FATTOHHON.COM
« Все новости“Орият доно” радиосида радиобошловчи Акмал Мирзонинг “Чой устида” дастурининг навбатдаги сони меҳмони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Махсет Утемуратов бўлди. Дастур аввалида Акмал Мирзо тингловчилар билан саломлашгач, сўз навбатини Махсет Утемуратовга берди.
Махсет Утемуратов ҳам тингловчилар билан саломлашиб, барча саволларга жавоб беришга тайёрлигини билдирди.
Шундан сўнг, Акмал Мирзо “анъанавий савол”, дея меҳмондан болалик онларини хотирлашни сўради.
Махсет Утемуратов ҳам, болаликка қайтиш ҳар бир инсон учун бахт эканлигини айтиб, ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридан 20 км нарида жойлашган Нукус тумани, Ахманғит қишлоғида туғилганлигини, болалигидан спортга қизиққанлигини, спортнинг самбо ва дзюдо тури бўйича мусобақаларда иштирок этганлигини, кейинчалик кураш билан шуғулланганлигини, кейинчалик мактаб вақтларида санъат ўзига тортганлигини, мактаб саҳналарида қўшиқ айта бошлаганини эслади.
Акмал Мирзо Қорақалпоқ тилидаги «Жаноним» қўшиғининг ижрочиси кимлиги ҳақида савол берди. Бу қўшиқни Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Халқ артисти Озодбек Назарбеков ҳам, ижро этган.
Махсет Утемуратов: - Бу қўшиқ Қорқалпоқ халқи қўшиқчиси марҳум устоз санъаткор Довудбой Ҳайиповнинг ижодидан бўлиб, бу қўшиқни болаликдан айтиб юрганмиз. Озодбек Назарбеков акамиз менга қўнғироқ қилиб, “Махсет дўстим, бир Қорақалпоқ халқининг қўшиғини айтмоқчиман. Мен шу қўшиқни танладим. Шу қўшиқнинг келиб чиқиши, ижроси, тарихини билсангиз, менга айтиб берсангиз” деди. Мен “бу Довудбой Ҳайипов, марҳум устозимиз куйлаган қўшиқ, “Суймаганга суйкалма” деган катта спектаклдан ария, Аваз Ойсанамга айтиб турган варианти, бу қўшиқни Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Сарсенбай Узақбаев кўпинча саҳналарда ижро қилган”лигини айтдим.
Акмал Мирзо: - Бу қўшиқни болалигингиздан эшитгансиз, оригиналини ҳам, ария вариантини ҳам. Энди оригинал вариантини эшитганлар бошқача услубдагисини қабул қила олмайди. Кимдир тўғри қабул қилади. Энди, Озодбек Назарбеков ижросидагиси қандай қабул қилинди?
Махсет Утемуратов: - Ростини айтишим керак, кўпчилик санъаткорлар Қорақалпоқ қўшиқларини айтишяпти, лекин Озодбек Назарбековнинг бу қўшиқни айтгани, менга бошқача бир руҳият бағишлади! Ҳаттоки, “Сиз Қорақалпоқсиз-ку” деган сўзни айтиб юбордим! Худди ҳақиқий Қоралқалпоқлардек ижро қилдилар!
Акмал Мирзо: - Сиз Қорақалпоғистонда шоулар ҳам ўтказганмисиз?
Махсет Утемуратов: - Ҳа, албатта “Махсет шоу”!
Акмал Мирзо: - Болалигингизда спортга қизиққансиз, спортдан кетиб, санъатга қамишдан бел боғлаб астойдил шуғуллана бошлашингизга нима сабаб бўлди?
Махсет Утемуратов: - Спортни ҳали ҳам ташламадик. Ҳали ҳам шуғулланамиз. Лекин, профессионал шуғулланаётганимиз йўқ. Қўшиқчиликка ўтишга сабаб, қўшиқ куйлаб юриб, халқимизнинг меҳрига сазовор бўлиб, мухлисларга эга бўлгандан кейин ҳам, спорт билан шуғулланиб юрганимда, мени танишиб, “ие бу қўшиқ айтадиган йигит-ку, сиздан янги қўшиқларни кутяпмиз. Сиз спортчимисиз? Сизни санъаткор, деб юрибмиз. Биз яна янги қўшиқларингизни эшитгимиз келади.” деган мухлисларнинг илтимосларидан сўнг, мени тинглайдиганлар бор экан, энди мен ижодимни бошламасам бўлмайди, деб ўз устимда изланиб, санъат йўлини танлаб кетдим.
Акмал Мирзо: - Параллел равишда спорт ва санъатни олиб боришнинг имкони борми?
Махсет Утемуратов: - Икки кеманинг бошини ушлаган сувга чўкади, дегандек, бўлмаса керак, деб ўйладим. Лекин, бўш вақтларимда спорт залга бориб, самбо, дзюдо йўналишида, қадрдон укаларим бор, улар билан маслаҳатлашиб, бир-икки соат шуғулланиб тураман.
Акмал Мирзо: - Дўстингиз Озодбек Назарбековнинг айтишларича, спортда ҳам кўплаб муваффақиятларга эришган экансиз. Санъатда эса, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, қайси бирида имкониятларим кўпроқ, деб ўйлайсиз? Лекин, икковида ҳам муваффақиятларга эришгансиз.
Махсет Утемуратов: - Албатта, спорт усталигига номзодман. Лекин, ҳеч бирини биридан ажратмайман, бирини баландга, бирини пастга қўймайман. Бирини-биридан ажратмайман ҳам. Менинг фарзандларим ҳам, спортда, ҳам санъатда юрса, буни ўзим ҳам бахт, деб ўйлайман.
Акмал Мирзо: - Ҳозир ҳам курашиб турасизми?
Махсет Утемуратов: -Ҳа, курашиб тураман. Ҳозирги ёшларга яратилган имкониятларни кўриб қувонаман, бизнинг болалигимизда бундай имкониятлар йўқ эди. Бизлар телевизорда кўрган нарсаларимиздан, ҳозирда фарзандларимиз бемалол фойдаланишади. Болаларимиз катта спорт саройларига бориб, истаган спорт тури билан шуғулланиш имкониятига эгалар. Масалан, менинг фарзандим ҳозирда 4 синф ўқувчиси, куни кеча Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтган мусобақада илк бор қатнашиб, 3-ўринни олди! Спорт залларида фарзандларимизни бемалол шуғулланишларини кўриб, уларнинг эришаётган ютуқларини кўриб, шундай имкониятларни яратган Муҳтарам Президентимизга мингдан минг раҳматлар айтаман!
Акмал Мирзо: - “Суюб қолдим” деб номланган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Махсет Утимуратовга тегишли бўлган бу қўшиқ, ўзбек тилида ҳам, бир хонанда томонидан ижро этилган. Сўраб ижро этилганми, ёки ўзингиз таклиф этганмисиз? Ойдинлик киритамиз.
Махсет Утемуратов: - Бу қўшиқ 1997 йил яратилган, тингловчиларга тақдим қилинган. Тошкентга дискларда мухлислар тинглашлари учун олиб келиниб, дискдан кўчирилиб, бир йигитнинг қўлига тушиб қолган. У йигитнинг исми ҳозир ёдимда йўқ, санъатга қизиқар экан. Бир пайт уйда телевизор кўриб ўтирсам, клиплар орасида, ҳалиги йигитни, ўша қўшиғимни айтаётгани чиқиб қолди. Ҳайрон қолдим! (самимий кулади ва жиддийлашади) Рухсат сўрамаган! Кўп ўтмай, у йигитнинг телефон рақамларини топдим. Мен унга самимий “мен ҳам санъат йўлида юрганман, устоз санъаткорларнинг ҳам, ҳаттоки ўзимнинг ёнимда юрган қадрдон дўстларимнинг ҳам қўшиқларини рухсатсиз айтмаганман! Санъатга келибсиз, санъатнинг қадрини билиб, бир оғиз менга “дўстим, сизнинг қўшиғингизни айтмоқчиман, рухсат берсангиз” деб, айтсангиз мен ҳозир ҳам рухсат беравераман! Санъаткорни менинг қўшиғимни айтиши бу мен учун бахт! Фақат бир оғиз сизнинг қўшиғингизни айтмоқчиман”, деса бўлди, деганман.
Акмал Мирзо: - Ҳозирги Санъат ва маданият институтида 2000 йилларда, биз билан бирга таҳсил олган овози жуда ҳам кучли, юқори пардаларга чиқадиган Қорақалпоғистонлик ёшлар, истеъдодлар, борлигини биламиз. Яқин пайтларда ҳам, айнан Қорақалпоғистондан чиққан истеъдодлар, дунёга чиқиб, муваффақиятга эришмоқдалар. Операчилар, вокалистлар! Уларни кўриб, бир савол хаёлга келади, Қорақалпоғистонда бир алоҳида мактаб борми? Бундай зўр овозлар чиқишини албатта бир сабаби бўлиши керак, деб ўйлайман.
Махсет Утемуратов: - Балки, гап кенгликдадир, ота-боболаримиз, кенгликда бор овозда бақириб қўшиқ айтганмикан? Ёшларимизга уларнинг қони, истеъдоди ўтгандир? Бу мени ўзимнинг фикрим. Албатта, Яратгандан берилган табиий қобилият, ҳамда алоҳида устознинг ўрни катта. Сабаби, кучли овоз бўлиши мумкин, аммо унга тарбия бермасанг, яхши натижаларга эришиб бўлмайди, деб ўйлайман. Ҳозирда ёшларимиз дунёга танилмоқда, масалан, Женисбек Пиязовни фахрланиб айтсам арзийди, халқаро майдонга чиқиб, Ўзбекистоннинг, Қорақалпоғистоннинг операсини дунёга олиб чиқмоқда. Ёш истеъдодларимиз кўплаб танловларнинг лауреати, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган артист. Биламан, бизларда истеъдодли, қобилиятли ёшларимиз жуда ҳам кўп! Қолаверса, Санъат институтининг филиали Қорақалпоғистонда очилганидан ҳам жуда хурсанд бўлдим. Ҳурматли Президентимиз, бу институт филиалини биз ёшлар учун очиб берди. Нукусда жойлашган бу институтда, кўплаб иқтидорли ёшлар таҳсил олишмоқда. Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудларида ҳам истеъдодли ёшлар бор ва ҳаммасининг ҳам Тошкентга келиб ўқишга имкони йўқ. Лекин, улар Нукусга келиб, ўз иқтидорини намоён қилиб, институт филиалида ўқишлари мумкин. Институтни битиргач, магистратурани Тошкентга келиб ўқиб, ўз истеъдодини бутун Республикага намоён эта олишлари учун ҳам, ёшлармизга имкониятлар, шароитлар яратилган.
Акмал Мирзо: -Чиндан ҳам, ҳозирда юртимизнинг ҳамма ҳудудларида ёшларга катта имкониятлар яратилган. Қорақалпоғистонлик ёшларга ҳам алоҳида эътибор, имкониятлар берилган. Ёшлар бу имкониятлардан қанчалик фойдаланишмоқда? Ўша ернинг ичкаридан ҳам ташқаридан кузатиб турган санъаткори сифатида нима дея оласиз?
Махсет Утемуратов: - Биз кўпинча, халқ билан бемалол суҳбатлашиб, халқнинг ичидаги дардини бемалол биламиз. Албатта, мен кўп тадбирларда қатнашдим. Масалан, Қорақалпоғистоннинг энг чеккаси Кегейли туманида ҳам, шундай бир маданият саройи очилган, мен у ернинг очилишида иштирок этганимда, ичкарига кириб кўрганман, шундай бир зўр мусиқа асбоблари, пианинолар билан жиҳозланганлигини, шу қишлоқнинг оддий боласи мана шу пианиноларда қўл югуртириб, шундай чиройли куйлар чалаётганлигини кўриб, кўзларимга ёш келди! Энг маданияти юқори ер, бу Ўзбекистон Республикаси, деб ўйлайман! Биринчи ўринда, маданиятни, санъатни, спортни юқори қўядиган бундай мамлакат, ҳеч бир ерда йўқ, назаримда! Қорақалпоғистоннинг чекка ҳудудларидаги ёшларгача, бу имкониятлардан жуда ҳам ўринли фойдаланиб келишмоқда. Энг чекка ҳудудлардан келиб, Тошкентдаги, бошқа жойлардаги танловларда ғолиб бўлишмоқда. Бундай имкониятлар ҳеч қайси юртда йўқ, деб ўйлайман.
Акмал Мирзо: - Шогирдларингиз ҳақида? Бир неча санъаткорларнинг шогирдлари аста-секин ўзлари ҳам фақат шогирд бўлиб қолмай, алоҳида бир хонанда сифатида муваффақиятларга эришмоқдалар.
Махсет Утемуратов: - Албатта, шогирдларим жуда ҳам кўп, хурсандман. Агар Қорақалпоғистон Республикасига бориб қолсангиз, мендан аввал шогирдларим сизни яхши кутиб олишади. Улар ичида, “Ниҳол” мукофоти совриндорлари, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатганлари бор. Рашид Хўжасов деган шогирдим бор эди, “Ниҳол” мукофотининг совриндори, қўшиқни жуда ҳам маромига етказиб айтар эди. Афсуски, умри қисқа экан... Шогирдларим кўп, Саломат Қаллибеков, Байрам Келдибоев, кўп, агар ҳозир бирортаси тинглаётган бўлса, устозим мени айтмади, дейиши мумкин.
Акмал Мирзо: - Қизлардан ҳам бор, Сарвиноз Аннақулова.
Махсет Утемуратов: - Ҳа, Сарвиноз Аннақулова “Ниҳол” мукофоти совриндори, “Алпомиш” достонида Барчинойни ўйнаган ягона актриса. Шогирдларим кўп.
Акмал Мирзо: - Махсет Утемуратов Қорақалпоғистонда ҳар йили мухлисларига ҳисобот концерт беради. Бундан ташқари, бир пайтлар авж олган эди, Тошкентда “Озод шоу”, Фарғонада “Отабек шоу”, Хоразмда “Оғабек шоу”, “Жаҳонгир шоу”, Андижонда “Ғайрат Усмонов шоу” ва Нукусда “Махсет шоу”! Ўша ишлар ҳақида, концерт дастурлари ҳақида, мана шу шоулардан мақсад нима эди? Ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижодкорларни юзага чиқаришми?
Махсет Утемуратов: - “Озод шоу”да меҳмон бўлиб ўтирганимда, ўзимга бир ғоя келганди ва ўшанда Озодбек ака билан ҳазиллашганман. Қўшиқ айтиб бўлгач, ҳамма мухлисларнинг олдида “Озод оға мен Нукусда “Озод шоу”нинг филиалини очмоқчиман” дедим. “Раҳмат”, деб ҳамма қарсаклар билан кутиб олди. “Лекин, дўстим хафа бўлмайсиз, бу “Озод шоу” бўлмайди, “Махсет шоу” бўлади!” десам, жуда ҳам хурсанд бўлиб, кулиб, “роса туширдингиз” деганлар. Концертда Озодбек Назарбековнинг шогирдлари ҳам ўтиришган экан, концертдан чиқишим билан, “қачон” деган саволлар беришди. Албатта, шундан кейин бориб, устозларим, шогирдларим билан ўйлашиб, “Махсет шоу” ўтказдик.
Акмал Мирзо: - Яккахон концерт дастурларингиз йилнинг қайси вақтига мўлжалланади? Масалан, “Истиқлол” санъат саройи апрелда Озодбек Назарбековнинг концерт дастури билан банд бўлади. Балки, Махсет Утемуратовда ҳам бир ойдир?
Махсет Утемуратов: - Йўқ, энг кўп берган концертим 1 ҳафта, яъни 5-6 кунлик концерт бердим. Мухлисларимиз жуда ҳам яхши кутиб олишди. Ҳар йили ҳар хил ойда бўлади. масалан, 2012 йил апрель ойида бўлса, кейинги йил февраль ойида, январь ойида бўлади. Аниқ бир ойни мўлжал олмаганмиз.
Акмал Мирзо: - Энди қачон Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артисти Махсет Утемуратов “Истиқлол” санъат саройида концерт беради?
Махсет Утемуратов: - Жуда ҳам юракдаги дардимни қўзғаб қўйдингиз. Раҳмат. (кулади) Бу армоним, десам ҳам бўлади.
Акмал Мирзо: - Нега армон бўларкан? Армон эмас! Овозингиз, куч-қувватингиз жойида, шунча имкониятлар яратилган.
Махсет Утемуратов: - Концерт берган одамнинг ички туйғуси, ички дарди бошқача бўлади! Энди бу саволга қандай жавоб берсам экан, дегандим.
Акмал Мирзо: - Сизга армон эмас, орзу бўлиши мумкин!
Махсет Утемуратов: - Ҳа, армон эмас, орзу! 2015 йил бу орзуйим амалга ошса, мен учун катта бахт!
Акмал Мирзо: - Унда, муваффақиятли концерт дастурингизни кутамиз!
Махсет Утемуратов: - Раҳмат!
Акмал Мирзо: - Ташрифдан бошимиз осмонга етди, дея яхши тилаклар билан хайрлашди.
“Чой устида” дастурига таклиф учун, дастур муаллифи, радиобошловчи журналист Акмал Мирзога, ҳамда “Ориат доно” радиоси раҳбариятига алоҳида миннатдорчилик билдирамиз!
Феруза Фаттохова