FATTOHHON.COM

« Все новости

МУНОСИБ НОМЗОДЛАРДАН БИРИ... 02.08.2013 09:48

“Йил аёли-2013”  Миллий танлови эълон қилинганига эндигина бир ҳафта бўлишига қарамай, унда иштирок этиш истагида бўлган  аёлларнинг кўплиги ва уларнинг ҳар томонлама  бу танловга муносиб эканлиги, кенгаш вакилларини жуда қувонтирмоқда.   Бугун ҳикоя қилмоқчи  бўлган  қаҳрамонимиз  ана шу  «муносиблар майдонида» юксак эътирофга сазовор бўлиш ниятида турган ва аллақачон оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўринларини топиб улгурган аёлларимиздан. 

dsc_3707.jpg 

Иноят Абдусагатова   “Йил  аёли-2013” номзоди,  Тошкент шаҳар

Ижод билан улғайдим...

 Ўз касбим  бўйича 4 синфдалигимдан  фаолият бошлаганман, десам ишонмайсиз. Ўша пайтларда радиодан “Пионер эртаги” деган эшиттириш бўлар эди. Мен ўша эшиттиришга бошловчилик қилар эдим. Кейин 8 синфда  “Қизил галстуг” телевизион журналига   бошловчилик қилдим. Шу тарзда ишлаб ҳам, мактабни олтин медалга тамомладим.  1962 йили Тошкент давлат унверситетига суҳбат билан ўқишга кирдим. 1963 йили турмушга чиқдим. Энди менинг олдимда  ўқиш, иш, оила турарди.  Инсон агар чин дилдан ҳоҳласа ҳамма нарсанинг уддасидан чиқиши мумкин экан. Ўқишни тамомлагунча, 2 нафар фарзандли бўлдим. “Оқшом эртаклари”  кўрсатувини бугун набираларим билан кўриб ўтириб, кўзимга ёш келади. Бу ўша мен 15 йил илгари  асос солган кўрсатув... 45 йил  Миллий телерадиокомпанияда  ишладим. Нафақага чиккач, 5 йил НТТ телеканалидаги “Дийдор ширин” кўрсатувида  фаолият юритдим. Бугунги кунда  Олмазор туманида  “Эски шаҳар” маҳалла  фуқаролар йиғинининг  диний маърифат ва маънавий –аҳлоқий  тарбия масалалари бўйича  маслаҳатчи бўлиб ишлаяпман.

dsc_3806.jpg 

Қўлдан келганча...

 Бугун тадбиркорман деган аёл борки, ўзига тўқ, оиласи фаровон. Тадбиркорлик қўлимдан келармикан?, деб бир қарорга келолмаётган бўлсангиз, ҳеч иккиланманг.  Одам қилган ишни одам қила олар экан. Тадбиркорлик, савдо сотиқдан юз чақирим  нарида  юрган  камина ҳам туппа тузук  ишбилармон бўлиб қолганимни билмай ҳам қолдим. Ҳудудимизда жойлашган “Лангар” тўйхонасининг   иккинчи  қаватида тикувчилик цехи очиб,  аёллар халатлари ва болалар учун спорт  футболкалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Маҳалладаги 22 нафар аёлларни иш билан таъминлаб, айни кунларда  яна 7 та  тикув машинаси сотиб  олдик ва бу иш ўринларига коллежларни тамомлаган қизларни ишга олиш ниятидамиз.

 

Яна бир орзуим...

 Анчадан бери “Йил аёли” танловида иштирок этиш орзуси бор эди. Аммо, танловда иштирок этишга муносибманми, йўқми деган савол доим мени тўхтатиб турарди. Лекин, бу гал танловга бўлган чорловдан сўнг унда иштирок этишга қарор қилдим. Ахир бу ҳам  бир синов...  Менимча инсон ҳеч қачон ўз орзулари йўлида чекинмаслиги керак.

 

Ишончни оқлайман...

 Мен учун  2013 йил жуда омадли келди. Яқинда  туман хокимиятидан  қўнғироқ қилиб қолишди.  Бу кутилмаган қўнғироққа тўриси  нима дейишни билмай шошиб қолдим. “Опажон, табриклаймиз, сиз “Эл-юрт ҳурмати” ордени  билан тақдирланибсиз”,-дейишса бўладими?  – “Вой, мен-а” менга-я” дея олдим холос. Хозир ўша ҳолатимни эсласам, яна  йиғлаб юбораман. Мен бу  мукофотни  маҳалламда истиқомат қилаётган  олти ярим минг  аҳолининг мукофоти деб биламан. Шу маҳаллада  фаолият бошлаганимга салкам 22 йил бўлади. Токи, куч-қувватим бор экан, шу маҳаллам учун, бор меҳримни бериб ишлаб, билдирилган ишончни оқлайман.

 dsc_3831.jpg

Бугун Эски шаҳарликлар Иноят опа ва Ҳикматилла ака Абдусагатовлар хонадонини  ҳурмат билан тилга олишади. 6 нафар фарзандни  комил қилиб тарбиялаб, 23 нафар набираларга меҳрибон бувижон ва буважонлик қилаётган бу олийжаноб замондошларимизга қараб, бахтингизга кўз тегмасин, дедик. Юртимиздаги ҳар бир оиланинг қўрғони  мустаҳкам, бахти эса бекам бўлсин.

1dsc_0732.jpg