FATTOHHON.COM
« Все новостиХалқаро ёшлар куни илк бор 2000 йилнинг 12 август куни эълон қилинган ва унинг мақсади, дунё ёшлари ўртасида соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, тинчлик тарафдорларини қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқлари, авлодлар ва маданиятлар, дин ва тамаддунлар ўртасидаги бирдамликни янада яхшилаш, бир сўз билан айтганда, ёш йигит-қизларга ҳар томонлама кўмак бериш, каби эзгу ишлардан иборатдир. БМТ Бош Ассамблеяси ташаббуси билан Халқаро ёшлар куни, анъанавий тарзда шундан буён мунтазам равишда ҳар йили нишонлаб келинмоқда.
Мазкур сана ҳар йили турлича нишонланади.
12 август куни «Ёшлар ижод саройи»да Халқаро ёшлар кунига бағишланган фотокўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур кўргазма Фонд Форум, БМТ аҳолишунослик бўйича жамғармаси (UNFPA) ҳамда “Келажак овози” Ёшлар ташаббуслар маркази ҳамкорлигида ўтказилди, унда фаол ёшлар томонидан тасвирга туширилган фотосуратлар, тенгдошлари ҳаётини ўзида акс эттирган 150 дан зиёд ранг-баранг фотокадрлар намойиш қилинди.
Тадбир доирасида, турли ижтимоий лойиҳаларда фаол қатнашган ёшлар тақдирландилар.
Кўргазмада иштирок этиш учун барча фотосанъат билан қизиқувчи ёшлар ўзларининг энг яхши ишларини 5 августга қадар тақдим этишди ва улардан энг муносиблари мазкур фотокўргазмадан ўрин эгаллади.
Фотокўргазмадан ўрин олган суратлар 3 йўналиш бўйича саралаб олинди:
1. “Келажак овози” ЁТМ лойиҳалари
2. Биз 22 ёшдамиз!
3. Мен ва менинг ҳаётим.
Фотокўргазмада иштирок этиш учун Instagram фотодастурда суратга олинган фотоишлар ҳам қабул қилинди.
Тадбир олдидан Ёшлар ижод саройи фойесида созандалар иштирокида ёқимли мусиқа янграб ўтди. Ёш хонандалар ижросида кичик концерт дастури ҳам намойиш қилинди.
Сўнг, ташкилотчилар вакиллари иштирокида, мазкур фотокўргазманинг очилиш маросими ҳамда, турли ижтимоий лойиҳаларда фаол иштирок этган ёшлар совғалар билан тақдирландилар.
Сўнг, барча фотокўргазмадаги суратларни кўриш учун, катта залга йўл олдилар.
Айтиш мумкинки, фотокўргазма, ёшлар орасида жуда катта қизиқишга сабаб бўлди!
У ерда тақдим қилинган фотосуратларда Ёшлар иштирокидаги турли тадбирлар, Мустақиллик ёшларга бахш этган қувонч, ёшларнинг ўз ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи лаҳзалар акс этган.
Кўргазманинг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири, у ерда барча томошабинларга кўргазма ҳақидаги ўз фикрларини изоҳ тарзида ёзиб қолдириш учун шароит яратилган эди. Бундай очиқ фикр билдириш имконияти, барчада янада кучли қизиқишга сабаб бўлди.
Бу кўргазма ёшларда улар учун ўтказилаётган лойиҳаларга қизиқиш уйғотган ҳолда, бошқа тенгдошларининг суратларини кўрганларида, ўзларида ҳам, келажакда, шундай ишлар қилишга интилиш, ҳамда, ҳаётда ва жамиятда ўз ўрниларини топишлари учун бир имконият ҳам беради, деб ўйлаймиз. Чунки, жуда кўплаб ёшларда, бу фотосуратларни кузата туриб, “қандай қилиб биз ҳам, шундай лойиҳаларда иштирок этишимиз мумкин? Биз ҳам, тенгдошларимиз каби фаол бўлишимиз керак экан. Бизда ҳам кўплаб ютуқларга эришиш учун имкониятлар бор” деган фикрлар уйғонди. Бу эса, ёшларимизни соғлом турмуш тарзига, билимли бўлишга ва энг муҳими юртимизга керакли инсон бўлишга ундайди.
Нигина Қодирова Республика Рассомчилик коллежи Графика йўналиши, 3 курс талабаси: - Бугун Халқаро ёшлар кунида, мазкур фотокўргазмада биринчи марта менинг фотоишларим намойиш қилинмоқда. Менинг суратларим йўналиши карикатура ва 3D йўналишида бўлиб, бу ерда кўриб турганингиздек, машҳур инсонлар ва брендларнинг суратларини карикатура тарзида чизганман. Бу суратлардан мақсад, ёшларнинг юзида доим табассум бўлишини истаганман. Чунки, машҳур инсонларга ёшларнинг назари тез тушади ва бу суратларни кўрганда, уларнинг кайфиятлари кўтарилади, деб ўйлайман. Бу суратлар орасида, менинг ўзимга энг маъқули бу Мерилин Монро. Бу сурат бошқа тенгдошларимга ҳам манзур бўлди. Брендлар орасидан, айнан “Coca cola” ни танлаганимга сабаб, у жуда ҳам оммалашган ичимлик ва ҳозирда кунлар иссиқ вақтда, ҳамма бу ичимликни истеъмол қилгиси келади ва истеъмол қилишмоқда. Бугунги фотокўргазма шуниси билан аҳамиятлики, бу ерда нафақат мени, балки бошқа тенгдошларимнинг ҳам, бошқа ижодкор ёшларнинг ҳам ишлари намойиш қилинмоқда. Мазкур фотокўргазма менга кўп имкониятлар бермоқда, ёшлар, ўз тенгдошларимнинг ҳам ижодий ишлари билан танишиш, улар билан дўстлашиш, мулоқот, суратларимни кўрган ёшларнинг юзидаги табассум, барчаси, мени жуда ҳам қувонтирмоқда. Мен ўз ишларимни кўрган ёшларнинг юзларида табассумни кўрсам, завқланаман ва янада ижод қилгим келади. Бу кўргазмада қатнашиш мен учун катта шараф!
Мадина Турсунбоева Рассомчилик коллежи Либослар рассоми йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. “Келажак овози” Ёшлар ташаббуслар маркази фаолларидан: - Мазкур фотокўргазмада бугун бизларнинг ҳаётимизни акс эттирган фотоишларимиз намойиш қилинмоқда. Бу фотоишларда энг қизиқарли, энг муҳим ва энг ёрқин лаҳзалар муҳрланган. Мен ҳам бу ерда ўз ишларимни тақдим қилганман ва ишларимни мазкур кўргазмада намойиш этилаётганлигидан фахрланаман.

Фуад Алиев БМТ аҳолишунослик бўйича жамғармаси (UNFPA) Ижрочи Вакили: - Мазкур фотокўргазма ҳам, ижодий ҳам ижтимоий тарафлама жуда ҳам қизиқарли бўлиб, ўзида бугунги кунда юртимиздаги ёшларнинг ҳаётини, уларнинг ютуқлари ва фаолиятини, акс эттиради. Бу эса, бошқа ёшларнинг ўз тенгдошлари ҳаётидан баҳраманд бўлишлари учун муҳим имкониятдир. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ёшлар учун кенг имкониятлар яратилган, уларнинг ҳар бир соҳада ўз ўрниларини топиш учун катта эътибор қаратилмоқда. Ҳозирда бизнинг ташкилот ҳам, ёшлар учун бир қатор муҳим янги лойиҳаларни амалга оширмоқда. Мазкур лойиҳалар, ёшларни янад олдинга интилишга, жамиятда ўз ўрнини топишга, юртига керакли инсон бўлишга ундайди, деган фикрдаман.
Сардор Анваров Тошкент Ахборот Технологиялари универститети 4 курс талабаси: - Мен мазкур фотокўргазмада барча йўналишлар бўйича фотосуратларимни тақдим қилгандим. Ўз фотосуратларимда, “Келажак овози” Ёшлар ташаббуслар марказининг лойиҳалари қатнашаётган ёшларнинг ҳаёти ва ижодини кўрсатиб беришга ҳаракат қилганман. Фотоишларимни кўргазмага танлашганлигидан ва ҳозирда, муносиб кўриб тақдирлашганидан жуда ҳам хурсандман. Фотокўргазмада суратлари намойиш қилинган барча ёшларга омад тилайман!
Саида Вахобова
Феруза Фаттохова