кўтарилган бўлиши мумкин. Шунинг учун, кўздан кечириб чиқяпман. Энг яхши кўрган асарим, Аҳмад Лутфий Қозончининг “Саодат асри қиссалари”. Тўртта томли.

 

- Ҳар тонг кўз очганда, нималар хаёлингизга келади?

- (самимий кулади) Ёлғон гапирмайман, “бугун нима ишлар қилишим керак?”, деган савол келади. “Кеч қолмадиммикан”, деган нарса келади! Албатта, умримиз давомида, яна бир тонгни кўрганимизга шукур қиламиз.

 photo (9)

- Кўп кеч қоласизми?

- Йўқ, нега кеч қоларканман? (кулади) Ижодий бир вақтга мўлжалланаётган масъулиятли нарса бўлса ҳеч кеч қолмайман! Лекин, баъзида бирор жойга кеч қолишим мумкиндир, аммо атайлаб кеч қолмайман!

 

- Оилангизда анъанага айланган бирор урф-одат, қадриятлар борми?

- Йўқ. Байрамларда ҳам ҳамма қатори уйда ўтирамиз, айнан бирор одат йўқ. Балки йиллар давомида ёшимиз катта бўлгач, туғилар? 

 

- Жияним бор, дедингиз. Жиян аммага ўхшайди, дейишади. Сизга ўхшашлик жиҳатлари борми?

- Йўқ, катта жияним опачамга ўхшайди. Лекин, кичиги Нурбадиани кўринишидан менга ўхшатишяпти.

 

- Агар акангиз мажбурлаб, хонанда бўлмагин, деганларида қайси касбни танлаган бўлардингиз?

- Менимча, рассом-дизайнер, модельер бўлардим. Ўша пайтларда чизишга қизиқардим. Лекин, ҳозир чизмайман, аммо баъзи кийимларимни ўзим ўйлайман ва дизайнеримга қандай бўлиши кераклигини тушунтираман. Лекин, қўшиқ айтишга мени биринчи акам олиб кирганлар, чунки мендаги иқтидорни, қобилиятни биринчи улар билганлар.

 photo (10)

- Ошхона, капгирлар билан қанчалик дўстсиз?

- (кулади) Мана турмуш ўртоғим турибди, улар айтсинлар, ўзим айтсам, мақтанишга кириб қолади. Лекин, қўлим ширин. Аммо, тўғриси, хамир овқатларни тайёрлашни билмайман. Лекин, энг зўр пиширадиган таомим бу ош! (кулиб) Уйимизда тандир-ўчоқлар бор, лекин, фонограмма! Чунки, уларда ўзим нон ёпмаганман. Бир гал келиб, опачам ёпиб берганлар.  

 photo (12)

Шу тарздаги савол-жавоблар бир муддат давом этди. Гулсанам Мамазоитова журналистларнинг саволларига самимий жавоблар берди. Журналистлар ўзлари учун бутунлай бошқача Гулсанам Мамазоитовани кашф этгандек бўлишди. Чунки, саҳнада виқорли ва ҳаттоки баъзилар фикрича кибрли кўринадиган санъаткорнинг аслида қанчалик самимий, беғубор, очиқкўнгил инсонлиги билиниб турарди.

Матбуот анжумани якунида концерт режиссёри, “Эътироф” мукофоти совриндори Ҳайдарали Қосимов ҳам етиб келди.

 IMG_1710_новый размер

“Эътироф” мукофоти совриндори режиссёр Ҳайдарали Қосимов: - Миллий эстрада йўналишида энг етук, намуна бўла оладиган, ёш хонандалар андоза оладиган даражадаги санъаткор бўлгани учун ҳам Гулсанам Мамазоитовага талаб ҳам, жуда катта бўлади! Буни ўзлари ҳам жуда яхши ҳис қилишади. Концертда жанр ва мавзулар ранг-баранглигига катта эътибор берилмоқда. Ҳозир энг қизғин палла бошланди! Энг асосийси, дастурнинг 80 фоизга янгиланганлигидир. Бу менинг назаримда, томошабинга бўлган ҳурмат, десак тўғри бўлади. Томошабинлардан ҳар бири концертни диққат билан тинглаб, ҳар бири маънавий озуқа оладиган бўлса, мана шунинг ўзи, демак, Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитованинг бир йилда қилган ижоди, ҳисоботи, мана шу ҳисобот рўёбга чиққанлигининг исботи, десак тўғри бўлади.

 

Матбуот анжумани якунида ҳам, барча йиғилганлар Гулсанам Мамазоитованинг репетиция жараёнидаги жонли ижродаги ўзига хос концертдан баҳраманд бўлишди!

Репетиция жараёнлари қизғин давом этмоқда!

Флаер

Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитованинг жонли ижродаги янги яккахон концерт дастурига чин дилдан омад тилаймиз, дастурни муваффақиятли ўтишига тилакдошмиз!

 

Cаида Вахобова

Феруза Фаттохова