FATTOHHON.COM
« Все новости
7 август куни «Киночилар уйи»да “Дардим ичимда” фильмининг премьераси бўлиб ўтди.
Премьерани радиобошловчи Жамшид Ҳожиниёзов олиб борди.
Премьерадан аввал анъанага кўра, хонанда Замзама фильм саундтрек қўшиғини ижро қилди. Бу вақтда экранда фильмнинг саундтрек клипи ҳам баравар намойиш қилинди.
Шундан сўнг, фильм ижодкорлари саҳнага таклиф қилиндилар.
Бу фильм Дилмурод Агзамов дебют режиссёрлик иши.
Бош ролларда Дониёр Ҳафизов, Ситора Алимжонова
Шунингдек, ролларда Барно Қодирова, Фатхулла Маъсудов, Муяссар Бердиқулова, Тоҳир Миралиев, Тўхтамурод Азизов ва бошқалар...
Картина директори Муҳиддин Мусабоев
Фильм мелодрама жанрида бўлиб, бир ногирон йигит тақдири ҳақида сўз боради.
Фильмда бош қаҳрамон йигит ролини актёр Дониёр Ҳафизов маҳорат билан ишонарли ижро қилган. У ўз қаҳрамони характерини тўлақонли очиб бера олган.
Актёр Фатхулла Маъсудовнинг роли эса, ҳаётда озгина имкон берилиб қолса, ўзича манмансираб керилиб кетадиган инсонлар қиёфасини акс эттиради.
Фильм воқеалари бир инсоннинг кўплаб қийинчиликларни енгиб ўтиб, ниҳоят бахтга эришгани ҳақида ҳикоя қилади.
Барно Қодирова ижросидаги муштипар она, Тўхтамурод Азизов ижросидаги саховатли инсон образлари ҳам, томошабинларни бефарқ қолдирмади.
Лекин, иш бор жойда камчилик ҳам бўлади, дегандек, фильм баъзи камчиликлардан ҳоли эмас, назаримда. Масалан, бош қаҳрамоннинг қамалиш саҳнаси атайин шу йигит қамалиши учун қурилгандек. Чунки, машинадаги соғлом инсонлар унга ҳужум қилишгани учун, у ўзини ҳимоя қилди. Унинг ҳолатида, қонун посбонлари ҳам унинг ногиронлигини, вазиятни кўриб ҳам, унинг айбсизлигини исботлашлари мумкин эди, деб ўйлайман. Салбий қаҳрамон иккинчи қаҳрамон йигит эса, бош қаҳрамон қизнинг онасини шу даражада меҳрини қозонган эканки, она шу йигитни қизидан устун қўйиб, қизига агар унга турмуга чиқмаса, ҳаттоки ундан воз кечишини айтишгача боради... Ногирон йигит ва фильм якунида унинг тузалиши, томошабинларга “Мен бу мен”, “Тақдир” фильмларини эслатиб юборди...
Фильм мазмунига кўра, тундан сўнг, албатта тонг отишига, қоронғуликдан сўнг, албатта ёруғлик келишига ишора қилинади, инсонларга умид берилади. Мана шу жиҳати томонидан фильм воқеалари томошабинларни эзгуликка чорлайди, деб ўйлайман.
Ҳар қандай фильм тақдирини томошабинлар ҳал қиладилар. Мазкур дебют режиссёрлик иши бўлган фильм ҳам, томошабинларга манзур бўлди, назаримда.
Саида Вахобова