FATTOHHON.COM
« Все новости“Орият доно” радиосида радиобошловчи Акмал Мирзонинг “Чой устида” дастурининг навбатдаги сони меҳмони,
режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов бўлди.
Акмал Мирзо дастур давомида энг оригинал савол эгаси Ўзбекистон Халқ артисти Гулсанам Мамазоитованинг концерт дастурига билетларни қўлга киритишини айтиб ўтди.
Акмал Мирзо: - Жаҳонгир Аҳмедовнинг экранга чиқмаган фильмлари нечта?
Жаҳонгир Аҳмедов: - Охирги пайтда янги мавзу қидириш билан кўпроқ шуғулланиб қолаётгандирман, лекин, мухлисларимиз бизни қабул қилган, кўнгил қўйган мавзусидан ҳам чекинганимиз йўқ. Бундай қилсак ҳам, мухлисларга нисбатан нотўғри бўлади, деб ўйлайман. Чунки, айнан шу жанрда, шу йўналишда бизнинг фильмларимизни тамоша қилиб келишади. .Олдин институтдан чиқиб, мана-ман деган ёш ижодкорлар сифатида ижод қилган бўлсак, бизнинг ҳам ортимизда ёшлар пайдо бўла бошлагандан кейин, қандайдир босиқлик юзага келяпти. Лекин, шу жанр билан биргаликда қандайдир ижодда янгилик қилиш, изланишга ҳам вақт сарфлашга тўғри келяпти.
Акмал Мирзо: -Шу даврга келиб сизнинг кинорежиссёр бўлганингиз, қандайдир имкониятларингизни чеклайдими? Шу давргача, умуман бутун дунёда кино оламида қўл урилмаган, очилмаган, одамлар учун қизиқ бўлган мавзу, деярли қолмади! Ҳамма мавзуларга қўл урилган. Дейлик, хаёлингизга келадими, 1920 йилда мен туғилиб, ана шу йилларда, дейлик 40-50 йилларда мен кинорежиссёр бўлганимда, мана бу мавзуларни бошқачароқ ёритган бўлардим, деган фикрлар? Ҳозир ёритаман, десангиз эса, қачонлардир тўла-тўкис бўлмаса ҳам, зўр бўлмаса ҳам, унга кимлардир қўл урган! Қўл урилган мавзуга эса, яна қайта-қайта мурожаат қилавермайсиз-ку. Шундай бир ўзингизни чеклаб қўядиган жиҳатлар ҳам бўладими?
Жаҳонгир Аҳмедов: - Авваламбор, фильм бу ҳаёт! Ҳаётнинг тақдирларидан иборат бир лавҳалари, десак бўлади. Тўғри, қўл урилмаган, кўрсатилмаган тақдирлар қолмаган бўлиши мумкин. Лекин, уларга муносабат, мудом, барибир янгиланиб туради. Ҳар бир режиссёр, ҳар бир даврда инсониятнинг ҳаётга бўлган ижтимоий фикри, фалсафий фикрлаши ўзгариб боради. Ўша мавзуларга ҳоҳлайсизми, йўқми бошқача ёндошув бор ва ҳозирги инсоний муносабатларга ўзимни муносабатимни билдиришим керак.
Акмал Мирзо: - “Тилим қурсин” фильми, айнан бу мавзуга қўл уриш, бундай мавзуларга аввал ҳам қўл урилган, бундан кейин ҳам урилади. Инсонни қандайдир бир омил таъсирида гапиртириш! Шу фильм чиққан вақтда, бошқа режиссёрлардан ҳам шу мавзудаги фильмлар кўпайиб кетди. Лекин, “Тилим қурсин” ўзини ушлаб турди. Мана энди иккинчисига ҳам қўл урдингиз. Танлаган мавзуларингиз баъзи режиссёрлар каби, одамлар тушунмайдиган мавзулар эмас. Дастурхонга мавзу олинади, марҳамат кўринглар ва хулосани чиқаринглар, дегандек. Баъзи бир фильмларингизда эса, фильм бошлангандан кейин, қандайдир вақт ўтгандан кейин, фильм охирида нима бўлиши ҳақида бемалол хулоса чиқариш мумкин. Фильм сўнггида қандай тугаши ҳақида ҳам хулоса бор! Лекин, томошабин охирини билса ҳам, фильмни кўради. Энди ўша “Тилим қурсин” мавзусига қайтсак, балки кимнидир ҳаётида бўлган ҳодисадир?
- Тўғри айтдингиз, дунё киноматографиясида қўл урилмаган жанр, мавзу йўқ! Шунга ўхшаш фильмлар ҳам жуда кўп. Мен бирор фильмни кўриб илҳомланганим йўқ. Ўзи ҳаётда ҳам, чой ичмай туриб, дангал-дангал гапириб қўядиган одамлар бор. Ўз ҳаётимда, дўстларим орасида бир шундай ўртоғим бор. Чой ичмаган, ҳеч нарса қилмаган, лекин фақат тўғрисини гапиради. Ёқтирмаган одамга ёқтирмаслигини билдиради. Бир куни бир даврада тургандик, биттаси келиб, ҳамма билан сўрашиб, унга ҳам қўл узатганди, у эса, “менга қўлингни узатма, сен билан сўрашмайман, биласан-ку, сендан хафаман. Сени кўргани кўзим йўқ!” деди! Шу ерда хафагарчилик ўрнига жуда катта кулгу кўтарилди. Шу сабаб, улар ярашиб кетишди. Шундан, “қизиқ ғоя экан” деб, кўп хаёлимда ушлаб юрдим. Бир сирни очаман, бошида бу чой эмас, кўрпача эди. Уйга меҳмон келганда, ўзбек биринчи бўлиб кўрпача ёзади. Кейин буни фильм сифатида кўрсак, у кўчада, ташқарида ҳам бўлиши мумкин. Стулга ўтириши мумкин, стул устига кўрпача ёзиб берилмайди-ку. Кейин қулайроқ вариантини, халқимиз яна нима қилади, деб ўйлаб, келган меҳмонга биринчи бўлиб, чой узатади, қаерда бўлишидан қатъий назар, деб чойни танладик.
Акмал Мирзо: -“Тилим қурсин 2”га ҳам ўтилди, бу биринчиси муваффақиятли чиқиб, кассаси ҳам яхши бўлгани учунми? Ёки биринчисига сиғмай қолган ва албатта, давом эттирилиши керак бўлган мавзумиди?
- У ҳам эмас, бу ҳам эмас! Агар мавзу бирига сиғмаган бўлса, дарров 2 чиси устида ишлашим керак эди. Агар мақсад, биринчисини муваффақиятидан фойдаланиб пул ишлаш бўлганда ҳам, дарров иккинчисига ҳаракат қилардик. Орасида, “Ана холос”, “Бахт ортидан” деган фильмлар яралмаган бўларди. Бу нарса пишиб, етилиб келиб, ғояси пайдо бўлганлиги учун, мухлислар ҳам кўп жойда, “гапирмаган одамлар кўп эди-ку” деганлари учун ҳам, пайдо бўлди ва фильмнинг номи ҳам, “Тилим қурсин 2: Энди ҳамма гапиради!“
Акмал Мирзо: - Қайсидир ижодкорлар, ўз соҳаси бўйича, бир мавзу бошландими, бўлди, ҳамма нарсани ёддан чиқариб, фақат ана шу лойиҳа устида ишлайди. Токи, у омма эътиборига ҳавола қилиниб, муваффақият қозонгунга қадар, бошқа нарса ҳақида умуман ўйламайди. Жаҳонгир Аҳмедов бир пайтнинг ўзида, параллел 2 фильмни бир вақтда суратга олиш, институтда дарс бериш, аввал олинган фильмнинг монтаж ишлари, яна бир фильмнинг дубляжи, яна бир олдин олинган фильмдан кассада нима гап экан, деб хабар олиш, параллел равишда жуда кўп ишларни уддалайди. Бу бир-бирига ҳалақит бермайдими? Қайсидир бир ишнинг зўр нюанси қолиб кетиб қолмайдими? Битта ишни якунига етказиб, мевасини кўриб кейин бошқасига ўтилмайдими?
- Балки сиз айтгандек битта ишга алоҳида тўхталса, муваффақиятга эришиш осонроқ бўлар? Натижа юқорироқ бўлиши мумкиндир? Лекин, ҳозирги темп ва ритм ўзингизга маълум. Фильмнинг прокат тақдиридан қизиқмасангиз ҳам бўлмайди, уни пулини ҳисоблаш эмас, томошабин қандай муносабат билдиряпти? Томошабиннинг сонидан шуни билишга ҳаракат қиламан. Кейин бир вақтнинг ўзида 2 та фильмни суратга олмаганман, ҳеч қачон бундай қилмайман ҳам!
Акмал Мирзо: - Айнан бир вақтда 2 та фильм суратга олиш эмас. Бу битта фильмни суратга олаётган вақтда иккинчи фильм ҳақида ўйлаш!
-Бу ҳозирги вақтда, ҳозирги ритмда ўйламасангиз бўлмайдиган бир жиҳат.
Акмал Мирзо: - Сиз қандай мавзуда фильм олишингиздан қатъий назар Жаҳонгир Аҳмедов жамоаси, деярли ўзгармайди. Бу жамоангиз аъзолари жуда ҳам универсал эканлигидан далолат берадими, ёки улардан воз кеча олмайсизми? Масалан, техник гуруҳ, операторлардан тортиб, чироқ, монтаж ва ҳоказо. Дейлик, мелодрамада қайсидир оператор муваффақиятли, комедияда бошқа оператор муваффақиятли... Лекин, Жаҳонгир Аҳмедовнинг ижодий жамоаси ўзгармайди. Тўғри, Иқбол Мелиқўзиевнинг маҳоратига шубҳа йўқ! Қолаверса, актёрлар ансамблидан тортиб!
- Бу ҳам ҳозирги ижодий темпдан келиб чиқади. Ҳозир ижод қилиш тезлашиб кетди. Ҳар доим янги маҳсулот етказиб бериш керак, шахсий студия ҳам, ишлаб чиқариш корхонаси. Агар ишлаб чиқармаса, унинг ишчилари маош ололмайди. Шунга ўхшаб, иқтисодий томонларини ўйлаб, тез ишлаймизми, бундай пайтда ўзинг ўрганган, бир қарашда сени тушунадиган ижодий жамоанг жуда ҳам асқотади. Чунки, янги бир оператор, рассом, актёр кириб келса, у билан то тил топишиб, ижодий жараённи йўлга қўйгунча, вақт кетади. Лекин, бир нарсани ишонч билан айтаман, қайсидир ижодкорга бизнинг гуруҳимиздан ташқари, эҳтиёж сезган бўлса, унга ҳеч иккиланмай мурожаат қилганман. Чунки, бу ижод! Йўқ, барибир ўзимники яхши, деган нарсадан йироқман. Агар бирор марта бирга ишламаган актёрим бўлса ҳам, агар ўша ролга мос тушса, шу роль шуники бўлса, муносабатим яхши бўлмаса ҳам чақирганман. Чунки, бу профессионал иш!
Акмал Мирзо: - Постановкачи режиссёр, оператор, рассом, мана шу учлик, доим бирга бўлганлиги муваффақиятми, ёки айнан постановка масаласида, яна бошқа инсонларни таклиф қилиш, энди санъаткорларда доим созандаси, масалан, доирачиси ёнида-ку, шунга ўхшаб, режиссёрни операторисиз тасаввур қилиб бўлмай қолди.
- Бу ҳамма даврда бўлган. Машҳур режиссёрларимиз ҳам, оператор билан тандем бўлиб ишлашган.
Шундай, деб Жаҳонгир Аҳмедов бир неча мисоллар келтириб ўтди.
Акмал Мирзо: - Жаҳонгир Аҳмедовнинг “Бахт ортидан” деб номланган фильми премьераси, “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтади. У ерда жуда кам сонли фильмлар премьера бўлган.
- Ўзимиз ҳам бу хабарни куни кеча эшитдик. Туғилган кунимга ажойиб совғадек бўлди. Шундай ният бор эди, “Бахт ортидан” фильми биринчилардан бўлиб, хусусий студияда ишлаб чиқарилган Ватан ҳақида, ватанпарварлик ҳақидаги фильм. Барибир ишлаб, ишлаб одам бир гапга келиб олар экан, “Ватан менга нима бердию, мен Ватанимга нима бердим?” Ўйлаб қарасак, Ватанимиз бизга кўп нарса берди. Ўз касбимизда муваффақиятларга эришдик. Лекин, айнан мен, менинг ижодий гуруҳим “Ватан учун нима қилдик?” деган савол пайдо бўлиб қолди. Шундан сўнг, шу мавзуда фильм суратга олиш ғояси пайдо бўлди. Бир йилдан ортиқ фильм устида ишладик ва “Истиқлол” санъат саройида премьера бўлиб ўтишидан жуда ҳам хурсандман. “Истиқлол” санъат саройида премьера қилишдан асосий мақсад, оддий томошабин мухлисларни ҳам, ижодкорлар билан бўладиган премьерага таклиф этиш!
Акмал Мирзо: - Жаҳонгир Аҳмедов ансамбли, актёрлар бу фильмда ўзгарганми?
- Менда ҳам ансамбл ўзгаради, агар бунга эҳтиёж сезилса! Эҳтиёж сезилмаса, ўзгариш қилишдан нима фойда? Бу фильмда Беҳзод Муҳаммадкаримов, Бобур Йўлдошев, Сетора Фармонова, Муқаддас Саъдуллаева, Муҳаммадисо Абдулхаиров, Лола Элтоевалар билан бу ерда бутунлай бошқача йўналишда ижодий ҳамкорлик қилдик. Эҳтиёж сезилди ва актёрларни жалб этишда бошқачароқ ечимларга келдик. Нега энди “Бахт ортидан” деган савол кўп берилди. Биласизми, ҳаётда ҳамма бахтли бўлишга ҳаракат қилиб, яшаб ўтади. Ҳаммамиз бахт ортидан қувлаб ўтамиз. Шундай деб, Жаҳонгир Аҳмедов бахт ҳақида бир неча мисоллар айтиб ўтди. –Тоққа чиққанимиз сари, яна бошқа чўққи кўринган сари, яна бир эришмоқчи бўлган бошқа бахт пайдо бўлади, бахт янгиланиб боради. Бахт ортидан шу маънода. Лекин, ҳақиқий бахт, сен ўз юртингдалигинг, оилангни бағридалигинг ва осмонинг мусаффо, Ватанинг тинчлиги, деган бир хулосага олиб келади. Шунинг учун ҳам, фильмнинг номини “Бахт ортидан” деб, номлаганмиз.
Акмал Мирзо: - Дейлик, бир актёр, сизнинг фильмингизда бир ролга мос, лекин унинг аввалги фильмлардаги комедик роллари, қилиқлари бор. Сиздаги роль эса, жуда ҳам жиддий. Ўша актёрнинг аввалги қилган ишлари аҳамиятга эгами, дейлик, бу актёр ўша ролни зўр ўйнайди, лекин бу жиддий роль ва томошабинлар бу актёрни жиддий қабул қиладиларми? Ёки уни комедияларда чиқавергани сиз учун аҳамиятга эгами?
- Йўқ, қачон актёр ўзини қайтара бошлайди? Фильмдан фильмга ўтганда керакли бўёқларни топа олмаса! Бир фильмда муваффақиятли образ яратдими, ҳоҳлаймизми, йўқми, бу актёрда қолади. Унинг пластикаси, кўзлари, ифодасида, умуман ҳаракатида қолади. Бошқа суратга тушаётган фильмида, профессионал режиссёр бўлса, драматургия бўлса, образ, характер бўлса, актёр у ерда ишлайди. Агар шу нарсаларнинг бирортаси бўлмаса, унда актёр ўзи билмаган ҳолда ўша муваффақиятли ролини қайтара бошлайди. Чунки, у ерни тўлдириш керак. Буни актёрнинг ўзи ҳам сезади. Масалан, Муҳаммадисо Абдулхаиров жуда ҳам кучли кино актёр, ҳам театр актёри, лекин суратга олиш майдонида етарлича актёрга бериладиган шароит ва топшириқ бўлмаса, актёр ўзининг аввалги муваффақиятларидан фойдалана бошлайди.
Акмал Мирзо: - Кўп режиссёрлар янги чеҳрани олиб чиқишни катта таваккал, деб қарашади. Қандай ролда олиб чиқишдан, ёшидан қатъий назар. Янги чеҳрани олиб чиқиш, Жаҳонгир Аҳмедов учун қандай?
- Агар янги чеҳра қобилият эгаси бўлса, унчалик катта таваккалга айланмайди. Масалан, ёш актёрлардан Асқар Ҳикматовни ҳам, жуда катта таваккал, дейишганди. Лекин, вақт ўтиши билан у ўзининг йўналишини, кинодаги ўрнини топа олди, деб ўйлайман. Мана “Бахт ортидан” фильмида ҳам, биз фильмнинг бош қаҳрамони қилиб, 7 ёшли болани танлаб олишимиз керак эди. Жуда кўп изландик, кўп болаларни кўрдик. Бош ролга тасдиқланган Муҳаммадёр исмли йигитчамиз айнан ўзининг акалари, устозлари, катта актёрларимиз билан елкама-елка кинода образ яратган! Шундай деб, Жаҳонгир Аҳмедов ёш актёр ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.
Fattohhon.com Саида Вахобова: - Ҳар доим бир хил актёрлар билан ишлаш, фильмнинг сифатига таъсир кўрсатмайдими? Томошабинларни ўша актёрлардан охир-оқибат зерикишига олиб келиб қўймайдими? Бу фильмларда бир хилликка олиб келмайдими?
- Негадир шу саволни фақат ўзбек журналистлари беришади, негадир бу савол Голливудда ёки Болливудда берилмайди. Гайдай, Эльдар Рязанов, ўзини бутун бошли фаолиятида айнан бир хил актёрлар гуруҳи билан ишлашади ва қайтаради.
Акмал Мирзо: - Нимага энди Голливуд ва Болливудда бу савол берилмаслигининг сабаби, нимага Гайдайга бу савол берилмаслигининг сабаби, Никулин бир ролда қилган нарсаларини иккинчи фильмда ишлатмайди! Голливудда актёрлар қайсидир ролда қилган ҳатти-ҳаракатларини бошқа фильмда қилса ҳам, режиссёр қилмасликка ундайди.
- Сиз бу жавобингиз билан мени у актёрларни бошқа фильмлардаги роллари учун ҳам жавоб беришимни ҳоҳлаяпсиз. Мен у актёрларни фақат ўзимнинг фильмимдаги иштирокига жавоб бераман. Мени фильмимда ишлатган ҳаракатларини улар бошқа фильмларда ишлатаётган бўлишса, бояги гап, нимадир етишмаса, эски муваффақиятидан фойдаланишга мажбур бўлишади, нафақат актёрлар, балки режиссёрлар ҳам.
Акмал Мирзо: - Балки, бизда фильм олиш жараёни тезлашиб кетганидандир? Чунки, Голливуд ва Болливудда ҳам битта актёр, битта режиссёрнинг қўлида 15-20 талаб фильмига суратга тушган.
Жаҳонгир Аҳмедов ҳам, бунга ҳинд актёри Шохруххонни мисол келтириб, жавоб бериб ўтди.
Fattohhon.com Саида Вахобова: - Режиссёр сифатида ўзингиз учун кашф этган ҳақиқат?
- Режиссёр сифатида, азалдан мен шу нарсага ишонганман ва йиллар ўтган сари ишоняпман, бу халқчиллик, деб Жаҳонгир Аҳмедов ўз фикрларини билдириб ўтди.
Эфир соатлари ўз ниҳоясига етганлиги сабабли, Акмал Мирзо суҳбат ҳали якунига етмагани ва вергул билан тугаганлигини маълум қилди, ҳамда самимий тилаклар билан дастурга якун ясади.
“Чой устида” дастурига таклиф учун, дастур муаллифи, радиобошловчи журналист Акмал Мирзога, ҳамда “Ориат доно” радиоси раҳбариятига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова