FATTOHHON.COM
« Все новости15,16,17 февраль кунлари “Истиқлол” санъат саройида Шохруххон ўзининг “Мен сени севаман” деб номланган янги концерт дастурини тақдим этди.
Шоу тарзида ўтган концерт Шохруххоннинг мухлислари учун ҳақиқий байрамга айланиб кетди.
Концерт ўзига хос жўшқин кайфиятда бошланди. Икки четда икки катта экран, ҳамда саҳнада яна икки кубик шаклидаги мини экранлар ва тўрида зина ва катта экрандан иборат декорация, ёрқин чироқлар, дарҳол томошабинлар эътиборини тортганлиги шубҳасиз!
Концерт парда очилиб, барабанчи қизларнинг томошабинлар орасидан саҳнага чиқиб келишлари билан бошланди.
“Саҳарда” қўшиғи билан саҳна тўридан чиқиб келган Шохруххонни саҳнада қўшиқ тугагач, доимий ҳамроҳи клипидаги “мушук” кутиб олди! Шохруххон томошабинлар билан саломлашиб, меҳмонларга миннатдорчилик билдиргач, “мушук” унга доира тутқазди.
Шохруххон эса, доирани чалмай, ҳар бир ишни ўз устаси қилиши кераклигини таъкидлади. Саҳнага эса, бу вақтда томошабинлар орасидан, доиралар садоси остида доирачилар гуруҳи чиқиб келишди.
Шу тарзда Шохруххон айнан миллий йўналишдаги шўх “Қоши қаро қарокўз” қўшиғини куйлашни бошлади.
Концерт 3 та блокдан иборат бўлиб, ҳар бир блок ўзига хос ўтди.
Биринчи блок давомида, Шохруххон томонидан “Саҳарда”, “Қоши қаро Қарокўз”, “Гули раъно”, “Менинг қўшиғим”, “Қўғирчоқ”, “Юлдузлар”, “Яхши кўраман”, “Тошкент-Самарқанд” Лола билан дуэт;
Иккинчи блок давомида, “Мен сени севаман”, “Синие глаза”, “Йиғлама”, “Сен мени керагим” Муниса Ризаева билан дуэт, “Сен кетма”, “Капли дождя”, “Юр”, “Унутолмадим” Шахзода билан дуэт;
Учинчи блок давомида, “Она”, “Таксидаман” Божалар билан дуэт, “Комила қиз”, “Аразлама”, “Я ҳабиби”, “Бонита”, “Фарқи йўқ”, “Нима қилиш керак?”, “Зўрсан”, “Чао бамбино” қўшиқлари ижро қилинди.
Блоклар оралиғидаги танаффус эса, жуда ҳам ўзгача бўлди! Тўридаги экран орқали намойиш қилинган, монолог тарзидаги видеокадрларда Шохруххон сурат чизди, бу ҳам томошабинларга ўзгача кайфият бағишлади. Иккинчи монолог эса, она ҳақида бўлди.
Шундан сўнг, Шохруххон “Она” қўшиғини куйлаш учун залга, залнинг орт тарафидан, томошабинлар орасидан қўлида гул билан кириб келди ва
“Она” қўшиғини ижро қилиш вақтида онасига гулларни тақдим қилди, ҳамда саҳнада барча оналар учун тиз чўкди!
Деярли ҳар бир қўшиқ учун чироқлар ёғдусида алоҳида рақслар, саҳна кўринишлари намойиш қилинди. Саҳна тўридаги катта экранда эса, қўшиқларга мос тасвирлар намойиш қилиниб турилди. Саҳна четидаги экранларда бир вақтнинг ўзида Шохруххоннинг саҳнадаги ҳолати акс этиши баробарида, уни ўша қўшиқларни алоҳида куйлаб қилинган съёмкаси ҳам уйғунлаштирилган ҳолатда бериб борилди!
Қўшиқлар давомида Шохруххоннинг ўзи ҳам раққослар билан рақс ҳаракатларини такрорлаб, бирга рақсга тушди.
Биринчи блокдаги айниқса, “Қўғирчоқ” қўшиғига намойиш қилинган саҳна кўриниши жуда ўзгача бўлиб, унда “дўмбоқ” қизлар иштирокидаги рақс ҳеч кимни бефарқ қолдирмади!
“Юлдузлар” қўшиғи вақтида эса, катта экранда хонанда Лоланинг видеотасвири намоён бўлди.
“Мен сени севаман” қўшиғи бошланиш вақтида, Шохруххон саҳнага гул сочиб чиқиб келди. Сокин романтик қўшиқларда хонандаги залдаги томошабинлар томонидан ёқилган қўл телефонлари ёғдуси ҳамроҳ бўлди.
“Комила қиз” қўшиғи марҳум устоз санъаткор Муҳриддин Ҳолиқов репертуаридан куйланди ва тингловчиларга манзур бўлди.
“Нима қилиш керак?” қўшиғини куйлаш жараёнида Шохруххон миллий нақшлар билан безатилган сумкани резина коптокларга тўлатиб чиқиб, залдагиларга отиб, улашди!
Шохруххон концерт давомида 4 та хонанда билан дуэт куйлади ва 4 дуэт ҳам жуда ўзчага бўлди!
Лола билан “Тошкент-Самарқанд” қўшиғи куйланганда, саҳнага чиқиб келган Лола Шохруххонга учувчиларнинг бош кийимини кийдириб қўйди!
Муниса Ризаева билан “Сен мени керагим” дуэти вақтида эса, Шохруххон унга гулдаста тақдим қилди!
Шахзода билан куйланган “Унутолмадим” дуэти жуда ҳам романтик дуэт бўлиб, унда Шахзода ҳам, Шохруххон ҳам, елкасига катта оқ юрак шаклидаги қанотлар билан чиқиб куйлашди. Қўшиқ барчага чинакам романтик кайфият бағишлади!
“Божалар” Жаҳонгир Позилжонов грим билан қариялар қиёфасида ўзининг “Жамшид” қўшиғи билан саҳнага чиқиб, Шохруххон билан дуэт куйлаш олдидан “бу ерга нега келганини” сўради.)))) Унга бу ерга Шохруххон билан дуэт куйлаш учун келганини айтишди.
Сўнг, ҳазил кайфиятдаги “Таксидаман” дуэти куйланди!
Шунингдек, Шохруххон концертига қўшимча равишда 17 февраль куни кундузи махсус сеанс қўшилиб, у сеанс хайрия тарзида амалга оширилди. Яъни, шу сеансга меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ҳам таклиф этилди.
Концертда хонанданинг фан-клуби ҳам фаол иштирок этишди.
Концертнинг ҳар бир куни ўзгача файзли ўтди.
Cаида Вахобова
Феруза Фаттохова
Фотолар учун фотограф Муҳаммадалига миннатдорчилик билдирамиз





